18:30 / 30.03.2023
725

Украинани сотиб олиб бўладими: Симоняннинг таклифи ортида нима турибди?

Украинани сотиб олиб бўладими: Симоняннинг таклифи ортида нима турибди?
Фото: Kun.uz

Пропагандачи Владимир Соловёвнинг навбатдаги шоусида Маргарита Симонян айни пайтда ғарб давлатлари томонидан музлатиб қўйилган 300 млрд доллардан зиёд пул эвазига Россия айни дамда босиб олган Украина ҳудудларини «сотиб олиш» ғоясини илгари сурди. Бу, албатта, ақлга сиғмайдиган иш. Ўзига тегишли бўлмаган пулга (буни Симоняннинг ўзи ҳам тан олди: «пулларни энди бизга ҳеч қачон қайтариб беришмайди барибир») ниманидир сотиб олишни таклиф қилишнинг ўзи асбурд. Буни Путин элитасининг яна бир коллектив телбалиги намунаси дейиш ҳам мумкин эди, лекин бу ҳолатда гап бошқа ерда, деб ёзади журналист, тарихчи, сиёсатшунослик фанлари номзоди Александр Желенин.

Россиянинг асосий давлат пропаганда телеканаллари раҳбари «махсус ҳарбий амалиёт» мавзусида давлатнинг энг асосий икки телеканалидан бирида ўзининг бевосита раҳбари Владимир Путиндан рухсат сўрамасдан, ҳеч қачон ўзича чурқ эта олмайди. Табиийки, ички аудитория учун бу ғоя «Россияда яшашни истаётган рус кишилари» ҳақида қайғураётган Симоняннинг шахсий ташаббуси сифатида сингдирилади. Аслида, бу Украинада бундай истиқболга қизиқиш билдирилиши мумкинлигини синаб кўриш мақсадида информацион «суяк итқитиш»дир. Табиийки, бу иш содир бўлмайди.

Биринчидан, 300 млрд доллар шундоқ ҳам Киевнинг чўнтагида. Иккинчидан, Украина ўз кучига, ўз ҳақиқатига ишонади. Унинг ҳақиқати оддий ва равшан: унга ҳужум қилишди, ўн минглаб фуқароларини ўлдиришди, юзлаб шаҳар, қишлоқ, саноат ва фуқаролик инфратузилма объектларини вайрон қилишди. Энди нима бўлади? Украинларнинг қони тўкилган бу тупроқлар шундоқ бериб юборилаверадими? Ниманинг эвазига? Шундоқ ҳам Украина иқтисодиёти ва инфратузилмасини тиклаш учун ишлатиладиган пуллар эвазигами?

Ватан учун жанг қилаётган Украина қуролли кучларининг юз минглаб аскарлари учун бундай қадам сотқинлик билан тенг бўларди. Табиийки, уларнинг бош қўмондони, бир йил озодлик уруши даврида миллий етакчиликнинг энг яхши сифатлари — қаттиққўлллик, қатъиятлилик, жасурликни намойиш этган президент Володимир Зеленский Украина армиясининг ҳал қилувчи қарши ҳужуми тайёрланаётган бир паллада шу нарсага рози бўлармиди? Асло!

Соловёв, Симонян, Скабеева кабиларнинг турли шоуларни ютоқиб томоша қиладиган Россия ТВ аудиторияси фикрлаб кўриши керакки, агар Россия нормал фаолият кўрсата оладиган ҳукуматга эга бўлганида 300 млрд долларлик улкан маблағ, бунга қўшимча ўнлаб триллион рубл ўлимлик пуллари Россия фуқароларининг фаровонлиги ва саломатлиги учун ишлатилган бўларди. Ўлим ва вайронгарчиликлар учун эмас. Бироқ, тарихдан кўплаб мисоллар кўрсатиб турибдики, ўртача одамлар учун энг равшан ва юзада турган хулосаларни ҳам ҳазм қилиш оғир кечади. Ақлдан оздирар даражадаги фитна назариялари, тумтарақай сценарийларга ишониш улар учун осонроқ.

Симонян томонидан тилга олинган «эзгу ният қадамлари»га қайтилса, у Путин томонидан Украинадаги урушда ғалаба қозониб бўлмаслиги факти тан олинганини кўрсатувчи яққол далилдир.

Путин, аллақачон Иля Илф ва Евгений Петровнинг машҳур қаҳрамони Паниковскийни эслатади. Паниковский ўз гумаштаси Шура Балагановни хуфёна миллионер Корейконинг бир пудли полвонтошларини «улар олтиндан ясалган» дея калласига қуйиб, ўғирлашга ундайди. Паниковский ўз хатосини биринчи бўлиб англаб етади, ўзини нималар кутаётганини тушуниб, қўлидаги темир арра билан полвонтошни арралашда давом этиб, Балагановга ҳам далда беради: «арраланг, Шура, арраланг, улар олтиндан ясалган…»

Путин ҳам ҳозир жуда кўп нарсаларни инерция бўйича қилмоқда — юзлаб, минглаб янги аскарларини фронтга ташламоқда, Украина шаҳарларига қасос илинжида ва бемаъниларча ракеталар ёғдирмоқда: балким ўхшаб қолар, деган истиқболи ноаниқ ишонч билан. Лекин у бир йилдан сўнг 2024 йилнинг апрелида у ўзининг умрбод ҳукмронлигини яна бир бор чўздириб олиши кераклигини унутмаган. Юрист маълумотига эга бўлган Путин формал легитимликка катта эътибор беради.

Бунинг учун унга ғалаба сув ва ҳаводек, имкон қадар тезроқ керак. Ғалабанинг баҳоси учун у баҳслашиб ҳам ўтирмайди. Албатта, у юз минглаб рус аскарлари мурдаси билан Украина хандақларини тўлдиришда давом этишга тайёр, бунга шак-шубҳа бўлмаслиги керак. Бироқ, у ҳозир бу ишни чексиз қила олмаслигини англаб етган. Унда чегара бор — Россия жамиятида ҳам бундай чегара мавжуд. Санкциялар ва уруш туфайли иқтисодий самарани ҳам унутмаслик керак. 2023 йилнинг дастлабки икки ойида Россия Федерацияси бюджети тақчиллиги аллақачон режаланган йиллик кўрсаткичга етган. Унинг тизимининг мустаҳкамлик чегараси тез орада ва кутилмаганда етиб келиши мумкин. Айтайлик, президентлик сайловларидан анча олдин ёки сайловдан кейиноқ.

Шу сабабли, Путин Симоняннинг оғзи билан Украинага ўзига тегишли бўлмаган пул кўринишидаги беўхшов ва маза-матрасиз «ширинкулча» таклиф қилмоқда. Симонян (яъни Путин) бир пайтлар Россияга тегишли бўлган бу юзлаб миллиард доллар пулларни «репарация» деб аташига ҳам рози, гарчи яқиндагина бу сўз уларни қуюшқондан чиқарар эди.

Табиийки, Путиннинг «қамчи»си ҳам доим тайёр ва одатдагидек, у «ширинкулча» билан бир вақтда ишлатилиши ҳам мумкин. Украина шаҳарларига ракета зарбаларидан ташқари, Путин «қамчи»си Беларусда жойлаштирилган ядровий қуролни ҳам назарда тутади. Украинага Беларус ҳудудидан туриб ядровий зарба бериш — Кремл томонидан жиддий ўйлаб кўрилаётган вариант бўлиб турибди. Лекин, Путин бу ишдан сўнг унинг учун ортга йўл қолмаслигини англаб турганига шак-шубҳа йўқ. Шунинг учун мана шундай ахборий «суяк итқитишлар» билан у ўзи учун у ёки бу даражада мақбул чекиниш йўлларини қидирмоқда.

Украинанинг босиб олинган ҳудудларини «сотиб олиш» таклифи «махсус ҳарбий амалиёт» билан боғлиқ кечмишни ортга қайтариш, урушни нима қилиб бўлса-да якунлаш, Россия ОАВидан ҳарбий мавзуни олиб ташлаш, тинчгина «легитим» сайловларни ўтказиб олиш ва яна имкон қадар узоқроқ ва бир неча йил бахтиёрлик билан ҳукмронлик қилишга уринишдан бошқа нарса эмас.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг