17:48 / 23.10.2023
389

Москва Яқин Шарқдаги можарода воситачилик қила оладими?

Фото: Mikhail Svetlov / Getty Images
Исроилда ва Фаластин ерларида айни пайтда авж олган можаро Владимир Путинни жуда қизиқтиради. У бу борада аллақачон икки бор чиқиш қилди ва можарога аралашган барча томонлар билан телефонда сўзлашди. Россия бу можарони ҳал қилиш учун ўзини потенциал воситачи сифатида таклиф этмоқда.

Хўш, Москва қандай мақсадларни кўзламоқда ва Россия дипломатиясининг тобора ўсиб бораётган роли ҳақида жиддий гапириш мумкинми? BBC Russian мухбири Анастасия Голубева вазиятни таҳлил қилди.

Биз кимгадир хайрихоҳ эканимиздан биров шубҳаланмайди»

Халқаро жиноий суднинг ордеридан сўнг 13 октябр куни Бишкекка ўзининг илк хорижий ташрифи билан келган Путин катта қисми Исроил ва фаластинликларга бағишланган нутқ сўзлади. У ҲАМАСнинг мамлакат жанубига киргани ҳақида гапирар экан, гапини «Исроил ҳали тарихда кузатилмаган ҳужумга дучор бўлгани» билан бошлади.

Бироқ шундан сўнг Путин Ғазо секторини Иккинчи жаҳон урушида қамал қилинган Ленинградга менгзади ва мустақил Фаластин давлати тузилиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолда можаро авж олишига АҚШнинг ташқи сиёсати барбод бўлгани бош сабаб бўлган. Путиннинг фикрича, Исроил гарчи «ўз хавфсизлигини таъминлашга ҳақли» бўлса ҳам, бу вазиятдан чиқишга фақат «воситачилик саъй-ҳаракатлари» билан эришилади.

Бундай воситачи сифатида Путин очиқчасига Россияни таклиф этди: «Биз сўнгги ўн беш йиллар ичида Исроил билан жуда илиқ муносабатларга эгамиз, Фаластин билан ҳам анъанавий алоқаларимиз бор. Шу сабабли биз кимгадир хайрихоҳ эканимиздан биров шубҳаланмайди», — деди у.

Шу куннинг ўзида Россия БМТга Исроил ва Фаластинда ўт очишни тўхтатиш бўйича ўз резолюцияси лойиҳасини киритди, бироқ у АҚШнинг ветоси билан Хавфсизлик кенгаши тасдиғидан ўтмади.

Путннинг чиқишидан сўнг ҲАМАС унга қўллаб-қувватагани учун ташаккур билдирди, Американинг The Wall Street Journal газетасида эса можаро фонида Москва ва Исроил ўртасидаги муносабатлар жиддий бузилгани ҳақида мақола чиқди. Нашрнинг қайд этишича, Путин ҲАМАСнинг ҳужуми туфайли Бинямин Нетаняҳуга ҳамдардлик билдириш учун қўнғироқ қилмаган жаҳоннинг кам сонли етакчиларидан бири бўлган.

Ғарб ва Россия мустақил нашрлари БМТдаги Россия резолюциясида ҳам, Кремлнинг расмий баёнотларида ҳам ҲАМАС тилга олинмаганига эътибор қаратган, бинобарин, унинг ҳаракатларига баҳо берилмаган.

WSJ’нинг ёзишича, Россиянинг Украинага босқинидан сўнг Кремл Москвани савдо муносабатлари ва қурол-яроғ етказилиши орқали қўллаб-қувватловчи Эрон билан алоқаларини мустаҳкамлаган. Эрон эса, ўз навбатида, ҲАМАСнинг бош иттифоқчиси ва Исроилнинг тарихий душманидир.

Бироқ, Путиннинг турлича талқин қилиш мумкин бўлган баёнотлари 16 октябр куни можародан манфаатдор томонларнинг барчаси — Исроил, Фаластин мухторияти, Эрон ва Миср етакчиларига қўнғироқ қилишга тўсқинлик қилмаган.

Путин ва Нетаняҳу Ал-Қудсда. 2020 йил. Фото: Getty Images

Чоршанба куни Хитойга сафари чоғида Исроилдаги вазиятни ечиш учун Путин яна «алоқалар ва музокаралар» бошлаш зарурияти ҳақида гапирди.

«Мен Россия президенти ўнг-чапига қарамасдан ҳарбий тўқнашувларнинг қурбонлари тинч аҳоли бўлиши мумкин дея баёнот бераётганини эшитганимда қаҳрим келади. Одам бундан ортиқ сурбет бўлиши мумкин эмас», — дея Путиннинг гапларига фикр билдирган кейинги куни немислар етакчиси Олаф Шолц.

Нега Путин кутилмаганда «тинчлик» ҳақида сўзлаб қолди?

Россия куп йиллар мобайнида ўзини Яқин Шарқдаги воситачи сифатида кўрсатиб келган, бироқ ҳозир Кремл «можарони ҳал қилиш ёки томонларни яраштириш учун чинакам истакка ҳам, имкониятларга ҳам эга эмас», дея шарҳлаган Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти ходими Анна Боршчевская.

«Гап кўпроқ Россия ўзини муҳим халқаро ечимлар усиз ўтмайдиган буюк барқудрат давлат, шунингдек, АҚШга посанги сифатида тақдим қилиши ҳақида бормоқда», — дейди у Россиянинг даъво қилинаётган ташқий сиёсий мақсади — «либерал дунё тартибини бузиш ва уни кўпқутблилиги билан алмаштириш» эканини таъкидлар экан.

Россия ўзини энг аввало дипломатиядан манфаатдор томон сифатида тақдим этишга уринади — Путин Украинадаги урушга нисбатан ҳам шундай позицияни илгари суришга ҳаракат қилган, дея шарҳлайди Британия мудофаа тадқиқотлари қироллик институти (RUSI) ходими Эмили Феррис.

«Бу Кремл томонидан анчадан буён илгари сурилаётган — ғарбнинг сўниб бораётгани, Россия каби давлатлар ўз ролини ўйнаши кераклиги тўғрисидаги нарративини мустаҳкамлайди. Бу образни ҳозир Россия Африка қитъасида илгари сурмоқда», — дейди Феррис.

Бироқ Россиянинг Исроилдаги вазиятга қизиқишининг биринчи даражали сабаби — Украинадаги урушдан диққатни Яқин Шарққа қаратиш, дейишмоқда BBC томонидан сўралган экспертлар ва кўплаб ғарб нашрлари.

Бутун дунёнинг диққат-эътибори Исроил ва Ғазо секторига қадалди, бу эса Россиянинг қўлларини бўшатади, дейди Қатардаги Кўрфазни ўрганиш маркази ходими Николай Кожанов. У Россия деярли билдирмасдан ядровий синовларларни тақиқлаш тўғрисидаги шартномадан воз кечганини мисол келтиради — РФ Давлат думаси шу ҳафта ичида шартномадан чиқиш тўғрисидаги қонунни бир ўқишдаёқ қабул қилган. «Бошқа вақтларда бу ҳаракат катта диққат-эътиборни жалб қилган бўлар эди», — дейди Кожанов.

Унинг яна қайд этишича, Украина фронтларидаги воқеалар жаҳон янгиликлари бош саҳифаларидан пастга шўнғиди, ғарбдагилар эса Исроил ва Украинага ёрдамни қандай тақсимлаш тўғрисида бош қотира бошлашди — буларнинг барчаси Россия фойдасига ишлайди.

Бундан ташқари, бундай вазиятда Россия халқаро ҳамжамият билан суҳбатлашиш имкониятига ҳам эга бўлмоқда. «Бу Москва учун муҳим, чунки бу кейинги изоляциялардан қочиш, шунингдек мавжуд изоляциядан узоқлашиб, ўзининг муҳимлиги, ўзларининг аҳамиятдор экани кўрсатиш имконини беради, — дейди Кожанов. — Россия ташқи олам билан суҳбатлашиш учун қўшимча каналга эга бўлмоқда. Агар омади келса, воситачи ролини ҳам ўйнаши мумкин. Агар омади келмаган тақдирда ҳам Россия раҳбарияти узоқ вақт «биз уриниб кўрганмиз», деб гапириб юради».

Россия чиндан ҳам ушбу можарода воситачи бўла оладими?

Айни вақтда Исроил Россиянинг воситачилигига кўнади, деб тасаввур қилиш қийин, дейди Анна Боршчевская. Россия ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ» (Эрон томонидан қўлланувчи Исроилга қарши Ливандаги гуруҳ) билан муносабатларини сақлаб турибди, уларнинг вакиллари бир неча бор Москвага боришди, Россия уларга ҳарбий ёрдам кўрсатган, дея сабабларини санайди Боршчевская.

«Антисемитизм Россияда яна авжлана бошлади, шу сабабли Путин Исроилнинг ёки кимнингдир ҳақиқий дўсти эканини тасаввур қилиш қийин», — дейди у.

Исроил Россиянинг воситачиликка уринишларига скептик муносабатда, дея ишонч билан таъкидлайди Николай Кожанов ҳам. «Кўпчиликка очиқ-равшан кўриниб турибдики, Россия вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи. Исроилнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида гап-сўз бўлиши мумкин эмас», — дейди у.

Кожанов Россия чиндан ҳам анчагина дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаётгани — бу ҳолда шунчаки оғзаки баёнотлар билан чекланиб қолмасдан, Исроил мулоқот қила олмайдиган «минтақадаги асосий ўйинчилар» билан маслаҳатлашувлар ўтказиб, алоқалар ўрнатаётганини қайд этади. «Лекин фикримча айни пайтдаги бутун вазият, айниқса Россиянинг халқаро саҳнадаги кўплаб ўйинчилар учун токсиклиги ҳисобга олинса, у аҳамиятли воситачи бўла олмаса керак», — дея фикрларини якунлайди эксперт.

Эмили Фэррис Путиннинг Россия ушбу можарода нейтрал томон бўла олиши тўғрисидаги баёнотларини шубҳа остига олади. Эксперт можаронинг турли томонларига Россия чиндан ҳам нечоғлик таъсир ўтказа олишига ишонмайди. «Россия ҳар икки томон билан яхши алоқада эканлигини таъкидлаб воситачи бўла олишини айтмоқда. Аслида бундай эмас», — дейди Феррис.

Биринчидан, Россия ва Исроил алоқаларининг мураккаблигини ҳисобга олиш керак. Исроил Украинадаги урушда алоҳида позицияни танлади: ғарб санкцияларига қўшилмади, Украинага махсус қурол-яроғлар жўнатмади, бироқ ҳарбий ҳаракатларга танқидий муносбатда бўлиб, украиналик қочқинларни қучоқ очиб қабул қилди, дейди у. Бироқ шундан сўнг Лавров бир неча бор антесмит руҳидаги чиқишлар қилди, улар учун Путин Нетаняҳудан узр сўрашга ҳам мажбур бўлди.

Россиядан Украинага учирилган дрон парчалари. Фото: Danylo Antoniuk / Anadolu Agency

Бундан ташқари, бу ерда Россиянинг Эрон билан муносабатлари ҳам муҳим рол ўйнайди. «Россиянинг ташқи сиёсат бўйича яқин бир неча йиллар ичидаги режасидан бохабармиз: Россия Хитой, Ҳиндистон ва Эрон билан янги халқаро алянс тузиш йўлидан бормоқда. Бундан ташқари, Эрон Украинага зарба беришда фойдаланилаётган пилотсиз парвоз қурилмаларини етказиб бермоқда», — дейди Феррис. Бироқ Эрон ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ»ни молиялаштиради, бу эса албатта Россия ва Исроил ўртасидаги муносабатларда таранглик омили бўлиб хизмат қилади.

«Бундан ташқари, Россияда ҲАМАСга таъсир ўтказишнинг нечоғлик реал ричаглари борлиги хусусида саволлар ҳам бор, — дейди Феррис. — Лекин, менинг фикримча, ҲАМАСга энг катта таъсир ўтказа олувчи мамлакат Россия эмаслиги кундек равшан».

Боз устига Россия ушбу можарода нейтрал бўла олмаслигига шама қилувчи конспирологик нарративларни илгари суриб келмоқда. Масалан, Россия нашрлари томонидан тарқатилган, Украина ўзига ғарб давлатлари етказиб берган қурол-яроғларни ҲАМАСга бергани тўғрисидаги фейк янгилик каби.

«Бу Россия манфаатларига хизмат қилувчи, ғарб дипломатиясининг барбод бўлгани, яъни уларнинг Украинага ёрдами демократик мақсадларни кўзламагани, аслида терроризмни қўллаб-қувватлаётганидан ҳикоя қилувчи конспирологик назариялардан биттаси», — дейди Эмили Феррис.

Россия чиндан ҳам қайси тарафда?

Путиннинг жума кунги баёнотлари ва ҲАМАСнинг унга ташаккур билдиришидан сўнг Россияни фаластинпарвар кайфиятда айблай бошлашди, Россия пропагандачилари ва давлат нашрлари эса Исроилга нисбатан агрессив тонларда чиқишлар қилишди.

«Расман Кремл позицияси бу масалада нейтрал бўлиш, менинг фикримча ҳам шунга ўхшаяпти. Бироқ, менимча, Исроилда нейтралитет фаластинликларни қўллаш деб тушунилади, чунки вазият шуни тақозо қилмоқда», — дейди Эмили Феррис.

Россияга айни пайтда томонлардан бирининг тарафига ўтиш жуда номувофиқ, дейди Николай Кожанов ҳам; Россиянинг стратегияси — тўсиқларга чап бериб юриш.

«Айни вазиятда кимнингдир позициясини олиш — ўз позициясини сусайириш. Исроилнинг Украинага нисбатан эгаллаган позициясидан келиб чиқиб, ундан узоқлашиш — номувофиқлик. «Араб кўчалари» (араб давлатлари аҳолисининг кайфияти)дан узоқлашиш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Шу сабабли ягона мавжуд вариант — гап-сўзларга чап бериб ҳаракат қилиш, биз тинчлик ва яхшилик томонда, деб туриш», — дейди Кожанов.

Боз устига, унинг сўзларига кўра, Россияга Яқин Шарқда узоққа чўзилувчи можаро ҳам керак эмас. Россия айнан «ланж беқарорлик»дан дивиденд олади ва доим кимгадир ўз ёрдами ва воситачилигини таклиф этиши мумкин бўлади. Бироқ Яқин Шарқ минтақасида кучлар тақсимотини ўзгартириб юбориши мумкин бўлган катта уруш вазияти Россия учун асло керакмас, деб ҳисоблайди Кожанов.

Чиндан ҳам, «Ҳизбуллоҳ» ва Эроннинг бошқа тарафдорлари иштирокидаги кенг кўламли можаро Теҳрон Москвага йўналтираётган ҳарбий ёрдамнинг катта қисмини ўзига жалб қилади, дейди Янги Америка хавфсизлик маркази (CNAS)нинг Яқин Шарқдаги хавфсизлик дастури директори Жонатан Лорд.

«Эроннинг Ғазодаги можарога бевосита жалб қилиниши ҳолатида Эрон Москвадан «қарз тилхати»ни — Россия ваъда қилган, бироқ яқин келажакда тақдим этишни истамай турган замонавий қуролларни талаб қилиб қолиши мумкин», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, Россия томонидан Яқин Шарқда қўлланадиган ҳар қандай ҳаракатни Украинадаги урушдан узилиш ҳамда Россия ва Эроннинг ҳарбий муносабатларидан айрича кўриб бўлмайди.

«Путин навбатдаги марта Путиннинг томонида туриб олди, бу сўнгги йил мобайнида Эрон билан яқин алоқалар, Украинада Эрон қурол-яроғларига таянишини билдиради», — деган Лорд.

Унинг айтишича, Путиннинг Яқин Шарқда иккита асосий мақсади бор: Эрондан қурол-яроғ оқимини ва Россия Тартус портини назорат қилиб турган Сурияда ҳарбий иштирокни сақлаб қолиш. Путиннинг барча хатти-ҳаракатлари айнан мана шу мақсадларга эришишга қаратилган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг