Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатдаги кўплаб сиёсий арбоблар унинг ўз ваколатларини Қосим-Жўмарт Тўқаевга ўтказиш режаларига кескин қарши бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, шубҳалар Тўқаевнинг зарур тажрибаси йўқлиги, шунингдек, ҳокимият учун кураш билан боғлиқ бўлган.
«Тўқаев авваллари бутун умри давомида дипломатия соҳасида ишлаган. Шунингдек, атиги 3 йил давомида Қозоғистон бош вазири ўринбосари ва бош вазири бўлган. Шу сабабли, одамлар унинг президент лавозимини «торта олмаслигидан», мамлакат ҳаёти учун масъул бўла олмаслигидан чўчиган», деб ёзди Нурсултон Назарбоев ўзининг хотиралар китобида.
Биринчи марта 1991 йилда президентликка сайланган Назарбоев бу лавозимда 25 йилдан ортиқ ишлади. У 2019 йил 19 мартда истеъфога чиқди. Ўша пайтда Сенат раиси лавозимини эгаллаб турган Қосим-Жўмарт Тўқаев президент вазифасини бажарувчи бўлди. Шу йилнинг июн ойида у муддатидан олдин президентлик сайловида ғалаба қозонди.
Нурсултон Назарбоевнинг сўзларига кўра, Тўқаевнинг ворис сифатида кўрсатилишига қарши бўлганлар «президент курсисини эгаллашни орзу қилган».
«Аввалига улар менинг танловимга эътироз билдира олмади. Кейин улар сайловда халқнинг хоҳиш-иродасига рози эмаслигини билдира олмади», дейилади китобда.
Назарбоевнинг фикрича, 2022 йил январидаги норозилик намойишларига унинг ҳукмрон «Нур Отан» (ҳозир «Аманат») партияси раҳбарлигини Қосим-Жўмарт Тўқаевга топшириш ҳақидаги қарори сабаб бўлган. Айнан шундан сўнг мухолифат кучайган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилги январ воқеаларидан кейин Нурсултон Назарбоев «Элбоши» ва фахрий сенатор мақомидан ҳамда мамлакатнинг биринчи президенти сифатидаги бир қатор имтиёзлардан маҳрум этилган эди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг