Сўнгги бир неча йилдаги воқеалар - коронавирус пандемияси ва Россиянинг Украинага қарши уруши глобал иқтисодиёт ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатди. Нефт нархи кўтарилди, инфляция ўсди ва таъминот занжири бузилди. Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда инфляция сезиларли даражада пасайган бўлса-да, фоиз ставкалари юқорилигича қолмоқда. Улар қачон тушишини аниқ айтиш мушкул. Марказий банклар бундай қадам ташлашга шошилмаяпти.
Баъзи экспертларнинг фикрича, пул-кредит сиёсати қатъийлаштирилиши оқибатлари фақат 2024 йилда сезила бошлайди, чунки 2023 йилда улар кўпчилик кутган таъсирга эга бўлмади. «Глобал иқтисодиёт, барча кескинликларга қарамай, биз тахмин қилгандек кучсизлангани йўқ, - дейди Oxford Economics бош иқтисодчиси Адам Слейтер DW нашрига берган интервюсида. - Бироқ, бизнинг тахминимизча, бунинг кузатилиши - вақт масаласи».
Слейтер келгуси йилда глобал иқтисодий ўсиш нисбатан «заифроқ» бўлишини кутмоқда ва техник таназзулни истисно этмаяпти. 2024 йилда глобал ялпи ички маҳсулот ўсиши 2023 йилдаги даражадан унчалик фарқ қилиши кутилмаяпти, бироқ кўплаб кузатувчилар унинг секинлашишини тахмин қилмоқда. Хусусан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) келгуси йилда глобал иқтисодий ўсиш 2,7 фоизни ташкил этиши, бу 2023 йилдаги 2,9 фоиз даражасидан бироз пастроқ бўлиши борасида прогноз берди.
Ўз навбатида, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ўсишни 2,9 фоиз, Европа марказий банки (ЕМБ) эса 3 фоиз даражасида кутмоқда. Бироқ, прогнозлар минтақалар бўйича фарқларни ҳисобга олади. Масалан, ХВЖ АҚШда Хитой ёки Европага қараганда анча кучли иқтисодий ўсишни тахмин қилмоқда.
Хитой ўзини қандай тутади?
Хитой иқтисодиётининг «совиши» 2024 йилда мутахассислар эътибори марказида бўлади. Сабаби, дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти жаҳон ривожига катта таъсир кўрсатади. «Бу (Хитой иқтисодиётининг ривожланиши) глобал ўсиш нуқтайи назаридан ҳам, Осиё минтақасидаги иқтисодий ривожланиш динамикасини аниқлаш учун ҳам муҳим», - дея тушунтирди Слейтер.
Ҳиндистон Сиёсий тадқиқотлар марказидан Сушант Сингх ҳам шундай фикрда. Унинг сўзларига кўра, Хитой иқтисодиёти «тикланиши ёки чўкиши» масаласи 2024 йил учун асосий бўлади. Жорий йил бошида Жаҳон банки Хитойнинг иқтисодий «лоҳаслиги» анъанавий равишда глобал иқтисодиёт двигателларидан бири бўлган Шарқий Осиёга чуқур таъсир кўрсатиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Ўз навбатида, Вашингтон Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS)дан Уилям Рейнш Хитой иқтисодиёти истиқболларига оптимизм билан қараяпти. «Давлат назоратидаги иқтисодларнинг қизиқарли хусусиятларидан бири бу - хатолар оқибатларини кечиктириш қобилияти, - деб таъкидлади у DW нашрига берган интервюсида. - Банкларга: «Шу соҳага қарз беринг», дейилади. Агар улар (Хитой расмийлари) сигнал юбормоқчи бўлса, компанияларга банкрот бўлмаслик кераклигини ёки компанияларга банкрот бўлиши кераклигини айтади. Қандай бўлмасин, ҳукумат ҳамма нарсани ҳал қилади».
Рейнш Хитойда жиддий иқтисодий муаммолар мавжудлигини тан олди, аммо у Хитой иқтисодиёти қулаши ҳақидаги тахминларни «ортиқча» деб ҳисоблайди. «ХХРда электромобиллар учун аккумуляторлардан тортиб, маиший электроника ва минералларнинг қатор тоифаларигача бўлган бир қанча кучли экспорт йўналишлари мавжуд, - деди у. - Айтмоқчиманки, хитойликлар иқтисодиётнинг ўзлари глобал миқёсда юқори рақобатбардош бўлган соҳаларига эга ва бу ўзгармайди».
Шунга қарамай, бир масала мутахассисни ташвишга солмоқда, бу - Тайван. Хитой раҳбари Си Жинпинг ва АҚШ президенти Жо Байденнинг яқинда бўлиб ўтган учрашуви уларнинг мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар бироз илиқлашганини кўрсатган бўлса-да, Хитойнинг Тайванга бостириб кириши эҳтимоли жаҳон иқтисодиёти учун жиддий таҳдиддир, деб ҳисоблайди Рейнш.
«Си ўзининг сиёсий мероси ҳақида ўйлаяпти ҳамда у қилмоқчи бўлган нарса бу - ўзига хос жумбоқли масаланинг якуний қисмига ечим топиш», дейди у.
Украина, озиқ-овқат ва ёнилғи
Эҳтимол, 2024 йилда жаҳон иқтисодиётига таъсир қиладиган муҳим омил Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши бўлади.
«Уч нарса тўғридан тўғри бу урушга боғлиқ: озиқ-овқат, ўғит ва ёнилғи», дейди Сушант Сингх. Охирги икки йил ичида Украинадаги можаро жаҳон энергетика ва озиқ-овқат бозорларига жиддий таъсир кўрсатди, аҳолининг камбағал қатламлари энг кўп жабр кўрмоқда, дея аниқлик киритди эксперт. «Агар бу вазият қандайдир тарзда барқарорлашса ёки ҳал қилинса, глобал жанубдаги кўп одамлар фойда кўради», дея қўшимча қилади у.
Дунёнинг бир қанча мамлакатларида муҳим сайловлар йили
Келгуси йил сайловларда иштирок этиш бўйича рекорд йил ҳисобланади. Зеро, бутун дунё бўйлаб 4 миллиарддан ортиқ одам сайловда қатнашади. Жумладан, Ҳиндистон, Бразилия, Покистон, Индонезия, Туркия, Мексика, Бангладеш ва эҳтимол, Буюк Британияда муҳим сайловлар бўлиб ўтади.
Бу ҳолатда, АҚШдаги президентлик сайловларининг натижаси, афтидан, ҳал қилувчи бўлади. Айни дамда собиқ президент Доналд Трамп сўровларда амалдаги давлат раҳбари Жо Байдендан олдинда. Демак, келаси ноябрда у иккинчи марта президентликка сайланиши мумкин.
Трампнинг биринчи президентлик муддатида Хитойга қарши олиб борган савдо урушини эслатиб, экспертлар республикачининг қайта сайланиши жаҳон иқтисодиёти учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. «Бу (Трампнинг сайланиши) катта зарба бўлади, чунки у ҳозирданоқ трансчегаравий тарифлар ва бошқа жуда ҳайратланарли нарсалар ҳақида гапирмоқда, - дейди Уилям Рейнш. - Бунга дунёда кучли реакция бўлади ёки ҳеч бўлмаганда реакция келиб чиқади, дейиш мумкин».
Агар сайловда ғалаба қозонса, Доналд Трамп ўз лавозимига фақат 2025 йилда киришади.
2024 йилда бизнес ва иқтисод соҳасидаги етакчилар кузатиб борадиган бошқа омиллар ва потенциал ҳодисалар ҳам бор. Хусусан, гап кўплаб соҳаларда «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши ҳақида бормоқда.
Айни пайтда, коронавирус пандемияси ва Украинадаги уруш кўрсатганидек, кўпинча кутилмаган ҳодисалар иқтисодиётга энг катта таъсир кўрсатади. «Мени энг кўп ташвишга солаётган нарса бу - «қора оққушлар», яъни олдиндан айтиб бўлмайдиган ва катаклизмларга олиб келадиган воқеалар», - дея хулоса қилган Уилям Рейнш.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг