11:20 / 29.12.2023
108

Мэн штати Трампга сайловларда қатнашишни тақиқлади

Мэн штати Трампга сайловларда қатнашишни тақиқлади
Фото: Reuters

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга Республикачилар партиясининг Мэн штатида бўлиб ўтадиган праймеризида президентликка номзодини қўйиш тақиқланди. Мэн штати давлат котиби Шанна Беллоуз томонидан қабул қилинган ушбу қарор 29 декабр, жума куни штат давлат котиби департаментининг расмий сайтида эълон қилинди. Беллоуз қарори АҚШ Конституциясига исёнда қатнашган шахсларнинг фуқаролик ёки ҳарбий давлат лавозимларини эгаллашини тақиқловчи 14-тузатишига асосланган. Трамп ўз тарафдорларининг 2021 йил январида Капитолийга бостириб киришига сабаб бўлган ҳаракатларини қўзғатганликда айбланмоқда.

«Жаноб Трамп зўравонлик эҳтимолини тушунган ва бошида уни қўллашни қўллаб-қувватлаган, чунки уни нафақат бунга ундовчи риторика билан рағбатлантирди, балки тўхтатиш учун ўз вақтида чора кўрмади», деб тушунтирди Мэн давлат котиби. Унинг сўзларига кўра, Трампнинг «акция қатнашчиларидан ўзини тинч тутишга доир сўровлари» унинг «демократик сайловларни тўхтатиш бўйича бир неча ойлик ҳаракатлари»ни бекор қилмайди.

Доналд Трамп сайловолди штаби матбуот котиби Стивен Чжан АҚШ собиқ президенти тарафдорлари Беллоузнинг «даҳшатли» қарорига судда эътироз билдиришини айтган. Аввалроқ Трамп Беллоуздан унинг праймеризларини кўриб чиқишда қатнашмасликни талаб қилганди, чунки у - Демократик партиядан собиқ штат сенатори бўлган ва 2021 йил 6 январдаги воқеаларни очиқчасига исён деб атаган, бу эса уни, Оқ уй собиқ раҳбари фикрича, нохолис позицияни эгаллашга ундайди.

Мэн Трампга сайловда иштирок этишига рухсат бермаган иккинчи штатга айланди

19 декабр куни Колорадо Олий суди Доналд Трампга штатда Республикачилар партиясидан бўлиб ўтадиган праймериз сайловида президентликка номзодини қўйишни тақиқлади. Судяларнинг қарори, худди Мэндаги каби, АҚШ Конституциясига киритилган 14-тузатишга асосланган.

Трампга қарши худди шундай даъволар яна бир қанча штатларда ҳам очилган. Ноябр ойида Миннесота Олий суди собиқ президентнинг сайловда қатнашишини тақиқлашдан бош тортди, Мичиган штатида эса суд Оқ уй собиқ раҳбари сайлов бюллетенида қолиш-қолмаслигини суд тизими эмас, Конгресс ҳал қилиши керак, деган қарорга келди.

АҚШ собиқ президенти Капитолийга бостириб киришга алоқадорлигини рад этяпти.

Трамп суд ишларига қарамай номзодини қўймоқчи

Доналд Трампга қарши аллақачон тўртта жиноий иш очилган. Унга барча ишлар бўйича жами 91 та айблов қўйилган, у ўз айбини тан олмаяпти. Гап Жоржиядаги сайловлардаги қонунбузарликлар, махфий ҳужжатлар билан ноқонуний ишлаш, сайловда сохталаштиришга уриниш ва президентлик кампанияси учун йиғилган маблағларнинг ноқонуний сарфланиши ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, АҚШ собиқ президенти қатор суд жараёнларида иштирок этмоқда, улардан бири - кредитлар бўйича имтиёзли шартларни олишдаги фирибгарлик. Бироқ, ҳатто Трампнинг ушбу ҳолатлар бирортаси бўйича айбдор деб топилиши ҳам уни номзодлик ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Шу билан бирга, у Республикачилар партиясидан сайловда иштирок этиши мумкин бўлган номзодлар орасида фаворит бўлиб қолмоқда, айни пайтда АҚШ амалдаги президенти Жо Байденнинг рейтинги сўнгги ойларда Исроил - ҲАМАС уруши фонида пасайиб бормоқда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё