22:00 / 19.01.2024
255

Нетаняҳу «икки давлат» ғоясини очиқчасига рад этди. Бу АҚШ ва иттифоқчиларни хавотирга солмоқда

Нетаняҳу «икки давлат» ғоясини очиқчасига рад этди. Бу АҚШ ва иттифоқчиларни хавотирга солмоқда

Фото: Reuters

Тўлақонли ғалаба деганда Нетаняҳу ҲАМАС ҳаракати йўқ қилиниши ва гаровдаги исроилликлар қайтарилишини назарда тутган, унинг сўзларига кўра, бу операция яна бир неча ой давом этиши мумкин.

ҲАМАС томонидан бошқариладиган соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ғазо секторида аллақачон 25 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган ва аҳолининг деярли 85 фоизи ўз уйини тарк этган. Шу сабабли, дунёнинг кўплаб етакчилари Исроилни ҳужумларини камайтириш ва урушни тугатиш, минтақани барқарорлаштириш учун музокараларни бошлашга ундашга ҳаракат қилмоқда.

АҚШ ва Исроилнинг бошқа иттифоқчилари, шунингдек, унинг кўплаб мухолифлари келажакдаги Фаластин давлати Исроил давлати билан бирга яшаши мумкин бўлган «икки давлат концепцияси»ни қайта тиклашга чақирмоқда.

18 январ куни Фаластин мухторияти президенти Маҳмуд Аббоснинг матбуот котиби 1967 йил чегаралари ичида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати бўлмаса, минтақада хавфсизлик ва барқарорликка эришилмаслигини айтди.

Кўпгина жаҳон етакчилари ҳозирги инқироз урушаётган томонларни чексиз зўравонликларга ягона муқобил вариант сифатида дипломатияга қайтишга мажбур этишига умид қилмоқда. Аммо Нетаняҳунинг сўнгги сўзларига қараганда, у бутунлай қарама-қарши ниятларга эга.

Исроил бош вазирининг сўнгги баёнотларини шарҳлар экан, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби АҚШ ва Исроилнинг вазиятга нисбатан қарашлари мутлақо бошқача эканини тан олди.

«Биз буни бошқача кўрамиз. Биз фаластинликлар мустақил давлатда, тинчлик ва хавфсизликда яшашга тўлиқ ҳақли, деб ҳисоблаймиз», деди Кирби.

18 январ куни Нетаняҳу Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида, яъни келажакдаги Фаластин давлати ҳудуди бўйлаб хавфсизликни назорат қилиши кераклигини айтди.

«Бу зарур шарт ва у (Фаластин) суверенитети ғоясига зид келади. Нима қилиш керак? Мен бу ҳақиқатни америкалик дўстларимизга айтаман. Бош вазир дўстларга «йўқ» дейишга қодир бўлиши керак. Шунингдек, мен Исроил хавфсизлигига зиён етказиши мумкин бўлган ҳақиқатни зиммамизга юклашга бўлган уринишларни тўхтатдим», деди Нетаняҳу.

Нетаняҳу ўз сиёсий фаолиятининг кўп қисмида Фаластин давлати ғоясига фаол қарши чиққан. Аввалроқ, Исроил бош вазири унинг яратилишига тўсқинлик қилганидан қанчалик ғурурланишини таъкидлади.

Шунинг учун унинг сўнгги баёнотлари ҳайрон қолдирмайди, аммо Нетаняҳу билан Исроилнинг Ғарбдаги иттифоқчилари ўртасидаги тафовут кенгайиб бораётганидан далолат беради.

ҲАМАС ҳаракати аъзолари 1300 нафарга яқин исроилликни ўлдириб, 240 нафарга яқинини гаровга олган 7 октябрдаги воқеалар Исроил тарихидаги энг даҳшатли воқеа бўлди. Бу воқеалардан кейин АҚШ ва бошқа кўплаб давлатлар Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлади. Аммо Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони ортиб бормоқда ва у ердан келаётган даҳшатли тасвирлар кўпайишда давом этмоқда.

Исроилдаги норозилик намойиши иштирокчилари ўз ҳукуматини гаровдагиларни озод этиш учун ҲАМАС билан келишув тузишга чақирмоқда. Фото: Reuters

Ғарб давлатлари ҳукуматлари Исроилни босиқликка чақирмоқда. Оқ уй бир неча бор Тел-Авивнинг ҳарбий сиёсатига таъсир ўтказишга уриниб кўрди: ёппасига бомбардимон қилиш ўрнига аниқроқ қуроллардан фойдаланишга, қуруқликдаги ҳарбий операциядан воз кечишга, можародан кейинги Ғазо секторида икки давлат формуласига қайтишга чақирди.

Кирбининг сўзларига кўра, АҚШ урушдан кейин Ғазо қандай кўринишда бўлишини жуда аниқ айтган.

«Биз Ғазодаги бошқарув Фаластин халқининг интилишларини акс эттиришини, улар овозга эга бўлишини истаймиз. Ҳукумат қандай кўринишда бўлиши бўйича овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишини. Ва Ғазо қайта ишғол қилинмаслигини», деди АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили.

Бироқ, Вашингтоннинг истаклари мунтазам равишда эътибордан четда қолмоқда ёки қатъиян рад этиляпти, жумладан, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ташрифи чоғида очиқчасига.

Бу эса баъзи америкалик сиёсатчиларни Байден маъмурияти Исроилни тўлиқ ва сўзсиз қўллаб-қувватлаётганидан тобора кўпроқ норози қилмоқда. Оқ уйдан Исроилга қўшимча ёрдам кўрсатиш учун қатъий шарт қўйишга чақириқлар кўпайиб бормоқда.

Исроил бош вазирининг сўнгги изоҳлари унинг сафи сийраклашиб бораётган тарафдорлари билан бир қаторда унинг ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган ўта ўнгчи исроиллик вазирларни ҳам хурсанд қилади. Аммо бу урушнинг тобора даҳшатли тус олаётганидан Исроил ва хориждагиларни хавотирга солади.

Сўнгги сўровлар шуни кўрсатадики, исроилликларнинг аксарияти Нетаняҳудан ҲАМАС ҳаракатини йўқ қилишдан кўра, гаровдаги исроилликларнинг ватанга қайтаришга устувор аҳамият беришини хоҳлайди, бу эса имконсиз бўлиши мумкин.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё