20:00 / 07.08.2024
300

Афғонистонлик атлет Олимпиадада сиёсий акция уюштирди

Афғонистонлик атлет Олимпиадада сиёсий акция уюштирди
Олимпиада илгари ҳам сиёсий баёнотлар учун боп жой бўлган. Халқаро олимпия қўмитаси мусобақалар вақтидаги турли акциялар учун тақиқни бекор қилганидан кейин эса йирик спорт форумидан бундай мақсадларда фойдаланиши ҳолатлари янада ортди.

Кўпчилик учун бу ёрдам сўрашдаги охирги қичқириқ ва «цивилизациялашган» дунёга мурожаат қилишга уринишдир. Жанубий Судан баскетбол жамоаси ўзлари яшаётган минтақадаги фуқаролик уруши ҳақида ёдга солишди, араб мамлакатларидан бўлган спортчилар — Фаластиндаги вазият ҳақида. Афғонистонлик енгил атлеткачи Кимия Юсуфий толиблар ҳокимиятга келганидан кейин вазият ёмонлашган ватанидаги аёллар ҳуқуқи ҳимояси ҳақида гапирди.

Юз метрга дастлабки югуриш митингга айланди

100 метрлик каби элита масофада ҳам саралаш баҳслари камдан кам ҳолларда ўзига эътибор жалб этади. Аммо афғонистонлик атлетикачи Кимия Юсуфий жаҳондаги барча нашрларни ўз чиқиши ҳақида ёзишга мажбур қилди. У натижаси билан барчани ҳайрон қолдиргани йўқ — Юсуфий маррага сўнгги ўринда келганди. Лекин финишдан кейин у старт рақамини кўчириб ташлади ва унинг ортидан жаҳон аҳли учун мўлжалланган номани чиқарди. А4 ҳажмидаги листда қора рангда «таълим» дея ёзилганди. Қиз «спорт» сўзи учун яшил рангни танлаган. Афғонистоннинг расмий байроғидаги учинчи ранг бўлмиш қизил билан эса «бизнинг ҳуқуқларимиз» дея ёзган. Ўша куни енгил атлетика бўйича эрталабки сессияни фақат ихтисослашган спорт телеканаллар намойиш этганди, лекин Юсуфийнинг ҳаракатлари акс этган кадрлар бутун дунёни айлана бошлади. Бир неча кун ўтганидан кейин Кимия яна бир бор «Стад де Франс» стадионидан туриб Афғонистонга эътибор қаратишга чақириши The Guardian ва New York Times нашрлари муқоваларидан жой олди.

Кимия Юсуфий аёллар ҳуқуқини ёқламоқда.
Фото: Global Look Press

Кейинроқ журналистлар билан суҳбатда Юсуфий ўз акцияси тўғрисида батафсил гапириб берди. «Бу афғон қизлари учун мужда, — дея изоҳлайди Кимия. — Таслим бўлманг, бошқаларга сиз учун қарор қабул қилишга изн берманг. Шунчаки имконият қидиринг, кейин эса ундан фойдаланинг». Бу ҳозирча Парижда ғалати мақомда иштирок этаётган Афғонистон жамоаси ҳақидаги энг диққатга сазовор воқеа. Мамлакат яна бир бор турнирдан четлатилиш арафасида турганди, Афғонистон ХОҚ раҳбари, олдинги ҳукуматдаги спорт мулозимларининг кўпчилиги ҳозирда қувғинда яшамоқда ва амалда ўз мамлакатини ифода эта олмайди. 2021 йилда пойтахт Кобулни эгаллаган янги ҳукумат эса Францияга Афғонистон ислом амирлигидан фақат уч нафар атлет борганини билдирган — ва уларнинг барчаси эркаклар. Улар учун Афғонистон жамоасидаги қизлар мавжуд эмас, шу билан бирга, уларга афғонлар мамлакати номидан иштирок этишни тақиқлай олишмайди ва буни исташмайди — у ҳолда ХОҚ санкция қўллаши муқаррар эди.

Кимия Юсуфий ва Шэрон Стоун.
Фото: Getty Images

Юсуфий икки бор Афғонистондан қочиб кетган ва ҳозирда Австралияда яшаб, спорт билан шуғулланмоқда

Лозаннадаги расмийларнинг пассивлиги ҳозир ҳам саволлар туғдирмоқда. «Толибон» ҳокимиятга келганидан кейин 70 дан ортиқ афғонистонлик спортчилар ва уларнинг оилалари аъзолари мамлакатни тарк этишган. Бундай қочқинлар орасида Кимия Юсуфий ҳам бор эди. У доимий яшаш учун Австралияга кўчиб ўтади ва шу ерда спорт билан шуғулланишда давом этади. Бу Кимия мамлакатдан кетишига тўғри келган биринчи ҳолат эмасди. Юсуфий «Толибон» 1990-йиллар ўрталарида биринчи марта Кобулни эгаллаб, мамлакатни шариат қонунлари бўйича бошқаришга киришганида туғилганди. Унинг ота-онаси Эронга қочиб ўтади, бу ерда акалари ва эронлик енгил атлеткачи Марям Тусийга қараб, қизалоқ югуриш спорти — унинг асосий қизиқиши эканини англаб етади. 2000-йиллар бошида Афғонистонда ҳокимият ўзгарганидан кейин Кимия тўлақонли спортчилик фаолияти ҳақида ўйлаши мумкин бўлади.

Дунёвий Афғонистонга Халқаро олимпия қўмитаси ҳамда спорт федерациялари талабларига жавоб берадиган спортчи қизлар керак эди. Юсуфийга эътибор қаратилади, хорижий йиғинларга чиқишда ёрдам кўрсатилади. Ва саъй-ҳаракатлар ўзини оқлайди — 2016 йилда у Рио-де-Жанейро Олимпиадасига йўлланма олади ва ўз мамлакати байроғини кўтаради. Беш йилдан кейин у яна Афғонистон жамоаси байроқдори бўлади — бу сафар Токиодаги ўйинлар очилишида. Иккала турнирда ҳам Юсуфий мусобақалардаги ягона афғон қизи бўлганди ва ХОҚ у орқали Марказий Осиёда аёллар спортини оммалаштиришни режалаштирганди. Аммо толиблар қайтганидан кейин Афғонистонда қизлар спорт билан шуғулланиши тақиқланди. Толиблардан қочишга муваффақ бўлган атлетлар машғулот залларига автомат кўтарган одамлар бостириб киргани ва Аллоҳнинг ғазабини қўзғатишни бас қилишни талаб қилгани ҳақида ҳикоя қилиб беришган. ОАВда спортчилар отиб ташланган ҳолатлар ҳақида ҳам ёзилган, аммо бунга далиллар келтирилмаган.

Кимия Юсуфий.
Фото: Getty Images

Афғонистон МОҚ раҳбари ўз мамлакатидаги спортга таъсир қила олмайди

Халқаро олимпия қўмитаси вакиллари, бир томондан, жинси ёки ирқи бўйича ҳар қандай дискриминацияга уринишларни, айниқса жисмоний тарбия билан шуғулланишга бўлган чекловларни кескин қоралайди. Бошқа томондан — 2023 йилда ХОҚнинг олимпия бирдамлиги бўйича директори Жеймс Маклеод мамлакат Ислом бирдамлиги ўйинларига бир гуруҳ қизларни юборганидан кейин Афғонистон ҳукумати тўғри йўналишда ҳаракатланаётганини эътироф этганди. Шунингдек, мамлакат крикет бўйича жаҳон кубогида иштирок этган, лекин фақат эркаклар жамоаси билан. Сидней Олимпиададан четлатилиши афғон қизларини тенг ҳуқуқлиликка яқинлаштирмаганди, аммо Кобулдаги янги ҳукумат билан мулоқотга киришишдаги муаммоларни эътиборсиз қолдириш ҳам ёрдам бермайди.

2022 йил мартида Афғонистон таълим вазирлиги қизларга ўрта ва катта синфларда ўқишни тақиқлаганди. 2022 йил 21 декабрида аёллар олий таълим муассасаларига қатнашига ҳам тақиқ қўйилгани маълум бўлади. Айни вақтда мамлакатдаги аёлларга фақат диний таълим олишга рухсат бор.

Париждаги олимпиадага Юсуфийдан ташқари опа-сингил велоспортчилар Фарида ва Юлдуз Ҳошимий ҳам келишган, лекин уларнинг барчаси толиблар учун кўринмас одамлардек. Янги ҳукумат улар кўтарган байроқни ҳам тан олмайди — Ислом амирлигининг давлат рамзлари бошқача. ХОҚ эса иллюзиялар билан яшашда давом этиб, ҳозирга қадар Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Вали Раҳимийни Афғонистон спорти раҳбари деб билади, у эса бир неча йилдан буён Германияда яшамоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистонлик атлет Олимпиадада сиёсий акция уюштирди