16:14 / 14.12.2024
14

Нигериядаги конларда литий қазиб олиш учун болалар меҳнатидан фойдаланилмоқда

Нигериядаги конларда литий қазиб олиш учун болалар меҳнатидан фойдаланилмоқда
Фото: AFP
Нигерия шимолида янги бизнес ривожланмоқда — ҳудудда электромобиллар ва телефонлар учун батареялар ишлаб чиқаришда зарур бўлган литий қазиб олиш авж олган. Ушбу маҳсулотга бўлган талаб бутун дунёда юқори.

Нигерия пойтахти Абужадан унча узоқ бўлмаган Пасали қишлоғида кончилар болталар ёрдамида қояларни майдалайди, бир неча метрлик қоронғи туйнукларга тушади. Бу усуллар қанчалик содда бўлса, шунчалик хавфли ҳам.

Минимал давлат назорати остида фаолият юритувчи норасмий сотувчи ва харидорлар ҳисобига мамлакатда ушбу ноқонуний ҳунармандчилик гуллаб-яшнамоқда. Бу бизнесга энг камбағал ва ҳимоясиз инсонлар, жумладан болалар ҳам жалб этилади.

Associated Press журналистлари Пасалидаги ҳолатни бориб кўрди. Маҳаллий савдогарларнинг таъкидлашича, олти боладан иборат жамоа кунига 25 килограммли ўнтагача қопни саралаб, қадоқлай олади. Журналистлар суҳбатлашган болалардан бири атиги беш ёшда.

Улардан икки нафари бир вақтлар маҳаллий бошланғич мактабда таълим олган, бироқ камбағаллик сабабли ўқишни ташлаган, қолганлари эса умуман мактабга қабул қилинмаган.

Нигерия статистика бюроси расмий маълумотларига кўра, аҳолининг 63 фоизи, яъни 133 миллион киши қашшоқликда ҳаёт кечиради. Улар турмуш даражаси, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида стандарт хизматлардан мосуво. Камбағалларнинг 51 фоизини болалар ташкил этади ва уларнинг аксарият қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилади.

Журналистлар билан суҳбатлашган литий сотувчиси Алию Иброҳим лицензиясиз конларга эгалик қилади, шунингдек, Пасали ва бошқа ноқонуний участкалардан литий рудасини сотиб олиш билан шуғулланади.

Савдогарнинг айтишича, назоратчиларга пора бериш орқали унинг бизнеси гуллаб-яшнамоқда. Иброҳим конларда мактабга бормайдиган болалар ишлаётганидан хабардор. “Болаларнинг кўпчилиги етимлар ёки камбағал оилалардан чиққанлар, уларнинг бошқа тирикчилик манбаси йўқ”, — деди у.

Африканинг энг йирик нефт ишлаб чиқарувчиси Нигерия нефт экспортига қарамликни камайтириш учун қаттиқ фойдали қазилма бойликларидан ҳам фойдаланиши мумкин. Бироқ бу бойликларнинг аксарияти, шу жумладан литий ҳам, Пасалидаги каби лицензиясиз конлардан қазиб олинмоқда. Бу эса мамлакатни миллиардлаб доллардан маҳрум қилади.

Пасалида литий қазиб олиш тахминан ўн йил аввал бошланган. Асосий фойда етарли даражада назорат қилинмайдиган Хитой корхоналарига тегмоқда. Улар Африка мамлакатидаги кончилик саноатида устунлик қилади.

Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, бутун дунё бўйлаб бир миллиондан ортиқ бола конлар ва карьерларда ишлайди, бу муаммо, айниқса, Африкада долзарб ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Нигериядаги конларда литий қазиб олиш учун болалар меҳнатидан фойдаланилмоқда