Оммалашаётган TEMU маркетплейси кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Ундан маҳсулот харид қилаётганлар ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади? Маҳсулот сифати талабга жавоб бермаганда кимга ёки қаерга мурожаат қилиш мумкин? Ўзбекистон сотувчилар уюшмаси раиси Тимур Рашидов бу борада ўз фикрларини билдирди.
Сўнгги пайтларда бутун дунёда ички бозорларни, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини Хитойнинг агрессив (тажовузкор) маркетплейсларидан ҳимоя қилиш масаласи фаол муҳокама этилмоқда. Одатда, хитойлик тадбиркорларнинг маҳаллий бозорни забт этиш жараёни бир хил тарзда кечади. Маркетплейслар ўз маҳсулотларини жуда арзон нархларда тўғридан-тўғри Хитойдан етказиб бериш орқали инсонни ўзига жалб қиладиган реклама қилишни таклиф этади. Бунда қуйидаги маҳаллий қонунлар эътиборга олинмайди: Хитой дўконлари ўзлари фаолият юритаётган мамлакатларда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмайди, солиқлар тўламайди ва маҳсулотлар сифати учун жавобгар бўлмайди. Давлат четдан келтирилаётган товарларнинг хавфсизлигини назорат қилиш имкониятига эга эмас, тадбиркорлар эса адолатсиз рақобат туфайли банкрот (синиш) хавфи остида қолмоқда.
Шундай ҳолатда, сентябрь ойида АҚШ истеъмол товарлари хавфсизлиги бўйича комиссияси Хитойнинг TEMU вa Shein маркетплейсларига қарши болалар ҳаёти учун хавфли бўлган маҳсулотларни сотганлиги сабабли тергов бошлаганини маълум қилди. Бу ҳақида CNN хабар бермоқда. Июн ойида Британиянинг “Daily Mail” газетаси Хитой онлайн савдо платформасидан тирноқ елими сотиб олган 11 ёшли қизча кимёвий куйиш жароҳатини олгани ҳақида ёзган эди.
Бу товарлар ҳақидаги энг батафсил тадқиқот яқинда Жанубий Кореяда эълон қилинди. Сеул расмийларининг маълум қилишича, Хитойдан маркетплейслар орқали келтирилган айрим болалар буюмларида заҳарли моддалар миқдори меъёрдан 622 баробар ортиқ эканлиги аниқланган. TEMU ва Aliexpress’дан буюртма қилинган жами 26 та қишки болалар кийими текширилган.
Ўзбекистонда ҳам 2024 йилда Хитой маркетплейслар билан муносабатларда: Temu, Pindoduo ва бошқа брендларнинг бозоримизга фаол кириб келиши туфайли муаммо юзага келди. Маҳаллий тадбиркорлар чет эллик компанияларнинг адолатсиз рақобати оқибатида банкрот бўлиб (синиб) қолишидан хавотирда эканликларини билдирмоқдалар.
5 декабрь куни Ўзбекистон сотувчилар уюшмаси раиси Тимур Рашидов ушбу масалани кўтариб, ҳозирда бозорда “адолатсиз рақобат” вазияти юзага келганини таъкидлади. Унинг фикрича, хорижий маркетплейслар ҳам маҳаллий маркетплейслар билан бир хил шароитларга эга бўлишлари керак ҳамда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, барча зарур солиқларни тўлашлари лозим. Акс ҳолда, тадбиркорларимиз банкрот бўлиш хавфи остида қолади. Селлерлар ассоцияцияси ўзбекистонликларнинг сифатли товарларга буюртма бериш ва товар мос келмаган ёки сифат талабларига жавоб бермаган ҳолларда уни қайтариш имконияти бўлишини қўллаб-қувватлайди. Бу эса фақат умумий бизнес юритиш қоидалари барча учун амал қилгандагина мумкин бўлади.
Таниқли иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров давлат идораларини хорижий маркетплейслар маҳаллий маркетплейслар билан тенг шароитларда бўлиши учун регулятор ташкил этиш ва қонунчиликни ўзгартиришга чақирди: “Гап Temu фаолиятини тақиқлаш ёки тўхтатиш ҳақида эмас. Бироқ, энг аввало, уларнинг Ўзбекистонда юридик шахс кўринишида ваколатхонаси бўлиши шарт. Шунингдек, истеъмолчи билан икки томонлама муносабатлар ўрнатилиши лозим. Бундай муносабатларни тартибга солиш учун айнан регулятор зарур”.
Шу билан бирга, Қозоғистонда ҳам Хитой маркетплейслари билан муносабатларни тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ва ўз бозорини ҳимоя қилиш масалалари кўтарилди. 10 декабрь куни мамлакатнинг Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар ҳукуматнинг Хитойнинг Temu ва Pindoduo каби маркетплейслари фаолиятини тартибга солишдаги сустлиги учун танқид қилишди. Қозоғистон савдо вазир ўринбосари Қайрат Тўребоев журналистларга жавоб берди:
“Ҳозирда Мажлисимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Ушбу лойиҳада биз барча маркетплейсларни бозоримизда фаолият юритаётган жисмоний компаниялар билан тенглаштиряпмиз. Яъни, энди онлайн савдо платформасининг охирги сотувчиси маҳсулот учун юридик жавобгарликни ўз зиммасига олади. Илгари улар: “Узр, бу маҳсулот бизники эмас, балки ишлаб чиқарувчиники” деб айтишарди. Энди биз уларни Қозоғистонда бўлишга ва рўйхатдан ўтишга мажбур қилмоқдамиз. Дастлаб ва кейин, улар ҳар бир маҳсулот учун истеъмолчиларимиз олдида қонун талабларига кўра тўлиқ жавобгар бўлишлари шарт”.
Айни вақтда, Reuters’нинг хабар беришича, Shein вa Temu 1 декабрдан бошлаб Вьетнамда ўз фаолиятини тўхтатди. Ушбу мамлакат ҳукумати уларга ноябрь ойининг охиригача мамлакат ҳудудида тижорат фаолияти субъекти сифатида рўйхатдан ўтиш шартини қўйган эди. Бироқ, маркетплейслар бу шартни бажармади. Вьетнам ҳукумати Temu операциялари фақат рўйхатдан ўтгандан сўнггина давом этиши мумкинлигини маълум қилди. Бундан олдин, октябрь ойида Temu Индонезияда бутунлай блокланган бўлиб, ушбу мамлакат ҳукумати Apple ва Google компанияларига ўз фуқаролари учун уларнинг иловаларини блоклаш тўғрисида мурожаат қилган эди.
Temu Европа Иттифоқи билан жиддий муаммоларга дуч келмоқда. У ерда жорий йилнинг октябридан бошлаб ушбу маркетплейсга нисбатан истеъмолчиларни ҳимоя қилиш қоидаларини бузиш бўйича тергов олиб борилмоқда. 2024 йил бошида Европа ўйинчоқлар хавфсизлиги уюшмаси ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Temu’дан олинган болалар ўйинчоқларининг 95 фоизида соғлиқ учун хавф мавжудлиги аниқланган. Deutsche Welle хабар беришича, Германия истеъмолчиларни ҳимоя қилиш уюшмаси бу йил баҳорда Temu’га нисбатан бир нечта огоҳлантириш чиқариб, суд даъволари билан таҳдид қилган.
Айни пайтда Temu’да Европа Иттифоқининг даъволарига жавоб бериш ва ўз стандартлари ҳамда қоидаларини ўзгартириш учун декабрь ойининг охиригача вақт бор. Агар у ўз қоидаларини ўзгартирмаса, 45 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бўлган платформаларга алоҳида талаблар қўювчи Европа Иттифоқининг Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунига кўра, онлайн савдо майдончаларига катта миқдордаги жарималар солиниши мумкин.
Ўзбекистонда ҳозирча хорижий маркетплейслар учун тартибга солувчи талаблар мавжуд эмас. 6 декабрь куни Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ILMA) тадбиркорлар ва жамоатчилик билдирган хавотирлар бўйича ўз муносабатини билдирди. Агентлик ўз расмий баёнотида 2023-йил 30-ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Президентининг қарори билан айнан ILMA электрон тижорат соҳасини назорат қилиш ва ривожлантириш ваколатига эга бўлган тартибга солувчи орган эканлигини маълум қилди.
ILMA Ўзбекистонда электрон тижоратни тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаганини маълум қилди. Ушбу лойиҳа белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритилган. Агентлик лойиҳанинг қачон кўриб чиқилиши ва қабул қилиниши ҳақида тафсилотларни келтирмади.
Ўзбекистон сотувчилар уюшмаси
раиси Тимур Рашидов
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
раиси Тимур Рашидов
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер баҳоси Роналдуники билан тенглашди, навбат Мессига(ми?)
Эртага Муроджон Аҳмадалиев профессионал боксдаги навбатдаги жангини ўтказади
Наманганда халқаро кўргазма: қиймати хонадонга тенг отлар, 200 килоли қўйлар ва осмонга учирилган кабутарлар (фото, видео)
Туркия Суриянинг янги ҳукуматини ҳарбий соҳада қўллаб-қувватламоқчи
Хорижлик мутахассислар учун 2024 йилдаги энг яхши шаҳарлар рейтинги эълон қилинди
Россияда қанотли ракеталар муҳандиси ўлдириб кетилди
Ахборот оқимининг руҳиятимизга таъсири ёхуд икки хил фикр орасида...
Озодбек Назарбеков Қирғизистон халқ артисти унвони билан тақдирланди