Фото: AFP
Кўп йиллик урушларни якунлаш, янгиларини бошламаслик ва Америка манфаатлари йўлида душманларни яраштириш — Доналд Трампнинг АҚШ президенти сифатидаги иккинчи муддатдаги режаси. Аммо, Яқин Шарқ ҳудудида уни қандай муаммолар кутиб турибди? У тинчликпарвар президент бўла оладими ёки унинг даврида бу минтақада янги можаро авж оладими?
Сўнгги тўрт йил ичида Яқин Шарқда вазият кескин ўзгарди. Эроннинг «Қаршилик ўқи» заифлашди; Башар Асад энди Сурия етакчиси эмас; Саудия Арабистони Эрон билан аввалгидек кескин қарама-қаршиликда эмас; Исроил Эроннинг ядровий объектларига зарба бериш билан таҳдид қилмоқда. Шу билан бирга, араб-исроил можароси яна кучайди, фаластинликлар масаласи эса ҳали ҳам ҳал этилмаган.
Трамп ўзини тинчлик учун Нобел мукофотига муносиб, деб ҳисоблайди. У Байден муваффақ бўлмаган иш — Яқин Шарқ ва Европадаги урушларни тугатишни истайди. Европа ҳақида гапирар экан, у Россиянинг Украинага босқинига ҳам эътибор қаратган.
«Буни тугатайлик, тинчликка қайтайлик ва одамларни ўлдиришни тўхтатайлик», — деганди Трамп ўтган йил баҳорида Ғазо можароси борасида интервю берганида. Бироқ, бундай мақсадга қандай етишмоқчи экани ҳақида аниқ маълумот бермаган.
Экспертлар Трампнинг ёндашувини тахмин қилиб бўлмайдиган, бетартиб ва шахсий манфаатларга асосланган, деб баҳолашади. Унинг услуби ва муносабати ўзгариши мумкин, бироқ Яқин Шарқ бўйича сиёсатининг умумий йўналиши асосан аввалгидек қолади. Байден Трампнинг сиёсатига кескин қарши чиқмагани каби, Трамп ҳам Байденнинг баъзи ташаббусларини давом эттириши эҳтимолдан холи эмас.
Бироқ, бу йўлда жиддий бурилиш нуқталари бор. Ана шу асосий муаммоларга Трамп қандай муносабатда бўлиши унинг иккинчи президентлик муддати охирида Яқин Шарқ қандай бўлишига таъсир кўрсатади, деб ёзади BBC.
Фото: EPA
Доналд Трамп илк президентлик муддатида қатор араб давлатларини Исроилни тан олишга ишонтиришга ва Саудия Арабистонини Исроил билан музокаралар ўтказишга чақиришга муваффақ бўлган эди. У иккинчи муддатда ҳам шу йўлни давом эттириб, Авраам келишувларини янада кенгайтиришни мақсад қилган.
Трампнинг Яқин Шарқ бўйича сиёсатининг бошқа икки асосий тамойили – Исроилни тўлиқ қўллаб-қувватлаш ҳамда Эроннинг ядровий дастурига кескин қарши туриш.
Бироқ, ушбу мақсадларни амалга ошириш осон бўлмайди. Чунки Яқин Шарқда Трампнинг биринчи муддати давридан бери вазият жиддий ўзгарган. Эроннинг минтақавий таъсири заифлашган бўлса-да, араб-исроил можароси яна кучайди ва Фаластин масаласи тўлиқ ҳал этилмаганича қолмоқда.
Саудия марвариди
Доналд Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатдаги энг муҳим ютуқларидан бири сифатида Авраам келишувларини кўрсатганди. Бу келишувлар Исроилнинг Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Марокаш ва Судан билан дипломатик алоқаларни нормаллаштиришини таъминлади.
Авраам келишувлари 2.0 учун марказий вазифа Саудия Арабистони ва Исроил ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўлиши мумкин. Трамп ушбу мақсадни ўзининг янги муддатдаги энг устувор вазифаси деб атади. Ҳамас ва Исроил ўртасидаги тинчлик келишуви эълон қилинганидан кейин, у шундай деди: «Биз келишувларни ривожлантирамиз ва кенгайтиришга киришамиз».
Бу орзуни амалга оширишга Жо Байден ҳам интилиб келган эди. Ҳамаснинг Исроилга ҳужумигача Саудия Арабистони ва Исроил ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш масаласи фаол муҳокама қилинганди.
Аммо бу жараёнга Исроил ва Ҳамас ўртасидаги уруш ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Фаластин давлатчилиги бўйича муросасиз позицияси тўсқинлик қилди.
Нетаняҳу ўз фикрини ҳозиргача ўзгартирмаган. Унинг ҳукуматидаги айрим ўта ўнг қарашдаги миллатчи сиёсатчилар эса «икки халқ учун икки давлат» формуласи ҳақида эшитишни ҳам истамайди.
Трамп Исроил бош вазирини фикрини ўзгартиришга кўндиришни хоҳлайдими ва буни амалга ошира оладими — ҳозирча очиқ савол бўлиб қолмоқда. Саудия билан Исроил ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш эса Яқин Шарқдаги вазиятни жиддий ўзгартириши мумкин.
Саудия Арабистонида мусулмонларнинг икки муқаддас зиёратгоҳи Макка ва Мадина жойлашган. Ал-Ҳарам масжиди ичида жойлашган Каъба ҳаж ва умра вақтида бутун дунёдан зиёратчилар йиғилади. Фото: Getty Images
2020 йилда имзоланган илк Авраам келишувлари Фаластин муаммосини анча четлаб ўтган эди. Аммо бугун Саудия Арабистони билан музокараларда фаластинликларнинг келажаги масаласи ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Саудиянинг де-факто ҳукмдори шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон бу масалада қатъий ва Фаластин муаммосини ҳал қилмасдан туриб нормаллашув мумкин эмаслигини таъкидламоқда.
Шаҳзоданинг яқинда берган баёнотлари ушбу масала бўйича келишув ҳозирча амалга ошишдан йироқ эканини кўрсатади. У Ғазода юз бераётган воқеаларни геноцид деб атаган ва Фаластин давлати барпо этилмасдан туриб Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатилмаслигини яна бир бор аниқ айтган.
«Қироллик Фаластиннинг Шарқий Қуддус пойтахти бўлган мустақил давлатини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларини давом эттиради. Қироллик бу шароитларсиз Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатмайди», — дея таъкидлаган шаҳзода сентябр ойида.
Трампнинг 1.0 версияси Исроилнинг Шарқий Қуддус ва Жўлан тепаликлари устидан суверенитетини тан олган, шунингдек, АҚШ элчихонасини Қуддусга кўчирган эди. У ўзини Исроилнинг энг яхши дўсти деб атаган ва 2020 йилда Фаластин муаммоси бўйича ўз режасини тақдим этганди.
Ушбу режа Исроилнинг Яқин Шарқдаги барча ҳаракатларини, жумладан, Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилидаги аннексияни қонунийлаштириш ва Қуддусни Исроилнинг пойтахти дея эълон қилишга қаратилганди.
Бу режа Исроил тарафидан қўллаб-қувватланди, аммо фаластинликлар уни қатъий рад этди. Ушбу ташаббус Авраам келишувлари билан алмаштирилди, аммо Исроил аннексия режаларидан воз кечмади.
2022 йилдан бери Исроилда тарихдаги энг ўта ўнг ҳукумат ҳукмронлик қилмоқда. Ҳукумат аъзолари Ғарбий соҳилнинг тўлиқ аннексияси ва Ғазони қайта босиб олиш зарурлигини очиқ айтмоқда. Трамп ушбу сиёсий интилишларни қўллаб-қувватлайдими ёки йўқми — бу савол ҳам ҳозирча очиқ қолмоқда.
Трампнинг яқиндаги тайинловлари орасида АҚШнинг Исроилдаги бўлажак элчиси Майк Ҳакаби бор. У ўз баёнотида Исроил суверенитетини Фаластин ҳудудларигача кенгайтиришга қарши эмаслигини айтиб ўтган. Бу эса янги маъмуриятнинг Яқин Шарқдаги сиёсатини қандай амалга оширишини янада ноаниқ қилади.
Илгари ўзининг «Аслида, «фаластинлик» деган тушунча мавжуд эмас», деган гапи билан танилган Ҳакаби, тайинланганидан сўнг, шундай деди: «Албатта, Трампнинг иккинчи маъмурияти даврида Яҳудия ва Самария аннексия қилиниши мумкин».
Айрим экспертлар ва дипломатлар Трамп Ғарбий соҳилда Исроил экспансиясига қарши бўлмаслиги мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Шу билан бирга, у фаластинликларга 2020 йилдаги тинчлик режасига қайтишни таклиф қилиши мумкин.
«Трампнинг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан муносабатлари ва унинг янги тайинловларининг сиёсий позицияларини ҳисобга олган ҳолда — улар орасида АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Ҳакаби ва унинг мудофаа вазири Пит Ҳегсет бор — АҚШ Исроилнинг Ғарбий соҳилни аннексия қилишга ёки, камида, унинг катта қисмини ўзлаштиришга йўл очиб беришидан хавотир кучаймоқда», — деб ёзади Британиянинг Chatham House таҳлил маркази илмий ходими, Яқин Шарқ бўйича эксперт Нил Куиллиам.
Трампнинг иккинчи муддатидаги марказий масалалардан бири Ғарбий соҳилдаги яҳудий манзилгоҳлари бўлади. Фото: BBC
Янграётган айрим тахминларга кўра, Трамп фаластинликларга Пуэрто-Рико моделига ўхшаш автономия таклиф қилиши мумкин (Пуэрто-Рико — Кариб денгизи минтақасидаги АҚШнинг корпорациялашмаган ҳудуди). Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Майк Эванс яқинда берган интервюсида таъкидлашича, «тинчлик эвазига тинчлик» тамойили асос қилиб олинади, «замин эвазига тинчлик» эмас. Бу каби ёндашув ҳақида АҚШнинг Исроилдаги собиқ элчиси Дэвид Фридман ҳам ўз китобида ёзган. Бундай таклифга фаластинликлар қандай муносабатда бўлишини тахмин қилиш қийин эмас.
Давлат департаменти раҳбари бўлиши кутилаётган Марко Рубио эса Байден маъмурияти даврида Ғарбий соҳилдаги фаластинликларга ҳужум қилишда айбланган исроиллик кўчкиндиларга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилишга ваъда берган. Шунингдек, у Трамп маъмуриятини «Американинг энг Исроил тарафдори маъмурияти» бўлишини таъкидлади. Илгариги Байден маъмурияти ҳам ўзини Исроил тарафдори деб билган: Байден Исроилни қатъий қўллаб-қувватлаган ва ўзини сионист деб атаган. Ғазо уруши бошидан бери АҚШ Исроилга 18 млрд долларлик қурол етказиб берган.
Трампга Исроилни қўллаб-қувватлаш ва Нетаняҳунинг улкан интилишлари ҳамда ўзининг асосий мақсади — Саудия Арабистони билан келишувга эришиш ўртасида мувозанатни сақлашга тўғри келадиган кўринади.
Сиёсий таҳлилчи Нил Куиллиамнинг фикрича, Саудия Арабистонининг позицияси Исроилнинг Ғарбий соҳилни аннексия қилишидан тийилишини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин, айниқса, агар Трамп учун нормаллашув энг катта мукофот бўлса.
«Трамп ҳар қандай шароитда келишув имкониятини кўради. Агар у муайян турдаги Фаластин давлатини ташкил қилиш эвазига нормаллашувга эришиши мумкин, деб ҳисобласа, у бунга рози бўлади», — дейди Франция Миллий илмий тадқиқотлар маркази етакчи илмий ходими Ален Диекофф.
Трампга Нетаняҳудан совға
Доналд Трамп Оқ уйга қайтишидан олдин Исроил ва Ҳамас ўртасида ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашинуви бўйича келишувга эришилди. Ҳам амалдаги президент Жо Байден, ҳам янги президент Доналд Трамп ушбу жараённи ўз ютуғи сифатида баҳолашди.
Нетаняҳу ва Трампнинг муносабатлари илиқ. Асосий масала — минтақадаги муаммоларни ечишда Трамп бундай қай тарзда фойдаланишида. Фото: youm7.com
Оташкесим қанча давом этиши ҳақида ҳеч ким аниқ айта олмаяпти, аммо Ғарб дипломатлари ва экспертлари биринчи босқич — 42 кунлик келишув муддатидан кейин уруш янгиланиши мумкинлигидан хавотирда.
Бу келишув Байден томонидан май ойида таклиф қилинган режани айнан такрорлайди. Аслида, ушбу режани аввалроқ Исроил ҳам илгари сурганди. Бироқ шу пайтгача келишув фақат қоғозда қолиб келган. Экспертлар фикрича, келишувга эришишда «Трамп эффекти» ҳал қилувчи омил бўлган.
«Бу келишувдан кўриниб турибдики, Трампнинг янги маъмурияти — Исроилни зарур мувозанатларга эришишга мажбур қилиш учун етарли таъсир кучига эга ягона томон», — дейди Европа Халқаро муносабатлар кенгаши катта илмий ходими Ҳю Ловатт.
Трамп ва Нетаняҳу ўртасида илиқ муносабатлар мавжуд, ва кўплаб таҳлилчилар фикрича, Исроил бош вазири айнан Трамп қайтишини кутган, сўнгра ўт очишни тўхтатиш ҳақида эълон қилган.
«Нетаняҳу Трампга совға тайёрламоқчи бўлгани учун Байден президентлиги даврида ҳеч қандай қарорга келмаган», — дейди франциялик тарихчи Венсан Лемир.
Трамп, ўз навбатида, ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича келишув унинг лавозимга киришишидан олдин имзоланиши шартлигини бир неча бор таъкидлаган.
Келишувнинг кўплаб ноаниқ томонлари мавжуд. Ғазо ким томонидан бошқарилиши, Ҳамас ва Фаластин маъмуриятининг келгуси роли қандай бўлиши номаълум. Бинямин Нетаняҳу авваллари Ғазо устидан назоратни Фаластин миллий маъмуриятига топширишга қарши чиққан, бошқа исроиллик сиёсатчилар Ғазо устидан тўлиқ назоратни Исроилга беришни талаб қилишган.
Франкфуртдаги Тинчлик муаммоларини ўрганиш институти (PRIF) илмий ходими Элдад Бен Аарон Исроил ва Ҳамас ўртасидаги келишув ҳақида «Трампни шартноманинг мазмуни эмас, унинг борлиги қизиқтиради. У ўз мероси ва Нобел тинчлик мукофоти ҳақида ўйлайди», — дея изоҳ берди.
Келишувнинг уч босқичи ҳам амалга ошадими, уруш янгидан авж оладими ва янги маъмурият бу вазиятда қандай йўл тутади — ҳозирча номаълум.
«Бугунги келишув Ғазодаги урушни якунламайди. Бу фақат 2-босқич доирасида амалга ошиши мумкин. Аммо 2-босқичга ўтилса-ўтиладими, бу кўп жиҳатдан Трамп маъмуриятининг қатъиятига боғлиқ. Улар Исроилни ушбу босқичга мажбурлашади ёки урушни янгидан бошлашга рухсат беришади», — дейди Калифорния университетининг исроилшунослик бўйича профессори Дов Ваксман.
Буюк Британиянинг RUSI таҳлил маркази Яқин Шарқ хавфсизлиги бўйича эксперти Ҳ.А.Ҳеллйер янада пессимистик фикр билдирди.
«Биринчиси амалга ошиш арафасида. Агар амалга ошмаса, ажабланаман. Аммо 2- ва 3-босқичлар фақат Трамп маъмурияти исроилликларга кучли босим ўтказгандагина амалга ошади. Аммо бундай бўлиш эҳтимоли жуда оз», — дейди у.
Ҳеллйернинг фикрича, бу келишув урушни тўхтатиш учун эмас, балки фақат асирлар алмашувини таъминлаш учун яроқли.
«Келишувни урушни тўхтатиш шартномасига айлантириш мумкин, лекин бунга эришиш учун Исроил Ғазо секторидаги урушни тўхтатиши ва ўз ҳарбийларини чиқариши керак. Ҳозирча бундай эҳтимол жуда кам», — дея изоҳлади эксперт.
Исроилнинг Haaretz газетаси янги маъмурият учун ҳақиқий синов келишувнинг 2-босқичи амалга ошиш муддати яқинлашганда келиши ҳақида ёзди.
«Нетаняҳу ва унинг тарафдорлари иккинчи босқични бузиш ва урушни тўхтатиш мажбуриятидан қочиш ниятида эканликларини очиқ айтди. Янги АҚШ президенти келишув бажарилишини таъминлаб, асирларнинг озод қилиниши ва урушни тўхтатиш кафолатларини таъминлаши лозим бўлади», — дея хулоса қилади нашр.
Эрон: босим ёки бўшашиш ва яна Саудия Арабистони
Трампнинг биринчи президентлиги даврида Эрон билан яқинлашув ўрнига максимал босим сиёсати амалга оширилди. У АҚШни Эроннинг ядровий дастури бўйича келишувдан чиқарди ва Эронга қарши қаттиқ санкциялар жорий этди. Яқин Шарқ сиёсатидаги янги тайинланган шахслар, жумладан, Давлат котиби Марко Рубио ва Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолц, Эронга қарши қаттиқ риторикалари билан танилган.
Фото: Hasan Sarbakhshian / AP
Исроил, ўз навбатида, АҚШдан Эроннинг ядровий объектларига зарба беришга рухсат сўрамоқда. 4 октябрда Трамп Байденнинг Исроилга Эрон томонидан ракета ҳужумига жавоб бериш бўйича баёнотига муносабат билдириб, шундай деган эди: «Аввало, ядровий объектларни йўқ қилиш керак, қолгани ҳақида кейин ўйлаш мумкин».
Исроил ҳарбийлари янги зарба режаларини ишлаб чиқмоқда ва Трампнинг Байдендан фарқли равишда бундай операцияга қарши чиқмаслигига умид қилмоқда.
Таҳлилчилар Трампнинг Эронга нисбатан максимал босим сиёсатига қайтишни исташи ҳақида гапирмоқда. Трамп Эроннинг ядровий қурол яратишининг олдини олишни ўзининг асосий мақсади деб кўп бор таъкидлаган.
Сўнгги йил давомида Эроннинг минтақавий таъсири сезиларли даражада камайди. «Ҳизбуллоҳ» етакчилари йўқ қилинди, Суриядаги асосий иттифоқчи Башар Асад ағдарилди. Бироқ, Эрон Ироқдаги сиёсатга ҳамон таъсир ўтказа олади ва минтақада таъсир ричагларига эга, шунингдек, Ямандаги ҳусийчи иттифоқчилари орқали Исроилга ракета ҳужумлари амалга оширмоқда ва Қизил денгизда савдо кемаларига ҳужум қилмоқда.
Трамп маъмурияти, эҳтимол, Эрон режимига босим ўтказиб, янги музокараларга мажбур қилишга ҳаракат қилади. Бироқ, бундай ёндашувдан кўзланган асосий мақсад режимни ўзгартириш эмас, балки Исроил хавфсизлигини таъминлаш ва Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш бўлиши мумкин.
Бироқ, Трамп шу билан бирга, Эрон билан янги келишувга эришиш эҳтимоли ҳақида ҳам кўп бора ишора қилган.
«Биз келишувга эришишимиз керак. Акс ҳолда бу жуда оғир оқибатларга олиб келади», — деган эди Трамп сентябр ойида Эроннинг ядровий дастури ҳақида.
Сиёсатчилар ва таҳлилчилар Трампнинг Эрон сиёсатидаги иккинчи босқичида ушбу зиддиятли ёндашув қандай амалга ошишини кузатишмоқда. Унга қарамай, Трампнинг Эрон сиёсати бир томондан босим, иккинчи томондан музокара имкониятларини ўзида мужассамлаштириши кутилади.
2024 йил ноябрда Доналд Трамп томонидан ҳукуматнинг самарадорлик департаменти раҳбари этиб тайинланган Илон Маск Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Иравони билан учрашди. New York Times газетаси маълумотларига кўра, учрашувда Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни юмшатиш йўллари муҳокама қилинган.
Эроннинг олий раҳбари оятуллоҳ Хоминаий август ойида АҚШ билан музокаралар бошлаш эҳтимолини тилга олганди. Париж сиёсий фанлар институти (Sciences Po) профессори Кеван Ғафоитий шундай деб ёзади: «Ҳар қандай имкониятни кўриб чиқиш зарур — можаролардан то музокараларга ёки янги Эрон-АҚШ келишувигача».
Экспертлар фикрича, Трампнинг Яқин Шарқдаги сиёсати ўзининг 2017–2021 йиллар давомидаги тамойилларини давом эттириши мумкин: минтақага янги урушларнинг олдини олиш ва асосий рақиб — Хитойга эътибор қаратиш.
Трампнинг биринчи президентлиги даврида Форс кўрфазидаги давлатлар, айниқса Саудия Арабистони, Эронга нисбатан қаттиқ босим ва максимал санкциялар сиёсатида АҚШни қўллаб-қувватлаган. Улар Эронни асосий душман ва минтақавий хавф деб ҳисоблашган. 2020 йилда Трамп буйруғи билан Эрон генерали Қосим Сулаймоний ўлдирилиши ҳам ушбу давлатлар томонидан қувватланди.
Трамп ўзининг биринчи муддатида MBS билан яхши муносабатларга эришган. Бу сафар қандай бўлади? Фото: Getty Images.
Бундан фарқли равишда, 2023 йилда Хитой воситачилигида Саудия Арабистони Эрон билан дипломатик алоқаларни қайта тиклаш бўйича келишувга эришди. Шунингдек, Баҳрайн ҳам Эрон билан дипломатик алоқаларни қайта тиклаш эҳтимоли ҳақида баёнот берди.
Ҳозирги вазиятда Саудия Арабистони аввалгидай Эронга қарши кескин сиёсатни қўллаб-қувватламаслиги мумкин, деб ҳисоблайди экспертлар. Шу боис, Трамп маъмуриятининг Эронга нисбатан янада босим ўтказиш сиёсати ўтмишдагидек қўллаб-қувватланиши иккиланадиган масала бўлиб қолмоқда.
Саудия Арабистонининг де-факто етакчиси Муҳаммад ибн Салмон (Ғарбда MBS қисқартмаси билан машҳур) мамлакатнинг «2030-йил нигоҳи» мегалойиҳаси орқали Саудия келажагини қайта қуришга интилаётган даврда минтақавий беқарорлик унинг режаларини қийинлаштирмоқда. Ушбу дастур нефтга бўлган қарамликни камайтириш, туризм ва спортни ривожлантириш каби ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларни ўз ичига олади.
Техас университети халқаро муносабатлар бўлими профессори Грегори Гаузе ўз таҳлилий мақоласида «Эраннинг якуний мақсадларига ҳали ҳам шубҳа билан қараётган ибн Салмон ҳозирда Теҳронга нисбатан «максимал босим» сиёсатидан бутунлай фарқли сиёсат юритмоқда», деб ёзган.
2019 йилда Саудия нефт объектларига қилинган ҳужумларда Саудия Арабистони Теҳронни айблади. Ҳужумлар учун масъулиятни ҳусийчилар зиммасига олган бўлса-да, Саудия ушбу ҳодисада Эроннинг бевосита иштирокини кўрсатган. Доналд Трамп ўшанда бу ҳужумларга қарши қўшма ҳарбий чоралар кўришдан бош тортган ва Эронга қарши шундоқ ҳам қатъий санкцияларни кучайтириш билан чекланган.
Ўшандан бери Форс кўрфазидаги давлатлар минтақавий хавфсизлик ва алоқаларни мустақил тарзда йўлга қўйиш заруратини тушуниб етишди.
Трампнинг жамоаси дуч келиши мумкин бўлган муаммолардан яна бири — агар Трамп ўз сайловолди ваъдаларини бажариб, АҚШда нефт қазиб олишни сезиларли даражада кўпайтирса, Форс кўрфазидаги ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш имконияти чекланади. Бу эса нархлар пасайишига олиб келиши мумкин.
Трампнинг дипломатик уринишлари араб монархиялари томонидан тушунилиши мумкин бўлса-да, унинг иқтисодий сиёсати Саудия ва бошқа кўрфаз давлатлари учун қўшимча муаммоларни келтириб чиқариши эҳтимоли юқори.
Янги Сурия
Доналд Трампга Асадлар сулоласи ортиқ ҳумронлик қилмайдиган янги Сурия мерос қолди. Илк президентлик муддатида Трамп Суриядан Америка қўшинларини олиб чиқишни эълон қилган бўлса-да, бу мамлакат шимоли-шарқида ҳамон АҚШнинг тахминан 2 мингга яқин ҳарбийлари қолмоқда. Шу билан бирга, Сурия ҳануз Америка санкциялари остида ва Башар Асадни ағдарган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» ҳаракати ҳамон АҚШнинг террорчи ташкилотлар рўйхатида турибди.
Асадлар сулоласининг ярим асрлик ҳукмронлигига барҳам берилди. Фото: Getty Images.
Янги маъмурият учун Суриядаги энг катта бошоғриқ — «Ироқ ва Шом ислом давлати» қайта тикланишининг олдини олиш. 2019 йилда АҚШ қўшинлари қуролланган курдлар билан биргаликда уни енгган бўлса-да, ҳали ҳам минтақа мураккабликлардан холи эмас.
АҚШ ҳозир асосан курдлардан иборат Сурия демократик кучларини қўллаб-қувватлайди, улар мамлакатдаги нефт ҳудудларини назорат қилишмоқда. Туркия эса Сурия миллий армиясини қўллаб-қувватлаб, курдларга қарши кураш олиб бормоқда.
Қолаверса, Сурия ҳудудида АҚШнинг икки иттифоқчиси Исроил ва Туркия ҳам зиддиятга бориши мумкин.
Трамп бу зиддиятлар ҳақида гапириб, АҚШ ҳукуматига можароларга аралашмасликни маслаҳат берган: «Бу бизнинг жанговар курашимиз эмас. Улар ўз қоидалари бўйича ўйнашсин».
Бироқ экспертлар Суриядаги вазиятни четлаб ўтишнинг иложи йўқлигини таъкидлашмоқда. Агар АҚШ минтақани тарк этса, Россия ва Эрон қайтиб келиб, ўз таъсирларини тиклашга уринишади. Қолаверса, курдларнинг ҳолати ёмонлашиши ва ИШИДнинг тикланиши эҳтимоли мавжуд.
Яқин Шарқ институти раҳбари Пол Салем бу борада шундай ёзди: «Агар АҚШ Сурияни эътиборсиз қолдирса, бу минтақадаги барқарорликка жиддий хавф туғдиради».
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар