![Ғазо тақдири: Трампнинг аҳмоқона иддаолари қанчалик асосли?](/uploads/posts/2025-02/18021b954c_1x-1.webp)
Ғазодаги "уруш" ҳам, ўт очишни тўхтатиш келишуви ҳам ёлғон эди. Трамп шу ҳафта қилган нутқида буни очиқчасига айтиб ўтди.
Нетаняхунинг ташрифи пайтида Трамп Вашингтоннинг Исроил томонидан Ғазога қарши 15 ой давомида олиб борилган геноцид йўлидаги вайронагарчиликни яширишдан ниҳоят воз кечди. Фаластинга қарши олиб борилган иш ҳақиқий этник тозалаш экани унинг нутқида тўла-тўкис намоён бўлди.
Сешанба кунги баёнотда: "Менимча, одамлар ортга қайтмаслиги керак," деди Трамп Ғазони назарда тутиб. "Ҳозир Ғазода яшаб бўлмайди. Бизга бошқа жой керак деб ўйлайман. Бу жой одамларни бахтли қиладиган жой бўлиши лозим”.
У бу билан ушбу уруш ҳар доим АҚШда режалаштирилиб амалга оширилган қирғин эканлигини урғулади. Унинг сўзларига кўра, энди Вашингтон Ғазони "ўз назоратига олади" ва уни ўзи ривожлантиради.
Унинг айтишича, эндиликда фаластинликлар "ҳар куни ўлиш хавфидан қўрқмай" яшаши мумкин бўлган жойга "жойлаштирилади," яъни энди улар АҚШ етказиб берган бомбалар билан Исроил томонидан ўлдирилмайди.
Ғазо эса "Яқин Шарқ Ривераси"га айланади, унинг ўрнига "дунё аҳолиси" – у ўзи каби бой оқ танлиларни назарда тутган – соҳил бўйидаги ҳашаматли уйларда яшайди.
Агар АҚШ, Трамп таъкидлаганидек, Ғазога "эгалик қилса," у Ғазонинг ҳудудий сувларига ҳам эгалик қилади, у ерда янги "хўжайин"ни бойитиш учун жуда кўп миқдорда фойдаланилмаган газ захиралари мавжуд.
Фаластинликларга, шубҳасиз, ўз газ конларини ўзлаштиришга ҳеч қачон рухсат берилмаган.
Трамп ҳатто Исроилнинг ваҳшийлиги оқибатида ҳалок бўлганларнинг ҳақиқий сонини бехосдан айтиб қўйган бўлиши ҳам мумкин. У "уларнинг барчаси, яъни 1,7 ёки эҳтимол 1,8 миллион киши" Ғазодан мажбуран чиқарилаётганига ишора қилди.
2023 йил 7 октябргача аҳоли сони 2,2 дан 2,3 миллионгача бўлган. Қолган ярим миллион фаластинлик қаерда? Вайроналар тагидами? Нишонсиз қабрлардами? Ёввойи итларга ем бўлдими? 2000 фунтлик АҚШ бомбалари таъсирида эриб кетдими?
Шов-шувли баёнотдан фойдаланиб, Нетаняху дарҳол жавоб қайтарди ва Трампни "Исроилнинг Оқ уйдаги энг буюк дўсти" деб атади ҳамда уни "янгича ғоялар билан қолипдан ташқари фикрлаётгани" учун мақтади.
Нетаняхунинг Исроилдаги тарафдорлари бу воқеани тарихий лаҳза ўлароқ нишонлашди. Исроил молия вазири Безалел Смотрич Трампнинг режасини "7 октябрга ҳақиқий жавоб" деб атади. Ўтган ойда Ғазодаги тинчлик келишувига қаршилик билдирган ва Нетаняхунинг миллий хавфсизлик вазири лавозимидан истеъфога чиққан ўта ўнгчи исроиллик сиёсатчи Итамар Бен-Гвир эса Нетаняхуни бу сиёсатни "зудлик билан" қабул қилишга ундаб, "уни амалга ошириш ва илгари суриш вақти келди", деди. У айни пайтда сиёсатга қайтиш режаларини тузяпти.
Аммо дунё сиёсатчилари бу ҳаракатни кескин қоралаб чиқишмоқда. Австралиялик сиёсатчи Лидия Торп Трампнинг Ғазони "босиб олиш" тўғрисидаги баёнотини "этник тозалаш ва мустамлакачиликка очиқчасига даъват" дея баҳолади.
Бутун ўн олти ой мобайнида қирғинга қарши лом-мим демаган араб мамлакатлари эса фаластинликларни этник тозалашга қаратилган ҳар қандай уринишни энди қатъиян рад этишларини билдириб чиқишди. Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги зудлик билан баёнот бериб, Фаластин давлатини барпо этиш бўйича ўзининг "қатъий ва ўзгармас" позициясини билдирди ҳамда "Исроилнинг кўчириш сиёсати, ерларни қўшиб олиш ёки фаластин халқини ўз ерларидан сиқиб чиқариш ҳаракатлари орқали бўлсин, фаластин халқининг қонуний ҳуқуқларини ҳар қандай бузишни" рад этди.
Трампнинг баёнотлари икки сабабга кўра оммавий ахборот воситаларида кенг қизиқиш ва сиёсий реакцияларни уйғотди.
Биринчидан, улар Нетаняху ҳузурида айтилди, бу эса АҚШ ташқи сиёсатининг Фаластин ва кенг минтақада янада ҳалокатли йўлга ўтиши мумкинлигини кўрсатади.
Иккинчидан, Трамп тасодифан гапиргани йўқ, балки олдиндан тайёрланган матнни ўқиди, бу эса мазкур таклифнинг ҳақиқий ташқи сиёсат доктринаси сифатида кўриб чиқилаётганини англатади.
Трампнинг баёнотлари вақти ва моҳиятини тушунишга уриниб, кўплаб таҳлилчилар уларни унинг маъмуриятидаги исроилпараст евангелистлар ва экстремистлар таъсирининг кучайиши билан боғлашди. Бошқалар Трамп АҚШни минтақавий урушга тайёрлаётганини тахмин қилишди, айримлар эса бу таклифни шунчаки унинг "максимал босим" тактикасининг яна бир элементи сифатида рад этишди.
Аслида эса Трампнинг мазкур таклифини на реал, на жиддий деб ҳисоблаш тўғри бўлмайди. Бироқ бундай бепарво ташқи сиёсатнинг оқибатлари яқин ва узоқ келажакда ўзидан катта хавф туғдириши мумкин.
Қуйида Трампнинг бу таклифни илгари суришининг айрим сабаблари, сўнг эса фаластинликларни Ғазодан кўчириб бўлмаслигининг бошқа сабаблари келтириб ўтилади.
Нима учун Трамп бу таклифни киритди?
Биринчидан, Трамп Ғазода ўт очишни тўхтатишни сақлаб қолишга интилмоқда. Бунинг учун у Нетаняхуга барча сиёсий йўналишдаги исроилликларни тинчлантириши ва кўпчилик яқин орада қулаши муқаррар, ҳатто фуқаролар урушига олиб келиши мумкин деб ҳисоблаётган ўз ҳукумати ағдарилишининг олдини олиши мумкин бўлган сиёсий инъом тақдим этиши керак эди.
Иккинчидан, Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий мағлубияти Тел-Авив ҳам, Вашингтонни ҳам уруш натижасини ёки минтақа сиёсатини ўзгартириш учун ҳар қандай реал воситалардан маҳрум қилди. Суҳбатни ўзининг ғалати таклифига йўналтирган Трамп ташаббусни АҚШ ва Исроил учун қайта қўлга олишга ишонмоқда.
Учинчидан, Трамп Саудия Арабистонининг Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришини истамаслигини тушунади. Сўнгги бир ярим йил мобайнида саудияликлар Исроилни ишончсиз потенциал ҳамкор сифатида кўра бошлади ва АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлаши минтақани тўлиқ уруш ёқасига олиб келди.
Исроилнинг Ғазодаги мағлубияти унинг минтақавий ҳукмрон сифатидаги обрўсини парчалаб ташлади, бу эса Қаршилик лагери ва Эрон мавқеини мустаҳкамлади. Исроилнинг Эронга қарши ҳимоячи сифатидаги ғояси деярли йўққа чиқди, шу боис нормаллаштириш унчалик долзарб эмас – ҳатто зарур ҳам бўлмаслиги мумкин. Трампнинг таклифи Исроилни кучайтириш ва минтақани АҚШнинг қўллаб-қувватлаши билан исталган пайтда вайронагарчилик келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантириш йўлидаги бир умидсиз уринишдир.
Тўртинчидан, Ғазога нисбатан кескин сўзларини кучайтириш орқали Трамп Исроилга Ғарбий Соҳилда босқичма-босқич этник тозалашни амалга ошириш учун кўпроқ вақт ва имконият бермоқда. Женин маъмурияти маълумотларига кўра, Женин қочқинлар лагеридан аллақачон 4 мингга яқин оила кўчирилган, бу шаҳар аҳолисининг катта қисми дегани. Шунга ўхшаш ҳаракатлар бутун шимолий Ғарбий Соҳил бўйлаб ҳам жадал олиб борилмоқда.
Халқаро оммавий ахборот воситалари ва сиёсатчилар Трампнинг Ғазо бўйича таклифига эътибор қаратаётган бир пайтда, Исроил 1967 йилги урушдан бери босиб олинган Ғарбий Соҳилда энг йирик этник тозалаш операциясини амалга оширмоқда.
Бешинчидан, Трамп ўз баёнотлари туфайли юзага келган сиёсий хаосдан фойдаланиб, фаластинликлар ва араб ҳукуматларидан имтиёзлар олишга интилмоқда. Унинг асосий эътибори ҳамон Ғарбий Соҳилга қаратилган бўлиб, у душанба куни "Исроил ер майдони жиҳатидан кичик давлат" эканлигини яна бир бор таъкидлади.
У тасаввур қилаётган келишув, эҳтимол, Ғарбий Соҳилда Фаластин ва арабларнинг ҳудудий ён беришлари эвазига Ғазони этник тозалаш кампаниясидан воз кечиш ёки Исроилнинг Фаластин давлатига бўлган мажбуриятисиз Саудия Арабистони билан муносабатларни нормаллаштириш ёхуд иккаласини ҳам ўз ичига олиши мумкин.
Нега фаластинликларни Ғазодан кўчириш иши амалга ошмайди?
Биринчидан, Трамп ўз маъмурияти биринчи муддатида қўллаган тактикага таянмоқда. Аммо Исроилнинг Ғазодаги геноциди ва Фаластиннинг 471 кун давомида кўрсатган қаршилиги Фаластинни Яқин Шарқ сиёсатининг марказига қайтарди. Фаластин масаласини четга суриб қўйиш даври ниҳоясига етди.
Иккинчидан, 471 кун давомида Исроилга қарши тура олган ғазоликларнинг матонати ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ. Трамп фаластинликларни кўчиришни таклиф қилганида, бир миллион киши Ғазо-Миср чегарасида тўпланиш ўрнига, шимолга, ўз шаҳарлари ва қочқинлар лагерларига, мисли кўрилмаган халқ кучини намойиш этиб қайтмоқда эди. Худди шу ғазоликларнинг Трамп ва унинг кўчмас мулк бўйича ҳамкорларига "эгалик ҳуқуқи"ни бериш учун ўз ерларини ихтиёрий равишда тарк этишларини тасаввур қилиш қийин.
Учинчидан, эҳтимол, энг муҳим нуқта шундаки, Исроил аллақачон АҚШнинг чексиз қуролларидан фойдаланган ҳолда Ғазо аҳолисини 471 кун давомида Синайга сиқиб чиқаришга уриниб кўрди. Бунинг учун у Ғазонинг катта қисмини ва бутун инфратузилмасини вайрон қилди, очарчилик келтириб чиқарди, 173 мингдан ортиқ одамни ўлдирди ёки ярадор қилди – яқин ойларда бу рақам кескин ошиши кутилмоқда.
Буларнинг барчаси АҚШ ёрдамисиз амалга ошмаган бўларди, аммо ҳаммаси муваффақиятсизликка учради. АҚШ шу пайтгача эришолмаган нарсага бундан кейин ҳам эришолмайди, жумладан, тўғридан-тўғри геноцид ва қирғин йўли билан ҳам.
Тўртинчидан, араб ҳукуматлари Трампнинг таклифини биргаликда рад этди, бу таклиф дунё бўйлаб ҳукуматлар томонидан ҳам бевосита ёки билвосита қораланди.
Шунингдек ҲАМАС ҳам Трампнинг Ғазодан фаластинликларни кўчириш ҳақидаги таклифини кескин рад этди. Ҳаракат вакилининг айтишича, АҚШ президентининг таклифи “Фаластин масаласини йўқ қилишга қаратилган очиқ уринишдир”.
Ҳақиқий хавф АҚШ ҳарбийларининг фаластинликларни илдизи билан йўқ қилиш учун Ғазога бостириб киришида эмас, балки экстремист Исроил ҳукуматининг Трамп сўзларини Ғарбий Соҳилдаги этник тозалашни тезлаштириш ва, эҳтимол, Ғазода урушни қайта бошлаш учун очиқ рухсат деб талқин этиши ҳамда Америка президентининг хоҳишига мувофиқ иш юритаётганини даъво қилиши мумкинлигидадир.
Жо Байден маъмурияти Исроилнинг Ғазодаги геноцидини қўллаб-қувватлаш ва давом эттириш орқали аллақачон ҳеч қандай ахлоқий негизга эга эмаслигини кўрсатган бўлса-да, келажакдаги Трамп маъмурияти янада бепарвороқ ва жоҳилроқ ёндашувни илгари суриши мумкин.
Яқин Шарқни нотўғри тушуниш, тарихий ҳақиқатлардан бутунлай узоқлашиш ва Инжил башоратларининг диний мотиви билан қуролланган Трампнинг ташқи сиёсати чинакам фалокатдан ўзга нарса эмас.
Агар унинг минтақадаги янги сиёсатини тасвирлайдиган бўлсак, бу чинни дўконига кирган буқага ўхшайди. Гарчи маъносиз бўлса-да, бундан келиб чиқадиган ягона натижа – тўлиқ вайронагарчиликдир.
Манба: azon.global “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар