
Ислом Каримов Ўзбекистонни мустақилликдан бошлаб то 2016 йилнинг сентябрига қадар, чорак аср бошқарди. Каримов даврида Ўзбекистон фақат битта давлат билан иттифоқчилик муносабатларини ўрнатди. У ҳам бўлса Россия Федерацияси билан, 2005 йилнинг ноябр ойида. Ваҳоланки, Каримов Россияга ишончсизлиги билан танилган эди.
Каримовнинг Россияга ишончсизлиги табиий ҳол эди. Нафақат Ўзбекистон, балки СССР тарқалгач мустақиллигини қўлга киритган барча янги давлатларнинг Россияга ишончсизлик ва қўрқув билан қараши – табиий эди. Чунки СССРни тиклаш ғоялари, интилишлари, лойиҳалари Россияда кучли эди ва ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.
Москва янги мустақил давлатларга, жумладан Ўзбекистонга ҳам ўзининг сиёсий ва геосиёсий иродасини ўтказишдан тортинмаган.
1995 йилда Россия Давлат Думасига сайловлар бўлади. Сайловларда Коммунистик партия катта ғалабани қўлга киритади. Елцин тарафдори бўлган “Наш дом – Россия” партияси эса бор-йўғи 10 фоиз овоз олади. 1996 йилнинг март ойида Дума СССРни тиклаш бўйича иккита қонун қабул қилади. Бири “СССР халқлари интеграциясини таъминлаш бўйича”, иккинчиси “Беловеж келишуви кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида” эди. Табиийки, Россиядаги бу ва бошқа кайфиятлар Ўзбекистонни, бошқа янги мустақил давлатларнинг хавотирига сабаб бўлади.
1997 йилда Каримов “Ўзбекистон 21-аср бўсағасида” номли китоб ёзади. Бу китобда еттита йирик таҳдидлар санаб ўтилади. “Минтақавий можаролар”, “диний экстремизм ва терроризм”, “буюк давлатчилик шовинизми ва агрессив миллатчилик”, “этник ва миллатлараро зиддиятлар”, “коррупция ва жиноятчилик”, “маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик” ҳамда “экологик муаммолар” ҳақида гапирилади.
Қисқа қилиб айтганда, Каримов минтақавий можаролар, ҳамда экстремизм ва терроризм Ўзбекистонни безовта қилади, лекин бизни энг жиддий хавотирга соладиган ва мустақиллигимизга реал таҳдид бўлган нарса бу – шовинизм, агрессив миллатчилик, империализм дея, фақат Россияни тилга олади. Китобнинг учинчи бўлими фақат Россия томонидан бўлаётган таҳдидларга бағишланади.
Каримовнинг фикрларини мухтасар қилсак, қуйидаги хулосалар билдирилади: Россия сиёсий элитасида, махсус хизматларида, давлати таркибида шундай кучлар ва кайфиятлар борки, улар мустақил давлатларга юқоридан қарайди, ўз империясининг таркиби сифатида кўради, доим қарам ҳолатда ушлаб ўтиришни истайди, ва имконият бўлса – яна ўз империяларини тиклашни хоҳлайди. Россия ўз таъсирини ва босимини ушлаб туриш учун, янги давлатларнинг чегаралари билан ўйин қилишни ўйлайди, миллатлараро зиддиятларни қўзғаб, гижгижлаб, ўртакашлик қилиш орқали ўз лойиҳаларини амалга оширишни истайди. Шунингдек, рус империализми ўзбек халқида, маҳаллий халқларда ноқислик комплексини яратишга ҳаракат қилган, “қолоқлик” руҳиятини сингдирган.
1990-йилларнинг ўрталаридан Ўзбекистон Россиядан узоқлашиб, Ғарб давлатлари, аввало АҚШ билан алоқаларни кучайтириб борди. 2001 йил 11 сентябрдан кейин АҚШ билан муносабатлар кардинал ўзгарди. Ўзбекистон Афғонистон бўйича АҚШ операцияларига ўз ҳудудини транзит сифатида ишлатишга рози бўлди. Қаршидаги ҳарбий база тақдим қилинди, у ерда 1500-5000 га яқин ҳарбий хизмат қилгани айтилади.
2002 йилнинг март ойида Каримов Вашингтонда Жорж Буш билан “Стратегик шериклик декларацияси”ни имзолайди. Декларацияга кўра, “АҚШ Ўзбекистоннинг хавфсизлигига ва худудий яхлитлигига ҳар қандай таҳдидни ўта жиддий хавотир билан қарши олади” дейилади.
Бироқ, 2003-05 йиллар давомида бир қанча воқеалар сабаб, Каримов Ғарбдан узоқлаша бошлайди. Жумладан, 2003 йилнинг ноябрида Грузияда инқилоб юз беради. 2004 йил ноябрида бошланган оммавий намойишлар, 2005 йилнинг январига келиб Украинада ҳам ҳокимият ўзгаришига олиб келади. 2005 йилнинг мартида қўшни Қирғизистонда Асқар Акаев йиқитилади. Қолаверса, АҚШдан кутилган сармоялар Ўзбекистонга келмайди. 2003 йил декабрида Ўзбекистон Қаршидаги база бўйича келишувни қайта кўриб чиқишни сўрайди, бу масалани жами 6 марта кўтаради. АҚШ “бунга эҳтиёж йўқ” деб жавоб беради.
Рангли инқилоблар ва АҚШдан сезиларли молиявий сармоялар келмагани фонида, Каримов Россия билан яқинлашишга киришади. 2004 йил июнида Ўзбекистон Россия билан “Стратегик хамкорлик” келишувини имзолайди. Келишувга кўра, ҳарбий инфраструктурани биргаликда ишлатиш, “Лукойл”га Ўзбекистондаги катта газ конларини бериш белгиланади.
Лекин Ўзбекистоннинг Ғарб билан алоқалари 2005 йил майда юз берган Андижон воқеаларидан кейин кескин пасайишга сабабчи бўлди. Ғарб давлатлари ҳукумат версиясини қўлламади, халқаро текширувни талаб қилди. 2005 йил 29 июлда Каримов АҚШ ҳарбий базасини 180 кун ичида ёпишни талаб қилади. Сабаб сифатида АҚШ ижара пулини тўламагани ва атроф-муҳитга катта зарар етказгани келтирилди.
2005 йил сентябрида РФ билан ҳарбий ўқув машқлари ўтади. Бу СССР қулаганидан кейинги биринчи қўшма ҳарбий ўқув машқлари эди. 2005 йил ноябрда эса Ўзбекистон Россия Федерацияси билан “Иттифоқчилик муносабатлари” борасида келишув тузади. 2006 йил январида Ўзбекистон яна Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қайтади.
Каримов сиёсий тизимни барқарорлаштириб олгач, 2007-09 йилларда Ўзбекистон яна Россиядан масофа сақлай бошлайди. КХШТдан 2012 йилда яна чиқиб кетади.
Каримовнинг Россия билан иттифоқчилиги нимани кўрсатади? Инсон ҳуқуқларининг бузилиши – мувозанат бузилишига олиб келади. Виждон эркинлиги ва диний эркинликларнинг таъминланмаслиги, давлатни ички ва ташқи сиёсатда катта чайқалишларга, Ўзбекистоннинг минтақадаги мақоми ва халқаро престижига катта зарба етишига сабабчи бўлди.
Инсон ҳуқуқлари, диний эркинликлар, демократик институтларнинг бир маромда ишлаши билан давлатнинг халқаро майдонда обрў-эътиборли бўлиши ўртасида қонуний боғлиқлик бор. Бу қонуниятни инкор этиш эса, хатоларга, фожиаларга сабаб бўлади.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
сиёсатшунос
Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар