
Хитой ҳукумати аҳолини оила қуришга рағбатлантириш мақсадида никоҳни расман рўйхатдан ўтказиш жараёнини соддалаштиришга қарор қилди. Янги тартиб 2025 йил 10 майдан кучга киради. Бу ҳақда мамлакатнинг расмий Xinhua агентлиги хабар берди.
Қўлда фақат керакли ҳужжатлар бўлса бас
Энди никоҳдан ўтиш учун фақатгина учта асосий ҳужжат талаб қилинади:
- шахсни тасдиқловчи ҳужжат,
- томонларнинг бошқа никоҳи йўқлиги тўғрисида маълумот,
- жуфтлик ўртасида уч авлодгача яқин қариндошлик йўқлиги тўғрисида тасдиқнома.
Илгари эса бундан ташқари уй хўжалиги рўйхати (прописка) китоблари ҳам тақдим этилиши шарт эди. Янги қоидалар ана шундай талабларни бекор қилди.
Меҳнат мигрантлари учун қулайлик
Энг катта ўзгаришлардан бири — энди хитойликлар доимий рўйхатга олинган манзилидан ташқари ҳудудларда ҳам никоҳ тузишлари мумкин. Бу эса мамлакатда ишлаш ёки яшаш мақсадида бошқа шаҳарга кўчган миллионлаб фуқаролар учун катта енгиллик яратади.
Расмийлар таъкидлашича, мазкур ислоҳотлар вақт ва маблағни тежашга хизмат қилиб, ёшларни расман никоҳдан ўтишга рағбатлантиради.
Сўнги йилларда никоҳ сони пасаймоқда
2024 йилда Хитойда 6,1 миллион жуфтлик никоҳдан ўтган. Солиштириш учун, 2023 йилда бу рақам 7,68 миллион эди. Демак, расман оила қураётганлар сони сезиларли даражада камайган.
Мутасаддилар ушбу тенденцияни ўзгартириш учун турли чоралар кўраётганини билдиришмоқда. Яқин йиллар давомида оилавий муносабатлар ва фарзандли бўлишни тарғиб қилиш Хитой сиёсатида муҳим йўналишга айланиши кутилмоқда.
Хитойда оила қуриш учун йўллар кенгаймоқда ва талаблар қисқармоқда. Бу эса нафақат бюрократик тўсиқларни камайтиради, балки ёшлар орасида оилавий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.