date
views 86

АҚШ ва Россия муносабатларида янги бурилиш: нефт нархи пасайиши Кремлни музокараларга ундай оладими?

АҚШ ва Россия муносабатларида янги бурилиш: нефт нархи пасайиши Кремлни музокараларга ундай оладими?
Жаҳон бозорида нефт нархи сезиларли даражада пасайиб кетгани ортидан, АҚШ президенти Доналд Трамп бу ҳолат Россиянинг Украина билан музокараларда позициясини юмшатишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирди. Трампнинг таъкидлашича, нефт бозорида кузатилаётган кескин тушиш Москва учун жиддий молиявий йўқотишларга олиб келмоқда ва шу сабабли Россия можарони тезроқ ҳал қилишга қизиқиш билдириши мумкин.

«Менинг фикримча, Россия ҳозир нефтнинг тушиб кетган нархидан келиб чиққан ҳолда, музокаралар столида келишувчанликка яқинроқ турибди. Биз ҳозир можарони ҳал қилиш учун яхши имкониятга эгамиз ва улар ҳам бунга интилишади», — деди АҚШ президенти журналистларга берган изоҳида.

Шу билан бирга, Трамп Украина ҳам можарони тезроқ тугатиш тарафдори эканлигини, шунинг учун урушнинг якунланишига умид билан қарайдиганини қўшимча қилди.

Аммо бу фикрларга жавобан, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Москва ўз позициясини юмшатиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларни рад этиб чиқди. Унинг айтишича, Россия учун миллий манфаатлар ҳар қандай иқтисодий вазият ва бозор нархларидан устун туради.

«Албатта, нефтнинг халқаро бозордаги нархлари мамлакатимиз бюджети шаклланиши учун муҳим омил ҳисобланади ва у ўз долзарблигини сақлаб қолади. Бироқ, Россиянинг миллий манфаатлари бу нархларнинг қандай бўлишидан қатъи назар ўзгармасдан қолади», — деди Песков.

Кремль вакили шунингдек, Россия нефть нархини жаҳон бозоридаги оптимал даражада ушлаб туриш мақсадида ОПЕК+ мамлакатлари билан ҳамкорликда ишлашда давом этишини маълум қилди. Бу даража, унинг таъкидлашича, жуда паст ёки юқори бўлмаслиги керак.

Маълумки, жорий йилнинг март ва май ойларида ОПЕК+ ташкилоти нефть ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириш бўйича қарор қабул қилди. Март ойида кунлик ишлаб чиқариш ҳажми сўнгги уч йилда илк бор кунига 138 минг баррелга, 3 майда эса яна 411 минг баррелга кўтарилди. Бу кўрсаткичлар дастлабки режадан уч баравар кўпроқ эди. Bloomberg нашрининг хабар беришича, ушбу қарор ортида асосан Саудия Арабистони турибди. Саудия раҳбарияти ОПЕК+ давлатларининг нефт қазиб чиқариш квоталарига тўлиқ амал қилмаётганидан норози ва бу орқали АҚШ билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилмоқда.

Шундай қилиб, апрел ойи бошидан бери жаҳон бозорида нефт нархи 20 фоиздан кўпроққа пасайиб кетди. Бундай вазиятда эса Россия бюджетига келиб тушувчи даромадлар ҳам жиддий равишда қисқармоқда. Россия Молия вазирлиги томонидан билдирилган сўнгги маълумотларга кўра, мамлакат бюджети йил якунигача 1,8 триллион рубл йўқотиши мумкин. Бу эса давлат бюджети тақчиллигининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,7 фоизгача ошишига олиб келади.

Ҳозирча Кремль бюджетдаги йўқотишларни қандай қилиб қоплашини расман маълум қилгани йўқ. Бироқ, иқтисодий экспертлар вазият янада оғирлашса, бу Россияни халқаро майдондаги позициясини қайта кўриб чиқишга мажбур қилиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Шу тариқа, нефт нархининг кескин пасайиши нафақат иқтисодий, балки геосиёсий оқибатларга ҳам сабаб бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу вазият Россияни Украина билан тинчлик музокараларида қанчалик тезроқ музокара столига олиб келиши ҳақидаги баҳслар халқаро ҳамжамият эътиборида турибди.

Нефть бозоридаги инқироз Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир қилади? Бу саволга жавобни вақт кўрсатади. Аммо ҳозирча нефт нархлари пасайиши Кремл учун жиддий сигнал бўлиб қолмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ ва Россия муносабатларида янги бурилиш: нефт нархи пасайиши Кремлни музокараларга ундай оладими?