“Сити” ва “Ливерпуль” ўртасидаги улкан тўқнашув: Гвардиоланинг 1000-ўйини
Англия Премьер-лигасининг 11-турида жонли афсонага айланган икки жамоа — амалдаги чемпион “Ливерпуль” ва сўнгги йилларда энг барқарор тарзда ўсиб келаётган “Манчестер Сити” ўзаро куч синашади.
Бу учрашув Хосеп Гвардиола учун фаолиятидаги муҳим босқични ифодалайди — у бош мураббий сифатида ўзининг 1000-учрашувини ўтказади. Испаниялик мутахассис буни тасодиф эмас, тақдирнинг инъоми, деб таърифламоқда.
“Ливерпуль” — энг муносиб рақиб
“Агар бу натижага етиб келганимда рақибни танлаш имконим бўлганида, шубҳасиз “Ливерпуль”ни танлардим”, — дейди Пеп Гвардиола.
Унинг фикрича, сўнгги йилларда айнан “қизиллар” ва Арне Слот билан бўлган рақобат Англия футболида янги босқич яратган.
“Барселона” менинг ҳаётимда муҳим роль ўйнаган. У ерда мен болалик орзуларимни рўёбга чиқарганман — футболчи ҳам, мураббий ҳам бўлганман. “Бавария”да эса жаҳон футболи ҳақидаги билимларимни янада бойитдим. Аммо Англиядаги иш фаолиятимнинг марказида — “Ливерпуль” билан кураш турди”, — дея қўшимча қилди Пеп.
Чемпионлик ўйинидек баҳс
Экспертлар бу тўқнашувни мавсум тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган баҳс сифатида кўришмоқда. “Этихад” стадионидаги ўйин нафақат очколар учун, балки ор-номус ва футбол услуби учун кураш бўлади.
Ўтган мавсумда “Ливерпуль” “Манчестер Сити”нинг рекордига — кетма-кет тўрт йиллик чемпионлик юришига чек қўйган эди. Шу боис “шаҳарликлар” бу гал майдонга нафақат ғалаба, балки реванш руҳида чиқишмоқда.
Абдуқодир Ҳусанов масаласи
Ўз навбатида, ўзбекистонлик мухлислар учун бу ўйиннинг яна бир қизиқ жиҳати — Абдуқодир Ҳусановнинг эҳтимолий майдонга тушиши.
Ёш ҳимоячи сентябрь ойида олган жароҳатидан соғайиб, яқинда сафга қайтди. У “Суонси Сити”га қарши Лига Кубоги баҳсида бошланғич таркибда майдонга тушган эди.
Гвардиола “Борнмут”га қарши учрашувда унга дам берди, аммо Европа Чемпионлар Лигасидаги “Боруссия Дортмунд” баҳси қайдномасига Ҳусановни қайта киритди. Айрим мутахассислар бу қарор ортида “Ливерпуль”га қарши ўйинга пухта тайёргарлик борлигини таъкидламоқда.
Йилнинг марказий баҳси
“Манчестер Сити” ва “Ливерпуль” ўртасидаги марказий тўқнашув 9 ноябрь куни, Тошкент вақти билан соат 21:30 да старт олади.
Бу фақат 11-тур баҳси эмас — бу икки жамоа ўртасидаги янги босқични белгилайдиган катта синов бўлади. Футбол мухлислари бу кечани узоқ вақт эслаб юришлари турган гап.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!