date

Исроил Эронга қарши уруш учун кунига қанча маблағ сарфламоқда?

Исроил Эронга қарши уруш учун кунига қанча маблағ сарфламоқда?
Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар, ҳаво ҳужумлари ва ракета зарбалари ортида яҳудий давлати иқтисодиёти кун сайин оғир босим остида қолмоқда. The Wall Street Journal манбасига кўра, бу уруш Исроилга ҳар куни юзлаб миллион долларга тушаётгани мамлакатнинг узоқ муддатли жанговар салоҳиятига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Маълумотларга кўра, Исроил кунига 200 миллион долларгача маблағни фақатгина ҳаво мудофаа тизими учун сарф қилмоқда. Бунга замонавий ракета тўхтатувчи тизимлар, махсус ўқ-дорилар, ҳарбий самолётларнинг парвозлари ва бошқа логистик харажатлар киради. Чекланмаган харажатлар ортиб бориши мамлакатни тезроқ тинчлик музокараларига ундаш эҳтимолини кучайтирмоқда. Шу билан бирга, вайрон қилинган инфратузилмани тиклаш ҳам Исроил бюджетига камида 400 миллион долларга тушиши мумкинлиги қайд этилмоқда.

Айтиш керакки, урушга сарфланаётган маблағлар бўйича прогнозлар турли манбаларда фарқли келтирилмоқда. Масалан, Финанcиал Эхпресс нашрининг ҳисоб-китобича, авиазарбалар, парвоз вақти ва ўқ-дорилар харажатларини ўз ичига олган операциялар 593 миллион долларга яқинлашган. Шунингдек, ракеталарни тутиб олиш ва захира қўшинларини сафарбар қилиш масалалари ҳам катта маблағ талаб этади.

Нашр тахминий ҳисоб-китобларга таяниб, Эрон билан уруш Исроилга кунига тахминан 725 миллион долларга тушаётганини ёзмоқда. Бу рақам фақат бевосита ҳарбий харажатларни ўз ичига олади. Бошқа инфратузилмавий ва ижтимоий таъсирлар эса бу суммадан анча юқори бўлиши мумкин.

САХАЛ (Исроил мудофаа армияси) штабининг собиқ молиявий маслаҳатчиси Реъэм Аминачнинг сўзларига кўра, Эронга қарши ўтказилган биргина 48 соатлик ҳарбий амалиёт 1,45 миллиард доллар харажатни талаб этган. Бу рақамлар нафақат ҳукумат, балки бутун жамоатчиликда жиддий хавотир уйғотмоқда.

Ғазо уруши ва умумий харажатлар

2024 йил охирига келиб, Calcalist нашри маълумотларига кўра, Ғазодаги уруш Исроилга 250 миллиард шекелдан зиёд (яъни тахминан 67,5 миллиард доллар)га тушган. Бу маблағ фақат ҳарбий операциялар эмас, балки фуқароларга ёрдам, мамлакат ичидаги иқтисодий узилишлар ва ишлаб чиқаришдаги даромад йўқотишларини ҳам қамраб олади.

Энг катта харажатлардан бири — захира қўшинларини сафарбар қилиш ҳисобланади. Уруш авжида Исроил 300 мингдан ортиқ захира аскарларини жангга тайёр ҳолатда сақлади. Молия вазирлиги маълумотига кўра, 100 минг аскарни бир кун сақлаш — уларнинг иш ҳақи, озиқ-овқати, яшаш шароити ва логистик харажатлари — тахминан 100 миллион шекел, яъни 27 миллион долларгача бўлиши мумкин.

Иқтисодий босим ва келажакдаги хатарлар

Кун сайин ўсиб бораётган харажатлар, қурол-яроғ, ракета ва парвозларнинг қимматлиги, инфратузилманинг вайрон бўлиши ва иқтисодий инқироз хавфи Исроил ҳукумати учун жиддий хулосалар қилишга мажбур қилмоқда. Аналитиклар фикрича, агар уруш узоқ давом этса, мамлакат бюджетидаги танқислик ва иқтисодий барқарорликка таҳдид кучаяди.

Бироқ Исроил учун асосий устуворлик — давлат ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўлиб қолмоқда. Урушнинг иқтисодий “нархи” эса ҳар куни ортмоқда, бу эса ҳукуматни тезроқ қарор қабул қилиш ва музокараларга қайтишга ундаши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил Эронга қарши уруш учун кунига қанча маблағ сарфламоқда?