
Токио телеминорасига Ўзбекистон давлат байроғи ранглари билан ёритилди, деб хабар берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги. Бу воқеа Президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи олдидан амалга оширилди.
Давлат раҳбари "Марказий Осиё + Япония" биринчи саммитида иштирок этади. Учрашув давомида Тошкент ва Токио ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
The Mainichi нашрининг ёзишича, саммитда Япония ҳукумати Марказий Осиёдаги давлатлар билан сунъий интеллект ва Каспий денгизида логистика соҳасини модернизация қилиш бўйича ҳамкорликни таклиф қилишни режалаштирган. Токио саммит якунлари бўйича минтақа давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришни кутмоқда.
2017-2024 йиллар давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги савдо ҳажми 2,3 баробарга ўсиб, 388,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шу давр ичида Токио Ўзбекистон иқтисодиётига 184 миллион доллар миқдорида инвестиция киритди.
Жорий йилнинг декабр ойи ўрталарига келиб, Ўзбекистонда Япон капитали иштирокида 121 та корхона фаолият юритаётган эди. Токио телеминораси (Tokyo Tower) Японияниг пойтахти рамзи ва энг машҳур диққатга сазовор жойларидан бири ҳисобланади.
У 1958 йилда қурилган бўлиб, баландлиги 333 метрни ташкил этади ва дастлаб теле- ва радиоузатиш учун хизмат қилган. Минорада кузатув майдончалари жойлашган бўлиб, унинг ранги оқ ва тўқ сариқдир.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.