date

Давид Силва Гвардиоланинг талабчан характери ҳақида очиқ гапирди

Давид Силва Гвардиоланинг талабчан характери ҳақида очиқ гапирди

“Манчестер Сити” тарихида ўчмас из қолдирган футболчилардан бири — Давид Силва жамоанинг амалдаги бош мураббийи Хосеп Гвардиола билан бирга ишлаган йилларини эслаб, испаниялик мутахассиснинг характеридаги энг мураккаб жиҳатни очиқча тилга олди.

Силванинг таъкидлашича, Гвардиола билан ишлаш оддий мураббий-футболчи муносабатидан анча юқори даражада бўлган. У ҳар бир ўйинни майда деталларигача режалаштирар, рақиб жамоанинг нима қилмоқчи эканини олдиндан ҳис қилар ва жамоани шу асосида тайёрларди. Шу боис, кўп ҳолларда учрашув тақдири майдонга чиқишдан олдиноқ ҳал бўлиб қўйгандек туюларди.

— Гвардиола билан ишлаш мутлақо бошқа дунё. У рақибнинг ҳар бир қадамини олдиндан кўра оларди. Ҳамма нарса аниқ режа асосида қурилар, ўйин давомида эса барча жараёнлар биз истаган йўналишда кечарди, — деди Силва.

Бироқ тажрибали ярим ҳимоячи мураббийнинг энг қийин жиҳати сифатида унинг ўта талабчан ва қаттиққўл эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Гвардиола футболчиларга кенг эркинлик бермайди, ҳар бир ҳаракат, ҳар бир қарор назорат остида бўлади. Бу эса баъзан ўйинчилар учун руҳий жиҳатдан оғир кечиши мумкин.

Шунга қарамай, Давид Силва Гвардиоланинг профессионал салоҳиятини юксак баҳолади. Унинг фикрича, қатъий талаблар ва интизом айнан жамоани юқори поғоналарга олиб чиққан асосий омиллардан бири бўлган.

Маълумот учун, Давид Силва 2016–2020 йиллар давомида Хосеп Гвардиола қўл остида “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилган ва жамоанинг асосий етакчиларидан бири сифатида кўплаб совринлар қўлга киритишда ҳал қилувчи роль ўйнаган. Шу боис унинг Гвардиола ҳақидаги фикрлари мухлислар учун алоҳида қизиқиш уйғотиши табиий.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Давид Силва Гвардиоланинг талабчан характери ҳақида очиқ гапирди