19:09 / 07.10.2018
7 853

Имомнинг маникен қизи (6-қисм)

Имомнинг маникен қизи (6-қисм)
Туни билан ўйлаб чиққан Ёқуб имом нонуштага чақиришганида ҳалиям мотамнамо кайфиятда эди. Гул хонимнинг эътиборини эрининг сочида оқ толалар кўпайиб кетгани тортди.

– Азизим, сочларингиз оқариб кетибди.

Сал ҳайрон бўлган эди-ю, бироқ ҳеч нима бўлмагандай жавоб берди.

– Оқаради-да. Кундан кун дунё ташвишлари ортяпти. Қувватдан қоляпмиз. Қарияпмиз. Нариги дунёга тайёрланяпмиз. Нима ҳам қилар эдик?

Фотима ҳам кўз тиғи билан отасининг сочларига қаради. Ростдан ҳам оқариб кетибди. Нега бирдан оқариб кетди экан? Ҳайрон бўлган бўлишига қарамай, ҳеч нима демади. Онасига берган жавобни қайтаришини билар эди. Ошхонага кирди. Кўзлари айвонда ўтирган йигитга тушди. Йигитча яна уларнинг деразасига қараб турар эди. Кўзлар тўқнаш келгач, йигитча шошиб нигоҳларини дарров олиб қочди.

Фотима алланималар деб асабийлаштию пардани тортди. Кўп ўтмай Фотима уйдан чиқди.У йигит яшаган уйнинг олдидан тез-тез юриб ўтиб кетди. Бирдан унинг онаси билан тўқнаш келди. Дарров онасига ўғлидан шикоят қила бошлади.

– Хола, ўғлингизга айтиб қўйинг, менга қарамасин. Асабийлашганимдан ўзимни тута олмаяпман.

Аёл ҳайрон бўлиб қолди:

– Нима деяпсан, қизим. Ўғлим ҳеч кимга қарамайди. Сенга шундай туюлган бўлса керак.

– Қўйсангиз-чи, нуқул кўзлари бизнинг деразада, менда.

– Сен қарамасанг, унинг қараганини қаердан билдинг?

– Кўзларим бўлганидан кейин кўраман-да.

– Ўғлимникиям кўз-да. Уйларингиз бизникининг тўғрисида бўлса, билмай қараб юборса керак. Агар ўғлим чиндан ҳам сенга қараётган бўлса, унга ачинаман.

Бу гап Фотимага қаттиқ тегиб кетган эди.

– Нимага энди?

– Нега бўларди. У аслида сендан нафратланади. “Имомнинг қизидай бетарбия қизни кўрмаганман. Оёқлари меникидай бўлиб қолганда нима қилар эди, билмайман”, – дейди. Сени жуда эркатой қиз, деб ҳисоблайди. Шундаям сени севиб қолган бўлса, у чиндан ачинарли ҳолдадир. Кечагина сенинг одамгарчилигинг қолмаганини айтган эди.

– Ўғлингизга айтиб қўйинг, менинг одамгарчилигим жойида, у ўзини билсин.

– Менинг боламнинг ҳам одамгарчилиги жойида. Сен уни ҳақорат қилиб, ерга урма. Аллоҳ кўрсатмасин, бир бахтсиз ҳодиса туфайли сен ҳам унинг ҳолига тушишинг мумкин.

– Ўзи асрасин.

– Асрасин-ку, лекин бу тақдир. Асрамаса, кейин ўзинг уялиб қоласан.

Ёқуб имом ҳалиям паришон эди. Бирор чора топишга интилар эди. Ўша куни кечаси Фотима уйга келмади.

Имом Хуфтон намозидан кейин кўзи илиниб ухлаб қолган эди. Уйғонганида кечаси соат 2 бўлибди. Гўё юрагини оғир юк босиб тургандай бўлиб, ўрнидан сакраб турди ва Фотиманинг оёқ кийимига қаради. Қизи келмабди. Аёлини уйғотмоқчи бўлди, лекин у ҳам неча кундир ҳол-мажолсиз, чарчаган. Уйғотишга кўзи қиймади. Кийиниб Бетуш холаникига борди. Жаҳл билан эшик қўнғироғини босар, ичкаридан овоз келгачгина сал ўзига келди.

– Ярим кечаси қайси тарбиясиз бўлди?

– Мен Ёқубман, эшикни очинг.

– Нега очар эканман. Мен бир бева аёлман, бу вақтда ҳеч кимга эшикни очолмайман.

– Қизимни олиб кетгани келдим. Бу сафар жуда қаттиқ ғазабланганман. Эшикни очингда, қизимни олиб кетай.

– Бу ерда қиз-пизингиз йўқ.

– Биламан, у ичкарида. Эшикни оч, бўлмаса ўзимга жавоб бермайман.

– Нима қиласан, эшикни синдирасанми?

– Ҳар нарса бўлиши мумкин. Тинчгина эшикни очинг.

Аёл эшикни очишга мажбур бўлди.

– Кирақол, қани нима топаркансан?

Ёқуб имом зинадан ўқдай учиб чиқди. Ҳамма ёқни қараб чиқди-ю, қизини топа олмади.

Эртасига Бетуш бу вазиятни бошқачароқ таърифлаётган эди:

– Нима эмиш, ярим тунда келиб туйғуларимни жиловлай олмаяпман, дея эшигимнинг тагига ётиб олди. Яна эшикни очмасанг, синдираман, дейишига ўлайми? Ҳайрон қолдим. Сиз имом бўлсангиз, бу қилиқлар сизга ярашмайди, дедим.

Бу гапларни эшитиб турган аёллардан бири ғазабини тия олмай ўрнидан сапчиб туриб кетди.

– Йўқ, йўқ! Бўлиши мумкин эмас, Ёқуб имом бундай қила олмайдилар.

– Қўйсангиз-чи, нима мен буларни ўзим ўйлаб топибманми?

– Бўлиши мумкин. Шуни хоҳлаганингиз учун уйдираётган бўлишингиз мумкин.

Бу гап–сўзлар оғиздан оғизга ўтиб, ниҳоят Ёқуб имомнинг қулоғига етиб борди. Имом хомуш тортиб сўради:

– Бу гапларга ишонганлар бўлдими?

– Йўғ-е, ишонганлар 3-5 кишидан ортмайди. Ишонишса нима қилган бўлар эдингиз?

– Имом ўзига ишонмайдиган жамоага имомлик қила олмайди. Агар шундай бўлса, мен дарҳол бу ердан кетар эдим.

Масжид ҳовлисида авж олган бу гап-сўзлар давом этар экан, Аҳмад келиб қолди:

– Тинчликми, анави номуссиз сиз ҳақингизда нималар деб юрибди? Ҳаддини билдириб қўйсак бўлармиди?

– Қўйсангчи, дўстим. Унинг гапларига парво қилмаганлар ҳаддини билдириб бўлишибди ўзи. Одобсизлар билан тенг бўламизми? Аслида бундан ҳам муҳимроқ қайғуларим бор. Дўстим, қизим йўқолиб қолди. Ишхонасига телефон қилсам, кеча ишдан бўшаб кетди, дейишди. Оғир вазиятда қолдим, бу жамият боламни қўлларимдан тортиб олди.

Иккалалари ёлғиз қолишганида имом кўз ёшларини тия олмади:

– Хотиним, сиқилиб ётиб қолди. Менинг ҳам аҳволим яхши эмас. Ҳазрати Ёқуб каби сабр қилишдан ўзга чорам йўқ, лекин сабрим етмаяпти. Шунинг учун ёняпман.

– Сабр қилишдан бошқа иложинг йўқ. Сабр қил. Нима ҳам қила олардинг?

– Ҳаракат қиляпман. Роббим сабр берсин. Салдан кейин мелицияга бораман, аммо нима дейишимни билмайман. Бунинг устига қизим ўн саккизга кирди. Қонунга биноан энди қизимнинг ҳаётига аралашишга ҳаққим йўқ. Ғарбдан намуна қилиб олинган бу қонунни деб, ёшларимиз қўлдан кетяпти.
Давоми бор...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Имомнинг маникен қизи (6-қисм)