
Бир неча ҳафта аввал Бирлашган Араб Амирликларига иш сафари билан борган россиялик криптоинвестор Роман Новак ва унинг рафиқаси Анна ҳалок бўлди. Бу ҳақда Петербургдаги “Фонтанка” ва 78.ru нашрлари манбаларга таяниб маълум қилди. Ҳодиса бутун жамоатчиликни ларзага солди — сабаби, воқеа ортида жуда қора ва хунук сценарий бор.
Маълумотларга кўра, жуфтлик охирги марта қариндошлари билан тахминан бир ой аввал боғланган. Улар Хатта шаҳри четида ижарага олган вилласида “потенциал инвесторлар билан учрашув” баҳонасида чақирилган ва айнан шу ерда шафқатсизларча ўлдирилган. Тергов версиясига кўра, асосий мақсад пул ундириш бўлган.
Қотилликнинг сабаби ва тахминлар
Жиноятчилар Новакнинг криптоҳамёнида “миллиардлаб доллар” бор, деб ўйлаб, уни қўлга киритишни режалаштиришган. Бироқ ҳамён бўш чиққанидан кейин улар эр-хотинни ўлдириб, жасадларни бўлаклаб, пакетларга солишган ва Хатта шаҳридаги савдо маркази яқинидаги турли контейнерларга ташлаб кетишган.
Россия Тергов қўмитаси Петербург бўйича Бош бошқармаси “бедарак йўқолган” эр-хотин иши бўйича жиноят ишини очган. Тергов маълумотларига кўра, жуфтлик 2 октябрь куни “номаълум инвесторлар” билан учрашувга кетган ва шундан кейин улар билан алоқа узилган.
Ҳибсга олинганлар ва тергов тафсилотлари
Иш доирасида саккиз киши қўлга олинган. Улардан уч нафари — Санкт-Петербургдан келган эркаклар, қолган тўрт нафари виллани ижарага олган, транспорт ва қурол харид қилган шахслар бўлган. Терговчилар уларни жиноятнинг бевосита уюштирувчилари сифатида кўрмоқда.
7 ноябрь куни шаҳар суди айбланувчилар — Константин Шахта, Юрий Шарипов ва Владимир Далёкинни ҳибсга олишга қарор чиқарди. Улар 28 декабргача қамоқда қолдирилди. Тергов маълумотига кўра, Шарипов айбини қисман тан олган, бошқалар эса рад этган.
Роман Новак ким эди?
Роман Новак Россияда криптовалюта соҳасидаги йирик ишбилармон сифатида танилган. У Fintopio номли тезкор криптопул ўтказиш иловаси яратувчиси бўлиб, лойиҳа орқали тахминан 500 миллион доллар инвестиция жалб қилган. Аммо кейинчалик ушбу маблағлар “йўқолиб кетган” ва инвесторлар зарар кўргани хабар қилинган.
Новак ўзини Telegram асосчиси Павел Дуров ва араб шаҳзодалари билан таниш деб кўрсатган, аммо бу маълумотлар тасдиқланмаган. Унинг фирибгарлик фаолияти ҳақида аввал ҳам хабарлар тарқалган — 2020 йилда суд уни 100 минг доллар ўзлаштириш айби билан олти йилга озодликдан маҳрум қилган эди.
Бу жиноят нафақат Россияда, балки бутун дунёда криптоинвестиция билан боғлиқ хавфларни яна бир бор намоён қилди. Тергов ҳали давом этмоқда, аммо маълумки — бу фожеа молия оламидаги ишонч, хавф ва одамийлик ўртасидаги чуқур зиддиятни яна бир бор очиб берди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!