06:55 / 17.01.2019
6 759

Коинот нима учун мавжуд?

Коинот нима учун мавжуд?
Ибн Сино оламда мавжуд барча нарсаларни учга бўлади: зарурий, имконий ва имконсиз.
Зарурий нарсанинг мавжудлиги шарт бўлиб, унинг йўқ бўлиши имконсиздир.

Имконий нарсалар вазиятга қараб мавжуд ёки мавжуд бўлмаслиги мумкин.
Имконсиз нарсаларнинг бор бўлиши имконсиздир.

Имконий нарсаларнинг вужудга келиши бошқа нарсаларга боғлиқ бўлади. Мисол учун, денгиздаги тўлқинлар имконий бўлиб, унинг вужудга келиши ер қимирлаши, об-ҳаво ва тўлқинни пайдо қиладиган нарсаларга боғлиқ. Қачонки ўша сабаблар юзага келса, тўлқин пайдо бўлади.

Имконсиз нарсаларга эса тўлқинли сокин денгизни мисол қилиш мумкин. Яъни, айни вақтда ҳам тўлқинли ҳам сокин денгизнинг мавжуд бўлиши имконсиздир.

Имконий нарсалар вазиятга қараб мавжуд бўлиши, ёки умуман мавжуд бўлмаслиги мумкин. Унинг мавжуд бўлишига ундан аввалги нарса сабабчи бўлади. Қачон ўзидан аввалги нарса имконият яратса имконий нарса вужудга келади. Мисол учун, буғ ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Унинг вужудга келиши имконияти сув ва ҳароратга боғлиқ. Қачонки сув керакли ҳарорат етса ундан буғ пайдо бўлиш имконияти вужудга келади.

Зарурий нарсанинг бор бўлиши бошқа нарсаларга боғлиқ бўлмайди. Ва унинг мавжудлиги собитдир, шартдир, эҳтимолий эмас.

Мантиқан, ҳар бир имконий нарсаларнинг мавжуд бўлиши ўзидан аввалги бошқа нарсага боғлиқ экан, бундай кетма-кетлик занжири абадий давом этиши мумкин эмас. Бу занжирнинг бошида ўз-ўзидан ва бирор нарсага боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлган нарса бўлиши керак. Занжирнинг илк ҳалқаси. Ибн Сино мана шундай мантиқ билан фалсафада худонинг, яъни Вожиб ул-вужуднинг борлигини исботлаган.

Борлиқнинг пайдо бўлиши ҳақидаги ҳар қандай назариялар мана шу мантиқий занжирдан чиқиб кета олмайди. Эволюция назарияси ҳам шу жумладан. Ҳозирги назариялардан яна бири занжир ҳалқасининг бошини “Катта портлаш”га олиб боради. Аммо катта портлашга ҳам ундан аввалги коинотнинг “ўлими” сабаб бўлган дейишади. Шундай бўлган тақдирда ҳам, коинотлар кетма-кетлиги абадий бўлиши мумкин эмас.

Занжирнинг бошида энг аввалги (ал-Аввал), биринчи, ўз-ўзидан бор, бошқаларга боғлиқ бўлмаган (ал-Қайюм), доимо мавжуд бўлган (ал-Боқий) нарса бўлиши керак. Унинг мавжудлиги зарурийдир. Агар у бўлмаса, ундан кейинги мавжудотлар занжири пайдо бўлмайди.

Шунингдек, ўша зарурий нарса ўлик эмас, тирик (ал-Ҳайй) иродали ва хоҳишга эга бўлиши ва занжирлар кетма-кетлигини вужудга келишига аввал бошдан туртки бериши керак . Яъни, у занжирнинг бошида экан (ал-Муқаддим), ўзидан кейинги нарсаларнинг пайдо бўлишини ирода қилган бўлиши керак, акс ҳолда ўзи доимо ёлғиз бўлиб қолаверарди.

Ўша зарурий нарса ушбу имконий хислатга эга бўлган коинотни вужудга келтиришни ирода қилганми, демак бирор мақсадни кўзлаб ирода қилган бўлиши керак.

Инсон – зоҳирий коинотдаги ягона ақлли мавжудот. Миллионлаб мавжудотлар орасида фақатгина инсоннинг ақлли мавжудот бўлиши тасодифми? Миллионлаб сайёралар ичида фақатгина Ернинг инсон учун яшашга яроқли эканлиги тасодифми?

Агар буларнинг барчаси тасодиф бўлмаса, ҳалқанинг бошида турган зарурий нарса – Вожиб ал-вужуднинг бу занжирни яратишни нега ирода қилди экан? Ёки у шунчаки бекорчиликдан шу борлиқни яратилишини ирода қилдими?

Агар бунинг барчаси тасодиф эмас, ҳалқанинг Аввали барча нарсани пайдо қилишда, жумладан миллиардлаб галактикалар ичида фақатгина Ерни яшашга яроқли, миллиардлаб мавжудотлар ичида фақатгина инсонга ақлли бўлишини ирода қилганда нимани мақсад қилган экан? Ўйлаб кўринг.

“Қачон бирон нарсани ирода қилса, Унинг иши “Бўл” демоқликдир, холос. Бас, у нарса бўлур“. (Ясин сураси, 82-оят)
“Осмонлар-у ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб яратганимиз йўқ! Биз уларни фақат ҳақ ила яратдик, лекин кўплари билмаслар“. (Духон сураси, 38-39 оятлар)

“Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим“. (Зарийат сураси, 56-оят)
“У ўлим ва ҳаётини сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратгандир. У азиз ва ўта мағфиратлидир“. (Мулк сураси, 2-оят)
Саид Комил ХОЛХЎЖАЕВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коинот нима учун мавжуд?