
Фото: РБК
Россия президенти Владимир Путин бугун, 14 март куни Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни тасдиқлади. Энди ҳужжат тасдиқланиш учун Конституцион судга юборилади. Бунгача қонун лойиҳасини Россия Давлат думаси депутатлари, Федерация кенгаши, шунингдек, ҳудудий парламентлар тасдиқлаган эди. Агарда Конституцион суд ҳам «ўзгариш»ни қонуний деб топса, 22 апрель куни — Россияда референдум, ҳаммаси узил-кесил ҳал бўлади.
Конституцияга ўзгартириш киритилса
Аввало Россия Федерациясининг амалдаги президенти Владимир Путинга назарий жиҳатдан Кремлда яна узоқ вақт қолиш имкониятини беради. Йигирма йилдан бери рус давлати тепасида турган Путин ҳаммасини «нулдан» бошлаши мумкин: хусусан, 2024 йилда ҳам ўз номзодини президентликка қўя олади. Айрим экспертлар эса Кремлнинг 67 ёшли раҳбари Россия президенти лавозимида 2036 йилгача қолиши мумкин дейишмоқда — ўшанда Путин 83 ёшини қарши олади.
Президентлик муддати билан бир қаторда, конституцияга киритилаётган бошқа ўзгаришлар ҳам борки, булар давлат раҳбари, ҳукумат аъзолари, давлат амалдорларига қўйилаётган талаблар «янгиланаётганидан» дарак беради. Бу раҳбарларнинг барчалари зиммасига давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий кафолатлари юклатилади. Президент ваколатлари доираси анча ўзгаради, мамлакатда ҳукуматнинг асосий ва қарийб ягона «жилови» айнан давлат раҳбари қўлига ўтади.
Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар бундан буён федерал ҳудудларнинг марказ томонидан бошқарилишини янада кучайтиради, рус тилига мамлакатдаги асосий тил мақомини беради. Қатор идоралар ваколатлари кенгайтирилади. Россиядаги халклар маданиятларининг ўзига хослиги тан олиниши билан бирга, чет эллардаги ватандошлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини ҳам кўзда тутади. Россияда конституция халқаро ҳуқуқ нормаларидан устун турувчи мақомга эга бўлади.
Анча шов-шувли, кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган ва бўлаётган ушбу қонун лойиҳаси Россия Давлат думаси томонидан 11 март куни қабул қилинганди. Тегишли қонун лойиҳасини ёқлаб миллий парламентнинг 380 нафар депутати овоз берган, 43 нафари — қарши, бир нафари бетараф қолганди.
P.S. Бир пайтлар Конституцион суд Борис Ельцинга конституцияни ўзгартириш имконини бермаганди. Ўша Конституцион суд аъзоларидан саноқлилари ҳозир ишламоқда, кўпчилиги Путин даврида келган... «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар