Гренландия - Данияга тегишли автоном ҳудуд. Бу муз билан қопланган, аҳолиси оз ва кам ривожланган ҳудуд бўлиб, Копенгаген субсидиялари билан қўллаб-қувватланади. Бироқ, 19-асрдан бошлаб оролни эгаллаш учун можаро бошланди. Бугун у ерда АҚШ армияси жойлашган ва Вашингтон бу ерни сотиб олишга бир неча бор уриниб кўрган.
Америкаликларни Гренландияга нима жалб қилади?
Биринчи марта Гренландияни сотиб олиш ҳақида гап 1868 йилда, АҚШ Аляскани қўлга киритгандан сўнг дарҳол бошланган. Ўшанда америкаликларнинг асосий мақсади янги ташкил этилган Канада чегараларини ўз ҳудудлари билан ўраб олиш эди. Вашингтон Канаданинг ёш ҳукуматини Қўшма Штатларга қўшилишга кўндира олади, деб тахмин қилинган эди. Бироқ Сенат бу фикрни қўллаб-қувватламади.
1910-йилларда Дания иқтисодий инқирозга учраган пайтда қизиқиш яна кучайди. Гренландия ўрнига скандинавияликлар америкаликларга Дания Вест-Индия – Кариб денгизидаги 346,36 км² майдонга эга архипелагни сотди.
Оролни сотиш бўйича талаблар 1946 ва 2019 йилларда яна пайдо бўлди. 1946 йилда америкаликлар бу ҳудуд учун 100 миллион доллар таклиф қилишди (бугунги курс бўйича 1 миллиард).
2019 йилда Гренландия учун АҚШ президенти Доналд Трамп 533 миллиард доллар ажратишга тайёр эди. Оқ уй йилига 600 миллион долларни бўлиб-бўлиб тўламоқчи эди. Айтганча, бу пул Дания ялпи ички маҳсулотидан 1,5 баравар ва Гренландия ялпи ички маҳсулотидан 177 баравар кўпдир.
Дания бу талаблардан қаттиқ хафа бўлди. 2019 йилда дипломатик жанжал авж олди ва муносабатларнинг ёмонлашиши таҳдиди остида Копенгаген минтақани ўз қўл остида сақлаб қолди.
Гренландиянинг босиб олиниши
Даниялик журналистларнинг фикрига кўра, америкаликлар оролни сотиб олмаган бўлсаларда, ҳудуднинг ҳақиқий эгалари Дания эмас, АҚШдир. Бу ерда Америка базалари бор, маҳаллий армия АҚШ қўшинлари ва самолётлари билан қуроллантирилган.
Минтақа, гарчи у Данияга тегишли бўлсада, катта автономияга эга ва Европа Иттифоқига кирмайди. Қўшма Штатлар ҳатто Гренландияга йилига 22 миллион доллар миқдорида иқтисодий ёрдам кўрсатади: бу кичик, аммо муҳим белгидир.
Америка қўшинлари оролга 1941 йилда, Иккинчи жаҳон уруши пайтида, Дания немислар томонидан босиб олинганда келган. Кейин Дания ҳукумати Қўшма Штатлардан ўз мустамлакаларини ҳимоя қилишни сўради. Америкаликлар маҳаллий ҳарбий базаларни бошқарган ва кўплаб янги объектлар қурган.
Туле базаси 1943 йилда қурилган ва ҳозир ҳам фаолият юритаётган Американинг энг йирик ҳарбий базасидир.
Уруш тугаши билан данияликлар АҚШ ёрдамини рад этишга ҳаракат қилишди. Аммо 1951 йилда СССР билан муносабатлар совиши билан, Дания яна оролга Америка қўшинлари киришига рози бўлди. Шартномага кўра, Қўшма Штатлар Гренландияни ҳимоя қилишга ваъда бериб, минтақага тўлиқ кириш ҳуқуқини олди.
Америка бу ерда ўнлаб ҳарбий базалар, 10 000 аскар ва ядро каллаклари бўлган 400 та ракета жойлаштирган, шунингдек, Совет кемаларини кузатиш учун йирик разведка марказини ташкил қилган.
СССР парчаланганидан кейин америкаликлар бу ерда фақат битта, энг катта Тула базасини сақлаб қолди. Бироқ, 2014 йилдан бошлаб, Россия билан можаро бошланганидан сўнг, америкаликлар Арктикадаги фаоллигини яна тиклашга ҳаракат қилмоқда.
Америкаликларга Гренландия нима учун керак?
Сайёрадаги энг катта оролда нефть, газ, шунингдек, қимматбаҳо ва нодир ер металларининг катта заҳиралари мавжуд. Музликларнинг тез эришини ҳисобга олсак, тез орада ушбу ресурсларни ўзлаштиришни бошлаш мумкин бўлади. Яширин ресурслар 1,7 триллион долларга баҳоланмоқда ва ҳар қандай давлат уларга эга бўлишни хоҳлайди.
Бугунги кунда минтақа балиқ овлаш ва Даниянинг субсидиялари ҳисобига кун кечиради ва тоғ-кон саноати унинг аҳолисига катта фойда келтириши мумкин.
Бироқ, минтақанинг асосий қиймати стратегик аҳамиятидир. Америкалик олим Валтер Бербрикнинг фикрича, ким Гренландияга эгалик қилса, у бутун Арктикага эгалик қилади.
Бу минтақа Европадан Шимолий Америкага энг қисқа йўл ҳисобланади. Бу, шунингдек, Москва ва Вашингтон ўртасидаги энг яқин масофа. 2019 йилда америкалик сиёсатчи Аэрон Блейк ҳазиллашиб: «Дўстлар, куласиз-у, лекин агар Гренландия Америкага айланса, биз Россияни шарқ ва шимолдан ўраб оламиз!» – деган эди.
Шу билан бирга, Гренландияга, агар аҳолиси истаса, мустақиллик референдумини эълон қилиш ҳуқуқи расман берилган. Гренландияликлар ўтмишда Даниядан юқори мухториятга эга бўлиш учун овоз беришган ва бир кун келиб ундан ажралиб чиқишни хоҳлаб қолишлари ҳам мумкин.
Агар америкаликлар оролга иқтисодий ва сиёсий таъсир кўрсатишда давом этса, бир кун келиб Гренландия мустақил бўлиши ёки ҳатто Қўшма Штатлар таркибига кириши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар