date

Қозоғистон Марказий Осиёда сунъий интеллект маркази яратади

Қозоғистон Марказий Осиёда сунъий интеллект маркази яратади
Қозоғистон ҳукумати яқинда ташкил этилган Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ҳамда Freedom Holding Corp. билан ҳамкорликда Марказий Осиёда сунъий интеллект (СИ) соҳасида етакчи бўлиш мақсадини кўзлаган йирик лойиҳани бошлаганини эълон қилди.

Ушбу ташаббуснинг асосини АҚШнинг технология гиганти NVIDIA томонидан тақдим этилган илғор экзафлопсли инфратузилма билан жиҳозланган суверен маълумотлар маркази ташкил этади. Мазкур лойиҳа кўп босқичда амалга оширилади.

Унинг асосий қисми суверен сунъий интеллект маркази қурилиши ва ишга туширилиши бўлиб, бу марказни бошқариш Freedom Holding Corp. зиммасига юклатилади.

Ушбу корпорация лойиҳанинг асосий инвестори ва оператори бўлиб, лойиҳага 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ киритилиши кутилаяпти. Лойиҳани амалга ошириш учун Қозоғистондаги 100 МВт электр қувватига эга бўлган жой ажратилади.

Ўз навбатида, Қозоғистоннинг тегишли вазирлиги йирик ҳисоблаш қувватларини жойлаштириш ва узлуксиз ишлаши учун зарур бўлган тартибга солувчи ва ҳуқуқий шароитларни яратишга бел боғлаган. Шунингдек, ҳукумат сунъий интеллект бўйича махсус академия ва илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этиш орқали таълим ва илмий изланишларни қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.

Ушбу муассасалар сунъий интеллект соҳасидаги муҳандислар ва олимларнинг янги авлодини тайёрлашга қаратилган. Бош вазир ўринбосари ва Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев NVIDIA билан ҳамкорликни мамлакатнинг сунъий интеллект бўйича миллий стратегиясини амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам сифатида таърифлаб, шундай деди: "Биз суверен сунъий интеллект экотизимини яратмоқдамиз, бу иқтисодиётни мустаҳкамлайди, рақобатбардошликни оширади ва бутун минтақамиз учун янги имкониятлар яратади." Freedom Holding Corp.

бош директори Тимур Турлов компаниясининг тажрибаси, NVIDIA технологик салоҳияти ва ҳукуматнинг стратегик кўринишини бирлаштириш сунъий интеллект соҳасидаги инновацион ривожланишга мустаҳкам асос яратишига ишонч билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббус Қозоғистоннинг глобал сунъий интеллект саноатидаги мавқеини мустаҳкамлаш ва бутун Марказий Осиёнинг узоқ муддатли ўсишига хизмат қилади.

Ушбу ҳамкорлик Қозоғистон ва қўшни мамлакатлар учун тез ривожланаётган рақамли иқтисодиётга мос келувчи сунъий интеллектнинг ягона экотизимини ривожлантиришга бўлган умумий интилишни намоиш этади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон Марказий Осиёда сунъий интеллект маркази яратади