18:35 / 13.05.2023
162

Овқатдан сўнг кўнгил айниса: бу ҳолатни бартараф этиш учун нима қилиш керак?

Овқатдан сўнг кўнгил айниса: бу ҳолатни бартараф этиш учун нима қилиш керак?

Овқатдан кейин кўнгил айниши турли сабабларга кўра пайдо бўлади. Кўпинча бу овқат ҳазм қилиш органлари фаолияти бузилишининг биринчи сигналидир. Нима учун овқатдан кейин кўнгил айниши кузатилиши ва нохуш ҳолат билан курашиш усуллари Wday нашрида келтириб ўтилган.

Овқатдан кейин кўнгил айниш сабаблари

Нега овқатдан кейин ўзингизни ёмон ҳис қиласиз? Кўпинча бу овқат ҳазм қилиш тизими касалликларининг белгиси, аммо бошқа омиллар ҳам бу нохуш ҳолатга олиб келади.

Сабабларни икки гуруҳга ажратиш мумкин:

  1. Соғлом одамда ривожланадиган кўнгил айниши

Бу нотўғри овқатланиш туфайли юзага келади ва буни қуйидагилар кучайтиради:

  • меъёрдан кўп овқатланиш;
  • қизариб пишган ва ёғли овқатларни кўп истеъмол қилиш;
  • овқатдан сўнг дарҳол бажариладиган фаол ҳаракатлар, жисмоний фаолият;
  • сифатсиз маҳсулотлардан ейиш;
  • интоксикация.

Бундай ҳолларда нохуш аломатлардан халос бўлиш учун овқатланишни тартибга солиш ёки токсик моддаларни қабул қилишни тўхтатиш кифоя.

Турли касалликлар туфайли кўнгил айниши

Диетани тартибга солиш кутилган натижани бермаса, овқатдан кейин кўнгил айниши сақланиб қолса, бу қуйидаги касалликлар ривожланиши учун сигнал бўлиши мумкин:

  • эзофагит (қизилўнгач касаллиги);
  • гастрит;
  • ингичка ичак яллиғланиши;
  • гепатит;
  • панкреатит
  • холелитиёз;
  • холецистит;
  • ошқозон яраси;
  • ичак дисбактериози.

Ушбу хасталикларда шифокор кўрсатмаси талаб этилади, улар билан мустақил курашиш нафақат самарасиз, балки хавфли ҳамдир.

Соғлом аёлда овқатдан кейин кўнгил айнишининг сабаби ҳомиладорлик бўлиши мумкин

Кунига 2 мартагача кўнгил айниши ва қайт қилиш ҳомиладорликнинг одатий белгиси. Кўнгил айниши ёки қайт қилиш тез-тез содир бўлса, бу тиббий назоратни талаб қиладиган токсикоз бўлиши мумкин.

АҚШ Миллий Соғлиқни сақлаш институти олимлари эрталаб кўнгил айнишидан шикоят қиладиган ҳомиладор аёлларда ҳомила тушиш эҳтимоли камроқ эканлигини исбот қилувчи бир қатор кашфиётлар қилишди. Хуллас, олимларнинг таъкидлашича, кўнгил айниши ҳомиланинг тушиш хавфини қарийб олтмиш фоизга, қусиш эса саксон фоизга камайтиради.

Овқатдан кейин кўнгил айнишини ҳис қилганда нима қилиш керак?

Даставвал, унинг пайдо бўлишига ёрдам берадиган омилларни истисно қилиш керак, хусусан:

  • кам-кам, тез-тез овқатланинг;
  • овқатдан кейин оғир жисмоний зўриқишлардан сақланинг (фақат пиёда юриш тавсия этилади);
  • ёғли овқатлар миқдорини камайтиринг;
  • буғда пиширилган, қайнатилган, димланган таомлар истеъмол қилинг;
  • озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддатини диққат билан текширинг;
  • алкоголли ичимликлар ва тамаки истеъмолини чекланг;
  • ҳайз муддати кечикаётган бўлса, ҳомиладорлик тестини ўтказиб кўришни унутманг.
    Фото: Wday

Мутахассис фикри

“Кўнгил айнишининг сабабларидан бири холециститдир”, — таъкидлайди диетолог Юлия Бобейка. Ўт пуфаги — бу жигар ҳужайралари томонидан ишлаб чиқарилган концентрланган сафро захирасидир. У жуда кўп муҳим функцияларни бажаради: овқат ҳазм қилишда ва ёғ сўрилишида иштирок этади, ошқозон ости бези ферментлари фаоллигини оширади, шунингдек, антибактериал воситадир. Аммо баъзида ўт пуфаги яллиғланади ва холецистит ривожланади.

Унинг асосий белгилари ёғли овқатлардан сўнг кўнгил айниш (ёғли бўлиши ҳам шарт эмас. Баъзан бирор нима ейишнинг ўзи кифоя қилади, масалан, ёнғоқ), ўт пуфаги жойлашган қовурғанинг ўнг томонида оғриқ, қичишиш, оғизда аччиқ таъм ва иситма кузатилади. Оғриқ бир маромда кечиши ёки ўнг қўл, ўнг елкада ҳам кучайиши мумкин.

Холециститнинг ривожланиш сабаблари кучли жисмоний зўриқиш, стресс, ортиқча овқатланишдир. Муаммони аниқлаш учун қорин бўшлиғи ултратовуш текшируви ва қон таҳлилини ўтказиш буюрилади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Овқатдан сўнг кўнгил айниса: бу ҳолатни бартараф этиш учун нима қилиш керак?