Тананинг белдан пастки қисмини кучлироқ қилади
Зинапоядан кўтарилиш — сон ва болдирларнинг кучлироқ, мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Тепага кўтарилишда кўп мушаклар фаоллашади, бу эса уларнинг янада ривожланишиши учун замин яратади.
Кардиомашғулот
Зинадан чиқиб-тушиш юрак-қон тизими учун фойдали интенсив кардиомашғулот ҳисобланади. Бу одамдаги умумий чидамлиликни оширади, юракни мустаҳкамлашга кўмак беради.
Калорияларни сарф этиш
Зинага кўтарилишда мушаклар фаоллашади, машғулот интенсивлиги юқори бўлади. Ўз навбатида бу вазнни меъёрда сақлаш учун фойдали бўлган жараён — кўпроқ калория ёқиш имконини беради.
Мувозанатнинг яхшиланиши
Зинадан тепага чиқиш ёки пастга тушишда одамдан ҳаракатни бир меъёрда, мувозанатда ушлаш талаб қилинади. Яъни диққат керак бўлади. Натижада инсоннинг диққати бир жойга жамланади. Доимий машғулотлар бу борадаги кўникмаларни яхшилайди.
Метаболизм учун фойдаси
Интенсив жисмоний машғулотлар инсон организмида моддалар алмашинувини ва озиқ-овқат ҳазм бўлишини тезлатишга ёрдам беради. Бу эса организмнинг умумий метаболизми ҳамда самарадорлигини яхшилайди.
Хўш, қандай қилиб зинада юришни кундалик одатга айлантириш мумкин?
1. Лифтдан кўра зинапоядан чиқишни афзал кўринг, айниқса, буни қисқа масофаларда одатга айлантиринг.
2. Ишда ҳам, уйда ҳам кун давомида зинадан бир неча марта фойдаланинг.
3. Турли баландлик ва зиналардан иборат кўчалар бўйлаб сайр қилишга одатланинг.
Хавф-хатар
Фойдали машғулотнинг хавфлари ҳам мавжуд. Қачонки эҳтиёткорлик бўлмаса ва хавфсизлик қоидаларига риоя этилмаса, қатор муаммоларга дуч келиш мумкин.
Жароҳат ва йиқилиш. Шошилаётган вақтда қадамни нотўғри босиш орқали одам йиқилиши ва бунинг оқибатида турли жароҳатлар (шикастланиш, синиш, кўкариш каби) олиши мумкин.
Бўғим ва мушакларга босим. Зинада юриш бўғимлар, айниқса, тиззага ортиқча босим бериши мумкин. Бўғимларида муаммоси бор одамлардан зинада ҳаракатланаётганда жуда эҳтиёткор бўлиши талаба этилади.
Кучли оғриқ. Баъзи ҳолатларда зинапоядаги ҳаракатдан сўнг одам белида ёки бўғимларида қаттиқ оғриқ сезиши мумкин. Бу ҳам, албатта, соғлиқдаги муаммолар сабаб юзага чиқади.
Зинадаги ҳаракатларни кундалик одатга айлантирадиганлар хавф эҳтимолини камайтириш учун бир нечта қоидага амал қилиши зарур:
- оёқ остига қараш ва қадамларни назорат қилиш;
- чиқиш ва тушишда зина тутқичидан ушлаш;
- пошнаси силлиқ бўлган пойабзал билан зинада югурмаслик;
Агар кундалик тўлиқ жисмоний машғулотларга вақтингиз бўлмаса, зина бўйлаб ҳаракатларни ўзингиз учун машғулотга айлантиришнинг айни вақти. Фақат хавфсизлик қоидаларини унутмасангиз бас.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг