09:51 / 25.11.2016
13 980

Кўзмунчоқ

Кўзмунчоқ

У ўзида йўқ хурсанд. Кўнгли масрурлик шавқини тотаётган эди. Хаёлида ўша гўзал кулибгина турибди. Соатига қаради. Яна бир соатча бор экан. Ана шу бир соат ҳам ўтса бас, у билан учрашади. Кайфияти баландлигини хотинидан яширишга уринди. Бугун шанба, дам олиш куни. Дам олиш куни, ҳатто кўчага ҳам чиқмас, телевизор тагида ёнбошлаб ётаверар эди. Бугун кўчага чиқади. Хотинига: «Зарур бир ишим бор, кечроқ келишим мумкин», деди, холос. Соддагина, ҳеч нарсадан бехабар хотинига кўйлак ва шимини қиличдек қилиб дазмоллатди. Соқолини обдон қиртишлади. Машинага ўтириб, калитни бураса, бас етади…

Уларнинг иш жойлари ёнма-ён эди. Бу икки жамоа ходимларини асосан ташқаридаги доимо шилдирабгина оқиб турадиган жўмрак учраштириб туради. Кимдир сув ичгани, кимдир челак кўтариб, кимдир қўл ювгани тушади. Шундай пайтларда қўшничилик одатига кўра, у ёқ бу ёқдан гап-сўзлар бўлади. Улар ҳам дастлаб шу ерда учрашиб қолишди. Юзи тип-тиниқ, қундуз қош, чап кулгучи ёнида миттигина холи бўлган бу жувон гултувакдаги гулга сув қуяётган экан.

— Ҳорманг, — деди у беихтиёр гўзалгина жувон билан бир лаҳза бўлса-да, гаплашгиси келиб.

— Келинг, яхшимисиз? — деди жувон ҳам майинлик билан қараб. Шунда у нари борса йигирма беш ёшлар атрофидаги бу жувоннинг кўзлари ҳам фавқулодда чиройлилигини кўриб, ҳайрати ошди ва гапиролмай қолди. Жувон гултувакни кўтариб жойидан жилди. У эса каловланиб, ортидан кўзини узолмай қолди. Шу-шу бўлди-ю, у ўша жувон ҳақида ўйлайдиган, кўриб туришга орзуманд бўлиб қолди. У ҳақида суриштирди ҳам. Бир қизчаси билан ота-онасиникида яшар экан. Эри уни рашк қилавериб, қизғанавериб руҳий хасталикка чалинганмиш. Бу гапга унчалик ишонмади. Чунки эри ҳозир бошқа турмуш қурибди…

У деразадан ташқарига қараб турадиган бўлиб қолди. Гўзал жувонга бўлган илинж кучайиб борар эди. Унинг сув томонга ўтганини кўриши биланоқ, чойнакчасини олиб югургиларди. Бир-икки оғиз гаплашишарди. Жамолини кўриш, чўлпон кўзларидан ҳайратланишлар, икки оғиз cўзини эшитиш унга фароғат бағишлар эди. Кўнглидагини айтгиси келарди, лекин ботинолмасди. Гўзал эса бепарводек туйиларди… Лекин бир сафар юрагидаги ўтни ютиб унга: «Шу ерга сизни кўриш, гаплашиш учун тушаман, холос», деди. Бошқа ҳеч нарса демади, тош қотиб қараб тураверди. Гўзал эса индамади, қарамади ҳам, ишхонасига кириб кетаверди… кейин нимадир бўлди. Сув олдида, кўчада учрашганларида қандайдир яқинлик уйғонгандек туйилаверди. Бир сафар гўзал унинг ҳузурига елим сўраб чиқди. Баъзида телефонлашиб ҳам туришди. Бир байрамда, йўлини қилиб табрикнома билан совға берди. Ўзига ҳам ватан ҳимоячилари кунида совға қайтди. Ҳовли икки ишхона учун битта эди. Нима сабабдандир бир сафар шу ҳовлида икки идора ҳодимлари Наврўз байрамини бирга нишонлашди. Бундан жуда хурсанд бўлди. Гўзал елиб-югуриб, хизмат қилди. Кўпчиликнинг кўзи унда эди. Унинг ҳам. Кўз билангина эмас, қалби билан боқарди унга. Ўйин-кулги бошланганда бирга рақс ҳам тушишди… Байрамдан сўнг уни ташқарида кутиб турди. Ширакайф эди. У ҳам чиқди, лекин бепарвогина, ҳатто хуркибгина. Икки ҳамкасб дугонаси билан ўтиб кетди. Орқаларидан эргашди, нимадир демоқчи эди, деёлмади. Гўзалнинг дугоналари ҳам нимадир дегандек бўлишди, англолмади…

Эртаси куни ўзини роса койиди. Ундан кечирим ҳам сўраб қўймоқчи бўлди. Шунда хаёлига бир фикр келди. Хонасини ичидан қулфлаб, бир варақ қоғозга кўнглидаги бор гапни ёзди. Охирига: «кўриб турсам бас», деб қўшиб қўйди. Бу мактубни ҳам йўлини қилиб уч кундан сўнг етказди. «Нима деркан», деб ўйлаб, эзилиб, тўлиб юрди…

Унинг сабри чидамади. Бир куни таваккал қилиб гўзалнинг иш хонасига кирди. Бахтига хонасида ёлғиз ўтирган экан. Сеҳрли кўзлар мулойимлик билан кутиб олди. Назокат билан бир пиёла чой узатди. Бу унга меҳр-муҳаббат ифодасидек бўлиб туйилди. У яна ўзини йўқотиб қўйди. Охири:

— Сизни бу ердан опқочиб кетаман, — деди.

— Қаёққа? — сўради гўзал.

— Ўзим биламан! — деди у.

— Мен ҳам билишим керак, — деди гўзал эрка оҳангда.

— Ҳаммасини ўша ерга борганимизда айтаман, — деди у.

Гўзал бир фурсат жим қолди. Сўнг:

— Майли қачон…қачон? — деди кўзларини опқочиб.

— Эртагаёқ. Эртага дам олиш куни шанба, соат ўнда Фарғонага бурилиш йўлида туринг!

Кечаги ваъда бўйича бугун учрашишади. Бу ерлардан, ташвишлардан узилиб чиқиб кетишади. У висол олдидан ҳовлиққанича машинаси томон юрди, шунда беихтиёр чўнтагига қўлини солди. Ё дастрўмол ё пулини билиб қўйиш мақсадида. Иккови ҳам жойида экан. Қўли чўнтаги ичидаги кичик бир нарсага ё урилди ё тегиб кетди. Олдин чўнтагида бундай ортиқча нарса бўлмас эди. Нимайкин? У қизиқсиниб, гумонсираш билан чўнтаги ичидаги ўша кичик нарсани яна пайпаслаб кўрди, қаттиқроқ экан. Кейин шартта олди. Кўзмунчоқ экан!..

Кўнглидаги завқ-шавқлар, уйдаги висол илҳақлиги, интиқлиги негадир парча- парча бўлиниб, қаёққадир ғойиб бўлди. Машина олдига боролмай кафтидаги митти қаҳрабо парчасига ўхшаш кўзмунчоққа боққанича серрайиб тураверарди. У ҳаммасини унутган, кўнгли бўшаб қолган эди. Кўзмунчоқни кафтида маҳкам қучганча ортига қайтди. Пешайвон сўрисида ўтирди. Кўзлари, кўнгли кимнидир қидириб, излаб қолди.

— Адолат! — чақирди у хотинини.

— Ҳа, ҳозир, — деган овоз келди ҳовли тарафдан. Зум ичида томорқада куймаланиб чиққан ўзининг соддагина, очиқкўнгил, ишонувчан хотини кўринди.

— Лаббай, дадаси, ҳалиям ишга кетганингиз йўқми? Кеч қолаяпман, деб шошилаётган эдингиз-ку?!

— Оёғим тортмай қолди, — деди у паст овозда. Қаршисида жавдираб қараб турган хотинига тикилди. — боргим келмаяпти. Кел, ўтир…

Холиқназар ЖЎРАБОЕВ

Манба: mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Кўзмунчоқ