07:06 / 28.06.2017
24 238

Бойиш учун нима қилиш керак?...

Бойиш учун нима қилиш керак?...Пул ўзи нима?
Деярли ҳар куни нимадир сотиб оламиз ёки бирор-бир хизматдан фойдаланамиз. Буларнинг барига пул воситасида “жавоб қайтарамиз”, ҳисоб-китоб қиламиз. Бугунги дунё пулсиз яшай олмайди. Иқтисодиётнинг жонтомирларидан бири пулдир. Бироқ собиқ шўро даврида шахсий мулкка, бойликка салбий муносабатда бўлинди. Пул фақат ёмонликлар манбаи сифатида талқин қилинди. Натижада одамларда хусусий мулкка қараш ўзгарди, ташаббускорлик сўнди, бу нарса уларнинг руҳига, онгига сингди. Бозор иқтисодиёти эса бу тушунчаларни чирпирак қилиб юборди, одамларда эгалик ҳисси уйғонди. Ривожланган дунё кишиси учун пул ўзига ишонч, эркинлик асосидир. Аммо моддият инсон ва жамият ҳаётида қанчалик муҳим жой эгалламасин, маънавий қадриятларнинг ўрнини боса олмайди. Моддият маънавиятдан устун келганда пул ёмонликлар манбаига айланади.

Бойлик орттириш ҳаётининг бош ғояси бўлиб қолган одам йўлини, ўзанини йўқотиши, умрини елга совуриб, тирик­ликнинг лаззат-фароғатини ҳис қилмай ўтиши аниқ. Баъзан тирикчилик ташвишларига ўралиб қолган чоғларимда Навоий бобонинг “Сийм нақди тушса лекин умр нақди сийғолур” деган мисраси ёдимга келади. Қаранг, “умр ўтиб кетади” эмас, “сийғолади”. Музда сирпаниб кўрганмисиз? Ўзгача завқи бор, лекин бошқарувни, мувозанатни йўқотиб қўйиш жуда осон. Бойлик кетидан қувганда ҳам ҳақиқий бойлигимиз – умримиз сирғалиб кетиши ҳеч гап эмас. Ёки бутун умр тилла танга йиғиб, тўнига тиккан, юз-қўлини ювмоқчи бўлганида анҳорга тушиб кетиб, чўкиб ўлган киши ҳақидаги ҳикоят ҳам мол-давлат умр мазмунига айланмаслиги зарурлиги ҳақида сўзлайди. Умуман, мумтоз адабиётимиз, миллий қадриятларимизда бойликнинг ўрни ва аҳамияти, унга муносабат аниқ-тиниқ ифодасини топган. Шарқ донишмандлари пул мақсад эмас, восита бўлиши зарурлигини уқтиради.

“Олма пиш, оғзимга туш” қабилида яшаш, бошқаларнинг марҳаматига кўз тикиб кун ўтказиш ҳам инсонлик шаънига тўғри келмайди. Одамзод ҳеч қачон юкини ўзгаларга ташламаслиги, бошқаларни малоллантирмаслиги керак. Бунинг учун эса иқтисодий мустақил бўлиши зарур.

Сув қаттиқ жойда туради

Бой-бадавлат, ўзига тўқ бўлганга нима етсин! Ўзидан тинчиган одамгина бошқаларга ёрдам қўлини чўза олади-да. Хўш, бойлик қандай йиғилади? Кўп ишлаш, кўп пул топиш билангина бойиб бўлмайди. Кўпни кўрганлар бунинг учун биринчи навбатда сарфлашни ўрганиш зарурлигини уқтиради. Бу кўникма оилада шаклланади. Оила бюджетини режалаштириш, савдо-сотиқ қилиш борасида билим-тажрибага эга бўлган бола мустақил ҳаётда қийналмайди. Ҳаётий бир мисол. Уйланиб, бола-чақали бўлганда ҳам бозор қилиш нари турсин, бир кило гўштни эплаб ололмаган кишиларни кўрганмиз. Нега бундай? Сабаби аниқ – ота-она савдо маданиятини ўргатмаган, ҳар нарсага ўзлари югураверган.

Халқимизда “Арзимаса арзонга ҳам олма”, “Бозори яқин бойимас” каби мақоллар бор. Бу каби ҳикматлар кераксиз харид­лардан чекланишга ўргатади. Бир мутафаккир айтганидай, кераксиз нарсаларни сотиб олаверган одам бир куни керакли нарсаларини сотишга мажбур бўлади. Тежамкорлик – бойликнинг пойдевори. Чиқимларини назорат қила олмаслик бошқарувни қўлдан бой бериш демакдир. Аммо тежамкорлик билан мумсикликни фарқлаб олиш ҳам зарур. Пул жамғариш учунгина топилмайди, у ҳаётий эҳтиёжларни қондиришга хизмат қилиши керак. Еб-ичмай, ўзига эътибор бермай бедаво бир касаллик орттирган кишига пуллари ёрдам бера оладими?

Кирим калитлари

Инглизларда “Таълимга сарфланган пул беиз кетмайди” деган мақол бор. Ҳақиқатан, бирор касб-ҳунарни ўрганишга кетган маблағ тез орада меваларини беради. Сарф-харажатнинг ўрни тез қопланиб, фойда кела бошлайди. Умуман, даромадларни мақсадли, режали ишлатиш қўлда пул тўпланишига ёрдам беради. Моддий жиҳатдан қийналиб қолиш, қарзга ботиш, тушкунликка тушиш каби нохуш вазиятлардан ҳам асрайди.

Кўп ишлаш кўп пул топиш дегани эмас. Одам ўзи қизиққан соҳада меҳнат қилиши керак. Шундагина иши унади, эътиборга тушади. Ўз касбининг устаси бўлган киши эса яхши даромад олади.

Дунё олимларининг фикрича, бошқаларга ёрдам берадиган, сахий кишилар тез бойир экан. Бу хулоса ҳаётда исботини жуда кўп бор топган. Бой-бадавлат кишиларнинг ҳаёт йўлига назар ташласангиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. Масалан, ҳазрат Навоийни олайлик. Жуда катта бойликка эга бўлган, улуғ амир лавозимигача кўтарилган бу зот хайр-саховат ишлари билан мунтазам шуғулланган. Бундан эса мол-давлати камаймаган, аксинча, кўпайиб борган. Гоҳида ўйлаб қоламан, агар Навоий бобо ижод билан шуғулланмаганида ҳам, ана шу эзгу ишлари туфайли тарихда ўчмас из қолдирган бўлар эди.

Енгил келган енгил кетади

Бу ҳолатни балки ўз ҳаётингизда ҳам кузатган бўлсангиз керак. Кутилмаган жойдан қўлингизга пул тушиб қолди, дейлик. Қандай осон келган бўлса, шундай осон жойини топади. Унга ортиқча қайғурмайсиз ҳам, асраш ёки бирорта муҳим харажатга сарфлашни ўйламайсиз ҳам. Агар бошқа даромадларингиз ҳам жиддий меҳнатсиз, жон койитмасдан топилаётган бўлса, бу нарса феъл-атворингизга, турмуш тарзингизга таъсир қилиши табиий. Енгил ҳаётга, ўйламай сарфлашга ўраганасиз. Шу боис ҳам Шарқ донишманд­лигида пешона тери билан ризқ топиш тарғиб этилади. Шу сабабли улуғ авлиёлар, олим ва шоирлар ҳам касб-корга эга бўлганлар.

Барака топай десангиз…

Пул ҳақида гап кетганда барака мавзусини четлаб ўтиб бўлмайди. Миллий қадриятларимиздан озиқланган бу тушунча ҳалол меҳнат билан ризқ териш, топганимизни яхши йўлда сарфлаш, бировни норози қилмаслик кабиларга ўргатади. Қинғирлик, ғирромлик билан топилган молда барака бўлмайди. Ота-боболаримиз минг йиллардан бери ана шу олтин қоидага амал қилиб келган. Бозорда савдолашиб, бир нархга келишиб, олди-берди қилингач, харидор ҳам, сотувчи ҳам: “Яхши кунларга ишлатинг, баракасини берсин!” деб ният билдиради. Бу гап рози-ризоликнигина англатмайди, у ўзаро меҳр-оқибат пайдо бўлишига ҳам хизмат қилади.

Пул баракали бўлишининг шартларидан бири савдолашишдир. Айтилган нархга олиб кетавериш чўнтакка зарар етказишдан ташқари бошқаларнинг ҳаққига хиёнат қилиш ҳамдир. Чунки сиз қиммат нархга олсангиз, сотувчи кейинги харидорга ҳам ана шу нархга сотишга ҳаракат қилади, бу баҳони бозор кўтарар экан деган хулосага келиб қолади.

Бойиш учун нима қилиш керак?

Юқорида бойишга асос бўладиган сабабларнинг бир нечтаси ҳақида тўхталдик. Қолганларини мухтасар келтириб ўтамиз. Бу фикрларнинг аксарияти дунё психологларининг кўпйиллик изланишлари орқали исботланган.

Олдингизга аниқ мақсад қўйинг ва унга эришиш учун бор кучингиз билан ҳаракат қилинг. Шунда пул топишингиз, тежашингиз осон бўлади.

Чиқимларингиз рўйхатини тузинг. Кунлик, ҳафталик, ойлик, йиллик. Шунда оилавий ёки шахсий бюджетингизни тасаввур қила оласиз. Харажатларни белгиланган чегарадан оширманг. Амалдаги чиқимлар билан режаларни солиштириб туринг.

Пулингизни тежашни иложи борича эртароқ бошланг.

Бирор нарса харид қилишдан олдин унинг нарх-навосини таниш-билиш­лардан ёки интернет сайтларидан аниқлаб олинг. Энг яхшиси – танишлардан сўраш. Улар маҳсулотнинг сифати ҳақида ҳам холис фикр айта олади.

Шахсий бизнеси­нгизни йўлга қўйинг. Кирим имкониятларингиз биргина манба билан чекланиб қолмасин.

Янги лавозимга кўтарилсангиз-у, маоши­нгизда ўзгариш бўлмаса ёки меҳнатимга нисбатан кам ҳақ оляпман деб ҳисобласангиз, бошлиқ билан ойлигингизни ошириш масаласида гаплашиб кўринг.

Пул бу – энергия. У доимий ҳаракатда бўлиши керак. Йўқса, ўлик сармояга айланиб, қадри ва кучини йўқотиб боради.

Қарзингиз бўлса, тезда қутулинг. У бировнинг пули. Елкада юк билан яшаш яхши пул топишингизга халал беради.

Оддийликка интилинг. Қимматбаҳо кийимлар, ортиқча буюмлар, зеб-зийнатлар чўнтакка катта зарар етказади.

Хатолардан сабоқ чиқаринг. Шахсий бизнеси­нгизда омадсизликка учрасангиз, қўлни ювиб қўлтиққа урманг. Нималарда янглишганингизни англаб, ҳаммасини бошидан бошланг.

Ўзингиз уддалайдиган иш ва хизматлар учун пул сарфламанг.

“Менинг қўлимдан келмайди”, “Биз бир фақир одаммиз” каби ибораларни ишлатманг. Кўнглингизда ҳам, тилингизда ҳам ижобий фикрлар қарор топсин. Ният сифатида шаклланган фикр амалга ошади. Ўзингизга ишонинг.

Спорт, саломатлик ва дам олиш учун вақт ажратинг. Соғликнинг ёмонлашиши даромадларингиз камайиши ва чиқимларингиз ортишига сабаб бўлади.

Бошқаларга ёрдам, дўстлик, меҳр-оқибат ва ижодкорлик кишига катта куч беради. Бундай кучга эга кишининг мақсадга эришиши осон кечади.

Шукр қилинг. Ношукрлик барака ва омадни кетказади.

Нима пулдан қадрлироқ?

Нега “Пул – қўлнинг кири” дейишади? Нима, у кир, чиркин нарсами? Йўқ, бу мақолнинг маъноси бошқача. Кишининг энг тез кир бўладиган ва энг кўп ювиладиган аъзоси – қўли. Қўлдаги кир кўп турмайди. Пул ҳам шундай: келади, кетади. Сен ана шу вақтинчалик, омонат нарсага ишониб қолма, дунёда ундан қимматлироқ нарсалар ҳам бор, деган маъно чиқади мақолдан. Махтумқулининг машҳур бир шеърида “Бой бўлай деб иззатингдан айрилма” деган мисра бор. Ҳақиқатан, инсоннинг ор-номуси, қадр-қиммати ҳар қандай бойликдан устун. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин: оила, яқинлар, умр, саломатлик ва ҳоказо. Энг муҳими, боболар уқтирган ҳикматни унутмасак бас: пул мақсад эмас, бир восита, холос. У эркин ва фаровон ҳаёт, эзгуликлар учун хизмат қилиши керак.

Манба: mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бойиш учун нима қилиш керак?...