08:37 / 05.08.2017
8 543

Иш куни сўнггида оёқлар нима учун бўртади ва унга қарши чора нима?

Иш куни сўнггида оёқлар нима учун бўртади ва унга қарши чора нима?
Оёқнинг шишиши нафақат ноқулай ва ёқимсиз. Бу баъзан соғлиқ билан ҳаммаси ҳам жойида эмаслигини англатиши мумкин.

Оёқлар ҳажми ўзгаришининг биринчи сабаби — бу танада сув тўпланиши оқибатида пайдо бўладиган шишишдир. Баъзан, ҳатто товон ва тиззалардан ташқари юз ва қўллар ҳам шишади.

Агарда бу узоқ парвоз, бир неча соат тик оёқда туриш, ҳайз вақтида кузатилиб, кейин йўқолса хавотирли жойи йўқ.

Аммо, оёқлар ҳар кечаси бўртса ёки юз эрталаб шишса, бунда қуйидаги касалликлар аломатлари бўлиши эҳтимол.

Оёқ бўртишининг сабаблари

Жароҳат
Эҳтимол, сиз бўғинга зарар етказиб, пайни чўзиб олганингиз сабабли оёқ шишган бўлиши мумкин. Бунда қон томирлари зарарланиши ҳам оғриқ жойи бўртишига олиб келади. Шундай экан, яхшиси шифокорга учрашинг.

Ҳомиладорлик
Ҳомиладор аёлларда оёқ шишиши, айниқса охирги ойларда кўп кузатилади. Агар улар унчалик ҳам сезиларли бўлмаса, қўрқинчли эмас. Аммо оёқлар ҳолати шифокор назоратида бўлгани яхши. Агар бунга бош оғриғи, кўнгил айниши, бош айланиши, нафас қисиши ҳам қўшилса, ташвишланиш керак. Бу қон босими ошгани ва ҳомиладорларга хавфли бўлган преэклампсиядан дарак бераётган бўлиши мумкин.

Лимфостаз
Баъзан танадаги ортиқча сув чиқиб кетмайди, чунки инсон танасини тозалаши керак бўлган лимфа тизими етарли даражада ишламайди. Лимфа томирлари ёки тизими қандайдир сабаб билан ишламаса шу каби муаммолар пайдо бўлади. Бу ҳолат жиддий касалликлар, саратонни даволаш ва семизликда кузатилади. Оёқ бўртишини камайтирадиган махсус даволаш курслари ва компресс қилиш керак бўлади.

Сурункали веноз етишмаслиги
Кислородни тўқималарга етказган қон вена томирлари орқали юракка қайтади. У бир томонлама клапанлар ёрдамида ортга қайтади. Клапанлар, айтайлик, ёш билан боғлиқ равишда яхши ишламаса қон оёқларда тўпланиши мумкин.

Юрак етишмовчилиги
Бунда юрак ўз вазифасини етарли даражада бажара олмайди ва қонни зарур куч билан торта олмайди. Шу сабабли қон, айниқса, оёқларда тўпланиб қолади. Бошқа симптомлар: юракнинг тез-тез уруши, жисмоний юкланишда ҳансираш (масалан, зинапоядан чиқишда), доимий чарчоқ.

Буйрак касалликлари
Буйраклар қонни тозалаб, ундаги зарарли чиқиндиларни ажратади. Агар буйрак вазифасини бажара олмай қолса, ортиқча сув танада ушланиб қолади ва пастда тўпланади. Эрталаблари юзнинг бўртиши ва кўз пастида шишлар пайдо бўлиши ҳам буйрак касаллигидан дарак беради.

Жигар касаллиги
Агар сиз сариқ касаллиги билан хасталанган бўлсангиз ёки тез-тез алкоголь истеъмол қилсангиз, жигар тўқималари ўла бошлайди. Уларнинг ўрнини бирлаштирувчи тўқима эгаллайди. У эса жигарнинг асосий вазифаси бўлган фильтрлашни уддалай олмайди. Яъни, суюқлик тўплана бошлайдива оёқ ва қорин соҳасида бўртишлар кўзга ташланади.

Хўш, бу шишларга қарши нима қилиш керак?
Биринчи навбатда унинг сабабини аниқлаб олиш зарур. Бунинг учун шифокорга учраш лозим. Унинг ташхисидан сўнг, сабабни, яъни касалликни даволаш талаб этилади. Даволаш давомида эса ўзингизга кўмак берсангиз бўлади. Дам олинг, тин олинг. Бунинг учун оёқни тепага қилиш мақсадга мувофиқ. Компресс қилувчи пайпоқларни кийиб, бўртган жойларга муз қўйинг. Бу шишларни қайтаришга ёрдам беради.

Сайр қилиш тезлигида пиёда юринг. Иш куни давомида кўп ўтирсангиз ёки турсангиз ҳаракатланиш ҳам шишларни кетказади. Доимий сайрлар яна ҳам яхшироқ натижа беради. Суюқлик ҳайдовчи (шифокор малҳамни белгулагунча) маҳсулотларни тановул қилинг. Сули ёрмаси, банан, бодом, брокколи ва лавлагини кўпроқ истеъмол қилиш ёрдам беради.

Шишлар қачон хавфли?
Оёқлар шишиб, қийналиб нафас олсангиз ва кўкрак соҳасида оғриқ сезсангиз, зудлик билан тез тиббий ёрдамга мурожаат қилинг. Бундан ташқари, бўртган жойни босиб қўйиб юборгач, чуқурча қолса, тери ёрилиб кетадигандек кўринса ҳам ташвишланиш учун асос бўлади.


Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Иш куни сўнггида оёқлар нима учун бўртади ва унга қарши чора нима?