Унинг инграганини тепасида турган — пешонасини ажин босган, сочига оқ оралаган, бошига оппоқ дока рўмол ўраб юрадиган эллик ёшлардаги Анбар опа, этаги тиззасидан бироз баланд, оппоқ юпқа спорт кийимини кийиб олган, елкасини қоплаган қоп-қора, майин сочлари тўлғониб турган Наргиза ҳам эшитди. Шу заҳоти улар бараварига дока билан ўраб-чирмаб ташланган Бобурнинг қўлларидан ушлашди.
— Болам! — пичирлади кўзидан дувиллаб ёш оқаётган Анбар опа, — ўзингга келиб қолдингми?
— Бошим! — ингради Бобур.
— Дўхтир! Дўхтир! Укам ўзига келди! Тезроқ қаранг! — жон ҳолатда бақирди Наргиза.
Йўлакда аллақандай қўшиқни хиргойи қилиб, бошини саланглатиб кетаётган Фатҳулла дўхтир Наргизанинг овозини эшитиши билан жойида таққа тўхтади. “Ваҳ-ваҳ, — ютиниб олди у, — одам боласининг овози ҳам шунақа майин, ёқимли бўладими-а, юрагим тўкилиб кетди-я. Жонимни суғуриб олдинг-ку, қизгина!”
У зўр иштиёқ билан ортига бурилиб, Бобур ётган палата томон йўрғалаб кетди.
— Ака! — деди кўзидаги ёшини кафти билан артган Наргиза, — укам ўзига келди, ҳозиргина гапирди. Бошим, деди. Боши оғриётган бўлса керак. Битта укол қилинг, қийналмасин укажоним!
“Меники-чи?! — хаёлидан ўтказди дўхтир қизнинг кўзига ҳирс билан тикиларкан, — меники қийналса майлими? Сенинг бир қарашинг адойи тамом қилди-ку мени”. Бироқ у ўйлаганини айтмади. Бобурнинг устига энгашди, бошини ушлаб кўрган бўлди, сўнг бироз ўйланиб турди-да, эндигина кириб келган ҳамширага укол қилишни буюриб, Анбар опага юзланди:
— Оғири ўтди, хола, энди хавотир олмасангиз ҳам бўлаверади, ўғлингиз тезда тузалиб кетади.
— Худоё худованда, айтганингиз келсин, илойим, тузалиб кетсин, булар яшамаса менинг яшашимга ҳожат йўқ, шулар учун ер босиб юрибман-да, — деди Анбар опа кўзида ёш билан.
— Хола, куйинманг, ҳали бир невараларингиз бўлсин, кўзингизни қувнатади… Ҳа, айтганча, ҳозирча битта одам қолиши керак.
— Ўзим қоламан, — деди Анбар опа дўхтирнинг гапига жавобан.
Фатҳулланинг ранги гезарди. У қиз қолса керак, деб ўйлаган эди. Ўйлагани чиқмагач, Анбар опага бироз термилиб турди-да, чиқмаган жондан умид қилиб:
— Кечаси ухлаб қоладиган одатингиз йўқми? — деб сўради қаншарини қашлаганча.
— Ўлибманми ухлаб, болам бир аҳволда ётади-ю, менинг кўзимга уйқу келарканми?
Фатҳулла чуқур хўрсиниб хонани тарк этди.
— Ойижон, менам сиз билан бирга қолай, дўхтир айтганидай, мабодо ухлаб қолсангиз, укам бечора…
— Қўй, қизим, — Наргизанинг гапини бўлди онаси, — бир кеча минг кечамиди! Яхшиси, сен эртага қоласан, навбат қиламиз.
«Бемор сал безовталанса, мени чақирасизлар», деб айтиш баҳонасида, аслида Бобурнинг гўзал опасининг шаҳло кўзларига яна бир карра боқиб, роҳатланиш мақсадида ортига қайтган Фатҳулла эшикка яқинлашган кез Анбар опанинг гапларини эшитди ва ширин энтикиб қўйди-да, изига қайтиб, бош врачдан навбатчилигини эртага қолдиришга рухсат сўраш учун шошди.
* * *
Йигитларининг сонини йигирмадан ошириб, хизматларидан усталик билан фойдаланаётган Халил бойвачча ҳашаматли ҳовлисининг қоқ ўртасидаги фавворага тақаб қўйилган чорпоя устида кўзини юмганча ширин хаёллар оғушида пар ёстиққа ёнбошлаб ётарди.
— Адажон! — кичкина қизининг бақирган овозидан унинг хаёли тўзғиб кетди.
— Нима гап? — деди бойвачча паст овозда, ўрнашиброқ чўзиларкан.
— Ваъдангизни эсингиздан чиқариб қўйдингизми? — деди қизи қўнғироқдай овозда.
Қизининг ажнабийча кийиниб олгани Халил бойваччанинг асабини бузди. Аслида ўзи кўча-кўйда очиқ-сочиқ кийиниб юрадиган қизларни кўрса, кўзи ўйнаб суқланиб қарар эди. Аммо ҳозир қизининг туриш-турмуши унга мутлақо ёқмади. «Менинг қизимга ҳам бошқалар шунақа қараса керак», деган фикр кечди хаёлидан.
— Одамга ўхшаб кийинсанг бўлмайдими, қизим? — деди у норозиланиб.
— Адажон, — Лазокат биланглаб унинг ёнига югуриб келди. — Сиз замонавий одамсиз, катта бизнесмен, бойсиз. Сизнинг қизингиз “дурандулетча” кийиниб юрса бошқалар нима дейди? Шундай одамнинг қизи замондан орқада қолиб кетибди, демайдими? Кейин ўзингиз уялиб қоласиз.
— Юз марта, майли, минг марта уялай! Кўчага чиқолмай қолай, агар сенинг одамга ўхшаб кийиниб юришинг уят саналса… Ўн саккизга кирдинг, ҳадемай, эшигимизни совчилар қоқишади. Улар сени бу аҳволда кўришса…
— Вой адажониси-ей, қаёқдаги гапларни гапирасиз-а, — Халил бойваччанинг хотини Мўътабархон эшикни очиб ташқарига чиқиб келди. — ёш нарса, тенқурларидай ўйнаб-кулай дейди-да. Қўйинг, майли, сизнинг давлатингизнинг соясида яйраб қолсин. Куёвга бериб юборсак, кейин эри нима деса шуни қилади.
— Ҳа, хоним, сиз шундай деб турганингиздан кейин булар менинг гапимни олармиди, билганидан қолмайди-да. Қиз бола дегани сал ўзини тутиб юриши керак, — тутақиб кетди бойвачча ва ўрнидан туриб, отилиб турган фаввора сувида юзини ювди.
Лазокат норози қиёфада онасига юзланди. “Қўявер, ҳали ўзим ақлини киритиб қўяман”, қабилида қўлини силтади Мўътабархон. Унинг бу ҳаракатидан руҳланган қиз баттар тантиқлашди:
— Адажон, ваъдангизни эсингиздан чиқариб қўйдингизми?
— Нима ваъда берувдим, қизим? — деди қизига киноя қилиб нозли оҳангда ота.
— Бугун машина олиб бермоқчийдингиз-ку!
— Оббо, — дея пешонасини ушлади Халил бойвачча, — ҳали бунисиям бормиди? Қачон ваъда берган эканман, қизим, нимагадир ҳеч эслолмаяпман!
— Ойижоним айтдилар, эртага қизингга мошина олиб бераман, деганмишсиз-ку. Правам бўлса, бошқалардан нимам кам, нуқул автобуснинг сассиқ салонида юравериш жонимга тегиб кетди. Обери-и-инг, хўпми-и-и?! — Лазокат отасининг елкасига осилиб, сочини силай бошлади.
Халил бойвачча эслади. Кеча тунда хотинини бағрига босиб, ўткир хушбўй атир ҳидидан тўйиб-тўйиб ҳидлаб: “Қизимга ҳам битта мошина оберсам, яйраб юради-да”, деганди. Кайф устида айтганди бу гапни. Ўшандаям Лазокатга эмас, университетда ўқиётган, ақлли, ўзи доим: «Очиқ-сочиқ кийинмайди», деб мақтайдиган камгап катта қизи Нилуфарни назарда тутганди. Бироқ фаросати ўзига яраша хотини Мўътабархон арзандасига бу гапни оқизмай-томизмай етказибди-да. Катта қизи эса хаёлининг бир чеккасига ҳам келмабди. Йўқ, Нилуфарни ҳам у туққан. Фақат катта қизини қайнонаси, арзандасини ўзи тарбиялаган. Катта қизи ақлли, гоҳида онасининг гапидан, ишидан камчилик топади. Элликни қоралаб қолганига қарамай, упа-эликни қалин қилиб суриб, бўй етган қизлар билан тенглашишга уринадиган Мўътабархон катта қизини «ақли кўплиги» учун ҳам унча хушламасди. Шу боис, кийимларнинг энг олди Лазокатники бўларди. Оғир-босиқ Нилуфар эса, онасининг қилиқларига кулиб қўя қоларди. Айни шунинг учун ҳам Нилуфарни Халил бойвачча яхши кўрарди. Бу эса, бир оиланинг иккита «фронт»га бўлиниб қолганини кўрсатиб турарди.
— Правани қаердан олдинг? — сўради бойвачча ҳайрон бўлиб қизидан.
— Адажон, ҳозир бунинг йўли жуда осон, ўзингиз бизнесменсиз, яхши биласиз. Икки юз эллик «кўк»идан ташласангиз, хоҳлаган “учебний центр” тўғрилаб беради.
— Ҳа, шунга қолганда ақлим етмабди-да. Хўш, қаердан бошламоқчисиз?
— Нимани?! — ажабланди Лазокат.
— Ағдаришни-да, қизим. Уйданми ёки столбаданми, нимадан? — деди бойвачча киноя билан.
— Адажон, ҳайдашни биламан. Анави югурдагингиз бор-у, Дониёр, ўша ўргатган.
— Тушунарли, — деди ота чуқур хўрсиниб, — сен ҳозир уйга киравер, кейин гаплашамиз.
— Алдамайсиз-а, оберасиз-а? — дея Лазокат жойидан жилмай эркаланиб тураверди.
— Ҳали яхшилаб ўйлаб кўрамиз. Ундан кейин, аввал опангга оберамиз, тағин бир-икки йил ўтса, балки сенгаям насиб қилиб қолар.
Лазокатнинг қошлари чимирилиб, узун киприклари пирпиради ва кўзлари жиққа ёшга тўлди. Шу алпозда бироз отасига чақчайиб қараб турди. Кейин кафтлари билан юзини бекитганча ҳўнграб йиғлаб уйга кириб кетди. Ҳаммасини кўриб-кузатиб турган Мўътабархон жиғибийрон бўлиб эрига бақирди:
— Нима бало бўлган сизга?!
— Ўчир! — деди бойвачча хотинига ўшқириб, — ҳаммасига сен айбдорсан, эркалатиб юборгансан!
Халил бойваччанинг важоҳати тизгинсиз эди, кимдир унга гап қайтарса, тамом — қутуриб кетар, кейин кўзига ҳеч нарса кўринмай қоларди. Мўътабархон тилини тийди. Бошини эгиб бироз каловланиб турди-да:
— Чой дамлаб келайми? — деди синиқ овозда.
— Яхшиси, қорангни кўрсатма, — деди бойвачча ва ёстиққа бошини қўйиб, кўзини юмди.
Мўътабархон эрига еб қўйгудек бўлиб қараб қўйди-да, қайрилиб уйи томон кетди. У зиналарни оғир босиб кўтарилаётганида:
— Ҳамро қани? — дея сўраб қолди Халил бойвачча.
— Бозорга жўнатгандим. Ҳали-замон келиб қолар, — жавоб қилди Мўътабархон рўйхуш бермай.
Шу пайт дарвозанинг кичик эшиги очилиб, ҳовлиққанча Бердимурод кириб келди. У бойваччанинг ўнг қўли ҳисобланар, нимаики нозик юмушлар бўлса барисини бир ўзи эпларди. Бўлар-бўлмасга хўжайинини безовта қилмас, қалтис вазиятлардагина: “Маслаҳатингиз керак”, деб келарди. Зарур пайтда бойваччанинг ўзи уни чақириб оларди.
Бердимуроднинг туйқусдан пайдо бўлиши бойваччани сергак торттирди. Унинг юзидан аллақандай ташвиш аломатлари сезилиб турарди.
Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)
Манба: www.hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда