00:04 / 18.09.2017
7 208

Омонат ғор сири (9-қисм)

Омонат ғор сири (9-қисм)
Негадир Халил бойвачча ёзилиб ўтира олмади, нозланиб кириб-чиқаётган Нигоранинг қилпанглашлари бугун унга бачкана туйилди. “Эрта бир кун, қизим ҳам ким биландир шундай қилиб юрса-я”, деган ўй кечди бойваччанинг миясидан ва суйкалаётган жувонни кўкрагидан итарди.

— Во-ой, — деди Нигора тантиқланиб, — қилиғингиз ғалати, нима бало, жийда-пийданинг тагидан ўтиб келяпсизми? Ёки мени севмай қўйдингизми?

— Сен аввалгидай жоннинг роҳатисан. Бироқ ҳозир кўнглимга қил ҳам сиғмаяпти…

— Унда чўзилиб озгина дам олинг. Ўзим силаб-сийпаб ухлатай. Кўнглингиздаги чигал дарров ёзилиб кетади.

— Эринг кеп қоса-чи?

— Кемайди. Унга хотин керакмас, иш бўса бўлди.

— Балосан, Нигор. Қара, неча йилдан бери мушукдай миёвлашамиз-у, биров сезмади-я. Ишинг пухта сенинг.

— Билишини хоҳлайсизми?

— Нималар деяпсан!

— Шунақасизлар-да сиз эркаклар. Биз аёлларнинг жонига тўзим берсин, ҳаммаёқни эплаймиз.

— Бир нарсани ҳеч тушунмайман. Эрингдан ёшим анча катта бўлса, “ҳаракат”ларимам кўпга чўзилмайди. Лекин нимага менга илакишиб юрибсан? — деди Халил бойвачча жувонга зимдан тикилиб.

— Биринчидан, мен сизни севиб қолганман. Иккинчидан, гап ётиб-туришда ҳам эмас. Аёл мушукмижоз, кўпроқ эркалашни ёқтиради. Нормат акам ёш бўлгани билан сиз ўйлагандаймас. Тўғри, топиш-тутишидан нолимасаям бўлади. Лекин “иш”га нўноқроқ…

Бойваччанинг миясига яна бояги ўй урилди: “Лазокат ҳам бир куни…” У ўрнидан сапчиб туриб кетди.

— Ҳа-а, нима бўлди тағин? — деди Нигора ажабланиб.

— Мен кетдим. Бир жойга боришим керак эди, эсимдан чиқибди, — деди Халил бойвачча хаёлига келган баҳонани айтасолиб.

— Бунақа қилмасдингиз-ку, ишларингизни битириб кейин келардингиз.

— Шунақа бўп қолди бугун, — дея бойвачча эшик томонга юрди.

У зинадан тушиб машинасига ўтирган чоғда Нигоранинг эрига кўзи тушди: у шошганча ҳозиргина Халил бойвачча чиққан йўлакдан уйига кириб кетди. “Хайрият, — ўйлади Халил, — худо бир асради”. Шошиб машинасига газ берди. Серқатнов йўлга тушиб машинани бир четга олди-да, тўхтатди. Унинг уйига боргиси келмас, дўконларини айланишга ҳам ҳафсаласи йўқ эди. Бойвачча ўзини жуда ёлғиз ҳис этди. Тагида қимматбаҳо машинаси, данғиллама уйи бор, кўнгли тусаган нарсага қўли етади, бироқ ҳозир кўнглини оладиган бирор яқини йўқлигини сезди. Бу Нигоранинг ҳам қўлидан келмасди. “Жонга тегди бариси, — сиқилди бойвачча, — шунча мол-дунём бор-у, кўнгил ёзиб маишат қилишниям билмайман. Ўйнашимникига ўғри мушукдай кириб-чиқаман. Бу юришимни бирови билса, устимдан роса масхаралаб кулса керак. Ўл-а, қурумсоқ, шаҳарнинг четроғидан уй қилиб қўйсанг, асаканг кетармиди, дейиши тайин… Қаерга борсам экан? Тўхта, анави лўли қайси гўрдайкан?” У чўнтагидан телефонини олиб, рақам терди.

— Алло? — деган қўпол овоз эшитилди.

— Излаганда ернинг тагиданам топиб бўлмайди-я, — гапни ўпка-гинадан бошлади Халил бойвачча.

— Сан қидирдингми-ей маний? — пичинг қилди Барон.

— Беш марта қўлингга телефон қилдим. Кўтармайсан, — ёлғонлади бойвачча.

— Ман билмадий. Телефон жим.

— Қаердасан?

— Ўтирийбман, қўйний ейиб, оппоққинасийний кўкрагийа бошиймни қўйийб, «Жука» туйнигийда!

Халил бойваччанинг Баронга ҳаваси келди. “Шуники мазза, ғам-ташвиши йўқ, тараллабедод қилиб юрибди. Биров мушугини пишт демайди. Бир ҳисобдан шуники ҳам тўғри экан”, — кўнглидан ўтказди Халил.

— Ҳозир бораман. Гаплашадиган гаплар чиқиб қолди.

Бароннинг “Жука” кафеси анча олис — машинада икки соатча йўл. Барон кафеда кам бўлар, онда-сонда, яйрагиси келиб қолса борарди.

Дарвоза олдида уни Бароннинг ўзи кутиб олди. У Халил бойваччанинг келишига дастурхонни янгилатган, сархил мева-чеваларни қўйдирганди. Бойваччанинг кўзи қувнади, Баронга ҳаваси икки карра ортди.

Улар икки қадаҳдан ароқ ичишди, кайфиятлари кўтарилган маҳал бир йўла тўртта сариқ сочли қиз кириб келиб, иккиси Бароннинг ва яна иккиси Халил бойваччанинг орқасида турди.

— Булар едириб-ичириб қўядими? — кулди бойвачча.

— Конечно, — деди Барон чап кўзини қисиб, — ийш кейин. Олдин буларний кўнглиний олайлик, ако Халил.

— Бизнинг ёшимиз қайтган, биттасиям бўлаверади, — деди Халил бойвачча.

— Ако Халил, ундоқ айтсангийз уят бўладий. Сийз ёшсийз.

Лўлининг гапидан кейин енгил кулги кўтарилди. Бойвачча орқасида турган нозанинлар билан яйраётганида туйқусдан қизимни эслаб қолмай, деб Бароннинг илтифотини кутмай қадаҳини икки марта тўлдириб сипқорди. Кайфи таранглашди, безовта ўйлар хаёлидан кўтарилди. Сариқ сочли жононларни белидан қучиб, Барон кўрсатган “гўшанга”га равона бўлди… Кўнгли ёзилган бойвачча бироз толиққанини сезди ва чўзилиб анча вақт қимирламай ётди. Ташвишларни тамом унутиб, танида ҳузур-ҳаловатни ҳис этди. Кейин мириқиб чўмилиб чиқди-да, Барон билан ичкиликбозлик қилган хонага қайтди.

— Қанийди, ҳар кунинг шундай ўтса… — деди у қартани чийлаётган лўлилар “қирол”ига.

— Бўладий, озгина иш, кейин маишат, — деди Барон бошини кўтармай.

Лўлининг бошини кўтармай гапиргани бойваччага оғир ботди. “Ким бўлибсанки мен билан бунақа гаплашасан? Падарингга лаънат, тиланчи, ялоқхўр!” — дея уни ичида яниди.

— Тўғри айтасан, иш эсдан чиқмаслиги керак. Аммо охирги пайтлар ишнинг мазаси қочди-да. Банкка пул бормай қолганига ҳам анча бўлди-ёв, — деди Халил бойвачча.

У Швейцария банкидан ўзига ҳисоб рақами очган, топган пулини Россияга, ундан тўғри ўша ҳисоб рақамига ўтказарди. Жамғармаси миллионнинг тагига бориб қолганди.

— Бу сафаргисий қийинроқ, ако Халил, — деди Барон, — партияний клент кутгон, бийз жўнатолмагон. Танийш керак, ако Халил.

— Мол қаерда? — деди бойвачча жиддийлашиб.

— Тожикестонга.

— Кўпми?

— Иккий қоп.

— Кўп. Ўзбекистон орқали ўтказиб бўлмайди. Аввал Туркманистонга ўтказиш керак. У ерда йўл бор.

— Сизга одам бормий Туркманистонга?

— Топамиз.

— Бийр ҳафта.

— Муҳлат кам.

— Сийзга ёрдам берадиганлар бор, — деди Барон ва бўсағада икки қўлини кўкрагига занжир қилиб турган йигитга ишора қилди.

Орадан бир ҳўплам чой ичгунча вақт ўтмай, узун-қисқа, семиз-ориқ етти нафар йигит кириб келди. Уларнинг жуссаси ҳам, афт-ангори ҳам турлича эди. Бойвачча эринмай уларга бирма-бир назар солиб чиқди. Турқларининг совуқлиги унга маъқул тушиб, “Булар билан иш қилса бўлади”, деган қарорга келди. Барон атай қараб кўриб қўйсин, деган маънода орага гап суқмади, зимдан бойваччани кузатиб, юз-кўзидаги ўзгаришни илғамоқчи бўлди. Бироқ Халил бойвачча шумлик қилди. У бу пайтда рўпарасидаги одамни синчиклаб ўрганар, кўз қарашларини эса яшира биларди.

— Булар камлик қилмайдими? — деди бойвачча “иш”ини якунлагач.

— Ако Халил, ўзингийзний одам бор-ку, қўшасийз, — мийиғида кулди Барон.

Шу пайт костюм-шим кийиб, бўйинбоғ таққан, сочини тап-тақир қилиб олдирган йигит хонага югуриб кириб, Бароннинг қулоғига шивирлади. Лўлининг ранги бироз ўзгарди, кўзларини юмиб бошини қимирлатди. Халил бойваччанинг кўнглига шубҳа оралади. “Нима қилишмоқчи булар? Мабодо мен ҳақимда бирор ножўя гап топиб келмадимикан бу кал?” — хаёлидан ўтди унинг. Хабарчи қаддини ростлади, Барон қўли билан “Олиб кел”, дея ишора қилди.

Тақир бошли йигит югургилаб ташқарига чиқиб, қўлида катта елим халта кўтариб кирди.

— Оч! — деди Барон қўлини асабий сермаб.

Йигит халтани тагидан ушлаб бир силтаган эди… қонга бўялган одам боши “тап” этиб ерга тушиб думалаб кетди. Халил бойваччанинг кўзлари косасидан чиққудай олайиб, вужудига титроқ кирди…

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (9-қисм)