10:10 / 22.09.2017
6 649

Омонат ғор сири (18-қисм)

Омонат ғор сири (18-қисм)
Бердимурод шотирларини, келишилгандай, ҳалқа йўл бўйидаги чойхонада кутиб олди. Касалхонадан қочишганда тумтарақай бўлиб кетган нашавандлар узун-қисқа бўлиб, олдинма-кетин кириб келишди.

— Сенинг олдингда уятли бўп қолдик, — деди Мансур келган заҳоти. — Ишни эплолмадик.

— Мен сенларни боқиб семиртираман, деб ваъда бермаганман, шекилли, — Бердимурод қовоғини уйди.

— Ўзинг кўрдинг-ку. Кейин, буйруқниям ўзинг бердинг.

— Шефга нима деб жавоб қиламан энди?

— Тинчитдик, деб қўя қол, шеф хабар топгунича, барибир, ишни ҳал қиламиз. Қай гўрдан келиб қолди анавилар?

— Агар билганимда ҳозир бунақа қилиб ўтирмасдим, — деди Бердимурод ва чўнтагидан сигарета чиқариб лабига қистирди. — «Мент»ларга ўхшамади, улар бундай келмайди.

— Буниси аниқ, мен деразадан ичкарига қараганимда Дониёрнинг палатасида иккита қиз билан дўхтир кўринди. Анави, бизга ўхшаб ниқоб кийиб олганлар иккита қизни елкаларида кўтариб кетишди. Ўз кўзим билан кўрдим, — деди Мансур.

— Демак, ўша қизлардаям ишкал бор. Аввал уларнинг нега Дониёрнинг олдига келганини, кейин ким уларни олиб кетганини аниқлаш керак. Энди, оғайнилар, шу ишларни қилмагунимизча ҳеч ким тинчимайди. Мен қолганларга айтаман, уларам ҳаракатга тушади. Ҳозирча ҳамманг инингда босиб ўтир. Бировингдан ментлар хитланиб қолса, каллангни оламан. Кейин менинг олдимда қарздорликларинг эсларингдан чиқмасин.

Бердимуроднинг гапидан нашавандларнинг бошлари эгилди. Кайф хуруж қилган пайтда улар ўзларидан кичкина гўдакнинг қошидаям бош эгишга тайёр туришарди.

— Бўпти, сурларинг, эртага вазиятга қараб ўзим телефон қиламан. Қараларинг, агар биронтангни вақтида тополмасам, “овқатсиз” қоласан.

— Ҳозир қиттак-қиттак уриб олмаймизми? — хавотирланиб сўради Эгамқул. Унинг афт-ангоридан от ҳуркади: Башараси ҳуснбузарга тўлган, ориқлигидан елка суяклари бўртиб чиққан. Қошларининг қалинлиги бошбармоқдай, гапирганда бурнининг катаклари кўтарилиб тушади. У Бердимуроднинг айнан шу гапидан безиллаб турганди. Чунки дори оладиган вақти бироз ўтаётганидан уни қалтироқ тута бошлаганди.

— Яна текинга-я, иштаҳанг очилиб кетаяптими?!

— Қарз бўлсам жоним гаровда!

— Бўпти, ҳозир озгинадан оласанлар, — мурувват кўрсатди Бердимурод нашавандларга бир-бир қараб чиқиб. Шотирларнинг юзида табассум пайдо бўлди.

Бердимурод хожасиникига кириб борганида, Халил бойвачча ҳали-ҳануз зинада ўтирарди. Уни бундай аҳволда кўрган Бердимуроднинг ичидан зил кетди.

— Келдингми? — деди хаста овозда Халил бойвачча.

— Хўжайин, тинчликми? — деди Бердимурод ҳайратини яширолмай.

— Нима, бу ерда ўтириш мумкинмасми?

— Йўқ, энди…

— Ишни нима қилдинг?

— Тинчитдик.

— Ҳеч ким хитланмадими?

— Ими-жимида.

— Бўпти, уйга кир, — бойвачча унинг қўлига таяниб ўрнидан турди.

Улар хожанинг иш хонасига киришди. Хизматкор аввал чой, кейин майда-чуйдалар билан бирга ароқ келтириб қўйди.

— Мен тўй қилишни ўйлаб қолдим, — деди бойвачча қадаҳларни ароққа тўлдираркан. — Нима дейсан, бошлайверсам бўладими, йўқми?

— Зўр-ку, — деди ўзини мажбурлаб, бироз ҳуши бошидан учган Бердимурод. Халил бойваччанинг ўғли йўқ. Демак, қизларидан бирини турмушга узатади. Албатта, Нилуфарни. Чунки уни эрга бермай туриб, Лазокатни узатиши урф-одатга зид. — Нилуфар сингилчага совчи келдими?

— Манавини ол, — бойвачча жавоб қилишга шошилмай ароқ қуйилган қадаҳга ишора қилди, кейин тўқиштирмай ўзининг қадаҳини бўшатди-да, ликопчадаги тўғралган помидордан бир бўлакни оғзига ташлади. Бердимуроднинг вужуди қулоққа айланиб хожасининг оғзини пойларди. Бойвачча эса баҳузур оғзидаги насибасини чайнаш билан овора.

— Совчи бизникига келгани йўқ. У сеникига боради, — деди луқмани ютиб, томдан тараша тушгандай.

Бердимурод тош қотди, у бойваччанинг гапларига мутлақо тушунмаётганди. Ёрдамчисининг довдирашига бойвачча кулди. Кейин салмоқ билан гап бошлади:

— Бердимурод ука, сен билан анчадан бери биродармиз. Нимаики топсам, сенинг ҳақингниям дарров ажратиб бераман, худди ота-ўғилдай бўп кетдик. Бугун тунда ўйлаб қарасам, ўзимга меросхўр керак экан. Биласан, сингилларинг барибир қиз болалигига боради. Уларни бегонага узатсам, мисқоллаб йиққан обрўим ҳам, мол-давлатим ҳам шамолга совурилади. Шунга… сени ўзимга ўғил-куёв қилиб олсам, дегандим… Сен нима дейсан?

Бердимуроднинг боши эгилди. Қувонганидан юраги тошди. Айни дамда кўп йиллардан бери унутилиб кетган уят туйғуси ҳам унинг қалбига бир зумгина меҳмон бўлди, юзи қизарди.

— Нилуфар, — гапини давом эттирди бойвачча, — ўқийди. Ҳали-бери уни турмушга узатолмасам керак. Лазокатни…

— Лазокат?!

— Нега ҳайрон бўлаяпсан?

— Энди… Ҳалиги, катта қиз қолиб, кичкинаси…

— Ҳамма гап шунда-да. Аслида Нилуфарни узатиб, яна бир икки-йилдан кейин синглисини эрга бериш ниятим бор эди. Қарасам, аҳвол чатоқ. Ҳар куни уйни совчи босади. Тузукроқ одамлардан келса қанийди. Ҳаммаси тутуруқсизлар. Уларга бергандан кўра, қариқиз қилиб уйда сақлаганим афзал… Тағин ўйланиб қолдим. Лазокат ҳали ёш, мисоли новда, қайси томонга эгсанг, эгилиб кетаверади. Яна битта-яримтаси йўлдан уриб, бетайин одамлар билан қуда бўлиб қолмай, ҳар қалай, сен ўзимизникисан. Нима дейсан шунга?

Бердимурод буткул довдираб қолди. Бўлғуси қайнотасига нима деб жавоб қилишни билмас, кўнгли қандайдир нохушликни ҳис этиб турарди.
* * *
— Оппоқ қийз, — Бароннинг кўзлари ўт бўлиб ёнарди. — Энди манга меҳмонсийз.

Наргизанинг тили мумланиб қолгандай, у рўпарасидаги бадбашара кимсанинг ютоқиб суқланаётган кўзларига бардош беролмай, каравотга суяниб қолди.

— Барон?! — деди Лола ҳайратини яширолмай.

— Сизний топдийм охийр, — Барон ўрнидан секин қўзғалиб, қизларга яқинлашди. Юраклари қинидан чиққудек тез ураётган қизлар жон ҳолатда бир-бирининг пинжига тиқилди. Буни кўриб Бароннинг завқи тошди. Шу зумда иккаласини ҳам бағрига босиб, лаззат олгиси келди.

— Яқинлашманг! — зорланди дағ-дағ титраётган Наргиза. — Ҳозир милиса чақирамиз!

— Ҳе-ҳе-ҳе, милиса девопсанмий? Ман милиса. Лола манга хотийн, сан “любовница” бўласан! Бугун тўй қиламийз, — Барон қоп-қора косовдай қўлини узатиб, қизларнинг иякларини тутди ва секин ўзига торта бошлади. Қизлар ҳушни йўқотгудек аҳволга тушишди. Шунда Лоланинг миясига бир шумлик келди: у бор кучини ўнг оёғига йиғиб, товони билан Бароннинг қорнига тепди.

— Вой, мочағар! — оғриқнинг зўридан бўкириб юборган Барон ортига тисарилганча букчайиб қолди. Қизлар жойларидан сапчиб туришиб, Баронга ташланишди. Лола унинг сочига чанг солди, Наргиза эса юзини тимдалашга тушди.

— Оғийр нарсаний топ! — чинқирди Лола. — Бошийга…

Аммо у гапини охиригача айтолмади, шовқин-сурондан хабар топган Бароннинг шотирлари отилиб киришди. Бири Лоланинг сочидан бураб тортди, иккинчиси Наргизанинг биқинига тепди. Умрида калтак емаган қиз: “А-а!” дея чинқирганча ерга қулади. Сочига қўшилиб бошининг териси ҳам шилиниб кетгудай бўлган Лола оғриқни ҳам унутиб, дугонасининг ерга қапишиб қолганини кўрди-ю юраги «шиғ» этиб кетди.

Ўзига келгач, Барон қутуриб кетди. У Лолага ишқини ҳам, қизнинг гўзаллигини ҳам буткул унутди, гўё қаршисида ашаддий ёв тургандай эди. Барон девордаги гиламга осиғлиқ турган қамчини қўлига олди. Қамчи илиб қўйилган жойда ўткир қилич олмосдай совуқ ялтираб турарди.

Елкалари, бели аралаш шувиллаб урилаётган қамчи зарбидан лўли қиз чинқириб юборди ва ерга ўтириб қолди. Бўйнига, кейин очиқ баданига келиб тушган зарбалар Лоланинг жонини суғуриб олаёзди — кўз олди қоронғилашди. Баданининг оппоқ териси шилиниб, қон сизиб чиқди, қамчининг кейинги «сийлов»ларини Лола эслай олмади…

Бу пайт Наргиза биқинидаги оғриқдан ўзига келолмай, ерда ғужанак бўлиб ётарди. Барон унинг тепасига келиб, бир зум қараб турди-да, кейин қўлини даст кўтариб, қамчини ишга солди.

Қизларни савалаб ҳолдан тойган Барон кўзи қонга тўлиб, аслида уйини безаш учун отнинг калласидай пулга сотиб олган қиличига ёпишди. Буни кўрган шотирларининг кўзлари қинидан чиқиб кетаёзди.
* * *
Бобур жойида ётолмади: у тинимсиз типирчилар, бақирар, йиғларди. Аммо ҳадеганда унинг ҳолидан хабар оладиган бўлмади. Врачни ҳушидан кетказиб, опаси билан лўли қизни олиб кетишди-ю, ҳаммаёқ сув қуйгандай жимиб қолди, худди бўрондан кейинги сокинликдай.

Ниҳоят палатага ҳарсиллаганча дўхтирлар, улар ортидан ҳамширалар югуриб киришди. Дўхтирларнинг иккитаси Фатҳулланинг томирини ушлаб кўриб, уни ўзига келтиришга урина бошлашди. Биттаси эса Бобурнинг атрофида гирдикапалак бўлди. Орадан ҳеч қанча ўтмай шифохонани милиционерлар босиб кетди. Улар Бобур ётган палатага кирмоқчи бўлишди. Аввалига шифокорлар беморни сўроққа тутишларига йўл қўйишмади. Аммо вазият қалтис эди. Қизлар ўғирланган, врачга шикаст етказилган… Тезкорлик билан ҳаракат қилинмаса, қизларнинг ҳаёти барбод бўлиши мумкин. Шу боис, врачлар бош терговчи билан унинг ёрдамчисига Бобурни сўроқ қилиш учун рухсат беришди. Жабрланувчи Фатҳулладан тузук-қуруқ жавоб чиқмади. “Мен палатадан чиқмоқчи бўлиб эшикни очганимни биламан, кимдир пешонамга бир нарса билан урди. Шундан кейин ҳеч нарсани эслолмайман”, деди у. Ҳамширалар ниқобли одамларни кўришганини айтишди. Лекин уларнинг қай йўл билан бу ерга киришгани, нега қизларни олиб чиқиб кетишгани қоронғи эди. Қоровулдан ҳам тузукроқ маълумот ундиришнинг иложи бўлмади. Умид ёлғизгина гувоҳ Бобурдан эди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ


(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (18-қисм)