Бироқ у ташвиш қилмаса ҳам бўларди. Бердимурод унинг жувонлигини билса-да, уйланишга мажбур, чунки Халил бойваччанинг ҳукми шундай. Фақат эрта бир кун бойваччанинг иши терсига кетиб ёки ўзига бирон нима бўлса, Бердимурод: “Сен менгача жувон бўлгансан”, дея ғавғо кўтариб юрмаслиги учун бу найранг Лазокатга керак эди, холос.
Уйига етиб борди-ю, аммо дарвоза ёнида узоқ туриб қолди. Қўнғироқни босавериб қўллари толди, бирор зоғ эшикни очай демади. Сумкачасини ағдар-тўнтар қилди, аксига олгандай, калити йўқ эди. Ниҳоят Лазокатнинг сабр-бардоши тугаган маҳал узоқдан секин одимлаб келаётган Нилуфар кўринди. Унинг қадам босишини кўриб Лазокатнинг қони қайнади. “Ўлиб қоладими илдамроқ юрса?” деди у ўзига-ўзи.
— Опа-а! — деди Нилуфар яқинлашганида жаҳл билан. — Намунча, оёғингизга хина қўйганмисиз, кутавериб кўзларим тешилди-ю!
— Қайси гўрда юргандинг?! — Нилуфар синглисига нафрат билан тикилди.
— Дугонамникидайдим, намунча қовоқ-тумшуқ қилмасангиз? Ўзи калитим уйда қолганига хунобим ошиб кетди. Камига сиз ҳам…
— Нима мен?.. Дугонангникида кечаси пишириб қўйибдими? Расво қиз бўлдинг-да ўзи…
— Ни-ма?! Нима дедингиз?! — ютиниб олди Лазокат. — Нега мени ҳақорат қиласиз? Катта бўлсангиз… Ҳали шошмай туринг, ойижоним келсинлар!.. Очинг ундан кўра дарвозани…
Нилуфар синглиси кўзига ёш олиб лўлилик қилаётганини сезиб турар, бундан баттар ғазаби тошарди. У илкис ҳаракат қилиб бежирим сумкачасидан калитини чиқарди ва дарвозани очди. Ичкарига киргунча сабри чидамай, қўни-қўшнининг кўзидан, ҳар хил гап-сўзидан чўчиб ўтирмай, синглисининг билагидан чангаллаб тортиб, ичкарига итариб юборди.
— Вой, қўлим! — Лазокат бўсағадан ҳатлаб ўтиб кетди.
— Бу ер ҳам бўлмайди, — деди Нилуфар синглисидан анқиётган бадбўй ҳиддан кўнгли беҳузур бўлиб, шубҳаси ортганча. — Уйда ҳозир сен билан яхшилаб гаплашиб қўяман!
Лазокат ётоққа киргунича уч-тўрт марта Нилуфарнинг турткисини ейишга улгурди.
— Энди гапир, сингилжон, — сумкачасини диван устига отиб юбориб, Лазокатнинг устига важоҳат билан бостириб кела бошлади Нилуфар. — Қайси дугонангникида ароққа чўмилдинг?!
Лазокат довдираб қолди. Тили айланмай орқасига тисарила бошлади.
— Опажон!.. Гулиларникида, туғилган кунда…
— Ёлғон гапирма, қаердайдинг?! Ҳозир сўйиб ташлайман, тўғрисини айт!
— Айтдим-ку…
Нилуфар сумкачасини олиб ичидан қўл телефони чиқарди-да:
— Номерини айт! — деди қаҳрли қиёфаси ўзгармай.
Лазокат тутила-тутила рақамларни айтар, Нилуфар эса бармоқлари асабий титраб терарди. “Эй Худо, ойим тезроқ келиб қолсайди”, ичида илтижо қиларди Лазокат.
Телефонга ҳеч ким жавоб бермади.
— Алдадингми? — кўзи ғазабдан чақнади Нилуфарнинг.
— Опажон, уйларида ҳеч ким йўқдир. Чиқиб кетишгандир бирон жойга.
Лазокатнинг ёлғон гапираётганини Нилуфар ич-ичидан сезиб турар, кўнглида синглисининг бошқа ишлар билан шуғулланиб юрганига шубҳа қилмаганди. У аламига чидолмай қўлидаги телефонни синглисига қарата отди. Мўлжал бехато олинганди — Лазокат бошини чангаллаб:
— Вой, ўлди-им! — дея қичқирганча ўзини гилам устига ташлади.
Шу маҳал Мўътабархон дарвозани очиқ қолдирган хизматкорнинг гўрига ғишт қалаб, уйга кириб келган, Лазокатнинг чинқирганини эшитиб, жойида таққа тўхтаганди.
— Нилуфар! Лазокат! — бақирди у қизларининг ётоқхонаси томон югуриб келаркан.
Нилуфар синглисининг бошида:
— Айтасанми-йўқми?! — дея ўдағайлаб турарди.
— Нима гап?! — бақирди Мўътабархон катта қизи Лазокатнинг тепасида муштини дўлайтириб турганини кўриб кўзлари косасидан чиққудек бўлиб. — Нима қилаяпсанлар?! Нега буни ураяпсан, мегажин?!
Нилуфар қаддини ростлаб, аламидан кўзлари ёшга тўлиб онасига қаради:
— Бу ҳайвон, ҳозир келди, оғзидан ароқ сасиб ётибди!
— Унда ўлдир! — деди онаси оғзидан кўпик сачратиб. — Нима қиласан қаерда юрганини суриштириб? Пичоқни ол-да, қорнини ёр! Отанг икковингга одат-ку бу! Бировларнинг қонини оқизишни яхши кўрасанлар-ку!
Нилуфар тарашадай қотди. Аъзойи бадани титраб, пешонасидан совуқ тер чиқди. У онасининг қандайлигини яхши биларди, бироқ ҳозир бунчаликка боради, деб ўйламаганди. “Қизингиз туни билан қаерлардадир санқиб, ичиб, маст-аласт бўлиб юрсаям сизга барибирми?.. Кеча сумкасидан сигарета топиб олдим. Қиз бола бўлиб, унинг шундай қилиқлар қилиб юргани сизни қийнамайдими? Эртага бегона оилага борганида, уялиб қолмайсизми?” — демоқчи бўлди, бироқ шаштидан қайтди. Онаси бу гапларни қулоғига олса кошки. Қайтанга: “Ўз синглингга шунақанги бўҳтонларни чаплашга қандай юзинг борди?” — дея ўзини айбдор қилиб қўйиши ҳеч гапмас.
Нилуфар қўлидаги телефонни отиб юбориб, кўзидан ёши шашқатор оққанча чиқиб кетди.
— Она қизим менинг! — Мўътабархон Лазокатни қучоқлади. — Хафа бўлма. Насиб бўлса, бу тошбағирлардан ҳадемай қутуласан.
— Ойижон, мен энди бу уйда яшолмайман! Менга тинчлик бермайди булар. Бердимурод акамникига кетай. Тўйни кейинроқ ўтказармиз, — деди Лазокат кўзёшини оқизиб онасининг бағрига бош қўяр экан.
Бердимуроднинг исмини эшитиб, Мўътабархоннинг юзи ёришди. Қизини эркалаб, ўпиб қўйди:
— Эсим қурсин, у ёғи нима бўлди? — деди мийиғида кулиб.
Лазокат бош бармоғини мих қилиб юқорига кўтарди:
— Во! Ойижон! Тўйни тезлаштирарканмиз. Лекин-чи, ўзиям менга ёқиб қолди.
— Ҳеч нарсани сезмадими?
— Қатта? Тарашадай қотиб ухлади-ю.
— Ишқилиб, бу ёғиям силлиққина кўчсин-да. Лекин тилингга эҳтиёт бўл. Эркак киши бунақанги ишларни кечирмайди.
* * *
Лазокат кетиши билан Бердимурод ўзини юмшоқ каравотга ташлади. Ухламоқчи бўлиб кўзини юмди. Қани уйқуси келса, у ёнбошга, бу ёнбошга ағдарилди. Лазокатни ўйлади: “Зўр нарса экан”, хаёлидан ўтказди. Нима бўлганини ўйлаб ҳам кўрмади. Фақат: “Нилуфарни кўрсам, нима қиларканман-а?” — дея ўзига-ўзи пичирлади.
Шу зайл анча вақт ётди, кейин ювиниш хонасига кириб, совуқроқ сув тагида бироз турди. Енгил тортиб, чала артинганча (унинг ёшлигидан бир одати бор эди, чала артинарди, айниқса, ёз ойларида), кийиниб, Халил бойваччанинг қўлига телефон қилди.
— Қаерларда юрибсиз, ўғлим? — деди бойвачча. Бойваччанинг «ўғлим» дейишидан Бердимурод ғалати бўлиб кетди. Бошқа пайт: “Валак-салак, қайси гўрда санқияпсан?” — деган бўларди.
— Озгина ишлар чиқиб қолди, шунга…
— Бўпти, мен конфет цехидаман, етиб кел, иш бор.
Бердимурод оёғини қўлига олди. Йигирма дақиқа ўтар-ўтмас, устозининг қошида ҳозир бўлди.
— Ўғлим, — деди Халил бойвачча унинг елкасига қўлини қўйиб, — биз Бобурни умуман эсимиздан чиқариб қўйибмиз. У ҳали бизга керак. Сен бозорга тушиб майда-чуйда қилгин-да, бориб кўриб кел. Буларда оқибат йўқ экан, деб юрмасин тағин.
— Хўп бўлади, — конвейердан оқиб келаётган шоколадлардан битта олиб, оғзига солганча Бердимурод эшикка йўналди.
Бобурнинг ёнига келганлигини эшитган ҳамширалар унга ғалати қарашди.
— Сиз кими бўласиз? — деди йўлак ўртасидаги столда ўтиргани.
— Оғайним бўлади. Укам десам ҳам бўловради. Нимайди? — ҳайрон бўлди Бердимурод.
— Ишқилиб, сиз ҳам ўзингизни ташлаб юбормайсизми?
— Нима деяпсиз?
— Бўпти, бораверинг, — ҳамшира аёл дафтарига алланималарни ёзиб қўйди.
Бердимурод орқасига қараб-қараб, Бобур ётган палата эшигини очди-ю, ҳайрон қолди. Каравотда Дониёр ётар, ёнида эса сўнгги модада кийинган, сочини калта қирқтириб, юзига бўёқ чаплаб олган дўмбоққина бир аёл ўтирарди.
— Ассалому алайкум! — деди Бердимурод иржайиб. “Яхшиям ўзим келганим, — хаёлидан ўтди унинг. — Дониёр қолиб, Бобурни ўлдириб қўйишимизга сал қолибди-ку”.
— Э-й, ока, — деди Дониёр уни кўриши билан.
Аёл ўрнидан туриб жилмайди. Баданига ёпишиб турган кийими, елкалари очиқ юпқа кофтаси унинг бўлиқ кўкрагини кўз-кўз қиларди. Бердимуроднинг кўзлари ўйнаб кетди, ўзини тутолмай, аёлга қўлини узатди ва тилла узуклари ялтираб турган оппоқ бармоқлардан ўпиб, қаддини ростлади:
— Сиз, адашмасам, Дониёржоннинг ойилари бўлсангиз керак, — деди илжайиб.
— Шундай, — деди аёл табассум ҳадя этиб.
— Аввалроқ олдингизга боришим керак экан. Бу болаларнинг қулоқсиз бўп кетаётганини айтиб, биргалашиб “маош” берардик. Бу ерларга келиб овора бўп юрмасдингиз.
— Укажон, нимасини айтасиз, роса юрагимизни ёрди. Икки кун ухламадим, — аёлнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди.
— Хафа бўлманг, — деди астойдил кўнгил бериб Бердимурод, — ҳали отдай бўп кетади. Шундайми, полвон?
У аёлнинг ёнидан ўтаётиб, хушбўй атир ҳидидан ҳузурланди. Дониёрнинг тепасига келиб, унинг қўлини ушлаб:
— Қалай, соғайиб кетдингми? — деб сўради.
— Бироз яхши бўп қолдим, — деди Дониёр.
— Тезроқ ишга чиқмасанг, қўймаймизам, оғайни.
Ҳазил қилиб айтилган бу гапнинг тагидаги маънони Дониёр англаб етмаган, боши устида турган одамни самимий гапираяпти, деб ўйлаётганди. Ваҳоланки, гап беморнинг эртароқ боқий дунёга рихлат қилиши ҳақида кетаётганди.
Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трамп қайси хорижий мамлакатлар етакчилари билан телефонлашгани маълум бўлди