20:20 / 26.09.2017
6 209

Омонат ғор сири (27-қисм)

Омонат ғор сири (27-қисм)
Олдинда бош врач, орқада Миркомил ва яна уч-тўрт ҳамшира жадал юриб келишиб, беморнинг йўлини тўсишди.

— Бобуржон, — деди бош врач ялинган оҳангда (Бобур билан тегишли ташкилотлар жиддий қизиқаётгани боис, бош врач унинг ҳурматини жойига қўйишга мажбур эди), — ҳали тўла соғайганингиз йўқ. Агар сизга бир нима бўлса биз жавобгар бўламиз.

— Менга бирон нарса бўлса, ўзим жавоб бераман. Керак бўлса тилхат ёзиб берай. Сизларнинг онангиз бўлса керак. Худо кўрсатмасин, ўлиб қолса нима қиласизлар?! Моргда ётқизиб қўясизларми?

Ҳамма жимиб қолди. Бош врач кўзойнагини олиб, халатининг енгига артган бўлди.

— Нима бўлган тақдирдаям, биз сиз учун жавоб берамиз. Ўтган одам ўтиб кетди. Минг уринганимиз билан қайта тирилтиролмаймиз, — деди у бироздан сўнг.

— Кўмиш-чи? Ётаверадиларми моргда?!

Бобур бу гапни айтишга айтди-ю, лекин ўзи титраб кетди. Кўз олди қоронғилашди.

— Агар рухсат берсангиз, — деди Миркомил бош врачга юзланиб, — Бобур билан бирга борсам. Бирор ёрдамим тегиб қолар, ўзигаям қараб юраман.

Бош врач иккиланиб қолди. Бир ҳисобдан, бош оғриғидан қутулгани ҳам маъқул, чунки ҳар куни ички ишлар ходимларига маълумот беравериш жонига теккан. Бошқа томондан Бобургаям ичи ачиётир. Ҳали тўла тузалмай туриб… Маросимни ўтказишнинг ўзи бўладими, ўзига яраша югур-югури бўлса.

— Майли, — деди ниҳоят бош врач, анча ўйланиб тургач, — лекин битта шарт билан: ҳар куни муолажага келиб турасиз.

Бобур билан Миркомил касалхонадан чиқишганида, кун охирлаб қолган, ёзнинг жазирамаси чекиниб, енгил эпкин эсар, айни сайрбоп ҳаво эди. Бироқ Бобур буни ҳис этмасди. Ҳозир қаноти бўлса-ю, учиб бориб онасининг жонсиз танасини қучса, ўкириб йиғласа, кечирим сўраса. Айни дамда болалигида бебошлик қилиб, онасининг қаршисида бошини эгиб тургандай. Бироқ ўша кезларда онаси кечирар, сочини силаб: “Иккинчи бундай қилма, болажоним, ҳамма умидим сендан”, дерди. Мана, онасининг умидини оқлади! Жонига Азроил чанг солишига сабабчи бўлган ўзи! Ўғил бўлиб қай кунига яради онасининг?! Бунақа болани гўдаклигидаёқ бўғиб ўлдирган маъқулмасми?

Бобур машинада кетаётиб бир неча бор манглайига муштлади. Ўкириб юбормаслик учун тишини-тишига босди. Кўзига ёш қалқди. Бобурнинг ҳолатини зимдан кузатиб кетаётган Миркомил секин унинг қўлини сиқди-да:

— Бардам бўл, ошна, — деди таскин бериб.

Касалхонада пайти ўзига айтилган ҳар қандай юпанч сўз бошига урилаётган тўқмоқдай таъсир қилганди, энди юпанди, бироз ўзини босиб олди. Ҳатто Миркомил унинг кўзига яқин одамидай туйилди.

Улар ўликхонага етиб келишгач Бобур машинадан тушолмади, аллақандай куч жойидан қимирлашига йўл қўймасди. Фақат Миркомил эшикни очганидан кейингина зўрға ўрнидан қўзғалди.

Кулранг тусли бинонинг кўриниши одамнинг этини жунжиктирарди, Бобурнинг юраги ҳаприқди.

Миркомил беш-олти марта эшик қўнғироғини босди, шундан кейингина қирқ-қирқ бешлардаги сочлари оппоқ ўрис киши эшикни очиб:

— Нима истайсанлар? — деди ёқимсиз товушда кўзини лўқ қилиб.

— Шу ерда қариндошимиз бор, — деди Миркомил бошқа гап тополмай.

— Опкетасанларми?

— Ҳа.

— Қоғоз олиб келдингларми?

— Қоғозини кейин…

— Қоғозсиз бермайман.

— Кўриб кетсак мумкинми? — деди Бобур ва шу дам кўнглида: “Балки англашилмовчилик бўлгандир, ўлган бошқа аёлдир”, деган илинж пайдо бўлди.

— Бунгаям қоғоз керак, — маънилатиб жавоб қилди сўхтаси совуқ қоровул.

Миркомилнинг жаҳли чиқди. У ён чўнтагидан қизил жилдли ҳужжатини олиб, қараши муомаласидан баттар совуқ одамга кўрсатиб, уни ҳовуридан тушириб қўймоқчи бўлди-ю, ортида турган Бобурни эслаб шаҳдидан тушди. Чўнтагига қўлини тиқиб, иккита бели букилмаган беш юзталик чиқарди-да, қоровулга узатди. Хизматчининг чиройи очилиб, атрофга бир сидра қараб олганидан кейин:

— Орқамдан юринглар, — деб буюрди.

Ўликхонага кириши билан Бобурнинг бадани музлаб, оёқ-қўли дағ-дағ қалтирай бошлади. Юраги орқасига тортиб кетди. Бир мурдалар ётган каравотларни бемалол четлаб ўтаётган оқ халатли одамга, бир ўзидан сал олдинроқдаги Миркомилга қараб қўйди. Қоровулнинг бепарволигини қадам олишидан билиш қийин эмасди. Миркомил эса, Бобурнинг назарида, бироз безовталанаётганди.

Онасининг кўзлари юмуқ, юзи оппоқ, ҳатто пешонасидаги ажинлари ҳам йўқолган. Шу ҳолатида у ёшарганга ҳам ўхшаб кўринарди. Бобур “қулт” этиб ютинди, кейин ўзини онасининг устига ташлади…

Миркомил Бобурни ташқарига олиб чиққунча қора терга ботди.

— Бўлди! — деди охири бақириб. — Шу ерда ётиб қолмоқчимисан? Аввалроқ ўйла эди онангни. Энди нима қиласан жонсиз танага ёпишиб?

Бу гаплари Бобурга қаттиқ таъсир қилди, у индамай машинага ўтирди.

* * *

Бердимурод Салимахонни кўп кутмади. Машинасига ўтириб, бир дона сигаретни яримлигича чекиб улгурмай ёш қизлардай нозли қадам босиб, шох ташлаб келаётган аёлга кўзи тушди.

— Даҳшат-ку! — деди ўтирган жойида Бердимурод ўзига-ўзи. Сўнг сигаретини улоқтириб, машинасидан тушди-да, Салимахоннинг истиқболига юрди. Аёл гўё уни кўрмагандай ёнгинасидан ўтиб кета бошлади. Унинг нечоғли маккорлигини шу ҳаракатиданоқ илғаган Бердимуроднинг хаёлидан: “Шу хислатингни ўғлинггаям юқтирсанг бўларкан”, деган ўй кечди. Сўнг секин томоқ қирди.

— Вой! — энди кўраётгандай у томон қараб қош чимирди аёл. — Сиз шу ердамидингиз, кўрмай қолибман, узр. Одам хаёлга берилиб кетса…

— Мошина сизга мунтазир бўп турибди, — унинг гапини бўлди Бердимурод.

— Ўзим кетаверардим-у, майли, йигитнинг сазаси ўлмасин, — деб аёл машина томон юрди.

Салимахон жойлашиброқ ўтираётиб тор юбкасини болдиригача тортиб қўйди. У ўғлидан аллақачон Бердимурод ҳақида ҳамма нарсани сўраб билиб олган ва ўзича бир нималарни режалаштирган, Дубайга серқатнов бу аёлга айни шундай «ҳамкор» керак эди. У ёқдан тўлиб-тошиб келганида кутиб олиб, “томожня”дан силлиққина олиб ўтса бас. Ҳужжатсиз мол олиб келаман, деб кўп қўлга тушди, ҳатто қамалишига ҳам бир баҳя қолди. Ўғли бизнес қилаяпман, деса, “Ҳа, энди, майда-чуйда нарсаларни у ёқдан сотиб олиб, бу ёққа сотиб юрган-да”, деган хаёлда юраверган экан. Дониёр ўта жиддий одамларга қўшилиб улгурибди. Агар ўзиям тўдасига кириб олса, тамом, пулга кўмилади. Ахир, бу мафиоз деганларининг қўлидан оз-мунча иш келадими?!

У Бердимуродни осонгина қармоғимга илинтираман, деб ўйлаганди. Йигитнинг суқланиб қарашидан ичидаги «дард»ини пайқаганди. Бу хил эркаклар жиловини тезда аёлга топшириб қўяди, деб ўйлар эди у. Қолаверса, йигит кўзга яқин, Салимахоннинг ўзи иккинчи эри билан ҳам ажрашганига анча бўп қолганди.

— Мошинани яхши ҳайдаркансиз, — деди Салимахон бир муддатлик сукутдан сўнг.

Бердимурод унга илжайиб қараб қўйди-да:

— Мактабга бормасимдан адамнинг мошинасини ҳайдаб кетишимга озгина қолган экан, — деди ғўддайиб.

— Бўлар бола бошдан, деб бекорга айтишмаган-да. Ўғлим сиздай йигитга қўшилганидан роса хурсанд бўлдим. Ҳатто унга озгина ҳасадим ҳам келди. Ҳозир менам унинг ёшида бўлганимда борми?..

— Сиз шундоғам ўн саккиз билан йигирма орасидаги қизларга ўхшайсиз, — деди Бердимурод йўлдан кўз узмай.

— Раҳмат. Лекин мен қариб қолдим. Ёшим ҳам қирқдан ошди.

— Эндигина қирқдан ошган аёл ҳечам қариган ҳисобланмайди. Даврингиз энди келибди-ку.

— Сиз ниҳоятда олижаноб йигит экансиз. Шунинг учун хўжайинингиз яхши кўрса керак.

“Хўжайин” сўзини эшитиб Бердимурод бир қалқиб тушди-да, ёнидаги аёлга шубҳа билан қараб қўйди.

— Нима иш қиламан дегандингиз? — сўради гапни бошқа ёққа буриш ниятида Бердимурод.

— Пешонамга вақти келиб савдогар бўласан, деб ёзилган экан. Мана, буюрилганини қилиб юрибмиз.

— Қайси бозорда?

— Ўзимизнинг бозорга чиқсам бошим оғрийди. Тўғриси, шунинг учун, икки ҳафтада бир Дубайга бориб келаман.

— Ў-ў, катта савдогар экансиз. Бозорни айтиб сизни камситиб қўйганим учун узр сўрайман… Биласизми, бир идея бор. Айтсам рози бўласизми- йўқми?

— Бемалол.

— Битта яхши ресторан бор. Шаҳар чеккасида. Одам кам бўлади. Гоҳида шаҳардан безсам ўша ёққа бориб дам олиб келаман. Хуллас, сизни таклиф қилсам, нима дейсиз?

Аёл, ўзича ниманидир ўйлаган кўйи сукут сақлади. Аслида эса, у йигитнинг ялинишини кутарди.

— Таклифим маъқул келмади-ёв, чамамда, — деди Бердимурод жимликни бузиб.

— Йўқ… Ўзим ҳам жуда чарчаб юрибман. Молга жўнаб кетадиган вақтим бўлди, бу ёқда ўғлим касалхонада ётибди… Асабийлик… Майли, ҳайданг, чақчақлашиб келамиз.

Бердимурод мийиғида айёрона кулиб тезликни оширди.

Шу куни улар хуморидан чиққунча кўнгилхушлик қилишди. Охирида Бердимурод: “Энди, хоним, бемалол молингизни олиб келаверинг, “томожня”га ўзим кўндалангман”, деб ваъда бериб юборди. Бу гапни жуда ишонтириб айтганидан, Салимахон яйраб кетиб, унга чирмашиб олди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ


(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (27-қисм)