14:06 / 02.10.2017
5 046

Омонат ғор сири (38-қисм)

Омонат ғор сири (38-қисм)
Орадан бир ой ўтди. Қизлар бирин-кетин соғайиб оёққа туришди. Энди касалхона ҳовлисини айланиб сайр қилишарди. Бобур билан Миркомил уларни деярли ҳар куни йўқлаб туришарди. Миркомилнинг серқатнов бўлиб қолгани аввалига Бобурнинг ғашини қўзғади: “Мен-ку опамдан хабар олгани келаман, сенга нима бор? Бориб ўқишингни ўқимайсанми?! Нима қиласан бўзчининг мокисидай қатнаб?” Лекин бу йигитнинг очиқкўнгиллигига ишондими, Миркомилнинг келиб-кетишларига кейинчалик эътибор бермай қўйди. Наргиза эса, Миркомилга анча овуниб қолганди. У кириб келганида кўзлари порлаб кетар, кетаётганида ортидан кўнглида аллақандай илинж билан термилиб қоларди. Бора-бора ҳатто уни Лоладан ҳам рашк қила бошлади. Миркомилнинг қораси кўриниши билан дугонасидан аввал салом беришга, кўпроқ гапириб, кулиб эътиборини ўзига тортиб туришга уринарди. “Севиб қолганга ўхшайман”, деган ўй кечганда ақли кўнгил истагига монелик қилар: “Шунчаки зерикканимдан у билан гаплашаман-да”, деб ўзини овутган бўларди.

Ниҳоят касалхонани тарк этадиган кун ҳам келди. Наргиза: “Укам ойимга айтган бўлса, ойижоним мени олиб кетгани келади”, деб юраги тошарди. Бироқ уни олиб кетгани Бобур билан Миркомил келишди.

— Ойим қани? — деди қиз қовоғи осилиб.

— Уйга борганда айтаман ҳамма гапни… — овозидан Бобурнинг ҳаяжонланаётгани сезилиб турарди.

— Йўқ, ҳозир айт. Нима бўлган ўзи, тинчликми?

Бобур “қулт” этиб ютинди.

— Гапир, Бобуржон, нима гап? — Наргизанинг кўнгли мудҳиш бир нохушликни пайқаганди.

Бобурдан садо чиқмади, фақат қўлларининг титраб кетаётгани кўриниб турарди.

— Касалми, бирон жойда ётибдими? — бақириб юборди тоқати тоқ бўлган қиз.

Бобур секин бошини силкиди ва столга ўтириб, кўзидаги ёшини кафти билан артди. Наргиза унинг оёқ учига тиз чўкиб, узун бармоқлари билан укасининг қўлларини ушлади.

— Бобуржон, мен ҳамма нарсага тайёрман, айтавер, — йиғламсиради у кўзёшлари шашқатор бўлиб.

— Опа, — Бобур чуқур хўрсинди. — Энди фақат иккаламиз қолдик…

Наргизанинг юраги сезиб юрган, бироқ укасидан сўрашга қўрққан машъум хабарни эшитди-ю:

— Энди нима… — деганича гапини тугатолмай ёнига “шилқ” этиб қулади.

— Наргиза! — бақириб юборди шу пайтгача жим турган Миркомил ва қизнинг бошини кўтарди. Лола эса дўхтирга югурди.

— Опажон, энди сиз ҳам мени ташлаб кетасизми?! — Наргизанинг юзини силаганча йиғлашга тушди Бобур.

Бир зумда етиб келган дўхтирлар қизни каравотга ётқизишиб, муолажа қилишди. Ҳушига келган Наргиза атрофига маъносиз боқар, “чурқ” этмай ётарди.

Улар касалхонада яна икки соатча қолиб кетишди. Наргизанинг соғлиғини такрор кўрикдан ўтказган дўхтирлар ниҳоят унинг кетишига изн беришди.

Уйга келиб ҳам Наргизанинг йиғиси тўхтамади. Кўзи қаерга, қай бир буюмга тушмасин, онасини кўргандай бўлаверарди. Наргизанинг келганидан хабар топган қўни-қўшнилар чиқишиб, қизга тасалли беришди. Уларга овунган Наргиза бироз ўзига келди. Лола унинг ёнидан жилмас, елиб-югуриб хизмат қиларди.

Хуфтонда уйига қайтган Миркомил эртасига туш қайтган маҳал етиб келди. Бу пайт Бобур уйда йўқ эди. Эшикни Наргизанинг ўзи очди. Миркомилни кўриб, юзида табассум пайдо бўлди. Уни ичкарига бошлаб кириб, дастурхон ёзди.

— Лола кўринмайди? — сўради Миркомил дастурхоннинг попугини ўйнаб ўтирган қиздан.

— Ухлаётганди. Боши оғрибди, — Наргиза йигитга қаради, — уйғотиб келайми?

— Йўқ, шарт эмас, ухлайверсин. Ўзимиз гаплашиб ўтирганимиз маъқул.

— Кўпчилик бўлсак яхшимасми? — кулимсиради қиз.

— Сиз билан ўтирганимда орада бегона бўлса яйраб гаплашолмайман.

— Нега? — қошларини чимирди Наргиза.

— Биласизми… Нима десам экан? — бироз каловланди Миркомил, чунки у гап бу тарзда ҳис-туйғуларга бориб боғланади, деб ўйламаган, аслида эса айни дамни анчадан бери кутаётганди. — Қандай тушунтирсам экан?.. Сиз ҳозир бу ишнинг мавриди эмас, дерсиз… Лекин… Мен уйингизга ойимларни жўнатмоқчиман. Шунга нима дейсиз?

— Вой! — юзи қизариб кетди Наргизанинг. — Ойингизни?..

— Ҳа.

— Майли, жўнатинг, — шайтонлиги тутди қизнинг. — Танишамиз. Биронтасига уйланишни ният қилиб айтолмай юрган бўлсангиз, ўзим хизмат қилиб бераман. Фақат ўша қизнинг кимлигини билишим керак-да.

— Ўша қиз… ўзингиз-да!

— Кечирасиз, чойим қайнаб кетди. Ҳозир дамлаб келай.

Ўрнидан қўзғалган Наргизанинг билагидан Миркомил тутиб қолди.

— Агар ҳозир ростини айтмасангиз, ушлаб туравераман. Чойнагингиз қайнайвериб, қуриб кетади…

— Унда сиз чой ичолмай қоласиз.

— Майли… Хўш, нима дейсиз, келсинларми?

— Билмадим, — Наргиза ерга қаради.

— Унда бугун кечга келади…

— Йўқ-йўқ, бугунмас, — бирдан унинг гапини бўлди Наргиза.

— Унда эртага. Хўпми?

Наргиза кўзларини ердан узмай бошини силкиб розилигини билдирди.

— Ура! Ура! — қичқириб юбораёзди Миркомил.

Унинг қилиғидан Наргиза кўзларини катта очиб:

— Жинни. Жим! Лола эшитиб қолади, — деди ҳаяжон билан.

— Эшитса эшитсин, бутун дунё эшитсин. Ҳаваси келсин менга!

Йигитнинг соддалигидан завқланган Наргиза кулиб юборди. Унинг кулгисидан руҳланган Миркомил қизнинг юзидан бўса олганини сезмай қолди.

— Сиз ёмон бола бўп кетибсиз, — қиз аразлагандай тез-тез юриб ошхонага кириб кетди…
* * *
Миркомилнинг онаси истараси иссиқ аёл экан. Наргизага бу аёлнинг қай жиҳатларидир онасини эслатди. Шу боис, Наргиза уни кўрганида онаси ёдига тушиб йиғлаб юборди. Аёл бўлғуси келинини бағрига босиб, юзидан ўпди.

— Кўзингиз ҳечам ёш кўрмасин, ўзимнинг она қизим…

Бобур ота ўрнида ота бўлиб, Наргизанинг тўйига ҳозирлик кўрди, маҳалла билан бамаслаҳат тўй кунини белгилади.

Ширин ташвишларга қорилиб юрган Наргиза Бобур билан Лоланинг айвонда бошлари бир-бирига теккудай шивирлашишаётганини кўриб ичида севиниб кетди ва ҳаяжонини яширмай:

— Тушунарли, — деди уларга қараб жилмайиб, — киши билмас қилиб-а…

Йигит билан қиз “ялт” этиб унга қарашди-ю, юзлари қизариб кетди.

— Бизнинг тўйимиздан олдин сизларникини ўтказмасак бўлмайдиганга ўхшайди, Бобуржон? — кулди Наргиза.

— Жа сизникидан олдин бўмасаям… Сал кейинроқ, — ҳазилга ҳазил билан жавоб қилди Бобур.

— Йўқ, укажон. Аввал сенинг бахтингни кўраман. Сени Лолахонга ишониб топширай, ундан кейин…

— Сиздан бошламасак уят бўлади, — деди Лола бироз ийманиб.

— Вой, шумтакалар, — меҳри ийиб кетган Наргиза Лола билан укасини қучоқлаб олди.
* * *
Ҳар икки тўй ҳам ихчам, ширингина ўтди. Лола Анбар опанинг уйига келин бўлиб тушди. Наргиза эса Миркомилнинг уйига ойдай келинчак бўлиб кириб келди.

Орадан икки ой ўтиб, куз оёқлаб, қорли-қировли кунлар бошланди. Наргиза отаси қолдирган мерос ҳақида Миркомилга билганларини айтди.

— Йўғ-э! — деди Миркомил ишонқирамай.

Наргиза унга харитани кўрсатди.

— Мана шу ерга, катта харсангтош остига кўмиб қўйилган экан.

Миркомил хотинидан харитани олди-да, чироққа тутиб синчиклаб қаради.

— Нима қиламиз? — деди сўнг маслаҳат сўраган маънода.

— Билмадим.

— Борамиз. Ҳеч кимга айтмаймиз. Агар ҳақиқатан ҳам шунча бойлик бўлса, унда кейин ўйлаб кўрамиз нима қилишни.

Улар эртаси куни шаҳарни сайр қилиш баҳонасида йўлга тушишди. Манзил хийла олис, шаҳардан уч соатлик йўл юриларди. Миркомил машинани ҳушёр бошқарар, Наргиза эса атрофни кузатиш билан овора эди.

Машина илон изидай буралган йўллардан ўрмалаб юқорилай бошлади.

— Тўғрига қаранг, хоним, — деди Миркомил, — жарлик ёнидан ўтадиган жой бор. Бошингиз айланиши мумкин.

Бу гапдан келинчакнинг юраги ўйнаб кетди. Отаси худди шу жойда фалокатга учраган эди.

— Эҳтиёт бўлиб ҳайданг! — деди у хавотирланиб. — Мендан қўрқманг, ўрганиб кетганман.

Улар довондан ошиб ўтганларидан кейин йўл энишга бошлади. Сўнг Миркомил машинани харитада кўрсатилган — тоғ ёнбағирлаб кетган сўқмоқ йўлга бурди. Юз метрлар юрилгач, йўл тугаб қолди.

— Нарёғига пиёда кетамиз, шекилли, — деб Миркомил машинани тўхтатди.

Тоғ ҳавоси мусаффо эди. Енгилгина эпкиндан қалин буталарнинг учлари тебраниб турарди. Атроф сув қуйгандай жимжит.

— Мен қўрқиб кетаяпман, — Наргиза эрининг қўлидан ушлаб олди. — Орқага қайтсак-чи? Шу бойлик керакми бизга?

— Керак бўлмасаям, қизиқ-да, — жилмайди Миркомил ва олдинга юрди. Унга истаб-истамай Наргиза ҳам эргашди.

Ғор оғзи жуда тор экан. Миркомил адашмадимми, деб, қайта-қайта харитага қараб олди.

— Дадам раҳматли: “Эҳтиёт бўл, кираверишда учта омонат тош осилиб туради, тегиниб кетсанг тамом — ғорнинг оғзи бекилиб, ўзингни тош босиб қолади”, деганди, — деди Наргиза манглайига тер тепчиган эрига.

— Шунақа де. Қайси тош омонат экан?

— Бунисини билмайман. Яхшиси, кирмайлик. Негадир кўнглим чопмаяпти шу ишга.

— Унда бундай қиламиз. Сен шу ерда турасан. Мен эҳтиёт бўлиб кириб чиқаман.

— Йўқ, сиз кирсангиз мен ҳам кираман.

— Ўжарлик қилма, сен шу ерда қол.

— Қўрқаман.

— Қўрқма, бу ерларда ҳеч нарса йўқ. Мен дарров чиқаман.

Миркомил уч қулоч баланддаги тоғ каваги томон тирмашиб чиқа бошлади. Яккам-дуккам буталар ҳам кўзга ташланмас, тоғ ёш бўлса керак, бағрини ҳали ўт-ўланлар ҳам қопламаганди.

Миркомил ўрмалаб чиқиб бораркан, Наргиза унга эҳтиёт бўлишни эслатиб турди. Эри ғор оғзига етай деганида унинг кўзи кавак тепасида омонат осилиб турган тошга тушди. Тош сандиқдай эди.

— Миркомил ака, тўхтанг! — қичқириб юборди Наргиза. — Ана ўша тош!

Миркомил ортига ўгирилди. Сўнг Наргиза кўрсатган томонга бурилиб тошни кўрди. Тош ғор оғзининг лабида эди.

— Нарироққа бориб тур, уни юмалатиб юбораман, — қичқирди Миркомил Наргизага ва яна тепага тирмаша бошлади.

Ниҳоят ғорга етиб бориб, чап тарафидан тошни ушлаб қимирлатишга уриниб кўрди. Тош “қилт” этмади. Миркомил тошни ўзига куч билан тортиб қўйиб юборди. Қаердадир гумбурлаган овоз эшитилди.

— Қочинг! — қичқирди Наргиза.

Миркомил оёғи сирпаниб ўтириб қолди. Буни кўрган келинчакнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. Шу маҳал қарсиллаган овоз чиқариб, тош пастга думалади.

— Миркомил ака! — қўрқувдан Наргиза турган жойида қотиб қолди. Миркомил қочишга улгурганди. Тошнинг бир чети шундоққина оёғи тагидан ўтиб пастга юмалаб кетди. Чанг-тўзон кўтарилиб, атрофни қасирлаган овоз тутди.

Ғорнинг оғзи буткул бекилиб қолган эди. Уни очишнинг энди иложи йўқлигини англаган Миркомил хотинининг ёнига туша бошлади…

Муаллифдан:
Мен Нилуфар билан Лазокатнинг тақдирини билиш учун уйига бордим, улар билан бир зум суҳбатлашдим. Нилуфарнинг гапларига қараганда, отаси қамалиб кетганидан кейин уйига хор-зор бўлиб қайтиб келган синглисини кечирибди (Гули Лазокатнинг оиласидаги парокандаликдан хабар топгач, уни роса азоблаган, бор пули, тилла тақинчоқларини тортиб олиб, тўғри келган одамга рўпара қилиб, анча-мунча пул ишлаган. Лазокат унинг чангалидан зўрға қочиб қутулган). Лекин Нилуфар ҳали-ҳануз на онаси ва на синглиси тайёрлаган овқатдан емас экан.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Тугади)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (38-қисм)