Тонг саҳарда аёл кишининг фарёди бутун маҳалланинг тинчини бузиб юборди. Энг ёмони, бу овоз куни кеча тўй бўлиб ўтган хонадан томонидан келаётган эди. Ана шу нарса кўпчиликни саросимага солиб қўйди. Ҳарқалай, қандайдир фожиа юз бергани аниқ эди.
...Зариф аканинг эндигина 17 ёшга кирган кўҳликкина қизига оғиз солганлар кўп бўлди. Хотинининг вафотидан сўнг етти боланинг ташвиши отанинг елкасига тушди. У баҳоли-қудрат барча фарзандларини уйли-жойли қилди. Фақат кенжа қизини сал йиғиниб, сўнг насиб қилса куёвга узатарман, деган ўйда эди. Бироқ совчилар эшикнинг зулфини бузиб юборгудек бўлишди...
Отанинг бошида минг бир хаёл айланарди: қизим бахтли бўлармикан?! Тенгини топармикан?! Ўшанда кимсан, Шарифбойнинг ўғлидан бир эмас уч марта совчи келганлиги дўстларини қувонтириб, душманларининг ҳасадини қўзғади.
Шарифбой билан қуда бўлишни унча-мунча одам орзу ҳам қилолмасди. Чунки бой-бадавлат, таги-тахтли бу хонадоннинг довруғи узоқ-узоқларга кетганди. Шу сабабдан бўлса керак, бўлғуси қуда бир томонда қолиб, Зариф аканинг ака-укалари-ю, қариндош-уруғлари унинг уйига серқатнов бўлиб қолишди.
-Шарифбой аканинг совчилари уч марта қулчиликка келишибди,- қайта-қайта такрорларди улар, - бошингга бахт қуши қўнгани шу эмасми?! Ўзинг бир бева-бечора бўлсанг, нимангга кериласан?! Худо бериб, қудалашиб қолсанг борми, еганинг олдингда, емаганинг ортингда бўлади. Шу баҳона бизнинг кукрагимизга ҳам шамол тегарди. Шуни тушунасанми, ўзи?!
Бироқ ота оёқ тираб туриб олди. Шундан сўнг ўртага казо-казо одамлар тушди, қўлини кўксига қўйиб, -Ака, энди шундай одамнинг сазасини ўлдирманг,- дея ялинишди. Маҳалла оқсоқоли ҳам унинг уйида кунда-шунда бўлиб қолди. Бироқ, ҳадеганда Зариф аканинг фикри ўзгармади.
Шундан сўнг унинг отаси Сафар бува орага тушди.
-Қани ўғлим менга айтчи, совчиларни нега қайтаряпсан? –деди у соқол-мўйловини силаб. – Биласан, қиз боланинг иши қийин, бир ўтирса-ўтириб қолади. Бошингга ёстиқ бўлармиди, ҳарна қутилганинг қолади. Ёки Шарифбойдай одамни назаринг илмаяптими?
Отасининг юзига ҳеч қачон тик қарамаган Зариф аканинг бу гал зардаси қайнагандан-қайнади-ю, бироқ ўзини босиб, гапира бошлади.
-Кўрпангга қараб оёқ узат деган гап бор ота,-деди у ерга тикилиб. –Шарифбой ака тадбиркорлик қилиб, ҳалоллик билан бойиган одам, уни ёмон деёлмайман. Лекин биз учун унинг охури баландлик қилади. Қизим хўрланмасин дейман-да, ота.
-Гапни чўзма, чайналмасдан гапир, бирор бошқа сабаби борми? Бу гаплариниг рад қилишга сариқ чақачалик ҳам важ-карсон бўлолмайди, - кескин гапирди отаси.
-Майли, сизга юрагимни ёраман, бўлмаса,-деди Зариф ака эшик томонга хавотирланиб қараб қўяркан.- Суриштирдим, ўғли гиёҳвандликка чалинган экан...
-Э, ҳали душманларнинг гапига лақиллаб юрибман, дегин,-тутоқиб кетди Сафар бува. – Кўролмайдиган одамлар кам дейсанми? Биров эшитмасин бу гапни, шундай одамнинг яккаю-ягона ўғли ёмон бўлармиди, қўйсангчи?
-Йўқ, ота мен ҳам бекор юрганим йўқ, ҳаммасини сўраб суриштирдим, - деди Зариф ака кескин оҳангда. – Бизга куёв бўладиган йигит бир ошнамнинг ўғли билан институтда бирга ўқиган экан. Ўша вақтдаёқ у шу “дард”га мубтало бўлган экан.
-Ҳей, латтачайнар,- дея отаси шаҳд билан ўрнидан турди. – Ёшликда нималар бўлмайди-а? Ўзимиз ҳам ёшликда фаришта эмасдик. Ичардик, чекардик, ҳа энди... кейинчалик, мана қолиб кетди-ку?! Обрўсини билмаган аҳмоқ. Ўзи сенинг миянг айниб қолибди. Хотининг ўлгандан кейин уйланмаганингни касри мана шу-да...
- Мени кечирасиз-у, ота, - Зариф аканинг энди чинакамига жаҳли чиқиб,- мени эмас, сизларнинг мияларининг айнаб қолганга ўхшайди. Шарифбойнинг пули кўп деб, қизимни ўтга ташлашим керакми?! Сиз билан биз бой бўлмасак ҳам худога шукур, кунимиз ўтяпти. Ҳали қизим ўтириб қолгани йўқ-ку, ота.
-Энди гап бундай,- кетишга тараддудланиб, эшик олдига бориб қолган Сафар бува, -агар сен айтгандай куёв гиёҳванд бўлса, Шарфбой Тошкентга бориб, уч кунда даволатиб, бинойидек одам қилиб олади. Эшитганман, шунақа зўр дўхтирлар бор экан. Ота рози – худо рози. Мени десанг, қизингни ўша хонадонга берасан, гап тамом – вассалом!
Давраларнинг тўрини бермай кариллаб юрган Шарифбой ака ҳам бир эмас, уч марта қўйган совчилари “қуруқ” қайтгач, ўйланиб қолди: “Ўзи нималар бўляпти, жон-жон деб қуда бўлади десам, Зариф ака нега унамаяпти. Бу ерда бир гап борга ўхшаяпти...” Охири у ўзини баъзан хавотирга соладиган айрим нарсаларни текшириб кўрмоқчи бўлди. Ўғлининг машинасига яшириб қўйилган шприцлар-у, аллақандай дориларни топиб олгач, у адои-тамом бўлди. Боёқиш қон босими ошиб кетиб, икки-уч кун ётиб ҳам олди. Дардини ҳатто хотинидан ҳам яширди. Бирор чора кўриш учун кеч бўлган, тўй куни аллақачон белгилаб қўйилганди. Тўй ўтгунча, ёпиғлиқ қозон ёпиқ қоладиган бўлди. “Ундан кейин бир чораси топилар” деган қарорга келди у.
Никоҳ тўйи кутилганидек, дабдаба билан ўтди. Куёв чимилдиққа киргач, янгаларнинг норозилигига қарамай, уларга жавоб бериб юборди. Келинчак унинг афт-ангори ўзгариб кетганлигини кўриб, зўрға таниди. Негадир йигитнинг кўзлари қизариб, юзи кўкариб кетган, бутун аъзои-бадани дағ-дағ қалтираётгандай эди.
-Ҳа, охири етишдим-а сизга, - деди куёвбола беўхшов тиржайиб, - тилло узук муборак бўлсин, жоним. Аммо дунёдаги энг бахтли келинчак бўласиз, бунга гарантия. Сизга ҳозир бир сирни очаман. Билганингиз маъқул, ахир энди менинг хотинимсиз. Лекин сиз қўрқманг...хўпми?..
Шундан сўнг у чўнтагидан шприц ва аллақандай дориларни чиқарди. Буни кўрган келинчак қўрққанидан юзини беркитиб олди.
-Энди қарайверсангиз ҳам бўлади,- деди куёвбола тирсагигача яланғоч қўлини букиб ушлаганча.
Орадан бироз вақт ўтгач, куёв аллақандай оқ кукунни зўр бериб ҳидлашга тушди.
-Энди бироз дам оламан, кейин эса мурод-мақсадимизга етамиз,- дея у тиржайиб, ўзини ўриндиққа ташлади. Нималар бўлаётганига ҳеч тушунолмаётган келинчак анча вақт унга тикилиб турди. Шу орада Зебузарнинг кўзи илингандай бўлди. Бироқ тезда чўчиб уйғонди. Нимагадир куёвнинг хуррак отиши тинган, келиннинг назарида у нафас ҳам олмаётганга ўхшарди. Шундан у хавотирга тушиб, минг бир истиҳола билан юзи докадек оқариб кетган куёв болани уйғотмоқчи бўлди. Лекин у “миқ” этган товуш чиқармасди. Ноилож, кулин унинг юзига қўлини қўйди-ю, музни ушлагандай сапчиб тушди. Келиннинг тамоғига тиқилган нарса фарёд бўлиб отилиб чиқди...
Бу воқеадан хабар топган Зариф ака зудлик билан қудасиникига етиб келганда қизи ҳовли ўртасида туриб, дод соларди. У отасининг бўйнига осилиб олди.
- Мени кечир қизим,- деди Зариф ака буғиқ овозда, - Отанг ўлсин болам, сени шу куйга солган отанг ўлсин ... Мени кечир, она-қизим...
Ердан тобут кўтарилганда, кенг ҳовлининг нариги четида гиламдаги чала ўчирилган “Тўйимизга марҳамат” деган ҳашамдор ёзув бир неча соатлар илгариги маъносини мутлақо йўқотган, у айни чоғда аянчли истеҳзога ўхшарди ...
Рустам ХУДОЙҚУЛ
Манба: Dia.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Абдусалом Азизов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига ўтказилди
Европа Чемпионлар Лигасининг 5-турида қандай натижадар қайд этилди?
Филиппинда амалдор президент ва рафиқасини ўлдириш учун қотил ёллади
Максим Шацких "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?
Хонанда Муниса Ризаева илк марта она бўлди