12:28 / 30.07.2018
8 125

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (16-қисм)

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (16-қисм)
Шу кеча уйқум қочди. Негадир юрагим ғаш тортиб, беҳузур бўлавердим. Камера даричасидан кўкдаги юлдузларни томоша қилганча ўй суриб ўтирдим. Ҳа, қор тиниб, осмонни юлдуз босибди. Демак, ҳаво очиқ. Аммо Россия қишида ҳаво очилдими, кучли совуқ бўлиши тайин. Бундай кечаларда қалин ўрмонда қолиб кетсанг борми, адабингни ейсан. Қаҳратон нақ жонингни суғуриб олади.

— Нега ухламадинг? — кимнингдир товушидан хаёлим қочиб орқамга ўгирилдим.

Женя экан.

— Юрагим сиқиляпти. — дедим бош қашиб. — Болалигимдан янги жойга кўника олмай қийналаман.

— Ҳечқиси йўқ, — деди Женя. — Эртаданоқ ишга чиқсанг, кечқурунга бориб тош қотиб ухлайдиган бўласан.

— Ишга?.. Ҳа-я…

Унутган эканман. Ахир, мен «СИЗО»дамас, ҳақиқий турмадаман-ку!..

— Айтганча, Женя, нима иш қиламиз ўзи?

— Россияда нимаям қилардинг? Ўрмон кесасан-да!.. Дарахтларни кесиб, қирқиб, тахлаб, дарёга оқизамиз. Бироқ иш жуда қаттиқ. Тепангда назоратчилар итдек акиллаб туришади. Бирпас нафас ростлашга изн беришмайди.

— Буни ҳали кўрамиз. — дедим хотиржам. — Аристон ҳам одам. Пича нафас ростлашга, дам олишга ҳақи бор.

— Йўқ, — бош чайқади Женя. — Улар учун биз одам эмас, жиноятчимиз. Жиноятчини эса улар жуда-жуда ёмон кўришади.

— Женя, бир нарса сўрасам майлими? — суҳбатдошимга тикилдим.

— Сўрайвер! — деди Женя.

— Қанчадан бери турмадасан? Нега қамалгансан?

— Менми?.. — Женя совуқ кулимсираб, бошини эгди. — Бунинг тарихи узоқ… Эҳ, ҳозир хомчўт қилиб кўрсам, ўн йилдан бери турмада эканман.

— Ҳали муддатинг тугамадими?

— Неча марта тугасин? Энди озодликка чиқишим яқинлашганда, аблаҳлар нимадир қилишади-ю, бўйнимга бир-икки йилни илишади… Душманларим кўп, йигит, душманларим!

— Қизиқ, — елка қисдим. — Одам шунчалик шафқатсиз бўлиши мумкинми?

— Шафқатни гапирасан-а!.. Мана, ўзинг одам ўлдираётганингда шафқат ҳақида ўйлаб кўрганмисан?

— Менми?.. Йўқ.

— Ана, кўрдингми? Сен-ку, ҳар ҳолда виждонли, ҳалол йигитга ўхшайсан. Менинг душманларим эса унақамас. ғирт маҳлуқнинг ўзи. Уларга пул, шуҳрат керак.

— Нега қамалганингни айтмадинг.

— Ҳа, ҳарқалай фаришта эмасман. Болалигимга ҳавас қилиб бўлмайди. Отам ҳам, онам ҳам пиёниста бўлишган. Худонинг берган куни уйимиз шовқин-суронга тўларди. Қаёқдаги пиёнисталар йиғилишиб, айш-ишрат қилишарди. Мен ўшанда етти яшар бола эдим. Эсимни таниб қолгандим. Кунига беш-ўн марта дўкондан ичкилик ташийвериш жонимга текканди. Ишонасанми, ўзлари ичкиликка қаэрдан бўлмасин, пул топишарди-ю, менга ҳатто битта музқаймоқ олиб беришмасди. Қишнинг совуқ кунларидаям минг ямоқ, эски-туски кийимларда юрардим. Охири уйдан қочиб кетдим. Ота-онам қидиришганми-йўқми, билмайман. Бошқа шаҳарга поездга осилиб бордим. Ҳаёт курашишга мажбур қиларкан. Қорин тўйдириш илинжида ўғирлик қилиб кўрдим. Эпладим. Ўша-ўша бошқа ишга бўйним ярамайдиган, фақат бировларнинг чўнтагига кўз соладиган бўлиб қолдим. Хоҳ ишон, хоҳ ишонма, бирор марта қўлга тушиб қамалмаганман. Сал вояга етгунимча майда-чуйда ўғирликлардан нарига ўтмадим. Аммо анча-мунча пул жамғардим, таниш-билишим кўпайди. Кунларнинг бирида менга «Катта пул ташлаб, «Қонундаги ўғри» (Вор в законе) бўл, шаҳар қўлингда бўлади. Сен шу мансабга жуда лойиқсан» деб қолишди. Ўзинг ўйла, кимга ёқмайди бу гап. Ҳаракатга тушдим. Жиноят кўчасининг энг катталаридан бирига бориб учрашдим, дардимни айтдим. У бўй-бастимни кўздан кечирди, ишимизга оид турли саволлар берди. Хуллас, имтиҳон қилиб кўрди. Ҳамма саволларига жавоб бердим. Бир ҳафтадан сўнг «Қонундаги ўғри» (Вор в законе) ларни бир ташландиқ бинога йиғиб у менга тож кийдириш маросимини ўтказди. Шундан сўнг мен ўзим майда-чуйда ўғирликлар қилиб катта бўлган шаҳарнинг ўғрибошисига айландим. Шаҳарда, адашмасам, уч юз ўғри бор. Улар кунига менга улуш ташишарди. Шоҳона ҳаёт кечира бошлагандим. Афсуски, душманларим ҳам борлигидан бехабар қолдим. Мени қаматиб юборишди. Тўплаган бойликларни давлат фойдасига мусодара қилишди.

— Турмада-чи? Нега турмага «пахан» эмассан?

— Айтдим-ку, душманлар етарли деб! Ҳозирги пахан ҳам ўшаларнинг ҳамтовоғи, Мени кўришга кўзи йўқ. Ҳар гал бўйнимга муддат илишларида ўшанинг ҳам қўли бўлса ажабмас!..

— Ҳа-а, сениям дардинг меникидан кам эмас экан. — дедим. — Қанийди, қўлимдан келса, сенга ёрдам берсам!..

— Қўлингдан келади. — кутилмаганда елкамга қўлини ташлади Женя. — Кундузги гапимга хафа бўлма. Бошқа аристонларнинг олдида фақат адолат билан иш юритишга уринаман. Шундай экан, ишон, ҳаммаси яхши бўлади. Худо хоҳласа, братвалар сени тан олишса, ана ундан кейин маслаҳатли гапларни бир-бир гаплашаверамиз. Айтганча, улар тан олишгач, сени бошқа камерага ўтказишади. Ўша камерага ўзинг бош бўласан.

— Ишда-чи? Бирга бўламизми?

— Хотиринг жам бўлсин, ишга биргаликда бориб, биргаликда турмага қайтамиз. Ишдан ташқари, сайрга чиққандаям гаплашиб олишга вақт топилади.

— Сен, Женя, қочишимга ёрдам беришинг лозим. — дедим овозимни ҳийла пасайтириб.

— Э, ҳали келиб улгурмасингдан қочишни мўлжаллама! Фурсат топилади. Олдин турманинг шарт-шароитини, баланд-пастини яхшилаб ўрган. Ана ундан кейин бир гап бўлар. Хўп, энди ётиб ухла! Эрта уйғотишади.

* * *
Женя ҳақ эди. Эрта тонгда бўйи мен билан деярли баравар назоратчи қўлида чарм таёғини ўйнатганча кириб келиб бақирди:

— Ўғри, босқинчилар! Тез туриб йўлакда саф торт!

Мен ҳам юз-қўлимни чала-чулпа чайиб, турма кийимни кийиб сафга турдим. Энди мен турма бошлиқлари учун Шарипов эмас, 358- рақамли маҳбус эдим.

Бизни ошхонага олиб киришди. Ҳар бир камера учун алоҳида стол қўйилганди. Мен Женянинг ёнидан жой олдим.

Бу ернинг овқати СИЗО никидан бирмунча сифатли экан. Бўтқасида бироз бўлса-да, маза бор, чойдан шакар таъми келиб турибди.

Чамаси беш дақиқадан сўнг туришга буйруқ берилди. Яна саф тортиб ишга олиб кетиш учун мўлжалланган юк машиналарига чиқиб ўтирдик.

— Ҳозир кўрасан, — деди Женя мени туртиб. — Иш бошлайлик! Соқчиларни кўриб ҳайрон бўлмасанг бас!

Ажабо!.. Бизни қалин ўрмон ёқасига олиб келишди. Эллик метр нарида дарё. Фақат музлаб қолган. Муз устида қандайдир излар…

Этиб келишимиз билан чор атрофни автомат тутган соқчилар ўраб олишди.

— Кўрдингми, — деди Женя соқчилар таъқиби остида ўрмон ичкарисига кетиб борарканмиз. — Бу турма худди уруш пайтидаги концлагерьга ўхшайди. Бир метр ҳам жой бўш қолмайди. Анави соқчилар туриб олишади. Қани, шундай шароитда қочиб кўр-чи!..

— Барибир қочаман! — дедим соқчиларнинг бўралаб сўкишлари, ҳақоратларини эшитганим сайин ғазабим қўзғаб. — Уёқдаги ишларни битириб қайтмасам бўлмайди.

— Баҳоргача сабр қилишингга тўғри келади, Каллакесар! — деди Женя. — Баҳорда анави музлар эрийди. Биз кесилган тайёр дарахтларни бойлаймиз, кейин дарёда оқизамиз. Ана шунда қочишинг учун осонроқ йўл топса бўлади. Тўғри, дарёда муз йўл қилинган. Аммо бу йўл бўйлаб узоққа бора олмайсан. Икки қадам юрмасингдан, итдай отиб ташлашади.

— Ҳозир-чи?. Нима иш қиламиз?

— Олдинига дарахт кесамиз. Кейин уларни ускуна ёрдамида тилиб чиқамиз. Тилиниб, тахта холига келганларини машиналарга ортамиз.

— Тушунарли. Демак… Баҳоргача сабр қил дегин?..

Женя жавоб қилишга улгурмади.

Секинлаб қолган эканмизми, соқчилардан бири кетма-кет елкаларимизга автомат қўндоғи билан туширди.

— Текинтомоқлар, қимирла!..

* * *
Женя айтганича бор эди. Гарчи илгари қурилишларда жисмоний иш билан кўп шуғулланган бўлсам-да, бунақасини етти ухлаб тушимда кўрмагандим.

Мени дарахт кесишга қўйишганди. Электр арраларда дарахтни ағдаргач, шохларини кесиб чиқиш лозим. Ундан сўнг яхшилаб ўлчаб, уларни бир хил узунликка келтириларкан.

Соқчилар бизни ўраб туришарди. Эндигина оғриб кетган белга дам бериш илинжида қаддингни кўтардингми, қаэрдандир назоратчи қўлида таёқ билан пайдо бўлади ва дуч келган ерингга тушириб қолади.

Мен ҳам икки соатча чидадим. Азбаройи терлаганимдан эгнимдаги кийим жиққа ҳўл бўлди. Бел тарашадай қотиб қолди.

Охири тоқатим тоқ бўлиб қаддимни ростладим ва чўнтагимдаги сигаретни олишга тутиндим. Шу заҳоти узун бўйли, юмалоқ юз, юқори лаби учиб-учиб турадиган назоратчи кела солиб бўйним аралаш тушириб қолди.

— Ҳа-а, Уч юз эллик саккизинчи! — у бақириб қўлимдаги сигаретни тортиб олди-да, оёқлари остига ташлаб эзғилаб ташлади. — Курортга келдим деб ўйлаганмидинг, ўғри, босқинчи?..

У қайтадан мени таёқ билан туширмоқчи бўлди. Чап бериб қолдим. Шунда назоратчининг бош кийими ерга учиб тушди.

— Вой аблаҳ-эй! — қичқирди у лаби учганча менга яқин келиб. — Ҳали менга чап берадиган бўлдингми? Қани, шапкани ол ердан!.. Тез бўл!

— Вей, мен «мусор»ларга хизмат қилмайман, билдингми? — дедим муштимни тугиб. — Керак бўлса, ўзинг ол!

— Нима?.. Нима дединг?.. Ҳали қараб тур, турмага қайтгин, тилингни суғуриб оламан!..

— Ўртоқ лейтенант, мана шапкангиз! — қаэрдандир келиб қолган пакана аристон назоратчига бош кийимини тутқазди.

Мен аристонни келганимдан бери кўрмагандим.

— Майли, кўрамиз, — дедим хаёлан ўзимга ўзим. — Қайси камераданлигингни суриштириб биламан, дўмбирачи!.. (Бундайларни турмада дўмбирачи деб аташади).

— Қани, ишга кириш! — буюрди назоратчи бош кийимини кияркан. — Масалангни кейин ҳал қиламиз, итдан тарқаган!..

* * *
Қанчалар чарчаб ҳолдан тойганимни фақат ўзим билардим. Айниқса, белим, елкаларим симиллаб оғриб, қаттиқ азоб берарди. Шу аҳволда кечки йўқловга чиқдим.

Ҳеч кимга сўз қотмай, тезроқ йўқлов тугашини ва камерага қайтиб каравотга ёнбошлашдек бахтли онларни орзиқиб кута бошладим. Чарчоқ туфайлими, кундузги воқеаларни унутибман шекилли. Йўқлов охирлаб улгурмай, Узун бўйли назоратчи сафни оралаб ўтиб менга яқин келди.

— Қани, олдимга туш! — буюрди у. — Нега қаққайиб турибсан? Юр дедим!

— Қаэргалигини билсак бўладими, начайлик? — бўш келмадим мен ҳам масхараомуз кулимсираб.

— Карсерга! — бақирди назоратчи. — Турма хизматчисини ҳақорат қилганинг учун уч кун карсерда ўтирасан!

Нимаям қилардим? Сал нарида бизни зимдан кузатиб турган Женяга кўз қисиб қўйдим-у, назоратчининг олдига тушдим.

* * *
Бу ердаги турма карсери СИЗО дагидан икки ҳисса ёқимсиз ва жирканч эди. Бетон деворларни шўр босган, ичкаридан келаётган ҳид кўнгилни айнитгудек эди.

Фақат бир жиҳати менга далда берарди. Шу ерда хаёлларимни жамлаб, фикрлаб олишга имкон бор.

Бетон супага ёнбошларканман, беихтиёр хўрлигим келди. Келгуси ҳаётимни тасаввур этишга уриндим. Тасаввуримга сиғдира олмадим.

Ярим соатча ётганимдан сўнг совуқ ўтиб, йўтал тута бошлади. Ўрнимдан туриб карсернинг уёғидан буёғига юра бошладим. Бу ҳам ёрдам бермас, йўтал кучайгандан кучайиб борарди.

— Шу касал мени олиб кетмасайди! — хаёлимдан ўтказдим эгнимдаги турма кийими ёқасини бўйнимгача кўтариб. — Нега дунёга келтиришди ўзи? Азобда ўлиб кетишим учунми? Болаликдан хотиржамлик, ҳузур нималигини билмасам! На уйим, на муқим ватаним бор. Кимга керакман? Нега яшаяпман? Мақсадим нима? Ўн беш йил турмада ўтириб чиқиб, қаэрга бораман? Қишлоққами? Кимнинг кўзи учиб турибди яримжон, юзи қора аристонга? Йўқ! ҳаммасидан нафратланаман! Ёруғ дунёсини ёмон кўраман. Бу деворларни, анави кўзни қамаштирувчи қорни, шовиллаб оқаётган сой-у, дарёларини… Ҳеч бирини кўришга кўзим йўқ! Ўт тушиб кул бўлсин ҳаммаси!..

Карсердаги уч кун мени маҳлуқ қиёфасига киритиб қўйгандек эди. Шом пайти назоратчидан бир метр олдинда камера томон кетиб борарканман, биринчи навбатда нима иш қилишим лозимлигини яхши билардим. Ўқчитиб-ўқчитиб тутаётган йўталга ҳам эътибор бермасликка ҳаракат қилардим. Фақат… Тезроқ камерага етсам, бас…

— Деворга орқа ўгир! — буюрди назоратчи белимга чарм таёғи билан нуқиб. — Адабингни едингми, текинтомоқ?..

— Оғзингга қараб гапир! — дедим бошимни у томон ўгириб. — Карсеринг нима бўпти менга? Илтимос, ёлғиз қўлимга тушмагин! Туғилганингга пушаймон бўласан!

— Мен-а?.. Нима, орқага қайтгинг келяптими?

— Сени огоҳлантирдим холос. Уёғи ўзингга ҳавола.

— Кўрамиз! — назоратчи сал наридаги стол устидан бир бўлак товуқ гўштини қўлига олиб иштаҳа билан ея бошлади. — Қани, ичкарига кир!..

Пайқадим. Назоратчи сўнгги гапларимдан сўнг сал паст тушди. Тушмай ҳам кўрсин-чи!.. Энди ҳеч бирини аяб ўтирмайман. Менда на шафқат, на меҳр-оқибат қолди. Қалбим, вужудим бўм-бўш. ҳеч қачон тўлмайди. Бўшлигича боқий дунёга равона бўламан. Кошкийди қачонлигини билсам… Шошилган бўлардим…

Камерага кириб борганим ҳамоно барчалари ўринларидан туриб мени қарсаклар билан қарши олишди. Барчалари билан бир-бир кўришдим.

— Рангингда қон қолмабди, йигит! — деди Женя қўлидаги қайноқ чой тўла кружкани узатиб. — Бошланишига манавини ич! Ўзингга келасан.

— Ўрмондаги аристон қайси камерада яшайди? — сўрадим каравотлардан бири четига чўкиб. — Уни тез кўришим керак.

— Ҳа-а, анави… «Мусор»нинг бош кийимини олиб берганми?

— Худди ўша.

— Хавотир олма. Топамиз. Қочиб кетмайди. Кел, биргаликда тамадди қилайлик! Вей, бопладинг ўзиям ўша назоратчи хунасани!.. Ишонсанг, яқинда менам боплаб сўккандим уни.

— Менга барибир. — дедим афтимни бужмайтириб. — Зарур бўлиб қолса, калласини сапчадай узиб ташлайман.

Бостириб-бостириб қайноқ чой ичгач, ростдан ҳам ўзимга кела бошладим. Йўтал пасанда бўлиб, танамга қон югургандек бўлди.

— У нега қамалган ўзи? — сўрадим Женядан ҳамон оғзимга тикилиб ўтирган аристонларга бир-бир назар ташлаш асносида. — Ўғрими?

— Қанақа ўғри? Босқин уюштирганмиш ҳамтовоқлариминан. Қандайдир бой одамни калтаклаб пулларини тортиб олишганмиш. Ўзи яқиндагина турмага келган. «Дўмбирачи»ларнинг етказишларича, камерасидагиларнинг ҳаммасиминан муштлашиб улгурибди.

— Зўр муштлашарканми шунақа?

— Қайдам? Шахсан мен гувоҳ бўлмаганман.

— Кўрасан. — дедим столни муштлаб. — Тартибли аристон эканини бугун исботлайди. Исботлай олмаса, ўзидан кўрсин!
[ригҳт](давоми бор)[/ригҳт]
Манба:[урл=ҳттп://ҳордиқ.уз/2018/07/28/қамоқхонада-курган-кечирганларим-16-қисм/] "Ҳордиқ"[/урл]

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (16-қисм)