Хосиятби ўтираверганиданми, оқсоқланиб, инқиллаб тандир томон кетди. Каниза билан Самад ўтирган ерида ўтиравердилар. Самад оч қоринга тамакини чуқур-чуқур тортди, охири ўрнидан қўзғолди. Индамай кўчага чиқиб кетди. Аммо изига қайтиб келди, атай Канизанинг рўпарасига келганда тўхтаб:
— Буви, айтинг, сатанг хоним адресчасини ташлаб кетсин, — деди кесатиб, овозини баралла қўйиб тандирга ўт қалаётган онасига, — тағин бу бозорчи туғиб сотиб ҳам юбормасин. Ҳамма нарсани сотади бу.
Каниза лабини буриб қўйди. Онаси:
— Қўй энди ўғлим, ишингни қил, — деди хавотир. Бир санчиб олиб, кўнгли олимсинди, шекилли, Са-
мад бурилиб чиқиб кетди. Қайтиб келмади. Каниза ноннинг пишишини кутди. Қайнонаси иккови иссиқ нон билан чой ичишди. Бунинг ичида қизчаси Ойимхон ҳам келди, опачаси билан. Кўнгли тинчигач, қайнонасига ота-синикига кетаётганини айтиб, йўлга тушди.
— Майли, шу жувонмаргнинг кўзидан узоқроқ бўлиб туринг, — деди кузатаётиб қайнонаси, — бобовчаси ке-либ қопти, шекилли.
Учтеракка кетиб бораркан, Каниза йўл қуюн ўзи билан ўзи гаплашиб, эри билан даҳанаки урушиб кетди: «Адресчасини ташлаб кетсин, эмиш, орқамдан эржоним, меҳрибоним етиб борсин, деб. Жуда қадримни билиб қўйдинг, тўнка. Сенга тегиб нима кўрдим? Ўл. Сассиқ-кузан, битлиқи. Ҳали қараб тур, бир куйдирайки, ич-этинг ёниб кетсин… Бировга гап бермайсан, мақтанчоқ. Гувалани оббориб деворга урасан, деворни гувалага… «Сатанг хоним» эмиш-а? Сатанг хонимман, нима дейсан? Ҳамма ёғимни сотармишман? Ҳа, сотаман, хоҳлага-нимча сотаман. Сени биров олмайди, гўрковликка олади, гўлахи. «Туғиб, сотиб юбормасин» эмиш? Нима қилишга кетаётганимни Худойим дилингга солиб қўйдими? Ўла! Худди шунга кетяпман. Нима дейсан, зўпидин? Ўзиникини ўзига сотаман. Мен, Салима айтмоқчи, «инкубассаман», эшитдингми, инкубасса! Ҳозир эшитиб ол, маъносини кейин уқиб оласан. Тухум босаман… «Бозорчи» эмиш-а? Шу бозорчи боқмай, энанг бокяптими? Ҳа, энанг нонга ўтир демади-ю? Куйибгина ўласан ҳали, қараб тур… У қулоғинг билан ҳам, буниси билан ҳам эшитиб ол, ўзингни бозорчи қилиб қўймасам, Каниза отимни бошқа қўяман. Бир мартага мана кўрасан… Ўзи Худо мана мен деб бериб турибди. Шундай бойиб кетайки… Қариб-чириб, чангимда йўқолиб кетгин…»
Каниза эри билан даҳанаки солиша, отасининг уйи олдига борганини сезмай қолди. Дадаси Эшмат сўпи, Эшмат лапашанг, онаси уни шундай муборакбод этади, ҳозир фермер, дарвозага етиб келиб, эшагидан тушаётган экан. У ҳозир қайроқи аясининг гапини эслаб кулимсади: «Қилган ишининг тайини йўқ, эшакнинг кетидан ўралашади, Эш сўпи». Воо, онасига гап йўқ. Етти чақиримдан эркакни бўйнига бўйинтуруқ солиб, узанги тақади. Бекордан беҳуда уни қишлокда Ўктамхон эмас, Ўткирхон дейишмайди. Узунқулоқ гапми, яна Каниза билмайди-ю, янги келинлигида хотини келиб қолиб, мешқоп раиснинг уйидан катта қора чолварини кийиб, қочиб келган экан. Миш-мишчи хотинлар тили қичиб гапирганда, Каниза кап-катта қиз бўлиб қолган эди-да, орият талашиб узиб олган эди. Кейинчалик, Каниза сингари бошқа фарзандлари ҳам катта бўлиб, бу гап тилдан тушди. Анов лапашанг эрига қолса, ҳалигача юраверарди бу гап. Бунақанги гапларга биринчи бўлиб Каниза жиддий чек қўйди. Аясини у-бу дейишгани билан фарзандлари, айниқса, қизлари жиддий, баъмани ўсишди. Бағри кенг қишлоқ аҳли ўртасида Ўктамхон-Ўткирхон театр саҳналари унут бўлиб кетди. Яхши-яхши одамлар қуда-анда бўлдилар. Асли аяси ўзи қувноқ хотин. Қиш ҳам, ёз ҳам барибир, кулдириб юраверади, қизларига ўхшаб иззатталаб эмас. Анави директорнинг хотини — опаси тергаб, сўкади. Аммо Ўткирхон ажива қилиқларини ташламайди, ташламади ҳам. Бешикда текканда!
Дарвозанинг кичкина эшигидан аввал ўрганган эшак, ота ва қиз киришганда, Ўткирхон театр, токнинг тагида ўтирган эканми, тура солиб:
— Вой-вой-вой, ким келяпти, бўйларингга қоқиндиқ,— деганча обдастада қўлларини чайиб-чаймай, Канизанинг истиқболига юрди, келиб уни кучди ва елкаси оша сўпига қараб: — Ҳмм… Эшакнинг кетидан қолманг, — деб қўйди. Сўнг Канизанинг янги товусини силаркан, кўшимча қилди: — Ҳай-ҳай, кўз тегмасин-а, туф-туф!
— Ая, — деди Каниза норози оҳангда, — яна қошингизга мунча қуюқ ўсма суркадингиз, а?
— Тек қўй, сўпини алдасам бўлди-да, мени деб шу ерда юрибди-ю, — яна ҳазилга олди Ўткирхон, дастурхон ёзаркан.
— Ҳеч эсингиз кирмади-кирмади…
— Яна сўккани келдингми? Анави директорнинг хотини мендан уялармиш. Нима бало, сенларни анов сўпи билан эшак туққанми? — кулди у яна.
— Ая!!!
— Нима гап, ким нима туғибди? — аралашди эшагини боғлаб келган Сўпи.
— Пермер пермер туғибди, — узоқдан яна гап солди Ўткирхон.
— Э, пермерлик ҳам қийин экан, қизим. Униям пули бор қилса дуруст экан. Бўлганлар бўлганича бўлиб қолди. Бизга ўхшаб кейин югурганлар дори сотиб, ер сотиб, раислар сингари кун кўриб юрибди.
— Яна пул, пул, пул, — жазава бошлади Каниза. — Мен пул сўраб келдимми?
— Бўлди, бўлди, биз жим.
— Пул сўраб келдимми, ая?
— Йўқ, йўқ, мени кўргани келдинг.
— Босиб олган буғдойизи гапирмайсиз? Ими-жимида сотиб, ҳў аждаҳо ўғилларизи домига тиқяпсиз? Битта кенжа қиз ўлибгина кетсин, — кўзига ёш олди Каниза.
— Ҳа, бу сўпи ўшаларга тиқади. Анави бой қизига тиқади. — Канизага бўлишди онаси.
— Яна мени ана шу сўтакка бердиларинг?.. Сиз қилдингиз, ая, шу ишни, — авжига чиқди Каниза.
— Мен қилдим, отасини кўриб этик ечибман-да, — ҳиқиллади онаси.
— Бўлди ая, ҳазилни, масхарабозликни ҳам чеки-чегараси бор. — Каниза ҳар эҳтимолга қарши миясида етилиб пишган режасини ҳисобга олиб, муддаосини билдириб қўйишга ўтди:
— Яшамайман мен у билан.
— Вой, вой, вой, бир мартами бу дийдиёйинг, қизим?
— Буниси энди бир марта. Охиргиси.
Ўктамхон энди жиддий тортди, кўнглида эса: «Ҳозирги куёвлар хотин кишини тинчитиб қўйишни билмайдилар-а?..» деган гап ўтди. У чой кўтариб келди. Нон ушатди. Чой ичдилар. Сўпи тамадди қилгач, ҳашаки ҳавода ухлашни афзал билди.
Она-бола қолдилар. Қуёш бир чиқиб, бир ботар, на иссиқ, на совуқ эмас, барибир, совуқ тушиб қолаётганди. Ўктамхон қизини ичкаридаги хоналардан бирига олиб кирди. Икковлон гаплашиб ўтирдилар. Каниза роса ҳасрат қилди. Қайнонасини мақтади, эрига лой чаплади. Гап қайнотасига келганда, аяси қиқир-қиқир кула бошлади.
— Яна бошлаяпсизми? — норози бўлди Каниза шунда.
Охири ўзини тута олмай, хохолаб юборди аяси.
— Тўхта-тўхта, айтмасам ёрилиб ўламан, — деди ва яна кула-кула ниҳоят айтадиганини айтди:
— Ўша қайнотангда, қуриб кетгур, белдор, полвон йигит эди-да, бир куни қуртга майда барг териб юрсам, рўпарамдан чиқиб қолди, бир синаб кўрай дедим. Шартта тутқаторга кирдим-да, имладим. Қаёкда ташланади дейсан, урра қочса дегин…
— Ая, шу гап сизга, кап-катта хотинга ярашадими?
— Бир омади гап-да.
— Ая, серёзни айтяпман, мени тушундизми?
— Қўй бунақа гапларни, эртага яна эринг билан апоқ-чапоқ бўлиб кетасизлар.
— Ая, анави, дадамни тўртта тукини олдириб ташланг, жағидагини! Худди артиснинг ўзи бўпти-қопти.
— Вой, ўхшаса қанийди?
— Ая, бугун қоламан.
— Қол, қол, вой қишлокда-чи, ҳозир гап болалаган. Замон ўзгарибми, ҳамма менга ўхшаб очиқ-сочиқ бўлиб кетяпти… Яқинда Мамат шипирги билан Қосим малайни келини нима каромат кўрсатишибди дегин, аянгни ҳангомалари етти чақирим чўлга қочади. Бу ёғи комедия. Қишлоқ шундоқ бўлиб кетган ҳозир. Сен юрибсан-да, шаҳарда мазза қилиб, бозорчи бўлиб, олифта сатанг бўлиб…
«Эрим иккиси ҳам бир гўр, — ўйлади Каниза. — Буларни ўзи абадул-абад тарк этиш керак. Шу қишлоғида ириб-чириб кетишсин. Агар бойиб кетсам, елкамнинг чуқури кўрсин сен итбалиқларни…»
Шуларни ўйлаб, Каниза онасига терс бурилиб, ётиб олди. Онаси бошига яна бир ёстиқ қўйиб, овози ўчди. Шу ётганча Каниза кеч шомгача ухлади. Турса, аяси тандирдан қайноққина сомса узяпти. Бирам ширин экан ошқовоғи, мазза қилиб еди. Бечора аяси, қоп-қорагина, кўзлари ўйноқи бу хотин ҳаётни енгил-елпи гапириб, кулиб, ўзини хурсанд қилиб ўтказди-я. Бу ҳам нима кўрди шу қишлоқда? На тўқчилик кўрди, на тузук-қуруқ усти бош кийди. На бир кошонада яшади, на ўйнади-кулди. Кўрган томошаси тўй-тўйчиқ бўлди. Ҳамма тўйларда рўмолини қирра танғиб, қарсиллатиб тушди ўйинга. «Ўктам опа Ўткир опа битта ўйнаб беринг» дейдиган кўпда. Ўзи ҳам айтишларига маҳтал, ҳаш-паш дегунча, даврада ўрдакдек сузиб кетарди. «Юз очди»ларда лўличирманда уриб, ўхшамаган овози билан яллачилик қилиб кетармиди-ей: Ҳа, укам, томдан келинг, Ялангоёц, шомда келинг, Акангизни феъли ёмон, Уйида йўц чогда келинг…
Ана шундай яшади Ўктам-Ўткирхон. Энди бўлса ўша ҳавойи кўнгли паришон, андом эса кетган. Ҳозир Кани-занинг парвоз қиламан деган сийнаси, мурча миёни, бир қучоқ думбаю ларзони ила кинна киргудек бўксаси, рисоладагидек бўла оёқларига кўз югуртириб, ширмондек юзи, ойдинбулокдек кўзига тикилиб — ўзининг санъат асарига маҳлиё бўлаётганди…
— Қизим, кўз тегмасин-у, — деди Ўктамби ёнма-ён жой соларкан, — роса етилибсан ҳозир. Қани, бенаво эркаклар буни билса! Эркак киши эмас, аёл кишини ҳам суқи киради. Ёмон кўздан асрасин.
Онаси эснай бошлади. Ҳеч қанча ўтмай пинакка кетди. Кундузи ухлаганигами, Канизанинг кўзи юмилмади. Бир вақт дарвозани биров бирам қаттиқ тепдики, чўчиб тушди. Ўлгур Самад пияниста. Худди ўша. Тинчлик йўқ бу дунёда. Шу тўнғиз қўпгурни нима қилса бўлади-я? Туриб чиқса ҳозир, аламазон жанг қўпади-да. Болта-молта билан чопиб, ўлдириб қўя қолса-чи? Қара-я, тинмай тепяпти дарвозани.
Охири дадаси туриб, дарвоза томон боргани эшитилди, у анча ади-бади айтишиб қайтди чоғи, дераза ёнига келиб:
— Каниза! — деди. Каниза индамай ётаверди.
— Ҳой, Каниза, анавинг кепти, ўлгудек маст, чиқ-син, кетамиз деяпти. Нима дейин? — яна гапирди дадаси.
— Тўхтанг, менга қўйиб беринг, ер юткурни, — ўрнидан қўзғолди аяси ва чиқиб кетди. Кета туриб: — Ҳозир оғзини турумини тугиб қўяман, ярамас, яшшамагур, — дея қарғанди.
Каниза туриб деразадан қаради. Ё тавба, аяси етиб бориши билан Самад бўйнидан қучди-ю, кўксига бош уриб, ҳўнграб йиғлай бошлади. Каниза хайрон. Дадаси дилдираб кириб кетди, чоғи. Самад шолчагаёқ йиқилди-қолди. Ўктамби тўшак олиб чиқиб ўраб қўйди.
— Юраги тўлиб қолибди, бўшатиб олди, — деди у ўрнига ётаркан.
Каниза саҳар туриб, йўлга отланганда, Самад ғужанак бўлиб, тўпланган ерида ётарди. Каниза парвосига ҳам олмай, автобусга улгуриш учун тез чиқиб кетди. Совуқ уфурган юзлари ним ачишиб, уйига етиб келди. Икки бола икки ҳолатда ерга тўшалган нам шолча, нам ўринда қотиб ухлаб ётардилар. Каниза уларни ўраган бўлди ва шартта хонадан чиқди. «Бир кунини кўради-да, — ўйлади у, — қарасин дадаси».
Кўчада автобусни кутиб турди. Автобус келгач, унга чиқаркан, кал ҳайдовчи оғзини йиғиштира олмай:
— Вой, до-о-од! Ўлдирасанми-я, куйдирасанми? — Бир тўхталиб яна: — Товус янглиғ қоматингдан-ей… — дея ҳар галги шилқимлигини қилди.
Каниза эса унйнг кал бошига шапатилади. У овозини баралла қўйиб ҳиргойи қилди:
— Уриб ўтган қанотингдан-ей… Қатиқчиларнинг Канизани кўриб, «Вой бў-ў! Қутлуғ бўлсин» деганлари ҳайдовчининг овозини босиб кетди.
Каниза бозорга ўйчан, бироқ шаддод кириб келди. Ҳар ҳолда қишлокда бўлиб ўтган гаплар унга эркинлик бағишлади. Анови тўнка йиғидан бошқа тўсқинлик қила олмади. Энди бир ҳафта эркин қуш, хоҳлаган ерида учади, хоҳлаган бутоғига қўнади. Кўнгли тинч. Хўш, булар нима фикрда экан? Айнишиб қолмадими? Қочиб кетди деб талвасага тушишмадимикин? Ғиди-пиди дейишгудек бўлса, мана товуси, мана пули. Йўқ, жинни бўлгани йўқ — бермайди, вассалом. Устидагини ечиб берадиган аҳмоқ борми? Ҳозир Салима пўнқадан бу ердаги гап-сўз билинади.
Шу ўйлар билан у Салиманинг қаршисига етиб борди.
— Вой, эгачи-ей, бормисиз, саломатмисиз? — жаврай кетди харидорга помидор тортаркан Салима.
Харидор ҳам қони суюқроқ шекилли, Каниза билан кўз уриштириб қолди. Худо бераман деса, ҳеч гап эмас-да, шу кунларда унинг юлдузини иссиқ қилиб қўйдими, кўзи тушганки, одам беэътибор қололмайди. Кечаги куни ёмғирдан қочиб, айвонлар тагида дўкон айланиб юрса, бир галстукли одам изидан қолмайди, қаёққа юрса, у ҳам қолмай эргашиб юрди. Автобусга кетаётганда ҳам ортидан келаверди. Автобус юриб кетганда, турган ерида серрайиб қолди. Вой, эррайим-ей! Қадам босишидан аммамнинг бузоғига ўхшайди. Оғзидан сув оқиб, ҳид олганига Каниза куйсинми? Ғалати-ғалати одам кўпайиб кетди ҳозирги замонда. Бирини кўриб ўлсанг, бирини кўриб тириласан.
Узоқдан кўзи тушган Сўтак эгилди. Қўлини оғзига имлаб, пиражка олиб бераман, дея ишора қилди. Салима ҳол-аҳвол сўради, кейин:
— Сизга помидор олмадим, энди ҳеч нарса сотманг. Эртадан бозорга чиқмайсиз, — деди. — Эгачимнинг саб-ру тоқати тугади. Кеча тайёргарлик қилиб сизни олиб келади, деб кўзи тешилибди. Ҳозир, мана бу менинг помидорим ҳам оз, сотиб бўлсак кетамиз.
Каниза индамай унинг гапларини эшитди. Салима оғзи тинмай, бўлажак куёв, уй-жойлар, беҳисоб нарса-лар ҳақида оғиз купиртирарди. Вақти-соати етиб сўтак келди:
— Ҳай, ҳай, ҳай, суф, кўз тегмасин-ей, тишга босадиган бўлиб кетибсиз-а, — суйилди, — палак тозада, палак. Кеча куёв бола қўйиб юбормадими, дейман? — у яна алламбалоларни жавраб пештахтага суянганча гап сотди.
Пиражкани рад этдилар. Каниза пештахталар орасида кезинаётган харидорларни, атрофни кузатиб ўтирди. Кимдир оғзи тинмай, ҳамма нарсадан тотиб, гап лақиллатиб, еб юрибди. Кимдир йўлакларга нарсаларини ёйиб олган ёймачиларни қувмоқда. Паттачилар изғийди. Бо-зорнинг хўжайинлари айланиб юрибди. Атрофдаги қозон-лар қайнамоқда. Ошнинг устини очганларнинг, сомсаси пишганларнинг қийқириғи янграб қолди. Аравача етаклаб, сўкиш эшитиб юрган болалардан кўпи йўқ. Ўзича жавраб телбалар ўтмокда, гўшт дўконларнинг олди ҳувил-лаган. Мундоқ бир эвида харажат қилаётган харидор-нинг ўзи йўқ. Аскиячи-қизиқчилар ўтишди. Бири қоп-қора новча, бири энлик семиз, бири узун, бири калта. Ортларидан ҳар хил аппарат кўтарган киночилар ўтди.
Шу пайт Канизаларнинг ёнгинасида бир бошмоқ кийган хотин ариллади. Тиззаларига уриб, сочини юлди. Халтасидаги пулни тунаб кетишибди. Айтиб йиғлаганига кўра тул хотин экан. Раҳми келган бир йигит унга юз сўм бериб ўтди. Нечта одам, жумладан, сўтак ҳам ўша йигитнинг ортидан анча қараб турдилар.
Канизанинг наздида бугунги ҳангомалар шу билан барҳам топиши мумкин эди, магарким, ланг очиқ, ҳали ёпиб улгурилмаган дарвозадан антиқа капали велосипед пайдо бўлмаганда, уни сариқ, кир фуфайкада, белига белбоғ боғлаган, рангги ўнгиб кетган ҳарбийча телпагининг бир қулоқчини осилиб, лапанглаб диққатни тортаётган одам етакламаганда, бугунги саҳна ёпилган бўлар-ди. Канизанинг фикрича, мана шу масхарабоз-алқандоз ҳалиги уввос солган етти болали беванинг аҳли ҳангома бозор жамоаси кўнглига етказган аламангиз ғалаёнини адамга суриб ташлади. Бозор енгил нафас олгандек бўлди.
Энди аҳли ҳангома ажабтовур велосипедни ўради. Каниза ҳам томошаталаб оломон ичига суқулди. Ёнгинасида сўппайиб, абадий қўриқчидек Сўтак бино бўлди. Иккита оғзи очилган йигитчани сал-пал суриб, Канизани ҳолилантирди. Шу билан худди тоғни ағдаргандек, Канизадан мурувват кутиб ишшайди. Қолган ҳамманинг кўзи кабинали велосипедда эди.
— Кўринг, ҳавас қилинг, мен шаҳарнинг фуқароси-ман! — хушнуд-хушчақчақ овоз отарди оғзидан масхарабоз-алқандоз.
Тилаволди Жўраев
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади