13:20 / 16.11.2018
3 552

Қўшнидан шикоятингиз борми?

Қўшнидан шикоятингиз борми?
Бу саволга ҳа, деб жавоб берадиганлар афсуски, орамизда кўпайиб бормоқда.

— Қўшним туфайли қизларимнинг бахти бойланиб қолди, бизни ҳаммага ёмонлайди, эшигимга келган совчиларни изига қайтариб юборади…

— Қўшним уйимнинг рўпарасига ҳожатхона қуриб олди, ҳидидан нафас олиб бўлмайди, ҳатто эшик-деразамни очолмайман…

— Юқори қаватдаги қўшним ҳар икки куннинг бирида уйимга сув оқизиб юборади, гапирсам эътибор ҳам бермайди…

— Қўшним ирим-сирим қилиб эшигим тагига тупроқ сепиб кетади, касалдан боши чиқмасин дейдими, билмайман…

Бундай шикоятлар тез-тез қулоққа чалинади. Қўшниларидан норози бўлиб, аразлашиб юрганлар ҳам орамизда жуда кўп.

— Ҳамсоямнинг жуда қизиқ феъли бор, арра дейсизми, болғами, гўштқиймалагичу қопқоқ ёпқичларгача мендан олиб ишлатади, — дейди Маҳлиё исмли жувон. — Сал эҳтиётласа ҳам майли, аямайди. Илгари сира қизғанмасдим. Бир куни қиммат дазмолимни олиб чиқиб кетди. Уч кун деганда ўзим сўраб чиқсам, дазмолимнинг башарасига шапалоқдек қора доғ ёпиштириб қўйибди. «Вой, нима қилганиз бу?» десам, «Шунга шунча ваҳимами, савил қолгур дазмолиз қизимнинг қиммат кўйлагини куйдирди», деса бўладими. Дазмолни тозалаб олгунимча эсим кетди.

Яна «Жуда қурумсоқсиз-да, қўшни, одамнинг жонини аягандай аяйсиз нарсаларингизни», деб кесатиб ҳам қўяди. «Ҳой инсон, ахир бунга менинг пулим куйган, бузилса, яна бошқасини олиш учун харажат қилишим керак», десам, «Мен бунақа нарсаларга пул сарфлаб ўтирмайман, бир сафар сиздан, яна бир сафар нариги қўшнидан олиб ишлатсам ҳам куним ўтади», дейди…

Бермай десам, кўнглим бўлмайди. Ахир бувим раҳматлининг: «Муқаддас битикларда рўзғор анжомларингизни қўшнидан қизғанманг, деб ёзилган», деган насиҳатини эшитиб ўсганмиз-да…

ОЗОР БЕРГУВЧИЛАРДАН БЎЛИБ ҚОЛМАЙЛИК…

— Менинг девор дармиён қўшним шундоққина айвонимнинг рўпарасига молхона қурган. Ўнтача ҳўкиз боқади. Ҳидига чидаб бўлмайди. Ёз бўйи уйимдан пашша аримайди, — дейди Мукаррам исмли аёл. — Гапирганнинг фойдаси йўқ. «Нима қилай, тирикчилигим шундан», дейди, қутулади. Чорва моллари боқиш учун алоҳида жой қилиши керак эмасми, аслида, у…

— Ҳовли олма, қўшни ол, деганлари бежизга эмас экан, — дейди бир шифокор танишим. — Орзу-ҳавас билан янги уй-жой қуриб, бир маҳаллага кўчиб бордик. Халқимиз анъаналари, динимиз кўрсатмалари бўйича қўни-қўшниларга қўлимиздан келганича ёрдам беришга ҳаракат қилдик. Бироқ ёнимиздаги қўшнимиздан кўп озор кўрдик. Қўшнининг феъли кенг бўлмасаям қийин экан.

Иссиғимиз ҳам, совуғимиз ҳам унга ёқмади. Баъзида ширинликлар, мева-чевалар чиқарсам, «Биз шунақа мазали нарсалар еб ўтирибмиз деб мақтангингиз келганда, а», дейди қўшни аёл. Болаларимнинг бўш вақти йўқ, доим машғулотлар билан банд. «Болаларини кўз-кўзлаб машинасида олиб юради», «Қўшниларимнинг кўзи куйсин деб кийимларини кўз-кўзлаб ҳар хил кийинади», «Ҳар икки кунда уйига меҳмон чақиради», каби майда-чуйда гаплар билан холи-жонимизга қўймади… Ҳар куни ишдан қайтишимда бир нохуш гап топиб, дарвозамнинг олдида кутиб ўтиради. «Нима иш қиласизлар ўзи шунча кўп пул топадиган?» дейдими-ей… Кечқурунлари маҳаллада бировнинг тоби қочиб чақиришса, «Нега ярим кечада санғиб юрибсиз?», «Қизингиз ҳам сизга ўхшаган дўхтир бўлса, шунақа санғиб юрадими?»…

Хуллас, унинг бемаза саволлари-ю, шубҳа-гумонлари, чақчайган кўзи, қотма қорамағиз башарасини эсласам қўлларим титрайдиган бўлиб қолди. Аввалига шу қўшни билан Аллоҳнинг синовидан ўтаётгандирмиз, деб ҳамма инжиқликларига, қитмирликларига чидадик. Бора-бора қизимнинг ҳам ранги синиқди. Тез-тез тоби қочадиган бўлиб қолди. Шифокорлар асаби чарчаган дейишди… Аста гаплашиб кўрсам, биласизми, қўшним уларни ҳам холи-жонига қўймас экан. «Онанг ишга кетдим деб қаерда юрганини Худо билади! Даданг ҳам ўзига бошқа хотин топиб олган бўлса керак, бунақа зўр машинада юриб, зўр жойда ишлайдиган одамларнинг ҳаммаси хотинига хиёнат қилади. Ҳадемай сизлар тирик етим бўп қолсангиз керак, мана кўрасизлар шундай бўлади, онангиз бошқасини топиб, отангиз бошқасини топиб кетади…

Ўшанда кўраман бу уйлар кимга қоларкан», дебди болаларимга… Бу гапни бир-икки марта айтиб қўя қолса ҳам майли эди… Ўғлим билан қизимни ҳар кўрганида «Онанг билан даданг ажрашамиз демаяптими, балки сизларга билдирмай аллақачон бу ишни бошлашгандир», деб шаъма қиларкан. Яна денг, ҳар ярим соатда эшик қўнғироғини чалиб, уларни дарс қилишга ҳам қўймас, «Дўконга чиқиб кел, кўчани супуриб қўй, ҳовлимни супуриб бер», деявераркан… Бу гапни эшитганимда «Болалар шундоқ ҳам ақлли, ҳамма ишни ўзлари билиб қилишади, уларни безовта қилманг», деб қўшнимга ётиғи билан тушунтирдим.

Бироқ, барибир, билганидан қолмади. Дарвозамиз олдига ахлат тўкиб, кейин қизимни чақирармиш… Болаларим иккови ҳам ўтиш ёшида. Бундай муомала, бундай гап-сўзлар, биласиз, уларнинг руҳиятига ёмон таъсир қилади… Қизимнинг тоби қочиб, сира ўзига келолмагач, бир куни дадаси икковимиз ундан «Нима истайсан, болам?» деб сўрасак, «Мана шу уйдан кетайлик, бир хонали квартира олиб берсангиз ҳам майли, шу ердан кетсак бўлди», деб йиғлаб юборди… Ўғлим ҳам опасининг гапини маъқуллади. Уйни сотдик. Бошқа жойга кўчиб кетдик. Мана, хотиржам яшаяпмиз. Янги жойдаги қўшниларимиз ҳаммаси оқибатли, Аллоҳга шукр.

Имом ал-Бухорий ўзларининг «Ал-адаб ал-муфрад» номли китобида Абу Омир ал-Ҳимсийдан қуйидаги ривоятни келтирадилар: Савбон разияллоҳу анҳу шундай дер эди: «Икки киши ўзаро уришиб қолиб, уч кундан ортиқ гаплашмай юрса, улардан бири ҳалокатга учрайди. Бордию, уларнинг иккови ҳам бир-бирига гапирмай, гина сақлаб вафот этса, иккови ҳам ҳалокатга учрайди. Қайси бир киши ўз қўшнисига зулм ва қаҳр кўрсатиб, охири уйидан кўчиб кетишга мажбур қилса, албатта, ҳалок бўлади».

«ҚЎШНИНИНГ ЖУФТИ ҲАЛОЛИ БИЛАН ЗИНО ҚИЛСА…»

Яқинда бир жувон мурожаат қилди. Айтишича, турмуш ўртоғи ишлаш учун сафарга кетганида қўшниси кечаси уйига кириб, унинг номусига тегибди. Қаттиқ изтиробга тушган жувон эртасига бу ҳақда онасига, ўша йигитнинг хотинига ва яқинларига хабар берганида эса у йигит «Ўзи мени уйига чақириб, яна ҳамма айбни менга ағдаряптими?» дея сувдан қуруқ чиқиб кетибди… Холи кўришишганида эса йигит: «Сенга ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолсин демаганмидим, энди ўзингдан кўр», дея пўписа қилибди…

Жувонга ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиш учун йўл-йўриқ кўрсатдик. У йигит, албатта, ўз қилмиши учун жавобгарликка тортилиши аниқ. Бироқ унинг бу иши гуноҳи кабиралардан бири эканини ҳам эслатиб ўтиш жоиз.

Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга бошқа нарсаларни тенглаштиришинг, ҳолбуки Аллоҳ сени йўқдан бор айлаган! (Яъни бутун борлиқни, шу жумладан, сени ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзигина яратганини била туриб, Аллоҳнинг яккаю ягоналигини тан ола туриб, яна айрим нодонлар сингари ибодат ва улуҳиятда жоҳиллик билан Унга бошқа нарсаларни шерик қилиш энг улкан гуноҳдир!) Таомингга шерик бўлишидан қўрқиб, ўз болангни ўлдиришинг (ҳам). Қўшнингнинг жуфти ҳалоли билан зино қилишинг…» дея марҳамат қилганлар. (Бухорий ва Муслим ривояти).

Миқдод ибн Асвад разияллоҳу анҳудан ривоят: Расули Акрам саҳобаларга дедилар:
— Зино ҳақида нима дейсизлар?

— У ҳаром, Аллоҳ ва Расули томонидан ҳаром этилган. Бас, зино қиёмат кунига қадар ҳаромдир, — дейишди.

Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бундай дедилар:

— Кишининг ўнта бегона хотин билан зино қилгани (билан орттирган гуноҳи унинг учун) ўз қўшнисининг аёли билан зино қилгандан енгилроқдир!

Кейин улардан ўғрилик ҳақида сўрадилар.

Саҳобалар дейишди:
— Ўғрилик ҳаромдир, у Аллоҳ ва Расули томонидан ҳаром этилган.

Шунда:
— Ўнта уйга ўғриликка тушиш ўз қўшнисининг уйидан ўғирлагандан енгилроқдир, — дедилар жаноби Пайғамбаримиз алай ҳиссалом.

ҲАДИСЛАРДАГИ ҲИКМАТЛАР

Муқаддас динимизда қўшничилик ҳақлари, қўшнилар билан муомала-муносабат одобларига амал қилиб яшаш кераклиги ҳақида кўплаб насиҳатлар, кўрсатмалар бор. Қўшнини кўрганда биринчи бўлиб салом бериш, ҳол-аҳвол сўраш, қийналганда ёрдам қўлини чўзиш, касал бўлиб қолса зиёрат қилиш, бошига мусибат тушса кўнгил сўраш, бир хурсандчилик етса қутлаш, айбини яшириш, унинг жуфти ҳалолидан кўзни тийиш, болаларига илтифотли муомала қилиш, агар болалари хато ишни қилаётган бўлсалар, тўғри йўлга йўллаб қўйиш, шунингдек, қўшни хонадондагиларга чиқинди ва ҳоказолар билан зарар ва азият етказмаслик ҳам қўшничилик одоблари ва ҳақларидан ҳисобланади.

Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, отаси бобосидан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Ўз аҳли-оиласи ва моли (га зарар етиб қолиши) дан қўрқиб, (ёрдам сўраб келган, муҳтож) қўшнисининг юзига эшигини ёпиб қўйган кимса мўмин эмас. Қўшниси унинг ёмонликларидан омонликда бўлмаган киши мўмин эмас. Қўшни ҳақи нима эканлигини биласанми?! (У шундан иборатки) Агар қўшнинг сендан ёрдам сўраса, ёрдам берасан. Қарз сўраса, қарз бериб турасан. Муҳтож бўлиб қолса, мурувват кўрсатасан. Бетоб бўлса, зиёрат қиласан. Унга бирор яхшилик (хурсандчилик) етса, табриклайсан. Бошига мусибат тушса, таъзия ва тасалли берасан. Агар вафот этса, жанозасида қатнашасан. Уйингни қўшнинг уйидан баланд қуриб, ундан шамолни тўсиб қўйма. Магар унинг изни билан бўлса, майли. Қозонингда қовурилган гўштнинг ҳиди билан унинг дилига озор етказма, агар ўша таомдан унга ҳам сузиб берсанг, бундан мустасно. Мева-чева сотиб олсанг, улардан қўшнингга ҳам туҳфа қил. Бордию ундай қилолмайдиган бўлсанг, меваларни унга кўз-кўз қилган ҳолда уйингга ошкора олиб кирма, (балки) билдирмасдан, яширинча олиб кир (токи, у нарсаларни кўриб унинг кўнгли ўксимасин). Кейин боланг ҳам қўшнининг боласини хафа қилиш учун ўша нарсаларни кўчага кўтариб чиқмасин. Акс ҳолда унинг боласини аччиқлантириб қўяди» (Хароитий ва бошқалар ривояти).

ҚАНДАЙ ҲАҚИ БОР?

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий алайҳиссалом дедилар: «Қўшнилар уч хил бўлади: биринчиси, битта ҳақи бўлган қўшни бўлиб, бу қўшниларнинг ҳақи энг оз даражада бўлган тоифасидир. Кейингиси иккита ҳақи бўлган қўшни. Яна бири учта ҳақга эга қўшни бўлиб, бу қўшниларнинг ҳақи энг кўп бўлганидир. Битта ҳаққа эга қўшни бу ўртада қариндошчилиги бўлмаган мушрик қўшнидир. Унда фақатгина қўшничилик ҳақи бор. Иккита ҳақи бўлган қўшни бу (қариндош бўлмаган) мусулмон қўшнидир. Унда мусулмонлик ва қўшнилик ҳақлари мавжуд. Учта ҳаққа эга бўлган қўшни эса, мусулмон, қариндош қўшнидир. У мусулмонлик ҳақи, қўшничилик ҳақи ва қариндошлик ҳақларига эга» (Баззор ривояти).

Мўмину мусулмонлар қўшниларнинг ана шу ҳақларини адо этиб яшаши лозим.

ҚЎШНИЧИЛИК ЧЕГАРАСИ ҚАЕРДА?

Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қўшнисидан шикоят қилиб келиб: «Мен бир қавмнинг маҳалласига кўчиб келдим. Лекин ҳаммадан кўра кўпроқ қўшниларимнинг энг яқини менга азият бермоқда», — деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан Абу Бакр, Умар ва Али розияллоҳу анҳумларга масжидларнинг эшигига бориб: «Эшитмадим деманглар, албатта, қирқта хонадон қўшнидир!.. Ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган киши жаннатга кирмас!» — дея жар солишни буюрдилар. Зуҳрийга бу ҳадисдаги қирқта хонадон деган сўзни қандай тушунамиз, дея савол беришганда, у киши: «Ўнг томонидан ҳам, чап томонидан ҳам, олд томонидан ҳам, орқа томонидан қирқтадан хонадон», — деб жавоб беради.

Ойиша онамиз, Ҳасан Басрий, Авзоий ва Зуҳрийлардан ривоят қилинишича, қўшничилик чегараси ҳар томондан олганда қирқтадан хонадонда тугайди.

Кишининг умр йўлдоши ҳам қўшни ҳисобланади.

ЧИРОЙЛИ ҚЎШНИЧИЛИК НИМА?

Қўшнидан етадиган азият ва озорларга сабр қилиш қўшнига азият ва озор етказмаслик олижаноб кишиларнинг фазилатидир. Қўшнини ҳимоя қилиш ва унга ёмонлик қилмоқчи бўлган қўл ва тиллардан асраш ҳам улуғ фазилатдир. Лекин яна тўртинчи фазилат ҳам борки, унга эришиш осон эмас. Бу қўшнидан содир бўладиган хато ва тойилишлардан кўз юмиш, унинг азият ва жафоларини кечириб, кенгбағирлик билан қарши олишда намоён бўлади. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Чиройли қўшничилик азият бермаслик эмас, балки азиятга сабр қилмоқликдир».

Бошқа бир ҳадисда Набий алайҳиссалом уй бекаларини ўз қўшниларига нисбатан очиқ қўл ва саховатли бўлишга чорлаб шундай марҳамат қиладилар: «Эй, Муслима аёллар, биронта уй бекаси ўзига қўшни бўлган аёлга нисбатан (саховат қилишда) ҳеч нарсани ҳақир-арзимас санамасин, ҳатто ўша (берадиган нарсаси) қўйнинг туёғи бўлса ҳам!» (Муттафақун алайҳ).

ДИЛОЗОРГА ЖАЗО МУҚАРРАР

Манбаларда келишича, Набий алайҳиcсалом ўз дуоларида Аллоҳ таолодан ёмон қўшнидан паноҳ беришини сўраб шундай дер эдилар: «Эй Аллоҳим, истиқомат масканидаги (яъни доимий яшаш жойидаги) ёмон қўшнидан асрашингни сўрайман. Зеро, саҳро қўшниси (яъни сафардаги ҳамроҳ) ўзгаради (аммо доимий манзилдаги қўшни ҳеч қаёққа кетмайди)».

Бу ҳадисдан англашиладики, муқимликдаги ёмон қўшни инсон учун катта мусибат. Бундай бўлмаганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундан паноҳ сўрамасдилар.

Озор ва ёмонликнинг ҳам турлари кўп. Ёмонлик деганда фақатгина уришиб, сўкишишни тушунмаслик керак. Баъзилар эртадан кечгача қўшнисининг топган тутганию, туриш-турмушини таҳлил қилади. Қўшниси янги иморат қурса, янги машина сотиб олса, «Ҳозир ойликка яшаб шундай нарса қилиб бўларканми, қаердан бунинг пули кўпайиб кетяпти? Нега унинг уйида барака мўл, менда ҳеч вақо йўқ», дея қўшнисига ҳасад қила бошлайди ва турли ёмонликларни ўйлаб топиб, унинг ҳаловатини ўғирлайди, асабларию руҳиятини толиқтиради ва охири уни бир балога йўлиқтириб, кейин кўнгли тинчийди…

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қўшнидан шикоятингиз борми?