14:33 / 22.11.2018
4 748

Саккиз соатдан кам ухлаш организмда сувсизланиш эҳтимолини ошириши аниқланди

Саккиз соатдан кам ухлаш организмда сувсизланиш эҳтимолини ошириши аниқланди
Пенсильвания давлат университети профессори Ашер Розингер ва унинг ҳамкасблари тадқиқотлар асосида агар эрталаб уйғонганингизда ўзингизни яхши ва тетик ҳис қилмаётган бўлсангиз бу ёмон ухлашдан эмас, аксинча организмнинг сувсизланганидан дарак беришини аниқлашди. Бу ҳақда халқаро "Sleep" илмий журнали хабар бермоқда.

"Уйқу вақтининг узоқ ёки қисқа бўлиши буйраклар фаолиятининг секинлашуви билан боғлиқ эканлиги кўпчиликка маълум, лекин уйқу давомийлиги ва организмнинг сув билан таъминланиш даражаси орасидаги боғлиқликка оид тадқиқотлар жуда ҳам кам. Ушбу тадқиқотдан кўзланган мақсад турли миллатга мансуб вояга етган кишилар орасида уйқу давомийлиги ва сийдик гидротацияси биомаркерлари орасидаги боғлиқликни аниқлашдан иборат эди", – дейди Пенсильвания давлат университети профессори Ашер Розингер ва унинг ҳамкасблари.

Тадқиқотчилар тадқиқот давомида америкалик ва хитойлик вояга етган кишилар организмидаги гидротация (тўқималарнинг сув билан таъминланиши) ва дегидротация (тўқималарнинг сувсизланиши) эҳтимоллигига уйқу қандай таъсир кўрсатишини кузатдилар.

Тажрибада қатнашган 20 ёшдан катта иштирокчилар уч гуруҳни ташкил этди: биринчи гуруҳ 2007-2008 йилларда Миллий саломатлик ва овқатланиш ҳолатини тадқиқ этиш марказида (NHANES) (4680 нафар иштирокчи); иккинчи гуруҳ 2009-2012 йилларда NHANES да (9559 нафар иштирокчи) ва учинчи гуруҳ 2012 йилда Хитойдаги Кайлун шифохонасида (11903 нафар иштирокчи) текширилди. Иштирокчилар орасида ҳомиладор аёллар ва буйрак фаолияти билан боғлиқ хасталикларга эга беморлар ҳам бор эди.

Текширишлардан маълум бўлдики, тунда олти соат ухлайдиганлар организмида саккиз соат ухлайдиганлар организмига нисбатан сийдик ажратиш даражаси ортади ва бунинг натижасида уларда кўпроқ ухлаганларга нисбатан 16-59 фоиз ортиқроқ ҳолатда организмнинг сувсизланиши кузатилади.

Олимларнинг изоҳ беришларича, ушбу ҳолат организмдаги сув билан таъминланиш жараёнининг гормонлар орқали назорат қилиниши билан боғлиқ.

Одам бош миясининг гипоталамус қисмида ҳосил бўладиган ва гипофизда йиғилиб, қонга ажраладиган вазопрессин деб номланувчи гормон организмдаги тўқималарнинг сув билан етарлича таъминланишига жавобгар ҳисобланади. У кундузи ва тунда уйқу даврида етарли миқдорда ажралиб, ўз функциясини амалга оширади. Тадқиқотчилар текшириш давомида айнан ушбу гормоннинг фаолиятига эътибор қаратишган.

Профессор Розингернинг тушунтиришича, вазопрессин тез ва чуқур уйқу даврларида ажралиб чиқади. Агар киши етарлича ухламай, муддатидан аввал уйғонадиган бўлса вазопрессин ажраладиган вақтни ўтказиб юборади ва организмнинг сув билан таъминланиш жараёни бузилади.

Организмнинг сувсизланиш жараёни унинг бир қанча органлар фаолиятига ҳамда фунцияларига таъсир кўрсатади. Жумладан, ақлий фаолият, кайфият, жисмоний меҳнатга лаёқатнинг пасайиши ҳам организм сувсизланиши билан бевосита боғлиқ ҳисобланади.

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, организмда узоқ ва сурункали давом этадиган сувсизланиш жараёни сийдик йўлларидаги инфекцион касалликлар ҳамда буйракда тош пайдо бўлиши каби ҳолатларга олиб келади.

"Агар сиз ҳар куни тунда олти соат ухлайдиган бўлсангиз, ўз организмингизнинг сув билан таъминланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатишни бошлайсиз. Тадқиқот натижалари асосида етарлича ухламагандан кейин тонгда ўзингизни тетик ҳис қилмаётган бўлсангиз кун давомида кўпроқ сув ичишни тавсия қиламиз", – дейди тадқиқот муаллифлари.

Бундан аввал янги туғилган чақалоқлар ва ҳомиладор аёл саломатлигига ота ёшининг қай даражада боғлиқ эканлиги ҳақидаги тадқиқот ишлари юзасидан хабар берган эдик.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Саккиз соатдан кам ухлаш организмда сувсизланиш эҳтимолини ошириши аниқланди