21:00 / 03.12.2018
4 177

Қум устидаги иморат

Қум устидаги иморат
Ҳавонинг тундлиги, бир ҳафтадан буён қуёшнинг «йилт» этган бир ҳовуч шуъласи кўринмагани етмагандек, Муниранинг ҳам эрталабдан қовоғи очилмайди. Нонушта пайти-ку, еган-ичгани ичига заҳар бўлиб кирмасин, деб Раҳимахон на Мунирага ва на бошқаларга ортиқча гап қилмади. Нонуштадан сўнг қошиқни пиёлага уриб, тарақлатиб йиғиштираётган қизининг ёнига келиб:

— Тинчликми? Намунча қовоғингдан қор ёғади? Ёмон туш кўриб, чап ёнинг билан турдингми? — деди.

Мунира онасининг гапиришини кутиб турган эканми, йиғлаб юборди.

— Ану ўртоғингиз… Обида холам… Наримонга совчиликка юраётган экан.

Раҳимахон ҳам бирдан бўшашди. Бу нима деган гап? Ахир оналари қолиб момолари ҳам яқин дугона бўлишган. Наримон йўлга кириб, югуриб юрадиган бўлганида, мана шу Мунира туғилган эди.

Чақалоқнинг кичкина чилласи чиққан кун бир уй аёлнинг ичида Обиданинг раҳматли онаси «Худо хоҳласа, мана шу бешикдаги кўзлари мунчоқ қизчангни Наримонимга қиламиз», деган, аёллар «гурр» этиб, фотиҳага қўл кўтаришган эди. Шу-шу, Муниранинг бўйи чўзилиб, йигитларни кўрганида юзига қизил югурадиган бўлганидан буён Раҳима ая унга «Сен эгаликсан. Обида холанг сени келин қилади, оналаримиз «Наримонга бўлсин», дейишган», дея уқтириб келади.

Наримон институтга кирганидан бошлаб Раҳимахон фурсат бўлди дегунча Обидага оналарининг васияти ҳақида имо-ишоралар қила бошлади. Обида «ҳа», ҳам, «йўқ» ҳам демас, «Ёшлар аввал ўқишини тугатишсин, ҳозир бир ишнинг бошини тутиб, оила қурмаса, осон эмас…» ёки «Мунира тугмачадеккина қиз бўлибди. Худо хоҳласа, бахтли бўлади», деб қўя қоларди. Мана энди Наримонга бошқа кўчалардан қиз ахтараётган эмиш…

— Ким айтди сенга бу гапни? Дугоналаринг айтган бўлса, балки, ғашингни келтиришмоқчи бўлгандир. Шу замоннинг қизлари роса қитмир-да, ўзи…

— Йўқ, боласини массажга олиб келган Нафиса исмли аёл айтди. Унинг жиянига оғиз солаётганмиш…

Мунира поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлайди, демак, унинг бу гапи рост…

Раҳимахон бир хаёли «Наримон ўзи сенга бирон нарса деганми?» деб сўрамоқчи бўлди-ю, агар ҳеч нарса деб оғиз очмаган бўлса, қизининг ярасига туз сепгандек бўлишини ўйлаб, индамади. Бироздан сўнг:

— Сиқилма, болам. Кўчада қолаётганинг йўқ-ку, Наримон бўлмаса, бошқаси, — деди.

Муниранинг қовоғи баттар тушиб кетди.

Раҳимахон қизининг бошини силади:

— Сиқилма, дедим-ку. Барча касалликлар сиқилишдан келиб чиқар экан. Бир нарса ўйлаб топармиз…

* * *
Раҳимахон чиндан ҳам жуда кўп ўйлади. Ахир ўзи Обидага қўнғироқ қилиб «Мен қизимни ўғлингга асраб ўтирган эдим», дея олмайди-ку. Ёки Муниранинг ўзи Наримонга «Қанақа йигитсиз қиз болани интизор қиладиган?» дея SMS ёза олмайди. Раҳима аянинг калласига бир фикр келди. Яна дугонаси Назиранинг Наримон тенги ўғли бор. Лекин бу дугонаси кейинги пайтларда Раҳимадан бироз узоқлашиб қолганди. Сабаби, улар бирга олисроқ бозорга қатнаб чойшаб, ёстиқ , кўрпа-тўшак жилдларини сотишар эди. Раҳимахоннинг тили чаққонми ё қўли баракалироқ эдими, молини Назирадан аввалроқ пуллаб бўлар, кейин унга:

— Сен менга молингдан бериб тур, эртага олиб келиб ўрнига қўяман, — дерди.

Назира бир марта унинг айтганини қилди, икки марта. Учинчи гал:

— Раҳимахон, сиз чиройлисиз-у, ичингиз қора экан. Ўша келган харидорга «Менда мол тамом бўлди, шеригимдан ол», десангиз бўлмайдими? — деди.

— Савдода бунақаси кетмайди, ҳар ким ўз кўмочига кул тортади, — деди Раҳима.

— Бўлмаса, ўз кўмочингизга кул тортиб юраверинг. Мен «Фақат ўзим бўлай», дейдиганлар билан борди-келди қилмайман, — деганди Назира.

Раҳима унга ортиқча гап-сўз қилмаган бўлса-да, ичида «Қилмасанг, қилма, сенга зор қолган жойим йўқ», дея Назира билан орани деярли узганди.

«Назира содда, оқкўнгил аёл. Ўғлиям ўзига ўхшаган бўлса керак. Назирага қўнғироқ қилиб, узатиладиган қизим борлигини айтаман. Нотаниш одамларга бергим келмайди. Шунинг учун «Уйга кел, ўғлингниям олиб кел, ёшлар бир-бирини кўришсин, маъқул бўлса, тўй қиламиз», дейман. Назира киришимли эмас, ҳали совчиликка юрмаётган бўлса керак». Раҳимахонга ўзининг шу ўйлагани ягона нажот йўли бўлиб туюлди. Обидани ҳам чақиради. Унинг олдида Назирани кўкларга кўтаради. Дугонасининг бир қитиқ патига тегсин. Бир рашкини уйғотсин! Зора шунда Обида ҳаракатга тушиб қолса.

Раҳима ая кўнглидан ўтганларига ўзи ишонди.

* * *
— Назира, яхшимисан? Рустамжон катта йигит бўлиб юрибдими?

— Раҳмат, Раҳима опа, тузукмисиз? Нечук биз ғарибларни йўқлаб қолибсиз?

— Вой, нега унақа дейсиз? Ғариб деганлар эртакларда қолиб кетган. Ҳозир ҳамма ўз кўнглида султон. Сизни, Рустамжонни бир кўргим келди-да, шанба куни кечқурун уйга келсаларинг, бир ўтирар эдик…

— Тинчликми? Ё Мунирани узатяпсизми?

— Бу нима деганингиз? Қизимни бегонага бергим йўқ. Синашта жой билан қуда бўлсам, дейман. Масалан, менга сизнинг оқкўнгиллигингиз ёқади, қувликни билмайсиз…

— Раҳмат, менинг ҳам ўғлим уйланадиган ёшга етиб қолди. Лекин биласиз, одамлар билан дарров ош-қатиқ бўлиб кета олмайман. «Соддалигимдан фойдаланади, алдайди», деб гумон қилавераман. Агар сизда ҳам Мунирани узатиш нияти бўлса…

Назиранинг ботинмайроқ айтган гапи Раҳима учун айни муддао бўлди. Худо йўлини очади, деганлари шу бўлса керак-да.

— Албатта, албатта, менинг ҳам ниятим шу. Қизимни иссиқ жойига узатиб кўнглим хотиржам тортса…

Назиранинг эсида йўқ эканми ё ўзи кавлаштиригиси келмадими, Обида ва унинг ўғли Наримон ҳақида суриштирмади.

* * *
Обида ҳам келди-ю, анча кеч келди. Бу пайтда она-бола чиқиб кетаётган эди.

— Назирахон ҳам келган экан-да. Билганимда эртароқ келган бўлардим, — деди Обида эски қадрдони билан қучоқлашиб кўришар экан.

— Рустамжон навбатчиликка бориши керак, шунга шошяпмиз, — дея изоҳ берди Назира.

— Рустамжон қўшма корхонада ишларкан, муҳандис, — деди Раҳима хон Обида сўрамаса ҳам.

— Ҳм, шунақами, омадини берсин болаларимизнинг…

Назира билан ўғли кузатилиб, Обида ўтиргач, фотиҳадан сўнг Раҳимахон:

— Назиралар ҳам анча бақувват тортиб қолибди, уйларини алмаштиришибди, Рустамжоннинг маоши яхши экан, — деди.

Обида бу гапга у қадар эътибор бермади. Раҳимахон ўртана бошлади: «Эҳ, сал эртароқ келмайдими, бу Обида деганлари. Бармоқлари, қулоқлари, бўйнига тақиниб, ясаниб келган Назиранинг «Қизингизга харидор бўлиб келдик», деган гапларини эшиттириб, ичини куйдирмайдими?» Лекин Раҳимахон ниятидан чекинмоқчи эмасди. Обиданинг хаёли бошқа жойда эканини билса ҳам:

— Назираси тушмагур ўғлини етаклаб, Мунирага совчи бўлиб келибди. Ўғли қаердадир қизимни кўриб қолган экан, «Шу қиздан бошқага уйланмайман», деб оёқ тираб турганмиш, — деди.

Раҳимахоннинг назарида Обида бу гапдан сўнг ҳушёр тортиши керак эди. Йўқ, Обида қандай ўтирган бўлса, шу алфозда дастурхондаги ноз-неъматлардан тотиниб ўтираверди.

— Ўғлимнинг топгани бир эмас, икки оилани боқишгаям етади. Тўй қилсак, асал ойини Анталияда ўтказишади, дейди… Ҳали қозиқ қайда, бузоқ қайда, дедим. Эски қадрдонлигим ҳурмати, дилини оғритмадим, ўйлаб кўрайлик, дедим. Эртага телефонда ширингина қилиб «Қизим кўнмади», дейман-да…

Раҳимахоннинг кўпиртириб-кўпиртириб айтаётганлари энди Обидага етди, шекилли, у кулимсиради:

— Яхши йигит бўлса, нега рад қиласиз? Муниранинг айни узатиладиган пайти… Суриштириб, нетиб, бериб юборавермайсизми?

Раҳимахоннинг булбулдай сайраётган тили танглайига ёпиишиб қолгандек бўлди.

* * *
— Ойи, нима қилганингиз бу? Нимага ўз-ўзингизга Назира холамдан совчи ясадингиз? Нега Обида холамга йўқ гапларни айтиб кўпиртирдингиз?

Мунира йиғламоқдан бери бўлиб онаси билан тортишарди.

Раҳимахон эса:

— Мен ҳавасга уюштирдимми бу спектаклни? Менга керакмиди сўм сарфлаб ёлғон совчилар учун дастурхон тузаш? Мен фақат Обиданинг кўнглида «Қизимга устма-уст совчи келяпти, агар биз отни қамчиламасак, Назиранинг ўғли улоқни олиб кетади», —деган гумон ва жаҳд уйғотиши керак эди, — деди.

Лекин Раҳимахоннинг кутгани бўлмади. Обида бу «совчилик операцияси»га, бу спектаклга ортиқча эътибор бермади. Раҳимахон қолиб, Мунира ҳам нима қилишини билмасди. Ахир Обида холаси осонгина унинг жавобини бериб кетди… «Васият деган гаплар алмисоқдан қолиб кетди. Ҳозир ёшларнинг ўзи ҳал қиляпти ҳамма нарсани… Наримон Мунирани синглисидай кўрар экан.

Раҳимахон алам устида қизини Назирага узатиб юборай деса, Мунира «Учрашиб, гаплашиб кўрамизми?» дея қўнғироқ қилган Рустамжонга «Ойим бу спектаклни Обида холамнинг аламини келтириш учун ўйлаб топган эди… Менинг кўнглим вайрон бўлиб ётибди. Сиз билан ҳам, бошқаси билан ҳам учрашишга тоқатим йўқ. Бутун дунёсидан кўнглим қолди», деб юборибди.

Қалби жароҳатланган йигит онасига «Ойи, сиз қўғирчоқмисиз? Нега дугонангиз сизни ўйнайди? Сиз «Майли, Худога солдим», деб қўяверасиз, биламан. Мен ундай қилмайман, қизига ҳам, онасига ҳам эрмак қилиш, одамларнинг туйғуси билан ўйнашиш нималигини кўрсатиб қўяман», — деди.

Назира ҳам бу гапнинг биттасини ерга туширмай, Раҳимахонга етказди.

— Мен мулойимгина бўлиб уйингизга чорлаганингизга ишонибман. Аслида, сиз ўша савдо қилиб юрганингиздаги худбин аёл экансиз. Сиздақаларнинг йўли ҳеч қачон очилмайди, — деди.

Раҳимахон нима десин, нима қилсин, қандай йўл билан бўлса-да, қизини бахтли қилмоқчи эди. Лекин она-да, у ҳалиям Назира ва унинг ўғли олдидаги айбини тушунмас, қум устига қурилган иморат, яъни ёлғонга қурилган бахт омонатлигини сезмас, «Мен боламга яхши бўлсин», дегандим, дея шивирлар, овозига кўз ёшлари қўшилиб оқарди…
Қутлибека РАҲИМБОЕВА

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қум устидаги иморат