Кибр ва узр орасидаги фожеа
Ўзи истаганидек бой-бадавлат хонадоннинг қизини келин қилган қайнона тўйдан кейин уйи тўлиб қолганини айтиб қўни-қўшнилари орасида бир неча кунгача керилиб юрди. Бироқ келини уни менсимаётганини ҳис этди-ю, секин-аста уни ўчди. Кундан-кунга қовоғи солиниб бораверди.
Келинига: “Бойнинг боласи бўлсанг ўзингга, энди менинг хизматимни қилишга мажбурсан”, дегандек муомала қила бошлади. “Ойижоннинг қовоғи сира очилмайди, нимасига бунчалик керилади билмайман”, деб иддао қилди келин. “Бирор нарсани ўргатсам, ўзим яхши биламан деб осмонга сапчийди, одамни ҳурмат қилишни билмайди”, деб уни айблади қайнона.Арзимаган гап-сўзлардан бошланган келишмовчилик кейинчалик катта-катта жанжалларга айланди. Бир фарзандлик бўлганида нотинчликдан безор бўлган келиннинг отаси кўч-кўронини йиғиштириб,қизини қайтариб олиб кетди...
“Болалар тирик етим бўлмасин, ёшларни яраштириб қўяйлик”, деганларга келиннинг отаси: “Қизимни ерга уриб, хизматкордек муомала қилгани учун қудам эшигимга келиб кечирим сўрасин”, деди. Қайнона ҳам бўш келмади: “Осмонни ушлаб тургандай керилиб келиб, қизини олдига солиб кетдими, энди ўзи олиб келсин, мен бормайман!!!”
Орадан йил ўтди. Маҳалла-кўй аралашди. Катталар насиҳат қилди. Бир амаллаб келинни маҳалла идорасига чақиртиришди. “Агар невараларини етим қилишни истамаса, шу ерда ҳамманинг олдида қизимдан узр сўрасин, кейин қизим уйига қайтади!” деди қизнинг онаси. Маҳалла идораси қайнонанинг уйига яқин эди. Тўрт қадам ташласа етарди. Бироқ у қовоғини очмади: “Эшигимдан олиб кетдими, эшигимга олиб келсин! Мен ялиниб бормайман...”
Йигитга насиҳат қилганлар “Онам нима деса шу, уйимга келиб онамдан кечирим сўрасин, яшайман. Бўлмаса ўзи билади! Болам ҳам бир амаллаб катта бўлар”, деган жавобни эшитишди.
Аслида ўртада нима воқеа бўлганди, деган ҳақли савол туғилади. Оилада фарзанд туғилгач, харажатлар ҳам шунга яраша кўпайиб боравергач, келин тез-тез асабийлашадиган бўлиб қолди. Балки оиладаги етишмовчиликлар, қайнонасининг тинимсиз норозиликлари, у билан очилиб-ёзилиб гаплашмаслиги, эрининг онаси измидан чиқмаслиги бунга сабаб бўлгандир... Бу ёғи бизга қоронғи. Келиннинг зардакаш бўлиб қолгани, оиладаги етишмовчиликларни эри ва қайнонасининг юзига солиб, бақир-чақир қилгани бор гап. Ана шундай кунларнинг бирида қайнона: “Бойнинг қизи бўлсанг ўзингга, энди шу уйнинг келинисан, борига ҳам йўғига ҳам сабр қилиб чидайсан”, деди. Ўртада яна бақир-чақирлар бошланди. Келин онасига қўнғироқ қилди. У ҳам тезда етиб келди-ю: “Нимага қизимни хафа қиласиз, бу хонадонда болам бечора хор бўлди, бас, етар, олиб кетаман!”, деб қудасига ўдағайлайди. “Олиб кетиб, мени боламдан яхшисига узатармидингиз”, деди қайнона бўш келмай. “Э-э, эр қилмай ўтаман, мен сизга ўхшаб икки эрга тегадиганларданмасман”, дея қайнонасининг икки марта турмушга чиққанини юзига солди келин.
Ташқаридан қараганда бор гап шу! Аслида эса узоқ вақт мобайнида қайнона-келиннинг бир-бирига менсимай муомала қилиши,кибрланиши, “Уйини отамнинг моли билан тўлдириб ўтирибди-ю, яна керилишига ўлайми”, ёхуд “Бойнинг боласи бўлсанг ўзингга, менинг измимдан юришга мажбурсан”, деган иддаолар бу оилани ичидан емираверган. Охир оқибатда“Сен мендан узр сўра”, “Йўқ, сен ўзинг кечирим сўра”, каби жуда майда гап-сўзлар билан оила бузилди. Бир қоракўз, норасида ўзининг қон-қардошлари – ота-онаси, бобо-бувилари қўли ва феъли билан тирик етимлик домига ташланди.
Кечирим сўраш шунчалик қийинмиди? Феъли кенг, илмли-маърифатли, камсуқум, камтар одамлар учун бу иш жуда осон. Бироқ қалбини кибр эгаллаган кимсалар шу қадар жоҳиллашар эканки, улар учун уч ҳарфдан иборат УЗР сўзини айтишнинг ўзи мушкулотга айланаркан. Шундай пайтда Имом Ғаззолий ҳазратлари “: “Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир”, деганларида қанчалар ҳақ эканлар, деган ўй кўнгилдан ўтади.
Афсуски бундай воқеалар бугун ҳаётимизда кўплаб учрамоқда. Оилалар, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, ҳамкасблар ва дўсту биродарларнинг ўзаро муносабатлари бузилишига ҳам кўп ҳолларда манманлик ва кибр сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Ҳақни инкор этувчи кимса
Кибр ва манманлик бир-бирига яқин ва ўхшаш салбий сифатлардир. Уламолар кибр қалбда намоён бўлиб, кибрли одам бошқалардан ўзини устун қўйиши билан ажралиб туради, манманликка йўлиққан кимса эса ўзининг феъл атвори, кийим-кечаги, уй-жойи ва ҳунарига ўзи маҳлиё бўлган, ўз тасаввур оламига бошқаларни яқинлаштирмайдиган одамдир дейишади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган: “Бир киши изорини кибр билан судраб бораётганида, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат кунигача ерга пастлаб бораверади”. (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ва Аҳмад ривояти)
Бугунги кунимизда ҳам ўзини ўзгалардан арзимаган нарса билан устун қўядиганлар, кийими, соч турмаги, чиройи билан манманлик қиладиганлар кўп учрамоқда. Бироқ унутмайликки, бундайларни ер ҳам ўз устида кўтариб юрмай, ютиб юборишга тайёр экан.Қиёмат куни ундайодамларнинг аҳволи қандай бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади!.. Шундай ёмон аҳволга тушмайин деган одам зинҳор кибр қилмасин, ўзини бошқалардан устун қўймасин, дея огоҳлантиришади уламолар.
Кибрли кимса ҳақни инкор қилиши билан ҳам ажралиб турар экан. Яъни у ўзини шу қадар баланд тутадики, ундан илмда, бойлик ва мартабада юқори бўлганларни ҳам тан олгиси келмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир”, деб таърифлаганлари ҳақида ҳадислар бор.
Бефойда баландпарвозлик
Кибр илм аҳли орасида ҳам бой-бадавлатлар ва оддий одамлар орасида ҳам бир қанча сабаблар билан номён бўларкан. Кимдир ўзини бошқалардан илмлироқман деб ўйлаб, қолганларга паст назар билан қараса,бошқаси амалда (ибодатда) ҳаммадан ўзиб кетганман деган ўйда кибрга берилади. Яна биров мансаб-мартабаси туфайли атрофидагиларни менсимайди. Бироқ ҳақиқий илм эгаси тавозеъли бўлиб, кибрга яқинлашмас экан. Ўзини“илмли” ҳисоблаганлар қанча илм олсалар ҳам феълларида бузуқлик бўлгани сабабли ёмон сифатлардан халос бўла олмай мутакаббирликка берилар эканлар.
Амалда (яъни ибодатда) ҳаммадан ўзиб кетганман, деб ўйловчилар эса бошқалар уларни улуғлашлари, жой бўшатишлари, ҳурмату эъзоз кўрсатишлари, уларнинг тақволари ва ибодатларини мадҳ қилиб туришларини даъво қилишар экан.
Айримлар ота-боболарининг илми-мавқейига таяниб, ҳасаб ва насабда ҳаммадан баландман деган ўйда ўзидан илмли ва амали устун бўлган кишиларга такаббурлик қилишар экан. Бироқ муқаддас динимиз таълимотида насаб кишининг амалидан устун қўйилмаган.
Куч-қуввати, жамиятдаги мавқейи билан ғурурга берилувчилар одатда бошқаларни “сени ундай қилиб юбораман, бундай аҳволга соламан”, дея фахрланадилар. Шунингдек,яна бир тоифа одамлар қариндош-уруғлари, тарафдорлари, фарзандлари, хизматчи ва шогирдлари билан кибрланиб, атрофдагилардан ўзини устун қўяди.
Афсусуки бу ҳолатларнинг ҳеч бирида инсон учун фойда йўқ экан. Уларда мавжуд неъматлар – илм ҳам, давлату савлат ҳам, куч-қуввату чирой ҳам аслида Аллоҳнинг фазлу марҳамати эканини, истаган пайтда бу неъматлардан бандасини маҳрум этишини, истаган бандасини эса энг ҳақир даражадан энг юксак мартабагача кўтариш Аллоҳнинг изни ихтиёрида эканини унутмаслик қалбни кибрланишдан асрайди.
– Узоқ қишлоққа тўйга бордик, – дейди Ҳолида исмли аёл. – Биз ўтирган хонага бир жувон қизи билан кириб келди. Ўзи чиройликкина экану қизи атрофга қараб нуқул илжаяр, ақли ноқислиги шундоққина кўриниб турарди. Қизча онасининг қўлидан юлқиниб чиқди-ю, сурилиб-сурилиб менга яқин келди.Қўллари кўйлагимга тегди.Тўғрисини айтсам, ундан жирканиб, қизни ўзимдан нари итариб юбордим, кўз олдимдан ўзимнинг хушрўй-хушрўй фарзандларим ўтди. “Шунақаям қиз туғадими одам”, дедим шерикларимга пичирлаб. Жувон қизчасини кўтариб хонадан тезда чиқиб кетди. Ўша қизнинг қўли теккан кўйлагим этимни куйдираётгандек уйгача қийналиб келдим-да, дарҳол кўйлагимни ечиб ёқиб юбордим. Кўп ўтмай яна ҳомиладор эканим маълум бўлди.Орадан бир йил ўтмай, бир қиз туғдим. Ё тавба, чақалоқ ўша мен тўйда кўрган қизчанинг айнан ўзгинаси эди!!! Улғайгани сайин қизим кўз ўнгимда ўша қизалоқнинг қилиқларини такрорлаб бораверди. Устига устак оёқ-қўли узун, ўзи букри бўлиб қолди. Жуда самимий доим кулиб туради. Бироқ кулгусиям қўрқинчли... Ўшанда бир уй хотин орасида кибрланганимни, ўша жувон ва қизини ерга урганимни эсласам ҳалигача ўзимни кечиролмайман. Бир лаҳзалик кибрим менга мана шундай азоб бўлиб қайтди...
“... У мутакаббирларни хуш кўрмас”
Уламолар кибрлар орасида энг ёмони Аллоҳ таолога кибрланишдир, дейишади. Бу Фиръавн ва Намруднинг кибрига ўхшаш бўлиб, Аллоҳ таолога банда бўлишдан ўзини олиб қочишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кибр қилиш эса Макка кофирларига ўхшаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсунишдан бош тортиш, жоҳиллик ва саркашлик ила кибрланишдан иборатдир, дейилади муқаддас манбааларда.
Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасида: “Илоҳингиз ягона илоҳдир. Охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари инкор қилувчидир, ўзлари эса мутакаббирдирлар. Шубҳасиз, Аллоҳ нимани сир тутаётганларини ва нимани ошкор қилаётганларини биладир. Албатта, У мутакаббирларни хуш кўрмас”, деган (22-23-оятлар).
Аллоҳ ҳар бир одамнинг кўнглидаги сирларини ҳам ошкора қилаётган амалларини ҳам билгувчи зотдир. Қалблари ҳақиқатни инкор этаётган, ўзлари мутакаббирлик қилаётганларни ҳам билиб туради.
Шу боисдан:
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида бир дона ачитқи уриғи оғирлигида иймони бор одам дўзахга кирмайди. Қалбида бир дона ачитқи уруғи оғирлигида кибри бор одам жаннатга кирмайди”, дедилар”.
“Эй Аллоҳнинг расули! Киши кийими гўзал бўлишини, пойафзали гўзал бўлишини ёқтиради-ку?” деди бир одам. “Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севадир. Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир”, дедилар Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Муслим ва Термизий ривоят қилган).
Демак, чиройли кийимлар кийиш, чиройли ҳаётга интилиш айб эмас, айнан шуни восита қилиб, бошқаларга паст назар билан қараш, мол-мулки, давлати, мансаби, кийимлари ва буюмларига бино қўйиш манманлик ва кибрланиш бўларкан.
Такаббурлик белгиси
Одатда такаббур кишилар ўз айбини тан олавермайди. Бироқ ҳар бир одам ўзининг феъл атворини назардан ўтказиб, ўзини ўзи ислоҳ қилиб туриши фойдадан ҳоли эмас. Ўзида такаббурлик аломатлари йўқ деб ўйлайдиган кишилар ўз феъл атворига разм солсинлар, агар уларда қуйидаги белгилар сезилса, демак кибрдан халос бўлиш учун ҳаракатга киришсинлар.
Ўзи ўтирган ҳолда одамларнинг атрофида ёки ҳузурида тик туришини ёқтириш, ортидан одамларни эргаштириб юришни хуш кўриш, бировнинг зиёратига бормаслик, кимнингдир ёнига ўтиришдан орланиш,ўз эҳтиёжи учун хизматини ўзи қилмаслик,оиласи, рўзғори учун керакли нарсани бошқа бировга кўтартириб юришни хуш кўриш, наслу насаби, кийим-кечаги, машинаси, уй-жойини яхшилиги, мол-мулки кўплиги, мансаби баландлиги туфайли ўзини бошқалардан устун деб билиш кибрланишнинг аломатлари ҳисобланар экан.
Халос бўлиш мумкинми?
Ғийбат, ҳасад каби кибрланиш ҳам қалб хасталикларидан бўлиб, уни даволаш, унга қарши курашишэнг аввало инсоннинг ўзига боғлиқ. Қалбни кибрдан поклаш фарзи айндир, дейди уламолар. Бироқ у ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолмайди. Кибрни таг-томири билан қўпориб ташлаш учун илмий ва амалий чоралар кўрилиши керак. Банда ўзини ва Парвардигорини таниса, ўзининг кимлигини, қандай яралганини ва унга етган неъматлар ким томонидан ато этилаётганини англаса, Аллоҳни чин маънода таниб, улуғлик У зотдан бошқага тўғри келмаслигини тушуниб етса кибр уни ўз-ўзидан тарк этади.
Шунингдек, амалий равишда Аллоҳ таолога тавозуъ қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, аҳли солиҳларнинг ахлоқидан ибрат олиб яшаса қалбини кибрдан поклай олади. Энг муҳими маърифатга интилиш, ҳаёт ҳикматларидан ибрат олиш, донишманд ва уламоларнинг кибр ва манманлик каби қалб хасталикларининг зарарлари ҳақидаги насиҳатларига қулоқ тутиш ва кибрдан покланишга интилиш зарур. Акс ҳолда кибр инсонни икки дунё саодатидан маҳрум этувчи воситага айланади.
Ҳамрохон МУСУРМОНОВА
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди