“Эртак-да!” деб бепарволик қилиш яхши эмас. Инсон хотирасининг эслаб қолиш ва ибрат олишининг энг қулай воситалари — ҳикоялар ва масаллар. Қолаверса, болалар бундай ҳикоя ва масалларни жуда яхши кўрадилар. Қайта-қайта эшитсалар ҳам ҳайрат билан тинглайверадилар. Бугун телевизор қаршисидан нари кетмаётган болалар ва ота-оналар, афсуски, маданиятимиз ва тарихимизнинг эртаклар каби устозини унутдилар.
Ҳатто Яратган Эгам ҳам ҳикоятлар билан бандаларини тўғри йўлга бошлаган. Муқаддас китобимиз Қуръони Каримнинг шарҳини ўқисангиз, англайсизки Аллоҳ азза ва жаалла ҳам ҳикоят (қисса)лар орқали насиҳат қилади, бандаларини ғафлат уйқусидан уйғотади. Қуръонда айтиб ўтилган Пайғамбарлар қиссалари бунга яққол мисолдир. Мусо алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом, Исмоил алайҳиссалом, Нуҳ алайҳиссалом ва Юсуф алайҳиссалом қиссаларининг ҳар бирининг сўнгида насиҳат, амр ва тақиқлар келади. Ҳикоят, масал ва эртаклар билан таълим бериш, тарбиялаш ўқитишнинг илоҳий услуби ҳисобланади.
Калтак ва тарбия
Аксариятимиз бола тарбиясида ота-онамиздан ўрганганларимизга таянамиз. Аммо таассуфки, юз йилдан кўпроқ вақтдан бери бу жамиятда нотўғри “тарбия” ҳукмрон. Оммавий маданиятнинг энг оғриқли нуқтаси ҳам шунда деб ўйлайман. Бобоси жанг майдонларида толиққан, отаси қишлоқда туғилиб-ўсиб ўқишга имкони бўлмаган бугуннинг катталари ҳаёт ташвишларига бу қадар берилганларки, ҳовучлари орасида болаларини йўқотаётганларини англамайдилар ҳам ҳатто.
Калтак жаннатдан қувилган
“Калтак жаннатдан чиққан” ибораси шарқ дунёси кишиларининг онгига шу қадар сингиб кетганки, ота-оналар бу жумлани илоҳий сўзларни талаффуз этгандек ишлатадилар. “Калтак жаннатдан чиққан” деган ёлғонни ким кашф қилиб, ҳаётга тадбиқ қилган билмайман-ку, аммо ёлғонига гўзал тўн кийдирибди. Диний атама билан бирга қўллаб, калтак сўзига одамларнинг тилини шунчалик ўргатиб юборишибдики, баъзи оилаларда тарбия деганда бола шўрлик калтакни тушунадиган бўлиб қолган. Лекин ҳеч ўйлаб кўришдимикан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “жаннатдан чиққан” усулни ҳеч қўлламаганлар? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон болани урмаганлар, ҳатто баланд овозда, таҳдидли танбеҳ бермаганлар.
Болалигимиздан бери яхши кўриб эшитадиганимиз ривоятлар бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида набиралари Ҳасан ва Ҳусайн (Аллоҳ улардан рози бўлсин!) у зотнинг устиларига чиқиб ўйнаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини адо этаётиб, оҳиста ҳаракатланар, салом бериб намоздан чиққанларидан кейин набиралари билан бироз ўйнар эдилар. Калтак жаннатдан чиққан эмас, чиққан бўлса ҳам калтак жаннатдан қувилган!
Болани калтаклаб тарбиялашга уринаётганлар на тарбиядан ва на исломдан хабардордирлар. Бугуннинг боболари намоз ўқиётганида орқасига чиқиб олган набирасига қаҳр қилади. Намоз ўқиётганда олдидан ўтиб кетган болага кесак отиш ҳам тўғри эмас. Масжидда тўполон қилиб ўйнаган болалар катталар тарафидан озорланиб, масжиддан қувилгани учун ҳам бугун жамоатдан узоқлашгандирлар?
Туркиялик ўқитувчи Саид Чамлижа шундай хотирлайди:
— Ўрта мактаб таълимига қадар Германияда яшаганман. Бошланғич мактабга боришимдан олдин уйимиз яқинида черков бор эди. Черков олдидаги хиёбонда ука-сингилларим билан ўйнардик. Ҳар якшанба куни черковда тўй маросимлари ўтказиларди. Келин-куёвни никоҳлаган черков руҳонийси ёнимизга келиб биз болаларга шоколад берарди. Жуда қувонардик бундан. Ўша пайтларда масжидга борганимизда кичик ўйинқароқлигимиз туфайли ҳам масжид маъмурлари уриб-сўкарди. Йиллар ўтиб тарбиячи сифатида черков руҳонийси нега болаларга шоколад тарқатганини яхшироқ англадим. Масжидда ўйнаган болаларга ғазаб қилган масжид ходимларининг қилмиши нақадар хато эканига талаба дўстим Ботухоннинг ҳикояларини эшитиб янада амин бўлдим. Бошланғич таълимни Австралияда олган Ботухонни дадаси Ислом дини урф-одатларини унутмасин дея масжидга юбориб туради. Ягона фарзанд бўлгани учун бироз эркатой бўлган Ботухон масжидда шўхлик қилади ва ўйинқароқлиги учун масжид имоми уни уради. Эртаси куни ўғлининг қўлидан етаклаб келган ота имомдан ғазабланиб: “Домла, менинг боламни уришга қандай кўзингиз қийди? Мен унга ҳатто овозимни ҳам баландлатмайман-ку! Бу ишингиз яхши эмас!”- дейди ва Ботухонни бошқа ҳеч қачон масжидга жўнатмайди...
Муҳтарам ота-она! Зинҳор болангизни урманг, калтакламанг! Боласини калтаклаб “тарбия”лаган бир қанча ота-оналар бугун меҳрга зор, изтироб ва надоматда яшаяптилар. Боласини уриб–сўкиб, гўдакнинг мунғайган юзига қарашга юраги бетламай бошқа хонага кириб йиғлаган ота-оналарни биламан.
Болани калтаклаш — чорасизлик! Чорасизлик илмсизликдандир. Болангизнинг ўйинқароқлиги, шўхлиги билан қандай курашиш кераклигини билмасангиз, илмсизлигингиз аламини болангиздан олишга ҳақингиз йўқ! Калтак болани ё сурбет қилади, ёки ёлғончи қилади. Урсанг эти, сўксанг бети қотар, деган гап бежиз эмас.
Умида АДИЗОВА тайёрлади
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”