10:16 / 24.02.2019
6 913

Болангиз ақлли бўлишини истайсизми?

Болангиз ақлли бўлишини истайсизми?
Агар фарзандингиз мактабда ёмон ўқиса, ҳар доим ҳам муаммо унинг интеллектуал қобилиятида бўлавермайди. Балки болангизнинг мия фаолияти учун зарур бўлган озиқ моддалар етишмаётган ёки тўғри овқатланмаётгандир? Улғайиб бораётган боланинг мияси – организмга тушадиган овқатнинг жуда катта миқдордаги озиқ моддаларини ўзлаштирадиган анчайин “очкўз” орган ҳисобланади. Боланинг нормал ривожланиши учун уни тўғри овқатлантириш зарур. Қуйида болаларнинг мия фаолиятига ижобий таъсир қилувчи ўнта маҳсулот билан таниш имконига эгасиз.

1. Лосось. Ушбу ёғли денгиз балиғининг таркибида мия фаолияти учун фойдали бўлган омега-3 ёғ кислотаси мавжуд. Уни истеъмол қилиш миянинг когнитив фаолиятини яхшилайди. Фарзандингизга қовурилган ёки димлаб пиширилган балиқни сабзавотлар билан (бодринг, помидор ёки салат барглари қўшиб) бутерброд кўринишида беришингиз мумкин.

2. Тухум. Тухум сариғи таркибида хотирани яхшилайдиган холин элементи мавжуд. Ўқувчига тушликка қовурилган тухум ёки нон орасига омлет қилиб бериш мумкин.

3. Ерёнғоқ ёғи. Ерёнғоқ миядаги асаб мембраналарини ҳимоя қилувчи антиоксидант - Е витаминининг манбаи ҳисобланади. Тузланмаган ер ёнғоқни исталган салатга қўшиш мумкин, ер ёнғоқ ёғини эса нонга суриб ейиш жуда мазали.

4. Тозаланмаган дон. Инсон мияси нормал фаолият юритиши учун муайян миқдорда глюкозани талаб қилади. Тозаланмаган донда глюкоза ҳам, бириктирувчи тўқималар ҳам (қонга қанча миқдорда глюкоза тушишини бошқарувчи) мавжуд, шунингдек унинг таркибида асаб тизимини озиқлантирувчи В гуруҳи витаминлари бор. Ўзингиз ва фарзандларингизга оқартирилмаган ундан тайёрланган нон маҳсулотларини харид қилинг ёки нонни ўзингиз ёпинг.

5. Сули ёрмаси. Сули – бу бола учун энг яхши нонуштадир, чунки унинг таркибида Е, В витаминлари, потассиум ва руҳ моддалари мавжуд. Ушбу элементлар ва витаминлар фарзандингизга ўзининг интеллектуал салоҳиятини тўла намоён этишига ёрдам беради. Сулини унга қўшиб пироглар, оладьялар, сирниклар тайёрлаш ёки уни шунчаки қуруқ товада ёнғоқ билан қовуриб ширин бўлмаган йогурт ёки сут билан бирга истеъмол қилиш мумкин. Агар эрталаб сабзавотли ва мевали шарбатларни тайёрлашни одат қилган бўлсангиз, шарбатга озроқ хом сули ёрмасидан қўшинг.

6. Майда мевалар. Қулупнай, черника, олча, малина, маймунжон ва бошқалар саратон касаллигининг олдини олувчи антиоксидантларга эга. Тадқиқотлар қулупнай билан черниканинг хотирани яхшилашини, малина, қулупнай, маймунжон ва ертутининг уруғлари омега-3 кислотасига бойлиги кўрсатди. Янги узилган меваларни салатларга, сабзавотли таомларга, мюслига қўшиш ёки шунчаки истеъмол қилиш мумкин.

7. Дуккаклилар. Ловия, нўхат, нут, ясмиқ дони таркибида протеин, мураккаб углеводлар (қондаги қанд моддаси миқдори унчалик оширмайдиган), бириктирувчи тўқималар, витаминлар ва минераллар кўп бўлгани боис, улар жуда фойдали. Дуккаклиларни ҳар қандай томатли қайла билан гарнир ёки салатга қўшимча сифатида истеъмол қилиш мумкин.

8. Рангли сабзавотлар. Помидор, брокколи, бақлажон, қовоқ, сабзи, исмалоқ, булғор қалампири, маккажўхори – ёрқин ранглардаги ушбу сабзавотлар таркибида шикастланган тўқималарни тикловчи кўп миқдорда антиоксидантлар бор. Болаларга янги узилган сабзавотларни кесиб беринг ёки макаронга сабзавотлардан қайла тайёрлаб беринг.

9. Сут ва йогурт. Сут маҳсулотлари протеин ва В гуруҳи витаминларига жуда бой. Ушбу моддалар мия тўқимасининг ўсиши, нейротрансмиттерлар ва энзимлар ҳосил бўлишида муҳим аҳамиятга эга. Болаларга нонуштага ширин бўлмаган йогурт, ёғсиз сметана, сут, ряженка ва ёғсиз қатиқ харид қилинг.

10. Ёғсиз мол гўшти. Ёғсиз гўшт – темир ва руҳ моддасининг манбаи ҳисобланиб, у миянинг когнитив фаолиятини яхшилашга ёрдам беради. Ёғсиз гўштни С витаминига бой озуқа (помидор, булғор қалампири, апельсинлар, қулупнай) билан бирга истеъмол қилиш организмнинг темир моддасини яхши ҳазм қилишига кўмаклашади.

Болаларни тўғри овқатлантиришни майда-чуйдасигача ишлаб чиқиш мумкин. Аммо болалар овқат ейишда инжиқроқ бўлишади.

Фантазиянгизни ишга солиб, таом тайёрлашга ижодий ёндашинг. Агар бола фойдали, аммо зерикарли овқатни ейишдан бош тортса, уни қувноқ ва чиройли қилиш керак бўлади. Егуликлардан эртак ва мультфильм қаҳрамонларини ясашага ҳаракат қилинг. Боланинг таомномаси унинг учун қизиқарли бўлса, мақсадга эришиш осонроқ бўлади.
ФАРЗОНА тайёрлади

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Болангиз ақлли бўлишини истайсизми?