Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида туризм соҳаси янги босқичга кўтарилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни ҳудудда амалга оширилаётган йирик инфратузилма ва туризм лойиҳалари билан яқиндан танишди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
Сўнгги йилларда Бўстонлиқда туризм имкониятларини кенгайтириш мақсадида катта ишлар амалга оширилди. Амирсой, Чиноркент, Чорвоқ дарвозаси каби улкан мажмуалар, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш марказлари ишга туширилиб, йилнинг тўрт фаслида мароқли саёҳат қилиш учун қулай муҳит яратилди. Энди эса бу рўйхатга “Чимён” халқаро умуммавсумий курорти ҳам қўшилади.
Франциянинг MND компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа учун 1278 гектар майдон ажратилган. Лойиҳа доирасида замонавий меҳмонхоналар, ресторанлар ва денгиз сатҳидан 3300 метр баландликкача осма дор йўли қурилади. Бу иншоот нафақат қиш фаслида чанғи ва сноуборд спорти учун, балки йилнинг қолган ойларида ҳам тоғ сайёҳлиги ва турли кўнгилочар ҳордиқ турларини амалга ошириш имконини беради.
Президент янги қурилаётган 6 қаватли меҳмонхона билан ҳам танишди. Мазкур иншоот 320 нафар сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, йил давомида ўртача 45 минг туристга хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Шунингдек, 7 ва 5 қаватли апарт-отеллар, 7 қаватли меҳмонхона ва 2 қаватли ресторан қурилиб, хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш белгиланган. Йил давомида бу масканлар 54 мингдан зиёд меҳмонни қабул қила олади. Мажмуада 100 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши назарда тутилган.
Айни пайтда 6 та шале қурилиши ҳам давом этмоқда. Давлат раҳбари бу каби мажмуаларда замонавий хизмат кўрсатиш, ходимларнинг малакасини ошириш ва илғор тажрибаларни жорий этиш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, ҳудуд имкониятларини туризм платформаларида кенг тарғиб қилиш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этиш юзасидан кўрсатмалар берди.
Туристлар учун қулайлик сифатида 300 та автомобилга мўлжалланган тураргоҳ ҳам қурилмоқда. Унинг биринчи қаватида ресторан, болалар майдончаси ва савдо нуқталари жойлашган бўлиб, бу ташриф буюрувчилар учун хизматларни бир жойда тақдим этиш имкониятини яратади.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, курорт таркибида автомобиль йўлида туннел ҳам барпо этилган. Узунлиги 1450 метр бўлган мазкур йўл қисми, икки кўприк ва пиёдалар йўлаклари транспорт ҳаракатини енгиллаштириб, хавфсизликни таъминлайди. Туннел орқали соатига 500 дан ортиқ автомашиналар бемалол ҳаракатланиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлаганидек, замонавий йўллар қурилиши ҳудуднинг туризм салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ва иқтисодий ўсишни таъминлайди. Шу билан бирга, табиат мусаффолигини асраб-авайлаш, сайёҳлар ва маҳаллий аҳолида экологик маданиятни ошириш масаласи ҳам муҳим йўналиш сифатида белгилаб қўйилди.
Янги курорт ва инфратузилмалар туфайли Бўстонлиқда минглаб янги иш ўринлари яратилади, аҳоли учун барқарор даромад манбаи пайдо бўлади. Туристларга энг замонавий хизматлар кўрсатилиб, мамлакатга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!