date

Вояга етмаганларга уятсиз ҳаракатлар учун жазо кучаяди

Вояга етмаганларга уятсиз ҳаракатлар учун жазо кучаяди

Ўзбекистонда болаларни ҳар қандай зўравонлик ва номақбул ҳаракатлардан ҳимоя қилиш масаласи янада кучайтирилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган сиёсий партиялар фракциялари йиғилишида мазкур масала яна марказий муҳокамага айланди.

Йиғилишда “Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Депутатлар таъкидлашича, сўнгги йилларда болаларни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, айрим салбий ҳолатлар ҳанузгача кескин камаймаяпти.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки саккиз ойи давомида вояга етмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ хатти-ҳаракатлар содир этилиши 36 фоизга кўпайган. Бу рақам мутахассислар ва жамоатчилик орасида катта ташвиш уйғотмоқда.

Лойиҳага кўра, Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, 16 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан телекоммуникация тармоқлари ва интернетдан фойдаланиб содир этилган уятсиз ҳаракатлар учун жазо чоралари оғирлаштирилади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида болаларни жабрланувчи ёки гувоҳ сифатида сўроқ қилиш жараёнига ҳам аниқ тартиб киритилмоқда. Энди бу жараённинг умумий давомийлиги бир кундан ошмаслиги белгиланяпти. Бу эса болаларнинг руҳий ҳолатини асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, сўроқ жараёнида уларнинг қонуний вакиллари ёки масъул шахслари ҳам иштирок этиши шарт қилиб белгиланмоқда.

Фракция аъзоларидан бири Сайёра Имомова таъкидлаганидек, “Қонун лойиҳаси вояга етмаган фарзандларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади”.

Йиғилишда билдирилган таклифлар асосида қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Мутахассислар фикрича, бундай чоралар нафақат болаларни турли таҳдид ва зўравонликлардан асраб қолиш, балки жамиятда масъулият ҳиссини кучайтиришга ҳам хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Вояга етмаганларга уятсиз ҳаракатлар учун жазо кучаяди