Транспортда икки аёлнинг суҳбати ногаҳон қулоғимга кирди:
- Қизингиз яхши юрибдими, айланай? Бир ажойиб қиз-да. Эссиз, ҳалигача бахти очилмади-я?
Иккинчи аёл ҳамроҳининг “ғамхўрлиги” остидаги ўсмоқчилашни ё англамади, ёки тушуниб турган бўлса-да сир бой беришни истамади чоғи:
- Нимасини айтасиз, қизим ҳуснда ҳам, одобу андишада ҳам бировдан кам эмас. Пазандалигини айтмайсизми, бир пиёз билан сувдан ҳам ҳар қандай инжиқ одамнинг таъбини яйратадиган мазали таом тайёрлайди. Энг мукаммал дастурда яратилган кир мошинаси ҳам кирларни қизим ювгандек тоза ювиб беролмайди. Билмадим, Худонинг ишлари-да, бўлмаса оддий ёвғон қилса ҳам тагига олдириб қўядиган, ивирсиб юрадиган қизларни бахти очилиб туппа- тузук турмуш қилиб кетишяпти. Майли-да, менинг қизимга ҳам аталгани бордир. Муҳими, тан-жони саломат бўлсин. Соғлик ҳам бахт-ку!..
- Вой, сиз қандай онасиз-а? Индамай қараб тураверасизми? Кўнглингиз ҳам кўнгил экан-да! “Қизингни узатишга шошил” деган қадимгилар. Ўтиравермай бундоқ фолбингами, азайимхонгами борсангиз-чи?..
Суҳбат шу жойига келганда тушадиган бекатимга келиб қолдим. Автобусдан тушиб орқамга, дераза олдига ўтирган ҳалиги аёлларга кўз ташладим. Шеригига фолбинга боришни маслаҳат берган аёл куйиб-пишиб нималарнидир тушунтиришда давом этаётган эди...
Ажаб одамлар, ажаб савдолар
Ажаб одамзод... Бошига бирор мушкулот тушиб қолса, кутилмаганда дардга чалинса, ёки ишларидан унум, қўлидан барака ариса, сабабини қаердадир хатоликка йўл қўйганидан излаб, мусибатга йўлиқаётганини ўзининг қилмишларидан билиб, феълини, юриш-туришини тафтиш қилмайди-ю, фолбинларга югуради. Гўё шу билан енгил тортадигандай, ёки ишлари юришмаётгани, боши касалдан чиқмаётгани боисини фолбин яхши биладию уни балолардан фориғ этадигандай. Кўпчилигимиз ҳаётимиз давомида ҳеч бўлмаганда бир марта бўлса ҳам фолбинга борганимиз инкор этилмайдиган ҳақиқат. Баъзан унинг айқаш-уйқаш гап-сўзларидан битта ростини топиб олиб ҳайратга тушган бўлсак тушгандирмиз, лекин албатта беҳудага сарфланган пулимиз ва исроф бўлган вақтимизга куйиб қолаверганмиз. Фолбинларнинг ёлғон уйдирмалари касофати туфайли парокандаликка учраётган оилалар, бир-бирлари билан юзкўрмас бўлиб кетаётган қариндош-уруғ, жигарлар ҳақида эшитиб, билиб, кўраяпмиз, аммо яна ўшалардан нажот излайверамиз.
Ғалати одамлар...
Фарзандини турмуш қуриши, бахтли-саодатли бўлишини ёки ишлари юришиб, моддий фаровонликка етишишни ёхуд бемор яқинининг тузалишини фолбину азайимхондан сўрашади, исташади. Балки, “ғалати” деган нисбат уларга унчалик қовушмас, балки, нодон деганимиз тўғрироқдир. Ахир, фолбин, азайимхон дегани тап-тайёр товламачи, фирибгар, яъни жиноятчи бўлса, ўз оёғи билан товламачининг олдига бориб, ўз оғзи билан фирибгарга ўзини алдаш учун имкон бериб, жиноятчига пешона тери билан топган пулини ўз қўллари билан тутқазиб келган одамни қандай нисбат билан таърифлаш мумкин?..
Воқеа: Қизнинг онаси қайлардандир гап топиб келди: фалон туманнинг, писмадон маҳалласида яхши фолбин бор экан. Ҳамма нарсани “точный” билармиш. Ким, қачон, қаерда ҳаммасини бехато айтармиш. Тонг қоронғусида уйғонган эр-хотин бомдод намозини адо этиб, дуосида тинчлик, соғлик истаб, қизи учун хайрли тақдир насиб этишини сўраш ўрнига ўша овозаси оламни тутган таниқли фолбинга йўл олишди.
Бир амаллаб навбат кутиб, фолбиннинг ҳузурига кирдилар. Фолбин қўлидаги китобга термулганча онанинг таваллоларини эшитди-да, овозига ўзгача оҳанг бериб қироат билан маслаҳат беришга тушди. Эмишки бахти очилмаётган қиз еттита авлиё зиёратига бориб, авлиёлар мадфун бўлган зиёратгоҳлардаги қудуқ сувидан олиб, ўша сувда чўмилса, бахти очилиб турмушга чиқиб кетармиш. Қиз онасининг бу тарздаги ишларидан безиб кетган бўлса ҳам, ноилож, фолбиннинг айтганини қилди. Бир эмас, бир неча марта. Аммо...
Охири бемаъни маш-машалар жонига теккан қиз фолбиннинг бу галги “тавсия”сидан бош тортди:
- Онажон, шу фолчиларингизнинг қачон, қайси гапи тўғри чиқдики, эндигиси амалга ошса? Бахтни, тақдирни Аллоҳ қисмат қилади, у хоҳламаса ҳеч ким бировни эрга ҳам беролмайди, уйлантиролмайди ҳам!..
Она индамади. Йўқ, қизининг гаплари тўғрилиги учун эмас, қайтанга қизи ҳақида “ёши ўтган сайин жуда қайсар бўлиб кетяпти-да” деган ўй билан бошқа гапиролмади.
“Томоғимдаги “жоду” қуруқ чиқди”
Онамнинг фолбинма фолбин судрашларидан тўйиб-чарчаб кетдим. Уйда келинойиларим - акаларимнинг хотини бор, улар устимиздан кулмайдими? Энди Жиззахда бир фолбинми азайимхонми нима бало чиққан экан, “иссиқ-совуқ”ни очиб, одамнинг ичидан сеҳр-жодусини олиб ташлармиш. Айтсам биров ишонмас, онам мени уч марта ўша иймонсиз кампирга олиб бордилар. Сезиб турибман, азайимхон кампир алдаяпти, қўлига нималарнидир илдириб олади-да томоғимга бармоғини тиқиб “Ана, жодуни олиб ташладим” дейди.
Бир мартасида томоғимдан олинган ипга қарасам қуп-қуруқ турибди. “Ие, нега бу ип қурурқ”, десам бир нималарни ғудраниб, ўзини оқламоқчи бўлди. Ўзи бир аммаллаб кун кечираётган бўлсак, фолбин-азайимхонлар анча-мунчага амалини бажармаса, онам бечора дадам минг бир машаққат билан топган пулни ҳаромхўр, диёнатсиз фирибгарларга сарфлаб юборишга қандай кўзи қияди, ҳайронман...
Мадина, Тошкент вилояти, Қибрай тумани.
Мулоҳаза: Бизга ақл ва тафаккур нега берилган, замондош? Нега бир марта қўйган янглиш қадамимиздан умримизнинг кейинги кунлари учун ибрат бўладиган хулосага келмаймиз? Фолбинларнинг ёлғончи, маккор ва товламачи экани яққол намоён бўлса, ўз кўзини ўзи ўядиган одамга ўхшаб уларнинг оёғига бош уриб боришимиз нимаси? Агар фолбинлар кимнингдир бахтини очиб оилали, кимнидир тест синовларидан ўтказиб олий ўқув юрти талабаси қилолганида, борингки, қўлидан шундай мушкулотларни ечиш келганида одамларнинг эллик- юз мингига кўз тикиб юрармиди?! Буниси ҳам майли, айримлар бир марта фолбин-азайимхонга бориб алданса-да кўзи очилмайди. Бир марта айтганлари буткул ёлғон чиққан фолбинга қайта-қайта бораверадилар, умид қилаверадилар. Биз инсонмиз-ку, наҳотки, куппа- кундузи, очиқ кўз билан, ақл, тафаккуримиз билан ёлғон, алдов ва фирибни ҳақиқатдан ажратишга келганда ожиз қолсак?
Талончи- азайимхон
Бир куни эрим ва ўғилларимни ишга кузатиб, дарвозани қулфладим-да, рўзғор юмушларига киришиб кетдим. Бир пайт дарвоза таққилаб, ортидан “Ким бор, илтимос, яхши одамлар, садақа қилиб юборинг” деган овоз эшитилди. Дарвозани тирқишидан мўраласам, лўли-тиланчи аёл иркитгина қизчани етаклаб турибди. Дарвозани қия очиб садақамни узатдим-да, тезгина ёпиб олдим. Бирдан лўли “Анчадан бери ўғлингизни уйлантиролмай юрибсиза-а? Эссизгина, ўғлингизнинг бахтини бойлашибди-ку” деди. Сергак тортдим. Чиндан ҳам ўғлим ўттиз ёшда, қўлида касб-кори, ҳунари бор, эсли-ҳушли йигит бўлса-да, негадир қайси хонадонга борсак рад жавоби олардик ёки ёшлар бир-бирига маъқул тушишмасди. “Бу қайдан билади?” дея ҳайрон бўлганимни сезди чоғи, лаби-лабига тегмай уйимда, шафтоли дарахтининг тагида бир қариндошимнинг “амал” кўмиб кетгани, агар тезроқ ўша амални топиб, йўқотмасам ўғилларим ўлиб қолишини айтиб вайсашга тушди. Хуллас, лўлининг уйдирмалари ўзимга ва бўлажак келинларимга атаб олиб қўйган тилла тақинчоқларни олиб кетиши билан якунланди. Улар гипнозга ҳам устамикан, дейман, кундузги соат 10ларда мени “талаб” кетган бўлса, соат кечки 18ларда ўзимга келиб, ҳалиги лўли “ўқиб дам соламан” деган тилла тақинчоқлар тугилган рўмолчани очиб кўрдим. Ичида аллақандай қоғозчаларни буклаб-буклаб ўраб кетибди. Негадир ўша пайтда ундан гумон қилмаган эдим, кечга бориб юрагимга ваҳм оралади. Бежизга эмас экан. Лўли аёл мени роса лақиллатиб, ўн беш миллиондан кўпга “туширган” экан.
Турмуш ўртоғим билан ўғилларим “Сизни ўлдириб, уйдаги бошқа нарсаларни ҳам олиб кетмаганига шукр қилинг, жонингиз омонда қолибди” дея таскин беришади. Бу талончилик бир умрга етгулик дарс бўлди. Энди фолбин, азайимхон, лўлига мутлақо ишонмайман.
Назокат опа, Бухоро вилояти
“Шу фолга ишонсанг-ку...”
Тақдир экан, ёшим ўттиздан ўтган бўлса-да, негадир ҳанузгача бахтим очилмаяпти. Шукр, қўло-ёғим бутун, ақл-ҳушим ўзимда. Олий маълумотлиман, қўлимда касб-корим, ҳунарим бор. Яқинларимни бахтимни сўраб фолбинма фолбин изғиб юраверишидан чарчаб кетдим. Тағин гап орасида “Сен ишонмайсан-да, агар ихлос билан шу фолчининг гапларига ишонсанг-ку, бахтинг очилиб, узатилиб кетасан” деган рўкачни иддао ҳам қилишади. Яқинда холаларим бир фолбинникига мени қачон турмушга чиқишимни фол очтириш учун боришибди, буни қаранг-ки, фолчи қиз ҳам узатилмаган экан. Холаларимга кулиб “Ўша фолбинингиз олдин ўзини эрли қилсин, кейин мени ташвишимни қилади” десам, мени шаккокликда айблаб, хафа бўлишди. Уларга қараб оғриниб кетдим, одам шунчалик ҳам гўл бўлар экан-да?!..
Нигина, Самарқанд шаҳри
«Фолбиннинг сўзини тасдиқлаган киши...»
Бугунги кун одамлари сеҳргарлик, фолбинлик ҳамда мунажжимлик балоси билан балоланган. Бу ҳол шу қадар кенг ривож олганки, оммавий ахборот нашрлари ҳам мунажжимлар башоратига алоҳида эътибор қаратиб, одамларнинг юлдузига қараб фол очиш билан овора. Аллоҳнинг каломи, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари бир четда қолиб, одамлар шайтонга ростмана шогирд тутинган фолбинларнинг сўзларига қулоқ соладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган киши диндан чиқишини айтганлар. Нима учун энди, фақат борган одам эмас, балки бориб гапини тасдиқлаган киши? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Гап бу ерда фолбиннинг олдига боришда эмас, балки унинг гапини тасдиқлашда. Иймон ҳақида кетмоқда гап.
Фолбинларнинг олдига борган кишилар турли мақсад билан боришади, уларнинг аксари ўз келажакларини билишга қизиқадилар. Аммо оддий бир фаросат билан ўйлаб кўришмайдики, бораётган жойларида ўтирган одам худди ўзлари каби бир одам. Аллоҳга сиғинмаган банда барибир нимагадир, кимгадир сиғинади.
Аллоҳнинг тақдиридан рози бўлмаган банда кимнингдир сўзларидан рози бўлади ва ана шу сўзларга ишонади. Шунинг учун ҳам, Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи васаллам фолбиннинг сўзини тасдиқлаган кишини диндан чиқади, деганлар. Шу биргина амал ила инсон кофир бўлиши турган гап. Фолбиннинг айтаётган сўзлари юз фоиз тўғри чиқиб қолса ҳам, унинг сўзларига мўмин одам ишонмайди, чунки Аллоҳ ва Унинг расули буни қатъий равишда тақиқлаган. Баъзан инсонларни синаш учун фолбин ва мунажжимларнинг сўзларини амалга оширади, худди шайтон бир одамнинг кўзига қўлини тиқиб олиб, фолбиннинг олдидан чиққанида қўйиб юборгани сингари. Ўша одамнинг кўзи тузалиб кетади-да, у буни фолбин амалга оширди, деб ўйлайди. Бу ерда гап иймон, эътиқод, ишонч устида кетмоқда. Бу савдо қаттиқ савдо ҳисобланади.
Фолбинлар келажакни ҳеч қачон била олишмайди. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бу илм фақат Ўзида эканлигини айтган. Аллоҳ билан Аллоҳнинг илмини талашаётган бандалар албатта хор бўлажак.
Сеҳр-жоду, илму амалга келсак, сеҳр - афсунлар ўқиш, тугунлар тугиш ва шу каби одамларнинг қалби ва танасига таъсир ўтказувчи нарсалардир. Улар касаллик ва ўлимни чақиради, эр-хотинни ажратади ва бошқа шу сингари ёмонликларга сабаб бўлади. Сеҳргар (саҳир) – бу жинлардан бўлган шайтонларга, уларга ёқадиган куфр ва жирканч амалларни қилиш орқали мурожаат қилувчидир. Бундан мурод сеҳргарга сеҳрда уларнинг ёрдам беришидир. Шунингдек, у ғайб ҳақида билимга эга эканлигини таъкидлайди, сеҳр орқали одамларни ўлимга олиб боради, севишганларни ажратади, одамларда ёқтириш ёки ёқтирмаслик ҳиссини уйғотади ва одамларнинг ақл йўналишини ўзгартиради.
Ислом уламолари сеҳргар шак-шубҳасиз, кофир бўлади, деган ҳукмни ўқишган. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (“Бақара” сураси, 102-оят).
Бугунги кунда кўплаб гумроҳ кимсаларнинг сеҳрга аралашиб юрганига гувоҳ бўласиз. Улар сеҳрни фақатгина ҳаром деб ўйлайдилар ва унинг куфр эканлигини ҳис қилмайдилар. Бу ҳол айниқса, эр-хотин орасидаги муносабатларда – «иссиқ-совуқ» ва шу каби нарсаларни қилишда яққол намоён бўлади. Улар бу ишларида аксарият қисми ширк ва куфр бўлган сўзларни қўллайдилар.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам «Еттита ҳалок қилувчи гуноҳлардан сақланинглар», деб улардан бири сеҳр эканлигини баён қилганлар.
Фирибгарнинг жазоси
Хўш, товламачилик ва фирибгарликнинг ўзига хос йўлини танлаган бу кимсаларни қонуний жавобгарликка тортиш мумкинми? Бу ҳақида ҳуқуқшунос Амрулло Аҳмедов шундай дейди:
- Фолбинлик, сеҳр-жоду билан одамларни алдаш ва алдов орқали кишилардан пул ва шунга ўхшаш моддий нарсаларни таъма қилиш фирибгарлик ёки товламачиликка киради. Агар шахс фолбинлик ёхуд сеҳр-жоду йўли билан одамларни алдаб юрган кимсалардан жабрлангани ҳақида тегишли ҳуқуқий муассасаларга мурожаат қилса, фолбинлик қилиб юрган товламачига қонун доирасида чора кўрилади. Етказилган зарар жуда катта миқдорда бўлса, жиноий жавобгарликка ҳам тортилади.
Жумладан, товламачиликда айбланган жиноятчига уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси, ёхуд ўта хавфли рецивидист ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган ҳолатда ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси, фирибгарлик жиноятида айбланувчига эса энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд олти ойгача қамоқ жазоси тайинланади. Башарти фирибгарлик жинояти ўта хавфли рецивидист ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзда тутиб содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд беш йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Сўнги сўз ўрнида
Мулоҳаза ва муносабатларни мухтасар қилиш фурсати етди. Биз нима демоқчи эканимизни англагандирсиз? Хулоса ўзингизга ҳавола. Ҳа, дарвоқе, “Қалб кўзи кўр бўлса, жисм кўзининг кўришлиги етарли эмас” деган экан аҳли донишлардан бири. Қалб кўзимиз хира тортмасин, азизлар...
Умида АДИЗОВА
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”