Бир йигит ҳикоя қилади:
- Уйда шукрона дастурхони ёзиб, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар чақирилди. Меҳмонларни кузатиш баҳонаси билан уйда қолиб кетдим. Хотиним ва фарзандларимга уйга боришларини тайинлаб, ўзим негадир болаликдан вояга етган ҳовлимда қолишни истадим. Асли кўнглим ғаш эди. Ишхонамда кўнгилсизлик бўлиб, ич-этимни шу нарса тирнар эди. Онам келган онимдаёқ сездилар. Сир бой бермасам-да, онам аниқ бир нарсани ҳис қилиб турганларини билдим. Хотиржам қилдим. Ҳамма кетиб бўлгач, онам қўймай сўраб олдилар. Арзимаган иш, онажон!
Сиз, хавотир олманг, ўзим битказиб юбораман, деб юпатдим. Кўзларида маъюслик билан Аллоҳ ўзи ишларингни ўнгласин, болам! Аллоҳ юзингни ёруғ қилсин! - деб дуолар қилдилар. Ташқарига чиқиб қайтиб келгунларича, кўзим илиниб, ухлаб қолибман. Бир маҳал турсам, онам жойларида йўқлар. Жойнамоз устида эканлар. Ухламабдилар, ёстиқ кечқурун қандай бўлса, шундайлигича турар эди. Оёқ учида ташқарига чиқиб, таҳорат олиб келиб, кечқурунги намозларни ўқиб, дуолар қилдим.
Аммо онам дуо қилишга шундай берилиб кетган эканларки, мени умуман сезмадилар. Бир пайт йиғлаб, кўз ёшларини артиб, яна дуога шўнғидилар. Дуоларини эшитиб қалбим ўртаниб кетди. Аллоҳга шукр ва ҳамду санолар айтдим. Мени ҳаққимга текинга кечаси билан ухламай, сидқидилдан йиғлаб дуо қиладиган бу дуогўйимнинг ҳаққини қандай адо этаман, деб йиғлаб юбордим. Илаҳо! Уларнинг умрларини узоқ эт, саломатликларини мустаҳкам қил! Ғам берма, доим роҳат кўрсинлар!
Увайс Қараний ҳақидаги ҳикояни эшитганмисиз?! Увайс ибн Омир Қараний ҳазратлари шундай улуғ мартабада эдиларки, Аллоҳ у ҳақида ўз Расулига хабар берган эди. У кишининг мартабаси Аллоҳ ва Расулининг ҳузурида энг юқори даражада эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғ саҳобалар ва оила аъзоларидан баъзиларига бу улуғ зотнинг дуоларини олишга буюрдилар.
Аллоҳ таолога яқин бўлиш ҳақида дуо сўрашни, уммат ҳаққига дуо қилишни сўраган эдилар. Ваҳоланки, ҳазрат Увайснинг бор-йўқ иши онасининг хизматлари қилиш эди. Унга хизматни сидқидилдан қилди. Онасини еру-кўкка ишонмади. Ҳурматини риоя қилди токи бу ҳурмати энг гўзал ва комил бўлди.
Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилдилар: Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига яманлик улуғлар келдилар. Улардан:
- Увайс ибн Омир орангизда борми? - деб сўрадилар. Уни топиб олдига бордилар.
- Сен Увайс ибн Омирмисан?
- Ҳа!
- Мародданми?
- Ҳа!
- Танангга берилган дарддан Аллоҳ фориғ этиб, дирҳамдек бир жой қолганми?
- Ҳа!
- Сенинг онанг борми?
- Ҳа!
- Мен жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни айтганларини эшитган эдим: - Сизларга Яманлик улуғлар билан Увайс ибн Омир келади. У Мародлик, кейин Қаранликдир. Унинг баданида бир дарднинг (тери касаллиги) асари қолган, Аллоҳ шифо берган, аммо дирҳамдек жой қолган. Унинг онаси бор. Увайс онасига жуда меҳрибон. Агар Аллоҳга қасам ичса (дуо қилса), албатта у амалга ошади. Агар ҳаққинга истиғфор этиб, дуо олишга эриша олсанг, олгин!
Ҳазрат Умар Увайс Қаранийдан дуо сўрадилар. Умарнинг ҳаққига ва уммат ҳаққига дуолар қилдилар. Баъзи манбаларда ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ридоларидан бирини Увайсга топширишни васият қилган эдилар ва Увайс уни кийиб умматим ҳаққига дуо қилсин, деб айтган эдилар. Унга юзларини қўйиб узоқ вақт йиғладилар. Кийганларидан кейин икки ракат намоз ўқидилар ва намоздан сўнг узун дуо қилдилар.
Ҳазрат Умар ва унинг ҳамроҳлари дуо ва бу кишининг Пайғамбаримизга бўлган чексиз муҳаббатларидан ларзага келдилар, кўз ёшларини ҳеч тўхтата олмаган эдилар. Бу ўриндаги бир ҳикматга эътибор қилинг, ҳазрат Увайс каби онасини хизматларини бажарган, унинг розилигини топган инсоннинг дуосига саҳобалар ҳам умидвор эди...
Ғорга қамалиб қолганларнинг қиссасини эсланг! Ўшанда улар у ердан чиқа олмаган эдилар. Шунда улар ҳаётларида Аллоҳ таоло розилиги учун қилган бир амалларини эслаб, шу амалнинг фазилати ва шафоати билан қамалдан қутилишни гаплашишди. Шунда уларнинг бири шундай воқеани айтиб берди:
«Менинг ёши анча кексайиб қолган ота-онам бор эди. Фарзандларим ҳам ёш ҳамда кўп эдилар. Уларнинг ҳаммаларини ўзим парвариш қилар эдим. Ишимдан уйга қайтгач, эчкиларни соғиб, сутини энг аввал ота-онамга беришдан бошлар эдим. Болаларимдан олдин ота-онамни сутга қондириб, қоринларини тўйдирар эдим. Кейин фарзандларимга қарар эдим. Бир куни ишим кўпайиб кетди ва уйга жуда кеч қайтдим.
Ота-онам бу вақтда ухлаб қолган эдилар. Одатим бўйича сутни соғиб келдим ва уни тайёр қилиб ота-онамнинг бошида ушлаб турдим. Уларни уйғотишни сира хоҳламадим. Болаларимни ҳам улардан олдин овқатлантиришни истамадим. Қорни очлигидан улар оёқларимдан тутиб овқат беришимни сўраб йиғладилар. Аммо ота-онамдан олдин уларга овқат беришни кўнглим ёмон кўрди. Бу ҳолат то тонг отгунча давом этди.
Улар уйғонгач сутни уларга ичириб, овқатлантирдим ва шундан кейин болаларимга қарадим. Парвардигоро! Агар шу ишимни Сенинг розилигинг учун қилган бўлсам, бизга шу қамалдан қутилишимизга нажот бергин», деди. Аллоҳ таоло ғор оғзида ёпилиб қолган тошни жойидан қўзғатди ва ҳосил бўлган тирқишдан уларга осмон кўринди...»
Ушбу ҳикоя ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилгани айтилган. Ҳикоянинг мазмунидан ота-онага хизмат қилиш, уларнинг розиликларини топиш инсоннинг фақат охиратдаги қийинчиликларига, ҳожатларига малҳам бўлмас экан. Балки, дунёдаги ишларининг ҳам, қийинчиликларининг, ҳатто дардининг шифоси экани англанади.
Тошкент шаҳридаги “Тўхтабой” жоме масжиди
имом-хатиби Зокиржон ШАРИФОВ
имом-хатиби Зокиржон ШАРИФОВ
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади