date
views 1 997

“Прописка” ва постларнинг йўқ қилинишидан кейинги муҳим қадам

“Прописка” ва постларнинг йўқ қилинишидан кейинги муҳим қадам
Ўзбекистонда Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига старт берилди. Қонун лойиҳасида Конституциянинг 28-моддасини қуйидаги таҳрирда белгилаш назарда тутилмоқда: “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар бир шахс республика ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно”.

Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ичида “мазкур ҳуқуқ бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқини такрорлаяпти” дегувчилар ҳам топилади. Конституциявий ислоҳотларга фуқаролар шахсий позициясини билдириши очиқлик сиёсатини кўрсатиб турибди.

Ўтган йиллар давомида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бўйича қилинган салмоқли ишлардан бири йўллардаги назорат постлари, “прописка” деган тизимга чек қўйилиши амалдаги Конституция билан белгиланган бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ва мулкдор бўлиш ҳуқуқини таъминлашда муҳим ҳодиса бўлганини айтиб ўтиш жоиз.

Олдин қўлланилган “Пропискатизими деганда, кўпчилигимизнинг кўз олдимизда иш топа олмаган ва чет элга кетган минглаб малакали кадрлар, ўз уйини бошқанинг номига расмийлаштирган фуқаролар, қонунни четлаб ўтиш билан боғлиқ коррупция ҳолатлари гавдаланади.

Ваҳоланки, ушбу ҳуқуқ 1966 йилги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт билан кафолатланган ва бирорта демократик мамлакатда фуқаронинг ҳуқуқини чеклайдиган бундай тартиб йўқ эди.

Халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ва ривожланган демократик давлатлар конституцияларида ҳам ушбу ҳуқуқ “эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи”, “турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи” сифатида берилган ва шахсий эркинликнинг муҳим элементи, инсон касбий ва маънавий ривожланиши шарти ҳисобланади. Яъни, эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи амалдаги Конституцияда мустаҳкамланган бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқидан анча кенг. Хусусан, бир пайтлар ҳар бир ҳудудда мавжуд бўлган назорат постлари ҳам фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилган, десам, янглишмайман.

Эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи ҳамда турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи доим бирга келади ва бир бирини тақозо қилади. Мазкур ҳуқуқ оила қуриш, касб танлаш ва мулкдор бўлиш ҳуқуқларини амалга оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.

Бундан ташқари, “турар жой” ва “яшаш жойи” тушунчаларининг фарқини тўғри тушуниш мазкур таклифнинг аҳамиятини чуқурроқ англашга ёрдам беради. Жаҳон амалиётида шахснинг сайловларда қатнашиш, солиқ тўлаш, ҳарбий рўйхатга олиниш каби муносабатларда яшаш жойи тушунчаси қўлланилса, инсоннинг вақтинча яшайдиган ва ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш ҳамда фуқаролик вазифаларини амалга ошириш учун қонуний ва доимий уй-жой ташкил қилиш нияти билан боғлиқ бўлмаган муайян маконга нисбатан турар жой тушунчаси қўлланилади.

Шахс ўзи эгаллаб турган қонуний турар-жой биносининг қайси бири унинг яшаш жойи, қайси бири турар жойи сифатида қайд этилишини эркин танлаш ҳуқуқига эга.

Бугунги кунда ёшлар пойтахтга: нуфузли олий ўқув юртларида ўқиш, мутахассисликка эга бўлиш ва келажагини таъминлаш мақсадида интилмоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар бир шахснинг республика ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқининг кафолатланиши – демократик давлат қуриш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.

Бекзод Нариманов,
Тошкент давлат юридик университетининг Конституциявий ҳуқуқ кафедраси мудири, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.

(Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин).
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Прописка” ва постларнинг йўқ қилинишидан кейинги муҳим қадам