
Фото: ALEXANDR DEMYANCHUK
Россия президенти Владимир Путин Хитойнинг «Украина инқирози» билан боғлиқ хавотирларини тушунишини айтди ва ХХР раиси Си Жинпинг билан музокараларда барча масалага ойдинлик киритишни таклиф этди.
Путин ва Си Самарқандда 15-16 сентябр кунлари бўлиб ўтаётган ШҲТ саммитида учрашди. Икки етакчи учун ҳам бу сўнгги вақтлардаги кам сонли хорижий сафарлардан бири бўлди. Путин Украинадаги уруш бошланганидан буён уч марта хорижга чиққан, Си Жинпингда эса бу 2020 йилги пандемиядан буён илк расмий сафар бўлмоқда.
Россия президенти Украинадаги уруш масаласида «хитойлик дўстларнинг мувозанатли позицияси»ни юксак қадрлашини айтди, шунингдек Хитойни қўллаб-қувватлаган ҳолда «АҚШ ва унинг сателлитларининг Тайван бўғозидаги провокациялари»ни қоралади.
Хитойликлар етакчиси эса анча силлиқлаштириб гапирди ва Хитой «Россия билан биргаликда буюк кучлар ролини ўз зиммасига олишга ҳамда дунёга барқарорлик ва ижобий энергия олиб келиш учун етакчилик ролини ўйнашга тайёрлиги»ни айтди.
Ҳиндистон, Покистон, Туркия, Эрон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари ҳам ШҲТ саммитида ҳозир бўлишган, аммо Кремлда айнан Путин ва Сининг учрашувига алоҳида урғу қаратилмоқда.
«Ҳозирги халқаро вазиятнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда мазкур учрашувнинг ўзи алоҳида аҳамиятга эга. Хитой Украинадаги вазиятга босиқлик билан ёндашмоқда, Россияни махсус ҳарбий амалиёт бошлашга мажбур қилган сабабларни тушунишини аниқ ифода этмоқда ва бу масала, албатта, батафсил муҳокама этилади», деганди аввалроқ Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ва учрашувни «узоқ кутилган ўзаро контакт» деб атаганди.
Икки давлат раҳбарлари бундан олдин февралда, Пекиндаги қишки Олимпия ўйинлари вақтида учрашишганди, шундан кейин қуйидагича қўшма баёнот беришган: «Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик чегара билмайди». Шундан бир неча ҳафта ўтиб Россия Украина ҳудудига бостириб кирганди.
Москва нимага эришмоқчи ва Пекин нимани кўзлаган?

ALEXANDR DEMYANCHUK/ Kremlin
Украинага бостириб кирилганидан кейин Путин Ғарб томонидан яккалатиб қўйилди ва Си Жинпинг каби дунёнинг нуфузли етакчилари билан учрашиш Кремл учун Путиннинг жаҳон майдонидаги обрўсини сақлаб қолишда қўл келиши мумкин. Аммо Россия президенти олдида янада долзарброқ вазифалар турибди.
Украинадаги уруш мисли кўрилмаган санкциялар тўлқинини келтириб чиқаргани ҳисобга олинса, Россия ҳозирда Хитой инвестициялари, технологиялари ва икки томонлама савдодан жуда манфаатдор. Ғарб компаниялари ёппасига Россия бозорини тарк этгач, Путинга уларнинг ўрнини Хитой фирмалари эгаллаши муҳим ҳисобланади.
Аммо амалда бундай бўлиши эҳтимоли кам. Россиядан Хитойга экспорт кундан кунга ўсмоқда, Хитойдан импорт суръатлари эса, аксинча сусаймоқда.
Бундан ташқари, Ғарб Россия нефти ва газига боғлиқлигини кескин камайтиришга ҳаракат қилиши ортидан Москва ўз энергия экспортини Шарққа, жумладан Хитойга йўналтиришга уринмоқда.
Москва Украинадаги урушни давом эттириш учун қурол-яроғ етказиб берилишига ҳам катта эҳтиёж сезмоқда, аммо - баёнотларда хайрихоҳлик қилаётганига қарамай - Хитой Россияга ҳарбий ёрдам масаласида жуда эҳтиёткор.
Си Жинпинг учун ҳам Ўзбекистонга ташриф ва Путин билан учрашув муҳимдир, чунки бир ойдан кейин, 16 октябрда Хитойда Коммунистик партиянинг XX-Бутунхитой қурултойи бўлиб ўтади ва унда Си учинчи муддатга сайланиши (бунақаси аввал кузатилмаган) кутилмоқда.
Тайван ва Ҳонгконгдаги ОАВ Сининг ШҲТ саммитига сафарини унинг партияни ҳам, мамлакатни ҳам тўлиқ назорат қилишига ишора сифатида қабул қилишмоқда. Бундан ташқари, Хитой шу тариқа АҚШга халқаро майдондаги ўрнини сақлаб қолиш ниятида эканини очиқ-ойдин ифода этмоқчи бўлиши мумкин.
Ҳарбий муваффақиятсизликлар фонида
Си ва Путиннинг учрашуви украин қўшинларининг кенг кўламли қарши ҳужумга ўтиши фонида рўй берди.
Пекин, Украинадаги уруш масаласида «бетараф позиция» сақлаб қолишга уриниб келади. Бир томондан Хитой расмий шахслари бир неча марта бу уруш учун АҚШ ва НАТО ҳам жавобгар эканини айтишди, бошқа томондан Россияни бундан ортиқ қўллаб-қувватлашмади.
Таҳлилчилар фикрича, Россия қўшинларининг муваффақиятсизликка учраши Си Жинпингга Путин билан музокараларда устун мавқе тақдим этади. Шу билан бирга, бу икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг умумий йўналишларига таъсир кўрсатмайди, чунки улар умумий стратегик манфаатларга эга - Ғарбга қарши туриш.
«Россия енгадими ёки йўқ, Хитой Россия билан алоқаларни янада ривожлантириш истагини ўзгартирмайди. Агар Россия ғалаба қозонса, Хитой катта таъсирга эга иттифоқчига эга бўлади. Агар Россия ютқазса, Хитойнинг вассалига айланиши мумкин», деб ҳисоблайди Wall Street Journal нашри билан суҳбатда Америкадаги Стимсон таҳлил марказининг Хитой дастури директори Юн Сун.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар